Кўрсаткичлари камайтирилган аниқлаштирилган ҳисоботни қандай топшириш мумкин

07.05.2020

Кўпчилик бухгалтерлар солиқ идораси аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини, айниқса кўрсаткичлари камайтирилган бўлса, қабул қилмаслиги ҳолатига тўқнаш келмоқдалар. Жўнатилган қайта ҳисоб-китоб очилганда солиқ солинадиган база нима сабабдан камайтирилганини тушунтириб бериш сўралган хабарни кўрмоқдалар. Бундай вазиятда бухгалтер нима қилиши кераклигини buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтириб берди:

– Ваҳимага тушиш керак эмас! Бундай хабар қайта ҳисоб-китобни топшира олмаслигингизни англатмайди. Солиқ органи солиқ тўловчи белгиланган шаклда тақдим этган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас .

Солиқ тўловчи 5 йил – даъво муддати мобайнида солиқ мажбурияти бўйича  – солиқ ҳисоб-китобидаги хатоларни мустақил равишда аниқлаган бўлса, у:

  • хато солиқнинг камайишига олиб келган бўлса, аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этиши шарт ;
  • хато солиқ суммаси ошишига олиб келган бўлса, уни тақдим этишга ҳақли .

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботида солиқ суммаси камайиш томонга ўзгарса, у тақдим этилган кундан бошлаб:

  • ШҲКда (солиқ тўловчининг шахсий ҳисобрақами карточкаси) солиқ суммасининг тафовут қийматига камайтирилиши акс эттирилади;
  • ҳосил бўлган ортиқча тўланган солиқ суммаси СКда белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.

Шундай экан, солиқ органлари даъво муддати доирасида тақдим этилган аниқлаштирилган ҳисоботингизни қабул қилмасликка ҳақли эмас. Солиқнинг камайтирилгани сабабини маълум қилиш ҳақидаги солиқ органининг илтимосига жавобан эса ДСИга тушунтириш берилган хат йўллашни тавсия этамиз. Буни солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Мурожаат йўллаш» хизмати ёрдамида амалга ошириш мумкин. Хатда қайта ҳисоб-китоб қилишнинг ҳақиқий сабабини кўрсатинг. Масалан:

  • бухгалтернинг хатоси (ортиқча ноль қўйилган ёки сумма ёзилаётганда тийинлар ажратиб кўрсатилмаган);
  • биргина ҳисобварақ-фактура суммаси икки марта кўрсатилган;
  • қўлда қайд этиладиган сатрда имтиёз суммасини кўрсатишни унутиб қўйганлар;
  • аудиторлик текшируви якунларига кўра қайта ҳисоб-китоб;
  • бухгалтерия ҳисобини тиклаш натижасида қайта ҳисоб-китоб ва ҳ.к.

Хатга рўйхат рақами берилади. Шу ернинг ўзида мурожаатингиз бўйича ижрочи ва унинг телефон рақамларини кўрасиз. Кўрсатилган рақам орқали қўнғироқ қилинг: эҳтимол, ижрочида сиз тезкор жавоб бера оладиган саволлар юзага келар.

Сўнг ДСИнинг камерал бўлими аниқлаштиришингизни кўриб чиқади. Қайта ҳисоб-китоб «Қабул қилинган» мақомини олгач, ШҲКдаги кўрсаткичларингиз ҳам автоматик равишда ўзгаради.

Ушбу босқичларнинг барчасидан ўтиб, қайта ҳисоб-китобни муваффақият билан топширасиз. Бунда солиқ идорасига боришнинг ҳожати йўқ.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал