Даромади 1 млрд сўмдан кам бўлса, юридик шахс айланмадан олинадиган солиққа ўта оладими

preview

“Корхонанинг 2021 йил якунлари бўйича жами йиллик даромади 1 млрд сўмдан ошмайди. Бироқ - импорт операциялари амалга оширилган. Агар корхона кейинчалик импорт қилишни режалаштирмаётган бўлса, 2022 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтиши мумкинми?”. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ тушунтирди:

 

– “Қуйидагилар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланади :

1) солиқ даврида жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари;

2) солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошган, лекин 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар.

Товарлар импортини амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ҳақли эмас . Улар ҚҚС ва фойда солиғи тўлашлари шарт.

Жами йиллик даромади 1 млрд сўмдан ошмаган ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилари  айланмадан олинадиган солиқ тўлашга навбатдаги солиқ давридан бошлаб ўтишга ҳақли.

 

Мисол
Жами йиллик даромади 1 млрд сўмдан кам бўлган ҚҚС ва фойда солиғини тўловчи айланмадан олинадиган солиққа 2022 йил 1 январдан ўтади.
Корхонанинг жами даромади 2021 йилда 900 млн сўмни ташкил қилади. Келаси йилда ҳам даромад миқдори 1 млрд сўмдан ошмаслиги кутилмоқда.
Корхона 2021 йилда СКнинг 461-моддаси 2-қисмида келтирилган шартларнинг ҳеч бирига тўғри келмади, шу жумладан - товарни етказиб бериш учун импорт контрактлари тузмаган.
У 2022 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиққа ўтиши мумкин. Бунинг учун айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш режалаштирилаётган навбатдаги солиқ даври бошланишига қадар 10 иш кунидан кечиктирмай солиқ органига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабарнома жўнатиш зарур .
Мисол
ҚҚС ва фойда солиғи тўловчи товарни импорт қилишда айланмадан олинадиган солиққа ўтмоқчи
2021 йилда корхонанинг жами даромади 900 млн сўмни ташкил қилади. 2022 йилда ҳам даромад миқдори 1 млрд сўмдан ошмаслиги кутилмоқда.
Корхона йил давомида ўз эҳтиёжлари учун товарларни импорт қилган.
Мазкур вазиятда корхона жами даромад ҳажмларидан қатъи назар 2022 йил бошидан айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтиши мумкин эмас, чунки 2021 йилда корхонада импорт операциялари бўлган.
Агар 2022 йилда корхонанинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаса ва у СКнинг 461-моддаси 2-қисмида келтирилган шартларнинг ҳеч бирига тўғри келмаса, корхона 2022 йилнинг 16 декабридан кечиктирмай хабарнома берган ҳолда 2023 йилнинг бошидан айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтиши мумкин”.