Акциз солиғи қандай ҳисобланади

11.02.2021
author avatar

Баходир БОЙКАБИЛОВ

МВ бўлим бошлиғи
author avatar

Жорилла АБДУЛЛАЕВ

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– солиқ солиш объекти;
– солиқ солинмайдиган операциялар;
– солиқ операциялари амалга ошириладиган сана;
– солиқ базасини аниқлаш ва солиқни ҳисоблаш.

Нима акциз солиғи солинадиган объект ҳисобланади

Солиқ тўловчи акциз тўланадиган товарлар, айримлари бундан мустасно, билан амалга оширадиган операциялар солиқ солиш объекти юзага келишига олиб келади.

Бундай операцияларга қуйидагилар киради СК 284-м. 1-қ.:

  • акциз тўланадиган товарларни реализация қилиш, шу жумладан айирбошлаш учун бериш:

           – товарга бўлган мулк ҳуқуқини бериш;
           – гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда, гаровга қўйилган акциз тўланадиган товарларни гаровга қўювчи томонидан бериш;
           – акциз тўланадиган товарларни бепул бериш;
           – акциз тўланадиган товарларни (хизматларни) меҳнатга ҳақ тўлаш ҳисобидан бериш;
           – акциз тўланадиган товарларни дивидендлар тўлаш ҳисобидан бериш;

  • акциз тўланадиган товарларни юридик шахснинг устав капиталига ҳисса сифатида ёхуд оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича шерикнинг (иштирокчининг) ҳиссаси сифатида бериш;
  • акциз тўланадиган товарларни иштирокчига (муассисга) у юридик шахс таркибидан чиққан (чиқиб кетган) тақдирда ёхуд юридик шахсда иштирок этиш улуши камайганда ёки юридик шахс томонидан иштирокчидан ушбу юридик шахсда иштирок этиш улуши (улушнинг бир қисми) қайтариб сотиб олинганда иштирокчига бериш;
  • акциз тўланадиган товарларни юридик шахс бўлган эмитент томонидан акциядордан ушбу эмитент чиқарган акциялар қайтариб сотиб олинган тақдирда акциядорга бериш;
  • акциз тўланадиган товарларни юридик шахсни тугатишда акциядорга ёки иштирокчига бериш;
  • акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш, шунингдек қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шунингдек акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топшириш;
  • акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
  • акциз тўланадиган товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириш;
  • бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилиш ёки улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
  • Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқотилиши, бундан фавқулодда вазиятлар натижасида юзага келган ҳоллар мустасно. Айбдор томонидан товарнинг қиймати суғурта орқали тўланган ёки унинг ўрни қопланган тақдирда, акциз солиғи суғурта орқали тўлаш (ўрнини қоплаш) улушида тўланади.
Диққат
Акциз тўланадиган хизматлар кўрсатиш ҳам акциз солиғи солинадиган объект ҳисобланади.

Ушбу ҳолатларнинг аксариятида акциз тўланадиган товарларга бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтади, бироқ бу мажбурий шарт эмас. Масалан, товар тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан жўнатилаётганда айнан жўнатиш пайтида жўнатилган товарга бўлган мулк ҳуқуқи берилмаслиги мумкин. Шунга қарамай, бундай операция акциз солиғи солинадиган объект ҳисобланади.  

Нималарга акциз солиғи солинмайди

Акциз тўланадиган товарларга доир барча операциялар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Қуйидагилар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди СК 284-м. 2-қ.:

1) акциз тўланадиган товарларни экспортга реализация қилиш, уларнинг айрим турлари бундан мустасно;

Диққат

Акциз тўланадиган товарлар экспорти қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак СК 288-м.:

  • экспорт қилинадиган товарларни етказиб беришга доир контракт;
  • божхона органининг белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;
  • божхона органининг товарлар тайинланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;
  • чет эллик сотиб олувчи (тўловчи) томонидан экспорт қилинаётган товарлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатидан кўчирма.

Товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинган тақдирда экспортни тасдиқлаш учун комитент (топшириқ берувчи) томонидан воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси қўшимча равишда тақдим этилади.

Диққат
Товарларни чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушмаган тақдирда, товарларни экспортга реализация қилиш солиқ солиш объекти деб эътироф этилади.

2) «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарлардан ишлаб чиқарилган, қайта ишлаш маҳсули бўлган акциз тўланадиган товарларни кейинчалик Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиш шарти билан бериш;

Мисол
Товарлар Ўзбекистон божхона ҳудудида қайта ишланганда тўланадиган акциз солиғи

 

Резидент корхона 1 000 дал вино материали олиб кириб, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида жойлаштирган.

Вино материалидан 900 дал спирт қўшилмаган шиша идишдаги табиий вино ишлаб чиқарилган, шундан 700 дал экспорт режимида олиб чиқилган, 200 дал қайта ишлаш учун тўлов сифатида бошқа компанияга берилган.

Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган вино солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Қайта ишлаш учун тўлов сифатида берилган 200 дал винони реализация қилиш чоғида корхонада акциз солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади.

3) ихтисослаштирилган газ таъминоти корхоналари орқали аҳолига суюлтирилган газни маиший эҳтиёжлар учун реализация қилиш;

4) Ўзбекистон божхона ҳудудига қуйидаги акциз тўланадиган товарларни олиб кириш:

– Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда инсонпарварлик ёрдами сифатида;

– давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар орқали хайрия ёрдами мақсадида, шу жумладан техник кўмак кўрсатиш мақсадида;

– агар улар олиб кирилаётганда солиқдан озод этилиши қонунда назарда тутилган бўлса, халқаро молия институтларининг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан;

5) акциз тўланадиган товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига солиқ солинмайдиган товарларни олиб кириш нормалари доирасида жисмоний шахслар томонидан импорт қилиш;

6) ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари;

7) ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинадиган табиий вино (шиша идишдагилардан ташқари) маҳсулотлари.

Қайси сана солиқ солинадиган операциялар амалга ошириладиган сана ҳисобланади

Акциз тўланадиган товарларга (хизматларга) доир солиқ солинадиган операциялар амалга оширилган сана товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана сингари аниқланади СК 286-м. 1-қ. СК 242-м..

Товарларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана, бинобарин, акциз тўланадиган товарларга (хизматларга) доир солиқ солинадиган операциялар амалга оширилган сана ҳам қуйидаги сана деб ҳисобланади:

  • маҳсулот етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ-фактура тақдим этилган;
  • товарлар жўнатилган (берилган), агар ушбу сана ҳисобварақ-фактура тақдим этилган санадан олдин келса;
  • агар товарни жўнатиш (бериш) амалга оширилмаса, товарга бўлган мулк ҳуқуқи харидорга ўтказилган;
  • хизматлар кўрсатилганлиги фактини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура ёки бошқа ҳужжат расмийлаштирилган (имзоланган). Бу бошланиши бир ҳисобот (солиқ) даврига, тамомланиши эса бошқа ҳисобот (солиқ) даврига тўғри келадиган хизматларга нисбатан ҳам қўлланилади;
  • тегишли ички ҳужжат билан расмийлаштирилган, ўз эҳтиёжлари учун акциз тўланадиган товарларни бериш (хизматларни кўрсатиш) амалга оширилган.
Мисол
Гаровга беришда солиқ солинадиган операция амалга оширилган сана

Тижорат банки корхонага кредит берган.

Корхона ишлаб чиқарган акциз тўланадиган маҳсулот кредит таъминоти ҳисобланади.

Бу ҳолда мулк ҳуқуқи берилмайди, тегишинча, акциз солиғи солинадиган объект юзага келмайди, сабаби гаров предмети банкнинг мулки ҳисобланмайди.

Кредит белгиланган муддатда сўндирилмаса, гаровга қўйилган акциз тўланадиган маҳсулотга бўлган мулк ҳуқуқи мажбуриятни сўндириш ҳисобига гаровга қўювчидан гаров олувчига ўтади.Тегишинча, гаровга қўювчида мулк ҳуқуқи ўтган санада солиқ солиш объекти юзага келади.

Диққат
Олиб кирилаётган акциз тўланадиган товарлар бўйича солиқ солинадиган операцияларни амалга ошириш санаси уларни божхонанинг импорт тартиб-таомилига мувофиқ ишлаб чиқариш санаси ҳисобланади СК 286-м. 2-қ..

Қандай қилиб солиқ базаси аниқланади ва акциз солиғи ҳисобланади

Акциз солиғи бўйича солиқ базаси акциз тўланадиган товарга нисбатан солиқ ставкасининг қайси тури белгиланганидан келиб чиқиб аниқланади СК 285-м..

Мутлақ (қатъий) суммадаги акциз ставкаси

Акциз солиғи ставкаси маҳсулот бирлигига қатъий белгиланган пул суммасида белгиланган бўлса, солиқ базаси акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган физик ҳажмидан (литр, дал, килограмм, тонна, дона ва б.) келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Солиқни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

Акциз солиғи = Товарларни натурада ифодаланган реализация қилиш (бериш) ҳажми х Солиқ ставкаси (сўмда).

Мисол
Қатъий белгиланган солиқ ставкасини қўллаш
Корхона март ойида 100 дал коньяк ишлаб чиқарган ва реализация қилган. 1 дал коньяк учун солиқ ставкаси 116 400 сўм бўлганда солиқ суммаси 11 640 минг сўмни (116 400 х 100) ташкил этади.

Фоизларда (адвалор) белгиланган акциз ставкаси

Ишлаб чиқарилаётган акциз тўланадиган товарлар қийматига солиқ ставкалари фоизларда белгиланган бўлса, реализация қилинган (берилган) акциз тўланадиган товарларнинг ҚҚС ва акциз қўшилмаган, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати солиқ базаси ҳисобланади.

Солиқни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

Акциз солиғи = Реализация қилинган товарларнинг акциз ва ҚҚС ҳисобга олинмаган қиймати (сўмда) х Солиқ ставкаси (фоизларда).

Мисол
Адвалор солиқ ставкасини қўллаш
Корхона бир тоннасининг қиймати 10 млн сўмга тенг бўлган (акциз ва ҚҚСсиз) 10 тонна полиэтилен гранулалар ишлаб чиқариб реализация қилган. Полиэтилен гранулалар учун акциз солиғи ставкаси 20 %га тенг. Акциз суммаси 20 млн сўмни (100 000 000 х 20 %) ташкил этади.

Аралаш ставка

Аралаш ставка қатъий белгиланган ва адвалор ставкалардан иборат. Аралаш ставкалар икки хил усулга асосланиб қўлланади, бунда солиқ базаси қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда аниқланади:

  • акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган ҳажмидан ёки акциз тўланадиган товарларнинг божхона қийматидан. Бу ҳолда солиқ суммаси қатъий белгиланган солиқ ставкасини қўллаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган суммадан кам бўлиши мумкин эмас;
  • акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган ҳажмидан ва акциз тўланадиган товарларнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган божхона қийматидан.

Биринчи усул бўйича:

  • солиқ суммасини фоизларда белгиланган ставка бўйича ҳисобланг;
  • солиқ суммасини қатъий суммадаги ставка бўйича ҳисобланг;
  • олинган суммаларни солиштириб, энг кўп суммани тўланг.
Мисол
Биринчи усул бўйича аралаш солиқ ставкасини қўллаш

 

Корхона февраль ойида 100 дал пиво импорт қилган, унинг божхона қиймати 10 млн сўмни ташкил этади. Пиво учун солиқ ставкаси – 50 %, бироқ бир литри учун 15 000 сўмдан кам эмас (1 дал учун 150 000 сўм).

Акциз суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

  • адвалор ставка бўйича (50 %) – 5 000 000 сўм (10 000 000 х 50 %);
  • қатъий белгиланган ставка бўйича – 15 000 000 сўм (150 000 х 100).

Қатъий белгиланган ставка бўйича акциз адвалор ставкадаги суммадан кўп бўлгани учун импорт қилувчи 15 000 000 сўм тўлайди.

Иккинчи усул бўйича:

  • солиқ суммасини қатъий суммадаги ставка бўйича ҳисобланг;
  • солиқ суммасини фоизларда белгиланган ставка бўйича ҳисобланг;
  • қатъий ставка бўйича ва фоизларда белгиланган ставка бўйича солиқ суммаларини қўшинг. Олинган суммани тўланг.
Мисол
Иккинчи усул бўйича аралаш солиқ ставкасини қўллаш
Корхона март ойида 500 қути сигарета ишлаб чиқариб реализация қилган, уларга қиймати 1 млн сўмлик 10 000 дона сигарета солинган. Белгиланган ставка – 1 000 донаси учун 172 000 сўм + 10 %.
Қатъий белгиланган ставка (1 000 донаси учун 172 000 сўм) бўйича солиқ суммаси 1 720 000 сўмни (10 000 : 1 000 х 172 000) ташкил этади.
Фоизларда (адвалор) белгиланган ставка (10 %) бўйича солиқ суммаси 100 000 сўмни (1 000 000 х 10 %) ташкил этади.
Тўланадиган солиқ суммаси қатъий белгиланган ва адвалор ставкалар бўйича солиқ суммасига тенг: 1 820 000 сўм (1 720 000 + 100 000).

Айрим ҳолларда солиқ базасини аниқлаш ва акциз солиғини ҳисоблашнинг ўзига хос хусусиятлари

1. Акциз тўланадиган товарларни жисмоний шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш, ҳисоблаб чиқарилган дивидендлар ҳисобига, бепул ёки бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаш учун беришга доир операциялар.

Бундай ҳолларда солиқ базаси қуйидагича аниқланади:

  • акциз солиғи ставкаси маҳсулот бирлигига қатъий суммада белгиланган бўлса, солиқ базаси акциз тўланадиган товарларнинг натурада ифодаланган физик ҳажмидан (литр, дал, килограмм, тонна, дона ва б.) келиб чиққан ҳолда аниқланади;
  • ишлаб чиқарилаётган акциз тўланадиган товарлар қийматига солиқ ставкалари фоизларда белгиланган бўлса, реализация қилинган (берилган) акциз тўланадиган товарларнинг ҚҚС ва акциз қўшилмаган, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати солиқ базаси ҳисобланади.
Мисол
Акциз тўланадиган товарлар таннархидан паст нархда берилганда акциз солиғини ҳисоблаш

 

Корхона муассислар билан келишилган нархи 180 минг сўм бўлган акциз тўланадиган товарларни дивидендларни тўлаш ҳисобига берган.

Товарларнинг таннархи – 200 минг сўм.

Ушбу товарлар бўйича акциз ставкаси уларнинг қийматига фоизларда белгиланган.

Товарлар таннархидан паст нархда берилгани учун солиқ таннархдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

2. Маҳсулот қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашёдан ишлаб чиқарилган. Фоиз ставкалари белгиланган акциз тўланадиган товарлар бўйича солиқ базаси товарларни ишлаб чиқаришга доир ишларнинг қийматини ҳамда қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашё ва материалларнинг қийматини ўз ичига олади.

Мисол
Қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашёдан акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқаришда солиқ базасини аниқлаш
Корхона буюртмачининг вино материалидан вино тайёрлаш хизматларини кўрсатади.
Қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашё (вино материали) қиймати – 100 000 минг сўм.
Қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган материални қайта ишлаш бўйича ишларнинг қиймати – 29 500 минг сўм.
Акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ базаси 129 500 минг сўмни (100 000 + 29 500) ташкил этади.  

3. Кўрсатилган акциз тўланадиган хизматларнинг ҚҚС ва акциз қўшилмаган, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати акциз тўланадиган хизматлар бўйича солиқ базаси ҳисобланади . 2021 йилда мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 15 % миқдорида белгиланган.

4. Бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ якуний истеъмолчиларга реализация қилинаётган бўлса, реализация қилинган ва шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланилган бензиннинг, дизель ёқилғиси ва газнинг натурада ифодаланган ҳажми солиқ базаси ҳисобланади.

Бензин, дизель ёқилғиси автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали, газ эса газ тўлдириш шохобчалари ва газ тўлдириш пунктлари орқали реализация қилинганда акциз солиғи 1 литр ҳисобидан, қолган ҳолларда эса – 1 тонна ҳисобидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

Мисол
Дизель ёқилғиси бўйича акциз солиғини ҳисоблаш

 

Корхона февраль ойида якуний истеъмолчига 50 тонна дизель ёқилғисини реализация қилган. Акциз солиғи ставкаси – 1 тонна учун 425 918 сўм.

Акциз солиғи 21 295 900 сўмга (50 х 425 918) тенг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь