Бош бухгалтернинг декабрь учун режаси: йил охиригача 10 та муҳим иш

preview

2019 йилнинг охиригача жуда кам вақт қолди. Январь ойининг дастлабки саналаридан бошлаб бухгалтерларда қизғин палла бошланади:  янги Солиқ кодекси, бюджетнинг янги параметрлари ва янги солиқ ставкалари, электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришга ўтиш ва ҳоказо, булар ҳали топшириладиган йиллик ҳисоботни айтмаганда... 2020 йилга киришни енгиллатиш учун декабрь ойининг охиригача бажариш мақсадга мувофиқ бўлган муҳим ишлар рўйхатини режалаштиринг.

1. Мажбурий ҳисоботларни топшириш, солиқларни тўлаш – 25 декабрга қадар

Яқинлашаётган назорат саналари:

24 декабрь – 2019 йилнинг ноябрь ойи учун табиий газга қўшимча фойда солиғи бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш ва солиқ тўлашнинг сўнгги.

25 декабрь-сўнгги кун:

ноябрь ойи учун:

  • ЖШДС ҳамда ЯИТ ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг сўнгги куни.   

Қуйидаги материаллар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз:

ЖШДС ва ЯИТ ҳисоб-китобининг янги шакли қандай тўлдирилади,

 Пенсия ва нафақалар – ЖШДС ва ЯИТ ҳисоб-китобида

  • ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг сўнгги куни.  

Қуйидаги материаллар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз:

ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли 15% ставкани инобатга олган ҳолда қандай тўлдирилади;

ҚҚС бўйича ҳисоботни қандай хатосиз тўлдириш мумкин

ҚҚС бўйича ноль кўрсаткичли ҳисобот топшириш оқибатлари;

ҚҚС салбий чиққан бош бухгалтер нималарга тайёр бўлиши керак;

ҚҚС бўйича ҳисоботни тўлдиришда нималарга эътибор бериш лозим;

Соддалаштирилган ҚҚС ва норезидентнинг хизматлари бўйича ҳисоботни тўлдиришга мисол.

  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўлашнинг сўнгги куни;
  • товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашнинг сўнгги куни;
  • ЯСТни тўлашнинг сўнгги куни (ҳар чоракда ҳисоб-китобни тақдим этадиган ва солиқни тўлайдиган микрофирмалар ва кичик корхоналар бундан мустасно);
  • меҳнатда шикастланиш ёки касб касалликлари оқибатида тайинланган пенсиялар тўлови бўйича харажатларни қоплаш учун маблағларни тўлашнинг сўнгги куни;

декабрь ойи учун:

  • бир йил учун солиқнинг суммаси 200 БҲМдан ортиқни ташкил этадиган юридик шахслар, шунингдек  солиқнинг суммаси 200 БҲМдан камни ташкил этадиган юридик шахслар ҳамда микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – 2019 йилнинг IV чораги учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни тўлашнинг  сўнгги куни.
Эътибор беринг
Ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари, республикамизда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезидентлари, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва этмаган ҳолда деҳқон хўжаликлари ушбу солиқ бўйича жорий тўловларни тўламайдилар.

Тўлиқ рўйхат ва топшириш муддатлари – Бухгалтер тақвимига қаранг.

2. Активлар ва мажбуриятларни инвентарлашдан ўтказиш

Йиллик молиявий ҳисобот тузишдан олдин инвентарлашни ўтказиш мажбурий. Аниқланган ортиқлиги ёки камлиги асосида сизда солиқ солинадиган бошқа даромадлар, шунингдек корхонангиз фойдаси ёки зарарига таъсир кўрсатадиган чегирилмайдиган харажатлар пайдо бўлиши мумкин.

Мавзуга доир долзарб материаллар:

Инвентарлашни барча қоидаларига кўра ўтказишга қандай тайёргарлик кўрилади;

Қадамма-қадам йўриқнома: инвентарлаш қандай ўтказилади.

3. Контрагентлар ва ДСИ билан ҳисоб-китобларни солиштириб олиш

Декабрь ойи охигига қадар контрагентлар билан солиштиришни амалга ошириш ва солиштириш далолатномасида аниқланган тафовутларни, шунингдек тарафларнинг дебиторлик ёки кредиторлик қарзини акс эттиришни тавсия қиламиз. Тарафлардан қайси бири ҳужжатни биринчи шакллантириши қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Далолатнома икки нусхада тузилади. Уни ташкилот раҳбари ва бош бухгалтери имзолайди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиштиришни олиш учун my.soliq даги “Солиштириш далолатномаси ва ШК” хизматидан фойдаланинг.

4. Ҳисоб сиёсатини қайта кўриб чиқиш

Эслатиб ўтамиз, ҳисоб сиёсатини шакллантириш бўйича мажбурият бош бухгалтер зиммасида, бироқ уни ташкилот раҳбари имзолаши керак. Барча ўзгартиришлар декабрь ойида – кейинги молия йили бошлангунга қадар тайёрланиши, келишилиши ва тасдиқланиши керак.

5. Солиқ ҳисоби сиёсати тузиш ҳақида ўйлаш

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳар бир корхонада нафақат одатдаги ҳисоб сиёсати, балки алоҳида солиқ ҳисоби сиёсати ҳам бўлишини назарда тутади. Уни тузиш ва ҳисобни юритиш бўйича бухгалтерлик дастурига киритиш лозим.

6. Контрагентлар билан тузилган шартномаларнинг амал қилиш муддатларини, ТИФ контрактлари ёпилишини текшириш

Қоидага кўра, контрагентлар билан тузилган шартномаларнинг аксарияти “31 декабрь” санаси билан тугайди. Шу боис уларни ижро этилганлиги ва (ёки) узайтирилганлиги борасида текширинг.

7. Декабрь ойи учун иш ҳақи, январь ойи таътил пуллари ва дивидендларни тўлаш  

Агар ташкилот уставида дивидендлар тўлаш ҳар чоракда амалга оширилади, деб ёзилган бўлса, иштирокчилар ўртасида 9 ой ва ўтган йиллар учун фойдани декабрь ойида тақсимлаган маъқул. Сабаби янги Солиқ кодексига асосан дивиденд солиғи бўйича ҳисоб-китоб услубияти ва ставкалар келаси йилдан ўзгаради.

Йил охирига қадар компания ходимлари билан ҳисоб-китоб қилган маъқул. Янги йил байрами олдидан ҳамма иш ҳақига,  январь ойида таътилга чиқадиганлар эса яна таътил пулларига қувонади.

8. Таътиллар жадвалини тузиш

Унча катта бўлмаган компанияларда бухгалтер кадрлар ходими ишини бирга олиб боради. Шу боис календарь йили бошлангунга қадар келаси йил учун таътиллар жадвалини тасдиқлашни унутмаслик керак.

Кўпроқ таътил пули олиш ёки кўпроқ кун дам олиш учун бизнинг тавсияларимиздан фойдаланинг:

Таътилларнинг энг яхши графиги: қандай қилиб кўпроқ таътил пули олиш ва узоқроқ дам олиш мумкин.

9. Штат жадвалини тасдиқлаш

Агар янги лавозимлар пайдо бўлган ёки маошлар ўзгарган бўлса, штат жадвалини ўзгартириш лозим.

Маошларни оширган ҳолда меҳнат шартномаларига қўшимча келишувларни расмийлаштиришни унутманг.

10. Иш ҳақи ва унга устамалар ҳисоблаш бўйича локал ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш

03.12.2019 йилдаги ЎРҚ-586-сон Қонун билан киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда устамалар ҳисоблаш бўйича локал ҳужжатлар ва илгари ЭКИҲда белгиланган иш ҳақига коэффициентларни қайта кўриб чиқиш зарур.

Татьяна ЛИМАРЕВА