Аутсорсинг учун шартнома узайтирилмади. Мижоз учун йиллик ҳисоботни ким топширади?

preview

Аутсорсинг компанияси ва мижоз келаси йил учун бухгалтерия ҳисобини юритиш учун шартномани узайтирмасликка қарор қилишди. Бундай вазиятда ким мижознинг йиллик ҳисоботларини топшириши керак? Ушбу масала кўпинча низоларга сабаб бўлмоқда.

Buxgalter.uz вазиятга аниқлик киритди:

Шуниси эътиборга лойиқки, ҳатто  аутсорсинг компанияларининг ўзи ҳам шартномада ҳисоботни топшириш бўйича ўзига хос жиҳатларни қанчалик батафсил баён этиш борасида турли нуқтаи назарга эгалар.


Мунивер УМЕРОВА,
 «Perfect Balance» аутсорсинг компанияси раҳбари ва асосчиси:

– 6 йиллик фаолиятимиз мобайнида бизга турли хил муаммоларга эга буюртмачилар мурожаат қилишган. Охирги вақтда ҳужжатларни келтириб, охирги ҳисобот даври учун ҳисоботни топширишни, шундай бўладики - ҳатто йилни ёпишни сўраб тез-тез мурожаат қилишмоқда. Бундай мижозлар орасида уларнинг собиқ аутсорсинг компаниялари ҳисоботларни топширишни рад этганлари талайгина, сабаби улар қоида тариқасида, ҳисобот ойи (чораги)дан кейинги ойда (чоракда) топширилади, шартнома эса муайян ойлар сонига ёки бир йилга тузилган.

Мен аутсорсинг компаниясининг бундай позициясини нотўғри деб ҳисоблайман. Ҳисоботни шартноманинг муддати ўтгандан кейин топшириш зарурлигига қарамай, ҳисоботни муайян давр учун ишларнинг ажралмас қисми сифатида ҳисоблаш зарур.

Ҳисобот даври -   01.01.2020 йилдан 31.12.2020 йилга қадар. Яъни, 2020 йил мобайнида ижрочи ҳар ойда ўз хизматлари учун пул олган. Ва тегишинча, 2020 йил учун йиллик баланс ҳам у томонидан шакллантирилиши керак.  Ва айнан шу аутсорсер 2020 йилнинг декабрини ёпиши ва 2020 йил учун барча йиллик ҳисоботларни ДСИга, шунингдек - ҳисоботларни статистикага топшириши керак.

Ва мижоз шу позицияда туриб олиши мумкин, башарти шартномадан у бухгалтерлик кузатуви ва ҳисоботларни топшириш учун тузилганлиги келиб чиқса. Ҳужжат жиҳатидан -  ҳақиқат унинг тарафида.

Ҳисобварақ-фактура ва хизматлар учун бажарилган ишлар далолатномаси ҳар ойда ойнинг охирги санасида имзоланади. Демак, декабрь учун ҳисобварақ-фактура ва хизматлар учун бажарилган ишлар далолатномаси 31.12.2020 йилда тақдим этилган. Шу тариқа, 31.12.2020 йил ҳолати бўйича шартномада кўрсатилган барча ишлар бажарилган бўлиши керак. Ва агар аутсорсинг компанияси қандайдир сабабларга биноан ушбу муддатларда ҳисоботларни топширишга улгурмаган бўлса, у ўзининг ишини охирига етказиб қўйиши керак.


Евгения СОН, «Yaran Consulting» МЧЖ компанияси ҳаммуассиси:

– Ҳаммаси шартнома предметига боғлиқ. Аутсорсинг компаниялари, қоидага кўра, бухгалтерия ҳисобини юритишади. Ва бундай шартномалар бўйича хизматлар қиймати, қоидага кўра, солиқ ҳисоботини тайёрлаш ва топширишни ўз ичига олади.

Бироқ шундай бўладики, шартнома ҳисобни қисман юритишга ёки қандайдир аниқ хизматларга тузилади. Масалан - кадрлар ҳисобини юритиш, иш ҳақи ҳисоб-китоби ва ҳ.к. Ва бунда, албатта, солиқ ҳисоботини тайёрлаш назарда тутилмаган.

Яна бир бор таъкидлашни истардимки, агар шартнома бухгалтерия ҳисобини юритишга, шу жумладан - солиқ ҳисоботини тайёрлашга тузилган бўлса, аутсорсинг компанияси шартномага мувофиқ давр учун солиқ ҳисоботини тузиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади.

Ольга ИГАМРАТОВА, «Balans plus» МЧЖ директори ва муассиси:

– Аутсорсинг компанияси йиллик ҳисоботни топширмаслик ҳуқуқига эгами? Ҳа, бундай ҳуқуққа эга, башарти бундай мажбуриятлар шартномадан келиб чиқмаса.

Тадбиркорлар кўпинча аутсорсер фақат жорий ишларни юритишига интилишади, йиллик ҳисоботларни тузишни эса рад этишади. Бу одатда арзонроққа тушишини хоҳлаган буюртмачилар билан рўй беради.

Мен аутсорсинг компаниясининг ҳисобот топшириш бўйича мажбуриятига тааллуқли низолар бўйича суд амалиётини билмайман. Бироқ, фикримча, суд  аутсорсерни шартномага мувофиқ қилиши керак бўлмаган ишни қилишга мажбурлаши амри маҳолдир. Шу боис маслаҳат битта - шартномани тузишда фойдаланиладиган ифодаларга эътиборли муносабатда бўлинг.

Биз, мисол учун, ушбу жиҳатларни жуда аниқ баён этамиз. Ҳисоботларини топширишимиз керак бўлган мижозлар билан муносабатларда ҳам, лекин бунда шартномани узайтирмаслигимизни билсакда, шунчаки барча зарур маълумотлар тайёрланиши биланоқ, ҳисоботларни дарҳол топширишга ҳаракат қиламиз ва қонунчиликда назарда тутилган сўнгги муддатни кутмаймиз.

Buxgalter.uz тавсия қилади
Агар сиз аутсорсинг компаниялари хизматларидан фойдалансангиз, шартномани тузган ҳолда ижрочи билан ҳисоботни топшириш шартларини алоҳида келишиб олинг. Шартноманинг ифодаланиши сизнинг ишончингизга мос келишини ва шартнома тарафлари ўртасида уни турлича талқин қилиш мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилинг.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади