Янги қонунга биноан мажбурий аудит – фақат 2021 йил якунлари бўйича

preview

2021 йил 27 майда «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири кучга киради. Унда ҳар йили мажбурий аудитдан ўтадиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати янгиланди, уни ўтказиш ва солиқ органларига аудиторлик хулосасини тақдим этиш муддатлари ўзгартирилди. Шу муносабат билан Молия вазирлигидаги манба buxgalter.uz илтимосига биноан 2020 йил якунларига кўра кимлар қандай муддатларда мажбурий аудитдан ўтиши кераклиги ҳақида тушунтириш берди.


2021 йил 25-февралдаги ЎРҚ-677- сон 55-моддасида «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач кучга кириши назарда тутилган. Қонуннинг янги таҳрири расмий манбаларда 2021 йил 26 февралда эълон қилинган. Бинобарин, ҳужжат 2021 йил 27 майдан кучга киради (унинг эски таҳрири ўз кучини йўқотади).

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилгандан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 26.05.2000 йил таҳриридаги ЎРҚ-78-II - сон 10-моддасида кўрсатилган 2020 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботнинг мажбурий аудиторлик текшируви фақат хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилади.

Президентнинг 3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 15-бандига мувофиқ активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг бараваридан ортиқ бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларни ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича талаб 2020 йил якунлари бўйича киритилади. Ушбу хўжалик юритувчи субъектлар 2020 йил учун йиллик молиявий ҳисоботни 2021 йил 1 майгача мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилгандан кейин 15 кун ичида солиқ органига белгиланган тартибда тасдиқланган аудиторлик хулосаси нусхасини юборади. 2020 йил якунлари бўйича мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири 35-моддасида келтирилган хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботларининг йиллик аудиторлик текшируви 2021 йил якунларидан бошлаб мажбурий бўлади. Хўжалик юритувчи субъектлар мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилгандан кейин, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июндан кечиктирмай, 15 кун ичида солиқ органига аудиторлик хулосаси нусхасини тақдим этади.


  Олег ГАЕВОЙ тайёрлади