• beta

Одил Турдиқулов: «1Uz дастури умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналарга бухгалтерия ишини юритишда ёрдам беради»

26.12.2018

 

Солиқ солиш соҳасида кутилаётган ўзгаришларга қарамай, 1Uz нинг бухгалтерия дастурлари фойдаланувчилар учун оддий, қулай ва арзонлигича қолади, – ваъда қилди «BePRO – Norma» ишлаб чиқувчи компаниясининг раҳбари Одил Турдиқулов ўз интервьюсида.


– Одил Анорбекович, 1Uz бухгалтерия дастурининг фойдаланувчилари қанча кишини ташкил этади?

 

– Уч мингдан ортиқ бухгалтер «1Uz Бухгалтерия ҳисоби. Базавий» дастурининг пуллик версиясидан ва яна тахминан беш-олти минг нафар бухгалтер бепул версиясидан фойдаланади.

 

– Ҳозирда 18 мингта корхонанинг бухгалтерлари учун солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтиш долзарб масала бўлиб турибди. Бу жараёнга дастурингиз қай даражада тайёр? 

 

– Маҳсулотимизнинг мақсадли аудиторияси кичик бизнес субъектлари – ЯСТ тўловчилар ҳисобланади.

 

Лекин янги йилдан бошлаб уларнинг кўпчилиги ҚҚСни тўлаган ҳолда солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтадилар. Шу маънода уларнинг маҳсулотларимиздан бемалол фойдаланишда давом эта олишлари йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. Улар маълумотларини бошқа дастурларга ўтказиб, овора бўлиб юрмайдилар. Бунинг учун жамоамиз дастурни жиддий равишда қайта ишлаш устида заҳмат чекди. 

 

Дастурий таъминотни  модернизациялаш жараёни икки босқичда олиб борилади. Биринчиси якунланди. Энди эса 1Uz га солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги корхоналарнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш қолди. 

 

Модернизациялашнинг иккинчи босқичи сал кейинроқ – ҳисобот шакллари ва улар шакллантирилиши, янги коэффициент ва ставкаларга доир янги норматив ҳужжатларнинг чиқиши билан ўтказилади.    

 

– Дастур анча мураккаблашиб кетмадими? У Ўзбекистон шароитида мавжуд бўлган хорижий дастурлар сингари мураккаб ва «баҳайбат» бўлиб кетмайдими?

 

– Шуни эътиборга олиш керакки, ҳисоб юритишнинг ўзи мураккаблашмоқда. Дастурда бу ўз аксини топмай иложи йўқ. Лекин шунга қарамай, биз доимо дастурларимизда ишлаш фойдаланувчилар учун осон ва қулай бўлишига ҳаракат қилиб келамиз. Бу ишнинг уддасидан қанчалик чиқаётганимиз ҳақида маҳсулотларимиз фойдаланувчиларининг ўзи айтишади.  

 

– Дастурнинг нархи қимматлашмайдими?

 

– Мижозларимиз учун дастурнинг нархи ўзгармайди. Бўлажак янги мижозлар учун ҳам нарх-навони «ҳамёнбоп» тарзда ушлаб туришга ҳаракат қиламиз, ҳар ҳолда у хорижий дастурлардан арзон бўлади. 

 

Дастурларимизнинг нархи энг кам иш ҳақининг миқдорига боғлаб қўйилган. Нарх-наво тўғрисидаги тўлиқроқ ахборотни www.1uz.uz расмий сайтимиздан топса бўлади. 

 

– Дастурнинг янгиланган версиясига ўтиш жараёни қандай кечади?

 

– Бизнинг бугунги кунгача бўлган мижозларимиз «Янгилаш» тугмасини босадилар-вассалом. 

 

Дарвоқе, эслатиб қўйиш ортиқчалик қилмайди – мазкур тугмачани ҳар чоракда бир марта барча мижозларимиз босиб қўйишса фойдадан холи бўлмайди. Биз дастурни мунтазам равишда такоммиллаштириб борамиз. Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши билан дастурда бу ўз аксини топади, дастурнинг ўзи яхшиланиб, янги имкониятлар билан бойиб бораверади. Янгиланишларни ҳар чоракда амалга киритамиз, лекин бу иш зудлик билан, режадан ташқари ҳам амалга ошиб қолиши мумкин. 

 

Янги мижозларимизга келсак, уларга ҳисоб юритишни солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими қоидалари орқали амалга оширишга имкон берадиган янги версияси дарҳол ўрнатилади. Дастурни янгилаб бориш ва сервис хизмати – барча мижозлармизга кўрсатилади.

 

 Олег Гаевой суҳбатлашди.



Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал