Нима учун давлат улушига эга корхоналар филиаллари мажбурий аудитдан ўтказилмайди

preview

Давлат улушига эга корхоналар филиаллари мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши керакми? Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан МВ Департаменти директори ўринбосари Иброҳим АҲМАДХОНОВ жавоб берди:


- Устав фондида давлат улушига эга акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятлари, шунингдек давлат корхоналари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда филиаллар очишга ҳақли. Қоидага кўра, бундай филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди ва улар фаолияти учун уларни ташкил этган юридик шахс жавобгар бўлади.

Бунда филиалга бериб қўйилган мол-мулк қиймати ва ўзаро ҳисоб-китоб бўйича барча ахборот филиални ташкил этган юридик шахснинг молиявий ҳисоботида акс эттирилади.

25.02.2021 йилдаги ЎРҚ-677-сон Қонуннинг 35-моддасида ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим ташкилотлар рўйхати белгиланган:

  • акциядорлик жамиятлари;
  • банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
  • суғурта ташкилотлари;
  • инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамловчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилари;
  • манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмаларидан иборат бўлган хайрия, жамоат фондлари ва бошқа фондлар;
  • устав фондида (устав капиталида) давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари;
  • фонд ва товар биржалари;
  • ҳисобот йили якунларига кўра қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари:

- активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқ;

- маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми БҲМнинг 200 минг баравари миқдоридан ортиқ;

- ходимларининг ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлса.

Баён этилганларни инобатга олган ҳолда устав фондида давлат улушига эга юридик шахслар томонидан ташкил этилган филиаллар ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим эмас.

Давлат улушига эга корхоналар ҳисобини Давлат активларини бошқариш агентлиги юритади .