Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи консигнатор ҚҚС тўлашга ўтиши керакми

preview

«Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи Ўзбекистон корхонаси хорижий етказиб берувчи (консигнант) билан консигнация шартномасини тузиб, воситачи (консигнатор) сифатида унинг товарларини Ўзбекистонда реализация қилмоқчи. Бундай консигнатор ҚҚС тўлашга ўтишга мажбурми? Қандай ҳолда комиссия (топшириқ) шартномаси бўйича воситачи – айланмадан олинадиган солиқни тўловчи товарларни импорт қилишда тўланган божхона тўловлари суммасига, реализация қилинган товар улушида солиқ бўйича солиқ базасини камайтиришга ҳақли экани белгиланган СК 464-м. 2-қ. 2-б. нормаси қўлланилади?»

Вuxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚ мутахассислари вазиятга ойдинлик киритдилар:

 

ҚҚС

– Айланмадан олинадиган солиқ Ўзбекистонга товарларни олиб кирувчи (импорт қилувчи) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилмайди .

Юридик ва жисмоний шахслар – товарлар (ишлар ва хизматлар) импортига норезидентлар билан импорт контрактларини тузган Ўзбекистон резидентлари импорт қилувчилар деб эътироф этилади .

Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига нисбатан божхона расмийлаштируви учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади .

Божхона юк декларациясини тўлдириш масалалари 2773-сон БЮДни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан тартибга солинади.

ФК 838-моддасига мувофиқ, комитентдан воситачига ўтган ёки воситачи комитент ҳисобидан сотиб олган ашёлар комитентнинг мулки бўлади.

2-сон БҲМСга мувофиқ товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш)да даромадларни тан олиш бўйича мисолларда назарда тутилишича, консигнацион сотишда, унга мувофиқ олувчи (харидор) юкни жўнатувчи (сотувчи) номидан товарни сотиш мажбуриятини ўз зиммасига олади, олувчи томонидан товар учинчи шахсга сотилганда даромад юк жўнатувчи томонидан тан олинади. Харидор агент сифатида ҳаракат қилганда сотишга консигнацион сотиш деб қаралади.

Шу тариқа, хўжалик юритувчи субъект хорижий шахсларга уларнинг товарларини Ўзбекистонда сотиш бўйича воситачилик хизматларини кўрсатса ва БЮДда импорт қилувчи* сифатида кўрсатилмаган бўлса, унда кўрсатилаётган хизматлар бўйича СК 461–462-моддаларига мувофиқ ҚҚС тўлашга ўтиш мажбурияти юзага келмайди.

Бу ҳолда импорт қилувчи товарлар харидори, воситачи эса юкни олувчи ва божхона тўловларини тўловчи ҳисобланади.

 

Айланмадан олинадиган солиқ

Воситачи айланмадан олинадиган солиқни тўловчи сифатида товарларни импорт қилишда тўланган божхона тўловлари суммасига, реализация қилинган товар улушида солиқ бўйича солиқ базасини камайтиришга ҳақли. Бунда унинг воситачилик ҳақи суммаси (воситачи учун – айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси)  уларга божхона тўловларини тўлаш бўйича харажатларни ҳисобга олган ҳолда шартномада белгиланиши керак.

Воситачилар – айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш мақсадида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадни воситачилик ҳақи суммасидан эмас, балки реализация қилиш бўйича умумий айланмадан (битим суммаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқлашларини ҳам инобатга олиш зарур . Шу сабабли, реализация қилиш бўйича айланма 1 млрд сўмдан ошса, воситачи ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керак бўлади.