Корхона товарни импорт қилган ҳолда, қачон айланмадан олинадиган солиқни тўлаши мумкин?

03.11.2020

Товарларни импорт қилувчи корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга эмас . Бироқ корхона, импорт шартномасини тузган ҳолда, барибир ушбу ҳуқуқни сақлаб қоладиган ҳолатлар мавжуд. Бу ҳақда buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Дилором САИДОВА гапириб берди:

- Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашга ўтиши шарт бўлган ва у айланмадан олинадиган солиқни тўлашда давом этиши мумкин бўлган иккала вариантни кўриб чиқамиз.

1-вазият: корхона ўз эҳтиёжлари учун (ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, олиб сотиш учун ва ҳ.к.) товарларни импорт қилди

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган корхона 15 октябрда чет эллик ҳамкор билан телевизорлар сотиб олиш учун шартнома тузди. Мақсад – олиб сотиш.

Мазкур ҳолатда корхона импорт қилувчига айланади. Товарга бўлган мулк ҳуқуқи шартнома шартларига биноан унга ўтади. Шу боис корхона импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб, яъни 2020 йилнинг 1 ноябридан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт .

Товарларни реализация қилиш чоғида корхона реализация қилинган товарнинг барча суммасига ҳисобварақ-фактура тақдим этади. У ҳисобварақ-фактурада ҚҚСни кўрсатади, агар реализация қилиш пайтида ҚҚС тўловчиси ҳисобланса.

 

Эслатиб ўтамиз
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк товар дейилади . Бунда бу олиб сотиш учун товар ёки корхона ўз эҳтиёжи учун фойдаланадиган мол-мулк бўлишининг аҳамиёти йўқ.

 

 

Эътибор беринг
Агар 2020 йилда импорт туфайли ҚҚСни тўлашга ўтган корхона 2020 йил якунларига кўра 1 млрд сўм миқдоридаги чегарадан ошмаган бўлса, у 2021 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга қайтиши мумкин . У бу ҳақда солиқ органини янги йил бошланишига қадар 10 кундан кечиктирмай (21 декабрдан кечиктирмай) хабардор қилиши керак.

 

2-вазият: корхона-воситачи товарларни импорт қилади

Корхона Ўзбекистон резиденти бўлган корхона билан импорт ускунасини етказиб бериш учун воситачилик шартномасини тузди. Шартномага асосан барча ҳисоб-китобларни воситачи амалга оширади, шу жумладан – юкни божхонадан чиқариш учун тўловни амалга оширади. Комитент воситачи тегишли ҳисоботни тақдим этгандан кейин қилинган харажатларни қоплайди.

Мазкур ҳолда БЮДнинг 8-устунида юк олувчи воситачи, импорт қилувчи эса – комитент эканлиги кўрсатилади.

 

Эътибор беринг
Божхона кодекси божхона тўловларининг бошқа шахс (импорт қилувчи бўлмаган) томонидан тўланишини тақиқламайди. Ҳар қандай манфаатдор шахс бошқа шахс учун божхона тўловларини тўлашга ҳақли .

 

Агар корхона-комитент айланмадан олинадиган солиқни тўлаган бўлса, у импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт.

Воситачи мазкур ҳолда воситачилик хизматлари кўрсатади. У импорт қилувчи ҳисобланмайди ва айланмадан олинадиган солиқ тўловчи деб эътироф этиш учун мезонларга тўғри келган тақдирда айланмадан олинадиган солиқни тўлашда давом этиши мумкин. Солиқ воситачилик ҳақи суммасидан 25% ставка бўйича ҳисобланади  .

 

Эслатиб ўтамиз
Воситачилик ташкилотлари учун жами даромаддан келиб чиққан ҳолда айланмадан олинадиган солиқни тўлаш имкониятини аниқлашда воситачилик ҳақи эмас, балки битимнинг барча суммаси ҳисобга олинади .

 

Агар йил бошидан воситачилик битимлари суммаси 1 млрд сўмдан ошса, воситачи ҚҚСни ва фойда солиғини тўлашга ҳам ўтиши керак .

Воситачи :

  • товарни комитентга беришда БЮДдан кўрсаткичларни акс эттирган ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этади. “Етказиб берувчи” сатрида қўшимча равишда “Воситачи” сўзи кўрсатилади;
  • воситачилик шартномаси бажарилгандан кейин комитентга ўзининг ҳақи суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномасини тақдим этади;
  • ҳисобварақ-фактурада ҚҚСни кўрсатади, агар хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш санасида (ҳисобварақ-фактура санасида) ҚҚС тўловчи ҳисобланса;
  • товар сотиб олинган ой тугагандан кейин 5 кун ичида битим тўғрисида маълумотлар билан ҳисобот тақдим этади ва унга улар асосида комитент воситачилик шартномасида назарда тутилган харажатларни унга қоплай олиши учун барча тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал