Квартирада офис очиш қонунийми?

20.09.2020

Кўпчилик тадбиркорларда бизнесни йўлга қўйиш босқичида офис учун жойни расмийлаштириш билан боғлиқ саволлар юзага келади. Мисол учун, хусусий корхона офиси турар жойда жойлашиши мумкинми ёки алоҳида – нотурар жойни ижарага олиш шартми? Муассис фирма фойдаланиши учун ўз кўчмас мулкини тақдим этса, бу қандай расмийлаштирилади? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Buxgalter.uz илтимосига кўра юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ саволларга жавоб берди:


– Умумий қоидага кўра, юридик шахснинг жойлашган ери у давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан белгиланади . Ташкилот унинг муассиси манзили бўйича рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризанинг тасдиқланган шаклида тегишли банд (5-1) мавжуд.

Қонун ҳужжатлари тадбиркорга офис учун жойни ижарага олиш мажбуриятини юкламайди. Одатда кўп омиллар сабабли шундай қарорга келинади:

  • штатдаги ходимлар сони ва компаниянинг ўзига хос фаолияти;
  • тегишли инфратузилмага – машина қўйиш, анжуманлар заллари, музокара ўтказиш хоналари, кафетерий, санузеллар ва бошқаларга бўлган эҳтиёж;
  • харажатлар – ижара тўлови, жорий ва (ёки) капитал таъмирлаш, коммунал хизматлар ва ҳ.к.

Бизнес эгасининг манзили бўйича рўйхатдан ўтгач офис учун жойни ижарага олиш ҳақида қарор қабул қилсангиз, рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгаради. Бу ҳолда қайта рўйхатдан ўтиш керак эмас, бу ҳақда давлат органларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя. Фирманинг катта миқдордаги солиқ қарздорлиги бўлмаган тақдирдагина сиз учун хабардор қилиш тартиби ишлайди .

Хабардор қилиш тартиби механизми янги ва ҳозирча яхши йўлга қўйилмагани сабабли яқин орадаги Давлат хизматлари марказида хабардор қилиш тартиби ва шаклига аниқлик киритишга тўғри келади.

Фирманинг маблағлари чекланган бўлса, тежаш мақсадида рўйхатдан ўтган жойда, яъни турар жойда офис очишингиз мумкин. Бироқ бунинг муайян қийинчиликлари бор…


Квартирада офис очилганда…

Кўп квартирали уйдаги турар жойга бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ушбу жой яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказилганидан кейингина жойлаштириш мумкин .

Турар жойдан нотурар жой сифатида фойдаланиш учун рухсатнома олиш лозим . Уни туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари берадилар .

Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали берилади. Унга қуйидагилар илова қилинади:

  • жойга биргаликда эгалик қиладиган шахслар ва вояга етган оила аъзоларининг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги;
  • жой Тошкентда жойлашган бўлса, йиғим – БҲМнинг 20%и (Нукус ва вилоят марказлари учун – БҲМнинг 10%и, вилоят бўйсунувидаги туманлар ва шаҳарлар учун – БҲМнинг 30%и) тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат. ЯИДХП орқали мурожаат қилганда кўрсатилган сумманинг 90%и тўланади.
Диққат
«Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказиш тўғрисидаги қарорни олиш» хизмати электрон рақамли имзо бўлишини талаб этади. Қандай қилиб уйдан чиқмай туриб ЭРИни олиш мумкинлиги ҳақида бу ерда ўқинг.

Ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан бошлаб бутун тартиб-таомил 8-11 кундан кўп вақтни олмайди. Ушбу муддат ўтгач на рухсатнома, на рад жавоби олмаган ариза берувчи Давлат хизматлари маркази ёхуд ЯИДХП орқали ёзма хабарнома йўллаб, жойдан нотурар жой сифатида фойдаланишга ҳақли бўлади. Бу ҳолда ариза берилганини тасдиқловчи ҳужжат ва ёзма хабарнома рухсатномага тенглаштирилиб, ариза берувчидан жавобгарликни соқит қилади .

Бу-муҳим!

Жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказаётганда:

  • бинолар конструкциясига уларнинг чидамлилигини пасайтирувчи ўзгартиришлар киритиш тақиқланади;
  • жойдан нима мақсадда фойдаланилишини белгилаётганда санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативларга риоя этиш зарур;
  • турар жой авария ҳолатида ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказиш учун яроқсиз бўлмаслиги керак;
  • табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш лозим;
  • жой турар жойлардан қуйи турар жой биноси қаватида жойлашган бўлиши керак;
  • эвакуация чиқиш йўллари сони ва жойлашувини ўзгартириш мумкин эмас;
  • жой мақсадли коммунал уй-жой фондига кирмаслиги керак; жойга алоҳида кириш йўлини очиш имкони бўлиши керак;
  • квартира юзасидан судда иш кўрилмаётган бўлиши керак.

Юқорида санаб ўтилганларнинг барчасидан ташқари, бир қатор юридик жиҳатлар ҳам мавжуд. ХК офисини очиш режалаштирилаётган турар жой мулкдорнинг ягона мулки бўлса, у яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказилгач:

  • ундан бизнес юритиш учун фойдаланиш мумкин , бироқ мулкдор ва унинг оила аъзолари доимий яшаши учун эмас – турар жойлар ва квартиралар ушбу мақсадларга хизмат қилади ;
  • мазкур манзил бўйича «прописка» билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин (Тошкент ва Тошкент вилоятида), сабаби у турар жой майдонига расмийлаштирилади ;
  • ХК мулкдори субсидиар жавобгар бўлади, яъни корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан жавоб беради . Ягона яшаш учун мўлжалланган уйга (квартирага) ундирув, айрим истисноли ҳолатларни ҳисобга олмаганда, қаратилмайди , бироқ бу нотурар жойга тааллуқли эмас – қарздорлик учун уни олиб қўйишлари мумкин.

Шу сабабли ушбу вариантни танлаётганда олдиндан таваккалчиликларни имкон қадар камайтирган маъқул. Масалан, квартира умумий мулкда бўлса, ҳар бир мулкдорнинг улушини белгиланг . Қолган мулкдорлар билан тузиладиган битимда алоҳида қисмлардан (хоналардан) уларнинг улушларига мувофиқ фойдаланиш тартибини белгиланг. Мазкур битим нотариал тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим .

Маълумот учун:
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан боғлиқ битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри ДК негизида ташкил этилган Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари амалга оширадилар .

Шу тариқа ХК мулкдори офис ташкил этиш учун квартиранинг ўз улушига эквивалент қисмини яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказиши ва турар жой майдонининг қолган қисмидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин.

Ўтказиш учун хонани реконструкция қилиш (ички тўсиқларни монтаж қилиш, алоҳида кириш йўлини очиш ва ҳ.к.) керак бўлса, архитектура-режалаштириш топшириғи талаб этилади. Уни ишлаб чиқиш қиймати ва муддатлари бу ерда кўрсатилган.

Диққат
  1. Кўп квартирали уйлардаги турар жойларни саноат эҳтиёжлари учун ишлатиш ёки ижарага бериш ман этилади.
  2. Кўп квартирали уйдаги турар жойга бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ушбу жой яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига белгиланган тартибда ўтказилганидан кейингина жойлаштириш мумкин.
  3. Белгиланган тартибда касаначилик меҳнати амалга оширилаётган, бироқ бунда офис ташкил этилмаган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказиш талаб этилмайди .

Бизнеснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш – ХКни МЧЖга айлантириш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш мумкин. МЧЖнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар . ХКни МЧЖга айлантиришга оид қадамма-қадам йўриқнома – бу ерда. 


Мол-мулкдан фойдаланишни қандай расмийлаштириш мумкин?

Мулкдор ўз хоҳишига кўра вариантлардан бирини танлаши мумкин.

1-вариант: тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилаётган ўз кўчмас мулки ва бошқа мол-мулкни мустақил баҳолаб, уни ХК устав фондига қўшиш .

Мулкдор томонидан тегишли ўзгартиришлар тасдиқланган пайтдан бошлаб 30 кун ичида уларни қайта рўйхатдан ўтказиш лозим . Қайта рўйхатдан ўтказиш тартиби – бу ерда.

Бунда иккинчи молия йилининг ва шундан кейинги ҳар бир молия йилининг якунида ХК соф активларининг қиймати унинг устав фондидан кам бўлиб чиқса, УФни камайтиришга тўғри келади .

2-вариант: мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасини (ссуда шартномасини) расмийлаштириш .

Битим тарафлари, тегишинча, – мол-мулк мулкдори (ссуда берувчи) ва ХК (ссуда олувчи). Кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномасини нотариал тасдиқлаш, солиқ органларида ҳисобга қўйиш ва рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди. 


Солиқ оқибатлари

«Норма» эксперти Ольга БУСАРОВА:

– Квартира ХК устав фондига ҳисса сифатида қўшилган бўлса (1-вариант), мол-мулк солиғи    ва ер солиғини   корхонанинг ўзи – юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда тўлайди.

Мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномаси расмийлаштирилган бўлса (2-вариант), мол-мулк солиғи ва ер солиғини мулкдор (жисмоний шахс) – юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда тўлайди. Бунда кўп квартирали уйлар юзасидан ер солиғи бўйича имтиёзни бу ҳолда қўллаб бўлмайди .

Фойдаланувчи – ссуда олувчи ушбу вариантда фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ солиш мақсадида:

  • текин олинган мулкий ҳуқуқ кўринишидаги даромадни ҳисоблаб чиқариши ;
  • ушбу даромадни солиқ солинадиган базага киритиши керак.


Оилавий корхоналарнинг ўз варианти бор

Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди. Фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно .

Бу ҳолда мол-мулк ва ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставкаларда тўланади.

– Бу ҳолда оилавий корхона текин олинган мулкий ҳуқуқ кўринишидаги даромадни ҳисоблаб чиқариши зарурми?

– Фикримча, йўқ. Бу вазиятда қонун ҳужжатлари қўшимча шартномаларни, хусусан, – ссуда шартномасини расмийлаштиришни талаб этмайди. Тегишинча, «текин олинган мулкий ҳуқуқ» тушунчаси юзага келмайди.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал