Солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун бухгалтер нима қилиши керак?

16.09.2019

ЯСТ тўловчи бўлган корхонада январь-сентябрь якунлари бўйича тушум 1 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади. Солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун бундай корхонанинг бухгалтери нима қилиши керак?

Солиқ даврида олган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошган  ЯСТ тўловчилар белгиланган мезон ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади (СКнинг 351-моддаси 5-қисми).

Яъни кўриб чиқилаётган корхона 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши керак.

Бунинг учун бухгалтер my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

1. “Солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисида хабарнома”ни тўлдириш ва юбориш. Бунинг учун “Ҳисоботни юбориш” бўлимида электрон ҳисобот рўйхатидан:

  • “ягона солиқ тўлови бўйича ҳисоботлар” бандини;
  • “Солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисида хабарнома” шаклини (10102_4 коди) танлаши зарур. Унда “Умумбелгиланган солиқлар” сатри белгиланиб, ДСИга юборилади.

Ҳатто сиз томондан бу бажарилмаган тақдирда ҳам, ДСИ 1 млрд сўмдан ошган  тушумингиз бўйича маълумотларни таҳлил қилган ҳолда, ҳар қандай ҳолатда ҳам корхонангизни СКнинг 351-моддаси нормасидан келиб чиқиб солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтказади;

2. “Қўшимча қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш” бўлимида рўйхатдан ўтиш. Шундан кейин корхонага ҚҚС тўловчи коди берилади ва “Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома” шакллантирилади.

Бу – муҳим! Солиқ даври давомида ялпи тушум 3 млрд сўмдан ошмаса, сиз ҚҚС ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлашга ҳақлисиз (СҚҚС, СКнинг 226-1-моддаси).

Бунинг учун ялпи тушум 1 млрд сўмдан ошган ойдан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан ДСИга ёзма равишда хабарнома тақдим этиш зарур. Биз кўриб чиқаётган вазиятда –  бу 15 октябрдан кечиктирилмаслиги керак.

3. 2-3 кун давомида “Шахсий карточкалар” бўлимида фойда солиғи (32 коди) ва ҚҚС (1 коди) қўшилганини текшириб туриш.

Бу – муҳим! Корхона ЯСТ ва ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчи бўлган тақдирда у яна ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши зарур эмас. Шахсий карточкага сизга 1 коди билан “умумбелгиланган” ҚҚСни қўшишлари ҳақида хат ёзиш мумкин.

Яна нималарни ёдда тутиш зарур:

1) 10 октябрга қадар Фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномани топшириш (СКнинг 164-моддаси 3 ва 4-қисмлари). Бунда корхона ЯСТдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинади СКнинг 354-моддаси 3-қисми);

2) агар корхонангиз тушум мезони – 1 млрд сўмдан ошиши муносабати билан умумбелгиланган солиқларни тўлашга  IV чорак бошидан бошлаб эмас, балки  жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб ўтишини мисол қилсак, “Чорак ўртасида фойда солиғини тўлашга ўтиш ҳисоботда қандай акс эттирилади” материалини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

 

Татьяна Лимарева.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал