Ишлаб чиқариш бекор туриб қолганда амортизация ва ижара тўлови билан нима қилиш мумкин

preview

Карантин даврида кўп корхоналарда бекор туриб қолиш рўй бермоқда. Шу муносабат билан ишлаб чиқариш харажатларини тақсимлаш бўйича саволлар туғилади. Масалан, бекор туриб қолиш даврида амортизацияни ҳисобламаса бўладими? Агар у ҳисобланса, ушбу харажатларни давр харажатлари сифатида инобатга олса бўладими? Вазиятни buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:

- Асосий воситаларни (АВ) фойдали ишлатиш муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди, бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно:

  • асосий воситалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган ҳолатлар;
  • уни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантириш.

Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар амалга оширилади ва у дахлдор бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

Амортизация ажратмалари қўлланиладиган ҳисоблаш усулидан қатъи назар (ишлаб чиқариш усулидан ташқари) - йиллик сумманинг 1/12 миқдорида ҳар ойда ҳисобланади .

Мавсумий ишлаб чиқариш

Мавсумий тусдаги ишлаб чиқариш корхоналарида фойдаланиладиган асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ҳисобот йилида корхона томонидан АВлардан фойдаланиш даври мобайнида тенг маромда ҳисобланади.

Мавсумий тармоқларга, мисол учун, қуйидагилар киради: балиқ хўжалиги, гўшт, сут, шакар ва мева-сабзавот саноати, шунингдек қурилиш ва қишлоқ хўжалиги.

Шу тариқа, “мавсумчилар” учун ишлаб чиқариш ускунаси бўйича амортизация ажратмалари ҳисоб-китоби бундай бўлиши мумкин:

Мисол
Мавсумий тармоқда амортизация ҳисоб-китобининг тўғри чизиқли усули
Ишлаб чиқариш корхонаси бир йилда 9 ой ишлайди, 3 ой давомида эса бекор туриб қолади.
АВ объектлари бўйича амортизация ҳар ойда йиллик сумманинг 1/9 миқдорида ҳисобланади.
Ускунанинг дастлабки қиймати – 25 000 000 сўм. Фойдаланиш муддати – 15 йил. Амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси:
25 000 000 : 15 = 1 666 667 сўм.
Иш ойларида амортизация ажратмаларининг суммаси:
1 666 667 : 9 = 185 185 сўмни ташкил этади.

Номавсумий ишлаб чиқариш

Агар сизнинг тармоғингиз мавсумий ишлаб чиқаришга тегишли бўлмаса, амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулини тавсия қилиш мумкин.

Мисол
Амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули
Ишлаб чиқариш корхонаси 25 000 000 сўмга дастгоҳ сотиб олди. Дастгоҳ 500 000 маҳсулот бирлигини ишлаб чиқаришга мўлжалланган (ускунанинг технологик картаси, техпаспорт).
2020 йил учун 18 000 бирлик ишлаб чиқарилди, улардан: январь учун – 2 000, февраль учун – 2 000, март учун – 0, апрель учун – 2 000, май учун – 2 000, июнь учун – 2 000, июль учун – 2 000, август учун – 2 000, сентябрь учун – 2 000, октябрь учун – 2 000, ноябрь учун – 0, декабрь учун – 0.
Дастгоҳ эскиришини формула бўйича ҳисоблаймиз:
эскириш = (дастлабки қиймати – тугатиш қиймати) : бутун хизмат муддати учун маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳисоб-китоби х маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий ҳажми
  • январь учун: (2 000 : 500 000) х 25 000 000 = 100 000 сўм;
  • февраль учун: (2 000 : 500 000) х 25 000 000 = 100 000 сўм;
  • март учун – 0 сўм;
  • апрель учун: (2 000 : 500 000) х 25 000 000 = 100 000 сўм ва ҳ. к.
Умуман йил учун: (18 000 : 500 000) х 25 000 000 = 900 000 сўм.

Эътибор беринг

Корхона фақат ўзининг Ҳисоб сиёсатида кўрсатилган амортизацияни ҳисоблаш усулларидан фойдаланиши мумкин. Бироқ ушбу белгиланган усуллар ишлаб чиқариш мажбурий бекор туриб қолган вазиятга тўғри келмаслиги мумкин. Бунда Ҳисоб сиёсати жорий йилга қабул қилинади ва йил давомида ўзгармайди .

Қуйидаги ҳолларда ўзгартиришга йўл қўйилади:

  • субъект қайта ташкил этилганда (қўшилганда, ажралиб чиққанда, бирлашганда);
  • мулк эгалари алмашганда;
  • қонун ҳужжатларида ёки бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи меъёрий тизимда ўзгаришлар бўлганда;
  • бухгалтерия ҳисобининг янги усуллари ишлаб чиқилганда.

Ҳисоб сиёсатида қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмаган ўзгаришларнинг оқибатлари субъектнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ўзгартирилган усуллари қўлланила бошлаган вақтдаги (ойнинг биринчи кунида) текширилган маълумотлар асосида қиймат жиҳатидан баҳоланиши керак.

АВни консервациялаш мумкин

Агар юқорида санаб ўтилганлар сизнинг корхонангиз учун тўғри келмаса, ускунани карантин даврида консервациялаш мумкин .

Асосий воситалар - уларнинг техник даражаси замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланганда ёки 3 ой мобайнида улардан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланиш зарурати бўлмаганда - уларга бўлган талаб тиклангунгача ёки янги мулкдорга сотиш даврида консервацияланиши мумкин, бироқ 24 ойдан ортиқ эмас.

Фойдаланилмаётган асосий воситаларни консервация қилиш тўғрисидаги қарор мол-мулк эгаси томонидан қабул қилинади. Мазкур қарор асосида корхона раҳбари бир ҳафта муддатда фойдаланилмаётган АВларни консервация қилиш тўғрисида фармойиш (буйруқ) чиқаради, унда:

  • консервация қилиш ишларини амалга ошириш ҳамда объектлар сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни ишлаб чиқиш муддати;
  • сақланиши учун масъул бўлган ташкилот ва шахслар белгиланади.

Консервация қилиш тўғрисидаги фармойиш (буйруқ) асосида бир ой муддатда қуйидагилар тузилади :

  • мустақил аудиторлик ташкилоти билан биргаликда – консервация қилинадиган асосий воситалар, асбоб-ускуналар тўғрисида далолатнома ва м аълумотлар рўйхати;
  • лойиҳалаш ва консалтинг ташкилоти билан биргаликда - консервация қилинган асосий воситалар сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган ишлар ва харажатлар рўйхати .

Тескари жараён – АВдан фойдаланишни қайтадан бошлаш қуйидаги тарзда амалга оширилади:

  • муддатидан олдин ёхуд консервация қилиш муддати тамом бўлиши тўғрисидаги қарор асосида қайтадан бошлаш тўғрисида фармойиш (буйруқ) чиқарилади, унда зарур ишларни бажаришга доир ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этиш тартиби ва муддатлари белгиланади;
  • консервация қилиш тўғрисидаги далолатнома ҳамда асосий воситалардан фойдаланишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги фармойиш (буйруқ) асосида фойдаланишни қайтадан бошлаш  тўғрисида далолатнома тузилади, унга консервация қилинган асосий воситаларнинг ҳолатига қисқача тавсиф берилган ведомостлар илова қилинади .
Эътибор беринг
Фойдаланилмаётган ускуна бўйича у консервацияга ўтказилгунга қадар ҳисобланган амортизация бўйича харажатлар ва консервация қилиш ва қайтадан бошлашни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, агар улар белгиланган тартибда ўтказилган бўлса, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб тан олиниши керак.СКнинг 305-моддасига мувофиқ улар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилади.

Эскириш ва ижара бўйича харажатлар қаерга киритилади?

Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархига бевосита маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган, ишлаб чиқариш технологияси ва уни ташкил этиш билан шартланган харажатлар киритилади .

Материал муаллифининг бошқа амалиётчи экспертлар томонидан тасдиқланган фикрига кўра, мамлакатимизда эълон қилинган карантин шароитларида корхона бекор туриб қолганлигидан кўрилган зарар қуйидагиларга киритилиши мумкин:

  • давр харажатларига - ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб туриш даврида ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни сақлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш харажатлари сифатида . Ҳисоби – бухгалтерия ҳисобида 9430;
  • ёки фавқулодда зарарларга . Ҳисоби – бухгалтерия ҳисобида 9720.

Реализация қилинган маҳсулотнинг таннархи – бу илгари актив (тайёр маҳсулот) таркибида ҳисобга олинган чиқимлар эканлиги, бекор туриб қолган асосий воситалар амортизацияси келгуси иқтисодий манфаатлар оқимига олиб келмаслиги ҳолати амортизацияни маҳсулот таннархига киритмасликнинг иқтисодий асосланганлиги ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш цехи ёки ишлаб чиқариш ускунаси ижарасига тўғри келадиган ижара тўлови суммаси билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай ҳолатда.

Карантин даврида “мажбурий” таътилга чиқарилган ишлаб чиқариш ходимлари таътил пулини ҳисоблаш чоғида ҳам уларни бухгалтерия ҳисобида 3190 “Бошқа келгуси давр харажатлари”га киритиш мумкин . Ишлаб чиқариш тиклангандан кейин сиз ушбу харажатларни тенг улушларда муайян давр мобайнида (бир йил – ярим йил) ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳамжи ёки сонига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқаришингиз мумкин.

Ҳамма экспертлар ҳам бундай қарорларга рози бўлишмайди

Мисол учун, кимдир қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:

  • ишлаб чиқаришга тегишли амортизация, ижара, таътиллар бўйича харажатларни бухгалтерия ҳисобида 2010 “Асосий ишлаб чиқариш”да акс эттириш – кейинчалик ишлаб чиқариш тиклангандан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ёки сонига мутаносиб тарзда тақсимлаш билан. Яъни бекор туриб қолиш тугагунча буни “тугалланмаган” сифатида акс эттириш;
  • ёки – келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи (3100) бухгалтерия ҳисобидан фойдаланган ҳолда ушбу харажатларни кечиктириш, шундан кейин режали равишда маҳсулот ишлаб чиқарилишига қараб 2010 бухгалтерия ҳисобига ҳисобдан чиқариш.

Ҳеч бир бухгалтер ўз корхонасига муаммони хоҳламайди, бироқ ваколатли идоранинг расмий шарҳлари мавжуд эмаслиги бирданига талай хўжалик юритувчи субъектларда айнан шундай иш ҳолатига олиб келиши мумкин. Buxgalter.uz мазкур масала бўйича тушунтириш олиш учун сўров билан Молия вазирлигига мурожаат қилади. Жавоб олингандан кейин порталда жойлаштирилади.

Татьяна ЛИМАРЕВА