Директор алмашганда ЭРИси қайта расмийлаштириладими

04.09.2020

Юридик шахснинг ЭРИси номига расмийлаштириш раҳбар ишдан бўшатилганда, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бироқ у сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганидан ёки бекор қилинганидан кейингина фаоллигини йўқотади. Нохуш оқибатлар юзага келмаслиги учун собиқ директорнинг ЭРИси борасида қандай йўл тутилиши лозим?

Вuxgalter.uz эксперти Олег ГАЕВОЙ вазиятни тушунтириб берди:


– Ташкилотда турли ходимларга расмийлаштирилган юридик шахснинг бир нечта ЭРИси бўлиши мумкин. Давлат хизматлари марказларида ёки e-imzo.uz портали орқали олинган ушбу имзолардан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўрсатиладиган барча электрон хизматлар учун фойдаланилади. Ушбу материалда раҳбар номига расмийлаштирилган юридик шахснинг ЭРИси ҳақида сўз боради.  

Электрон ҳужжатдаги ЭРИ қоғоз шаклидаги ҳужжатга қўйилган имзо билан тенг бўлади . Юридик шахснинг ҳар бир ЭРИси ноёб ҳисобланади. Унинг мажбурий реквизитлари юридик шахснинг СТИРи ва жисмоний шахс – мазкур ташкилот ходимининг СТИРи ҳисобланади.

Юридик шахснинг ЭРИси:

  • кимнинг номига расмийлаштирилган бўлса, ўша ходимга ташкилот номидан юридик аҳамиятга эга молик ҳаракатларни амалга ошириш (электрон ҳужжатларни имзолаш, давлат хизматларидан фойдаланиш) имконини беради;
  • ЭРИ сертификати соҳиби (ЭРИ номига берилган шахс) ушбу ЭРИ ёрдамида амалга оширилган ҳаракатлар учун жавобгар ҳисобланишини англатади. 

Ташкилот ходимлари раҳбар ишдан бўшатилганидан кейин ҳам унинг ЭРИсидан фойдаланган ҳолатлар ҳам бўлган. Улар ўзларини оқлаш учун қуйидагиларни айтганлар: «Амалиётда ЭРИдан кўпинча бошқа шахслар фойдаланадилар. Масалан, ҳисобот топширадиган бухгалтер ёки ЯММТ тизимига маълумотларни киритиш билан шуғулланадиган кадрлар бўлими ходими директор имзосидан фойдаланади».

Бироқ фаолият юритаётган раҳбарнинг номига расмийлаштирилган юридик шахснинг ЭРИсидан ҳамда ишдан бўшатилган раҳбарнинг номига расмийлаштирилган юридик шахснинг ЭРИсидан фойдаланиш – булар иккита турли вазиятлар ҳисобланади. Фаолият юритаётган раҳбар электрон рақамли имзодан фойдаланишни ходимга ишониб топширишга ҳақлидир. Ишдан бўшатилган раҳбарнинг ЭРИсидан фойдаланиш мумкин эмас. Бу корхона томонидан биринчи имзолаш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари ва бошқа асослар бўйича мумкин бўлмаган шахсга тақдим этилганини англатади.

Шу боис «Ишдан бўшатилган раҳбар ДСҚга топшириладиган ҳисоботларни, ташкилотнинг кадрлар тўғрисидаги ҳамда бошқа ҳужжатларини имзолаши мумкинми?» деган саволга албатта йўқ деб жавоб берилади.


Раҳбар алмашганда нима қилиш керак

Иккита вазиятни кўриб чиқамиз:

1. Раҳбар ишдан бўшатилган ва ташкилот штатида ҳисобда турмайди.

Янги раҳбарга қуйидагиларни тавсия қиламиз:

  • юридик шахснинг ЭРИсини ўзининг номига олишни;
  • собиқ раҳбар номига расмийлаштирилган юридик шахснинг ЭРИси бекор қилинишини назорат қилишни;
  • юридик шахснинг ҳисоб маълумотлари ўзгартирилишини таъминлаш.

2. Собиқ раҳбар ташкилотда бошқа лавозимда фаолиятини давом эттиради.

Ҳаракатлар режаси дастлабки вариантдаги билан бир хилда бўлади. Бироқ янги раҳбар ўз номига ЭРИ олгунига қадар собиқ директорга компания номидан имзодан фойдаланиш ҳуқуқи ваколатини (буйруқ билан ёки ишончнома бўйича) бериши мумкин.


Янги директор ўз номига юридик шахс ЭРИсини қандай олади

Ташкилот томонидан ЭРИ олиш учун БҲМнинг 10%и миқдорида йиғим тўланиши лозим . Ушбу тўлов мажбурий ҳисобланади ва e-imzo сайтида жойлаштирилган оферта асосида амалга оширилади. Тўлов ташкилот ҳисобрақамидан Ўзбекистон Республикаси ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази» ДУК ҳисобрақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилиши муҳимдир. Реквизитлар: «100011, Тошкент ш., Абай кўчаси, 4а-уй, ҳ/р: 2021 0000 7004 3120 0005 «lnvest Fiпапсе Bank» ХОАТБ ОПЕРУга, МФО: 01041, СТИР: 201 589463 ИФУТ: 58290». ЭРИни расмийлаштиришда тўлов тўланганлиги далили ахборот тизимлари ёрдамида (СТИР бўйича) текширилади.


Иккита вариант мавжуд:

  1. Шахсан келиб ЭРИ олиш. Раҳбар яқин атрофда жойлашган Давлат хизматлари марказига келиши лозим. Унинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, ЭРИ олишга буйруқ ёки ишончнома, ўзининг СТИРи ва ташкилоти СТИРи бўлиши керак. ДХМда сўровнома тўлдирилган пайтдан эътиборан бир соат муддат мобайнида ЭРИ берилади.
  2. Масофадан туриб ЭРИ олиш. Буни e-imzo.uz портали орқали амалга ошириш мумкин. Йўриқномани бу ерда ўқинг.


Аввалги раҳбар номига расмийлаштирилган юридик шахснинг ЭРИси қандай бекор қилинади

Умуман олганда, ташкилот ЭРИни бекор қилмаслиги ҳам мумкин. Бироқ бунда ЭРИ сертификатнинг амал қилиш муддати (2 йилга берилади) тугагунига қадар фаол ҳолатда бўлиши ҳисобга олиниши лозим. Бу вақт мобайнида у ноҳалол шахслар қўлига тушиб қолиши мумкин. Шу сабабли ЭРИ сертификатини бекор қилишни тавсия этамиз.

Аввалги раҳбар ЭРИ сертификатини бекор қилиш учун яқин атрофда жойлашган Давлат хизматлари марказига тегишли илтимоснома билан ўзи келиб мурожаат этиши лозим. ДХМ ходими ариза берувчининг сўзлари бўйича сўровномани тўлдиради, сўнгра ЭРИ сертификати бекор қилинади.

Эътибор беринг
Ушбу масалани ҳал этиш билан юридик шахснинг бошқа вакили шуғулланадиган бўлса, унинг ёнида ушбу ҳаракатларга ваколат берилган хат (ишончнома) бўлиши керак.


Корхонанинг ҳисоб маълумотларини қандай ўзгартириш мумкин

Юридик шахснинг ЭРИси ташкилотнинг my.soliq.uz даги шахсий кабинетига киришда ягона калит ҳисобланмайди. Унга корхонанинг ҳисоб маълумотларида раҳбар ҳисобланадиган жисмоний шахснинг шахсий кабинети орқали ҳам кириш мумкин. Шу йўлдан ноҳалол шахслар ҳам фойдаланиши мумкин. Шу боис раҳбар алмашганда корхонанинг ҳисоб маълумотларини имкон қадар тезроқ ўзгартиришни тавсия қиламиз.

Ҳисоб маълумотларини қуйидаги икки усулда ўзгартириш мумкин:

1. Солиқ тўловчининг my.soliq.uz порталидаги шахсий кабинетида «Ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» тугмаси ёрдамида маълумотларни ўзгартириш мумкин. Ёхуд «Юридик шахснинг ҳисоб маълумотлари» интерактив хизматлари махсус тугмасидан фойдаланишингиз мумкин. Ушбу тугмани босинг ва зарур сатрларга ўзгартириш киритинг. Якунлангандан кейин ўзгартиришлар киритилганига ишонч ҳосил қилинг. Айрим ташкилотларга, айниқса давлат ташкилотларига нисбатан мазкур функционал ҳозирча ишга туширилмаган.

2. Тўлдирилган шаклни (Т8) ўзингиз олиб келинг ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборинг . Биринчидан фарқли ўлароқ, ушбу вариантга кўпроқ вақт талаб этилади ҳамда ташкилот ШКдаги маълумотлардан рухсатсиз фойдаланиш хавфидан ташкилотни максимал даражада ҳимоялаш учун «Директор фойдаланишига рухсатни ёпиш» тугмасини босинг. Сўнгра ҳисоб маълумотларининг «раҳбар» графасида янги раҳбар номи пайдо бўлганидан кейин «Директорга фойдаланишга рухсат бериш» тугмаси босилади ва янги раҳбар бундан фойдаланиши мумкин бўлади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал