Айланмадан олинадиган солиққа қандай ўтилади

27.10.2020

Кўп корхоналарда пандемия туфайли жорий йилнинг олдинги даври учун реализация қилиш бўйича айланмалар кескин тушиб кетди. Бундай вазиятда, муваффақиятли фаолият юритиш учун умумбелгиланган солиқларни тўлашдан айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш мумкин. Қандай шартларда бунинг имконияти мавжуд? Буни қандай тўғри амалга ошириш мумкин?

Buxgalter.uz учун махсус, саволларга «Норма»  эксперти Ирина АХМЕТОВА жавоб берди:

- ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилар айланмадан олинадиган солиқ тўлашга навбатдаги солиқ давридан (йили) бошлаб ўтишга ҳақли, башарти :

  • ўтишдан олдинги йил учун жами даромадлари 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса;
  • ҚҚСни ва фойда солиғини танлаш ҳуқуқисиз тўлайдиган солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлишмаса, айнан:

- акцизости товарлар ишлаб чиқаришмаса ;

- акцизости мобиль алоқа хизматлари кўрсатишмаса;

- фойдали қазилмаларни кавлаб олишмаса;

- товарларни импорт қилишмаса;

- уларнинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони 50 гектардан кам бўлса;

- бензин, дизель ёқилғиси ва газни охирги истеъмолчига реализация қилишмаса;

- лотереяларни ташкил этишмаса;

- марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришмаса;

- оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс бўлишмаса;

- мулкида самарасиз фойдаланилаётган кўчмас мулки бўлмаса.

Вазиятни шартли мисолларда кўриб чиқамиз.

1. ҚҚСни ва фойда солиғини тўловчи бўлган корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтмоқда

2019 йил якунлари бўйича ЯСТ тўловчиси бўлган корхонанинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошди, шу боис 2020 йилдан бошлаб у ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашга ўтди. 2020 йил учун корхонанинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошмади. Шу боис 2021 йилдан бошлаб у айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишга ҳақли.

ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтган айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар:

  • башарти жорий солиқ даври якунлари бўйича жами даромадлари 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса;
  • айланмадан олинадиган солиқни тўлашга камида 12 ойдан кейин қайта ўтишга ҳақли .

2. Айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтган корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашга қайта ўтади

2018 йил якунлари бўйича ЯСТ тўловчиси бўлган корхонанинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошмади. 2019 йилда у ЯСТ тўлашда қолди ва уни I чорак давомида тўлади. Апрель ойидан бошлаб корхона ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтди.

2019 йил учун жами даромади 1 млрд сўмдан ошмади. Айланмадан олинадиган солиқ тўлашга корхона навбатдаги солиқ давридан (йили) бошлаб камида 12 ойдан кейин ўтишга ҳақли. Мазкур вазиятда – 2021 йилдан бошлаб, башарти 2020 йил учун жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса.

ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашдан айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ДСИга тегишли хабарнома жўнатинг. Буни айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтилаётган йил бошланишига қадар 10 кундан кечиктирмай амалга ошириш зарур, яъни 21 декабрдан кечиктирмай .

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал