Ишончномалар ҳақида нималарни билиш лозим

04.07.2020

Эътибор беринг
2020 йил 1 июлдан бошлаб Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисидаги низом ва 4-сон БҲМС “Товар-моддий захиралар” ўз кучини йўқотди. Шу билан бирга янги ҳужжат – ТМЗ ҳисобининг асосий нормалари, шунингдек уларни олишга ва беришга ишончномалар расмийлаштириш тартибини бирлаштирган 4-сон Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти рўйхатдан ўтказилди.

Юридик шахс номидан фақат унинг раҳбари ишончномасиз ҳаракат қилиши мумкин. У ваколатларининг бир қисмини бошқа шахсларга берса, бу ҳолда қонунга мувофиқ ишочнома расмийлаштириш лозим. Юридик масалалар бўйича «Норма» маслаҳатчиси Олег ЗАМАНОВ уни расмийлаштириш жиҳатлари ва бунда кўп йўл қўйиладиган хатолар ҳақида гапириб берди:


– Ишончномалар бериладиган ваколатлар ҳажмига кўра умумий (бош) ва махсус ишончномаларга бўлинади. Биринчиси ваколатларни асосан филиаллар ва ваколатхоналар раҳбарларига бериш учун зарур. Бироқ қонун улардан бошқа ҳолларда ҳам фойдаланишни тақиқламайди. Мисол учун, директор ўринбосарларидан бирига бош ишончномани расмийлаштириш мумкин, у шу пайтдан бошлаб раҳбарнинг «ўнг қўлига» айланади. Одатда, бундай ишончнома бўйича кенг спектрдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар берилади: шартномаларни тузиш, мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф этиш, ишга қабул қилиш ва меҳнат муносабатларини бекор қилиш, судларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларида вакиллик қилиш ва ҳ.к.

Махсус ишончномалар юридик аҳамиятга эга бўлган муайян ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Бу ҳолда одатда ходим – ишончли шахснинг лавозим мажбуриятларидан, унинг касбий ваколатларидан келиб чиқилади. Масалан, компания директори қуйидаги ходимларга ишончнома беради:

  • ҳайдовчига – ташкилотга тегишли автомобилни бошқариш учун;
  • офис биноси маъмурига – коммунал хизматлар билан шартномаларни, офис-менежерга – ташкилий техникани таъмирлаш ва унга хизмат кўрсатиш шартномаларини тузиш учун ва ҳ.к.;
  • юристга – судда ва бошқа ваколатли органларда ташкилотнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун;
  • бухгалтер-кассирга – пул маблағларини олиш ва бериш учун.

Юридик шахс номидан тузилган ҳар қандай ишончнома ёзма шаклда расмийлаштирилади. Жисмоний шахслар томонидан бериладиган ишончномалардан фарқли равишда ташкилот ишончномасини, ҳатто автотранспортни бошқариш ҳуқуқини бериш ҳақида сўз бораётган бўлса ҳам, нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди .

Ишончнома эркин шаклда расмийлаштирилади, бироқ бунда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш лозим:

  • одатда, ишончнома фирма бланкасида расмийлаштирилади. Ҳужжатнинг чапдаги тепа бурчагига бурчакли штамп қўйишга ҳам йўл қўйилади. Шу тариқа, ишончномада ишончли шахс манфаатларини ифодалаётган ишончнома берган ташкилотнинг фирма номи, почта манзили, телефон рақами ва бошқа маълумотлари акс эттирилади;
  • ишончноманинг рўйхат рақами, берилган санаси ва жойи ҳам мажбурий реквизитлар ҳисобланади. Санаси кўрсатилмаган бўлса, ишончнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. У Ишончномаларни рўйхатдан ўтказиш дафтаридаги тартиб рақамига қараб рақамланади;
  • ишончли шахсга оид маълумотлар унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга мувофиқ кўрсатилади (Ф.И.О., паспорт маълумотлари);
  • вакилга бериладиган ваколатлар тўлиқ ва батафсил рўйхат шаклида қайд этилади. Бундай қилинмаса, вакил учун ҳам, ташкилотнинг ўзи учун ҳам нохуш оқибатлар юзага келиши мумкин;
  • ишончнома амал қиладиган аниқ муддат кўрсатилмаган бўлса, ҳужжат берилган кундан бошлаб 1 йил давомида амал қилади. Қонунга мувофиқ ишончнома амал қиладиган максимал муддат – 3 йил ;
  • бошқага ишониб топшириш имконияти чекланган. Умумий қоидага кўра ишончли шахс ўзига берилган ишончнома доирасида шахсан ҳаракат қилиши керак. Ишончномада тўғридан-тўғри назарда тутилган ёхуд ишончнома берувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун вазият тақозо этган ҳолларда бошқага ишониб топширишга йўл қўйилади . Махсус ишончномалар асосан бошқага ишониб топшириш ҳуқуқисиз берилади;
  • ишончли шахснинг ишончномадаги имзо намунаси ваколатларни бажариш давомида уни идентификациялаш имконини беради;
  • раҳбар имзоси ва ташкилот муҳри (мавжуд бўлганда) ҳужжатнинг юридик кучини тасдиқлайди. Давлат корхоналарида пул ва бошқа мулкий бойликларни олиш ёки бериш учун ишончнома бош (катта) бухгалтер томонидан ҳам имзоланган бўлиши керак .

ТМБ олиш учун ишончномаларнинг йўриғи бошқа. Бу ҳолда молия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган махсус шаклдан фойдаланилади. Уни Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисидаги низомга қатъий мувофиқ ҳолда тўлдириш лозим. Ҳақи тўланган товарни эркин шаклда тузилган ишончнома бўйича олиш тақиқланади.

Бундай ишончноманинг амал қилиш муддати шартнома ва бошқа битимлар бўйича тегишли бойликларни олиш ва олиб чиқиш имконига қараб белгиланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам у 3 йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

 

Диққат
ТМБ олиш учун ишончнома амал қилиш муддатидан қатъи назар товар илк бор жўнатилганда етказиб берувчига берилади. ТМБ қисмлаб (туркумлаб) жўнатилаётган бўлса, бундай туркумнинг ҳар бири учун юкхат (қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки шунга ўхшаш бошқа ҳужжат) тузилади, унда ишончнома рақами ва берилган санасини кўрсатиш лозим.

 

ЭҲФни жорий этиш доирасида айрим электрон ҳужжат айланиши операторлари мижозларига қўшимча хизмат – ишончномаларни электрон шаклда расмийлаштиришни таклиф этмоқдалар. Бундай ҳужжат ҳам «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонуннинг 5–6-моддалари талабларига жавоб бериши керак.  

Юридик шахс номидан ишончномани расмийлаштириш чоғида қуйидаги алгоритмга амал қилишни тавсия этамиз:

1) ишончли шахс амалга ошириши керак бўлган юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни белгиланг (битим тузиш, ҳужжатларни топшириш, банкдан пул олиш, суд жараёнида иштирок этиш ва ҳ.к.);

2) фирма номидан ҳаракат қиладиган шахсни белгиланг, ишончномада акс эттириладиган шахсий маълумотларини аниқлаштиринг;

3) қонун талабларига ва мавжуд амалиётга мувофиқ ёки, ТМБ билан бўлганидек, – тасдиқланган шаклдаги ишончнома бланкасини расмийлаштиринг ;

4) устунлар сони ва мазмунига бироз тузатиш киритиб (масалан, ТМБ олиш ҳақида сўз бормаётган бўлса, «Етказиб берувчининг номи», «Шартнома ва бошқа битимларнинг рақами ва санаси»ни кўрсатмаса бўлади), шаклини 1245-сон Низомга 3-сон иловадан олиш мумкин бўлган Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналига ёзувни қайд этинг. ТМБ олиш учун ишончномаларни бериш чоғида тасдиқланган шаклдаги Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналини юритишга ҳам, Ишончномалар дафтари корешогида ҳисобга олишга ҳам йўл қўйилади;

5) ишончли шахсга ишончномани Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналига ёки Ишончномалар дафтари корешогига шахсан имзо қўйдириб беринг.

Қуйидагиларни ҳам назарда тутинг:

  • қонун ҳужжатлари раҳбар (ишончномани берган бошқа шахс) алмашганда ёки ишончли шахснинг паспорт маълумотлари ўзгариши муносабати билан ишончномаларни қайта расмийлаштиришни талаб этмайди. Бироқ қарама-қаршиликларга йўл қўймаслик учун кўрсатилган ҳолларда илгари берилган, ҳали муддати ўтмаган ишончномаларни янгилаш мумкин;
  • ишончли шахс ишончномани йўқотиб қўйган ёки у яроқсиз ҳолга келган бўлса, дубликатни расмийлаштириш – худди ўша реквизитлар билан ва мазмундаги «Дубликат» деб ёзилган бланкани қайтадан қоғозга чиқариш ёки янги ишончномани расмийлаштириш мумкин;
  • ишончли шахс ишончнома берилган муддат тугагунча исталган пайтда уни бекор қилишга ҳақли. Ишончнома бекор қилинганини буйруқ билан расмийлаштириш мумкин, ишончли шахс у билан ёзма равишда тилхат олиб таништирилиши керак. Ишончли шахс юридик шахснинг вакили сифатида мулоқот қилган барча маълум бўлган учинчи шахслар – битимлар бўйича контрагентлар, жорий жараён бўйича суд ва бошқалар ҳам бу ҳақда хабардор қилиниши керак. Ваколатлари бекор қилинган ишончли шахснинг келгуси ҳаракатлари ишончнома берган юридик шахс учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтирмайди .

Ишончли шахс бекор қилинган ишончноманинг асл нусхасини ишончнома берган юридик шахсга дарҳол қайтариб бериши керак .


Кўп йўл қўйиладиган хатолар

Кўпинча амалиётда ишончномани расмийлаштиришда қуйидаги хатоларга йўл қўйилади:

  • ҳужжат 3 йилдан ортиқ муддатга берилади ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома берилган кундан бошлаб бир йил ўтгач тақдим этилади ёхуд бошқага ишониб топшириш бўйича ишончнома муддати асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлади. Муддатлар бўйича қонун талабларига риоя этиш керак , акс ҳолда ишончли шахс ўз ваколатларини амалга ошира олмайди;
  • ишончнома берилган сана кўрсатилмайди. Бундай ҳужжат ҳақиқий эмас ;
  • судда ишончли шахснинг ваколатлари умумий формулировкалар билан баён этилади. Айрим процессуал ҳаракатлар ишончномада алоҳида қайд этилган бўлиши керак , акс ҳолда ишончли шахс уларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмайди;  
  • ТМБ олиш учун ишончномани тўлдириш тартиби бузилади. Хусусан,  бланк охиригача тўлдирилмаган бўлади, ишончли шахснинг имзо намуналари мавжуд бўлмайди, мажбурий реквизитлар кўрсатилмаган ёки тузатишлар киритилган, ўчириб ёзилган бўлади. Бундай ишончномалар асосида ТМБ берилмайди .

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал