Қандай операцияларга айланмадан солиқ солинмайди

06.10.2020

Амалиётда бухгалтерлар кўпинча воситачи харажатларини, ижара бўйича харажатларни қоплаш бўйича операцияларга, шунингдек суғурта шартномаси бўйича товонга дуч келишади. Бундай операцияларга айланмадан олинадиган солиқ солинадими?

Buxgalter.uz вазиятни тушунтирди:

Суғурта товони

Суғурта шартномаси бўйича суғурта товони (суғурта тўлови) тарзида олинган маблағларга айланмадан олинадиган солиқ солинмайди.

Агар сиз ўз мол-мулкингизни суғурта қилдирган бўлсангиз ва суғурта компанияси суғурта ҳодисаси юзага келганда сизга товон тўлаган бўлса, ушбу товонни даромад деб эътироф этинг, бироқ айланмадан олинадиган солиқ солманг.

 

Мисол
Суғурта товони олинганда солиқ солиш
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган корхона ёнғин ҳодисаси юзасидан мол-мулкини бир йилга суғурта қилдирди. Суғурта компаниясига суғурта мукофоти – 200 минг сўм тўланди. Шартноманинг амал қилиш даврида суғурта ҳодисаси юзага келди. Мол-мулкни тиклаш учун 25 000 минг сўм харажат қилинди. Суғурта компанияси корхонага 20 000 минг сўм миқдорида суғурта товони тўлаб берди.
Олинган суғурта товони (20 000 минг сўм) айланмадан олинадиган солиқ солиш объекти сифатида ҳисобга олинмайди .
Корхонанинг мол-мулкни тиклашга қилган умумий харажатларидан (25 000 минг сўм) 20 000 минг сўм суғурта товони ҳисобидан қопланади, 5 000 минг сўм эса корхона харажатларига киритилади.

Воситачилик хизматлари шартномаси бўйича харажатларни қоплаш

Агар воситачилик хизматлари кўрсатиш шартномасида ҳақ тўлашдан ташқари комитент (ишончли вакил) сизга шартномани бажариш чоғида қилинган харажатларни қоплаши мумкинлиги кўрсатилган бўлса, ушбу харажатлар шартнома шартларига биноан комитент (ишончли вакил)нинг харажатлари ҳисобланади. Бундай қоплаш даромад сифатида эътироф этилмайди ва айланмадан олинадиган солиқ солинмайди.

Агарда воситачи сифатидаги сизнинг ўз харажатларингиз қопланса, бундай қоплашга айланмадан олинадиган солиқ солиниши зарур.

Эътибор беринг
Агар воситачилик (топшириқ) шартномасига биноан сиз комитент (ишончли вакил)дан сотиш учун қандайдир мол-мулк олсангиз, унга айланмадан олинадиган солиқ солманг, сабаби унга бўлган мулк ҳуқуқи комитент (ишончли вакил)да сақлаб қолинади.

 

Мисол
Воситачига харажатларни қоплашда солиқ солиш
Воситачи (комиссионер) воситачилик шартномаси бўйича товарни етказиб беришни амалга оширадиган “А” корхонаси (комитент) учун харидор топиш мажбуриятини олади. Воситачи хизматларининг қиймати – сотилган товар қийматининг 10%и. Воситачилик шартномасига асосан реализация қилинган товар учун барча сумма воситачининг ҳисобварағига келиб тушади.
Комитент билан ҳисоб-китоб қилиш чоғида воситачи қуйидагиларни ушлаб қолади:
  • ўзининг ҳақини (10%);
  • у томондан комитентнинг товарини реклама қилиш ва ташиш учун тўланган маблағларни.
Воситачининг ҳисоботига асосан товар жами 180 000 минг сўмга реализация қилинган. Ушбу суммадан реализация қилишдан олинган даромад таркибига воситачи фақат ўзининг ҳақини – 18 000 минг сўмни (180 000 х 10%) киритади. Товар учун унинг ҳисобварағига келиб тушган қолган сумма тушум ҳисобланмайди, сабаби реализация қилинган товарнинг мулкдори комитент-“А” корхонаси ҳисобланади.
Бундан ташқари, воситачи комитентга товарни реклама қилиш учун 7 500 минг сўм миқдорида ва товарни ташиш бўйича транспорт компаниясининг хизматларига – 3 450 минг сўм миқдорида ҳақ тўланганлиги юзасидан тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди. Воситачи томонидан ушбу харажатларни қоплаш сифатида олинадиган суммалар ҳам унинг реализация қилишдан олинган даромади сифатида ҳисобга олинмайди, сабаби бу харажатлар шартномада назарда тутилган.

Лизинг объекти қиймати ва коммунал химатлар қийматини қоплаш

Агар ижарага берувчига (лизинг берувчига) молиявий ижарага (лизингга) берилган объект қиймати қопланса ҳам, айланмадан олинадиган солиқ объекти юзага келмайди.

Лизинг олувчи лизинг тўловларини тўлаган ҳолда лизинг берувчига ижара объектини сотиб олиш бўйича харажатларни қоплайди, шунингдек унга фоизли даромад тўлайди. Шу боис лизинг объекти қийматини сўндириш учун олинган маблағларга солиқ солинмайди. Фақат фоизли даромад солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Мисол
Лизинг объекти қийматини қоплашга солиқ солиш
Шартномага асосан 120 000 минг сўм қийматдаги экскаватор лизингга берилади.
Лизинг берувчининг фоизли даромади 24 000 минг сўмни ташкил этади.
Шартнома бўйича ижара ҳақининг умумий суммаси – 144 000 минг сўм.
Ижара муддати – 20 ой.
Тўловлар графиги ҳар ойда 7 200 минг сўмдан (144 000 : 20) тенг тўловларни назарда тутади.
Ҳар ойлик ижара ҳақи лизинг объектини қоплаш суммасидан – 6 000 минг сўм (120 000 : 20) ва лизинг берувчининг фоизли даромадидан - 1 200 минг сўм (24 000 : 20) иборат.
Лизинг берувчининг бухгалтерия ҳисобида экскаватор қиймати узоқ муддатли дебиторлик қарзи (120 000 минг сўм) сифатида акс эттирилади.
Лизинг олувчи уни лизинг тўловлари графигига асосан сўндиради. Фоизли даромад (24 000 минг сўм) экскаваторнинг чиқиб кетиш пайтида эмас, балки тўловлар графигига асосан қисмлар билан эътироф этилади.
Шу тариқа, 20 ой давомида ҳар ойда 1 200 минг сўм лизинг берувчининг даромадига киритилади.
 

Агар сизнинг корхонангиз кўчмас мулкни ижарага берса, ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари қийматини қоплашдан айланмадан олинадиган солиқни тўламанг. Ижарага берувчи учун қоплаш суммаси даромад ҳисобланмайди. Фақат ижара ҳақи суммасига айланмадан олинадиган солиқ солинг.

Мисол
Тезкор ижара шартномаси бўйича коммунал хизматларни қоплашга солиқ солиш
Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи ижарага берувчи офис биносини ижарага беради.
Ижара шартномасига асосан коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари қийматини ижарага олувчи алоҳида – амалда қилинган истеъмол бўйича қоплайди.
Тақдим этилган ҳисобварақ-фактурага асосан бир ой учун ижара ҳақи 1 200 минг сўмни, коммунал хизматлар ва алоқа хизматларини қоплаш суммаси – 480 минг сўмни ташкил этади, шу жумладан ҚҚС – 80 минг сўм.
Ижарага берувчи учун ижарага олувчи томонидан истаъмол қилинган коммунал хизматлар (480 минг сўм) харажат ҳисобланмайди, уларни қоплаш эса даромад ҳисобланмайди. У уларнинг қийматини етказиб берувчилар – коммунал хизматлардан ижарага олувчига қайта тақдим этади. Шу тариқа, ижара муддати давомида ҳар ойда ижарага берувчининг даромадига фақат 1 200 минг сўм киритилади.

Дилором САИДОВА,

«Норма» эксперти

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал