ДСИнинг олинган аванслар суммаларига ЯСТни қўшимча ҳисоблаш бўйича талабномасига қандай жавоб бериш лозим

01.05.2019

Buxgalter.uz ДСИ талабномаларига ва кўрсатма берган хатларига намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият: Ташкилот 2019 йилда 2018 йил IV чораги учун ЯСТ суммасини қўшимча ҳисоблаш тўғрисида ДСИдан талабнома олди. Қурилиш пудрати шартномаси асосида аванслар сифатида олинган пул маблағлари суммасига қўшимча ҳисоблаш суммаси амалга оширилади.

Ташкилотнинг позицияси: Пудрат шартномаси бўйича ишлар амалга оширилмаган, ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаси расмийлаштирилмаган. Тегишинча, ЯСТни қўшимча ҳисоблаш ва тўлаш мажбуриятлари юзага келмайди.

ДСИнинг талабномасига жавоб хати намунаси

«___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан шуни маълум қиламизки, ташкилотимиз пудрат шартномалари асосида қурилиш-монтаж хизматларини кўрсатади.

2018 йил 10 декабрда ташкилотимиз ва «_________» МЧЖ ўртасида «___» _______ 2018 йилдаги «___»-сон бош пудрат шартномаси тузилган. Қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун товар-моддий бойликларни ўз вақтида харид қилиш мақсадида, шартнома шартларига мувофиқ буюртмачи ишлар учун аванс сифатида 200 млн сўм ўтказиши керак, бунда шартноманинг умумий суммаси 1 000 млн сўмни ташкил этади. Буюртмачидан қуйидагиларни аванс сифатида олганмиз: 

  • 15.12.2018 й. – 50 млн сўм;
  • 27.12.2018 й.  – 150 млн сўм.

Шартнома бўйича ишлар якунланадиган муддат 2019 йил 1 август деб белгиланган. Баён этилган ахборотни тасдиқлаш мақсадида ушбу хатга «___» _______ 2018 йилдаги «___»-сон бош пудрат шартномаси, шунингдек ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини илова қиламиз.

200 млн сўм миқдорида олинган аванслар суммаси келгуси ҳисобот даврларида бажарилган ишлар ҳажмларига мутаносиб равишда даромадлар сифатида тан олинади. Бу қонунчиликка: 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»нинг 4–19-бандлари; Солиқ кодексининг 22-моддаси; Солиқ кодексининг 130-моддаси 7–10-қисмлари ва Солиқ кодексининг 355-моддаси талабларига тўла мувофиқ келади.

Баён этилганлар асосида олинган аванслар суммасига 2018 йил IV чораги учун ягона солиқ тўловини қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги талабномани асоссиз деб ҳисоблаймиз.

Илова: «___» _______ 2018 йилдаги «___»-сон бош пудрат шартномаси, ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси, аванс тўловларини тасдиқловчи банк кўчирмаси.

Корхона директори.

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал