Қандай қилиб 1 майга қадар мажбурий аудитни ўтказиш мумкин

31.03.2020

Аудиторлик компаниялари ва 1 майга қадар мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиладиган корхоналар юзага келган шароитларда уни ўтказишнинг деярли имкони йўқлигидан ташвишдалар.

Афтидан, давлат томонидан чоралар кўрилиши доирасида ушбу масала мажбурий аудитни ўтказишга кечиктириш тақдим этиш фойдасига ҳал қилинади. Ҳозирча эса бухгалтерларга масофадан имкон қадар тайёргарлик ишларини амалга оширишни тавсия қиламиз.

Мисол учун, қуйидагиларни  амалга ошириш мумкин:

  • аудиторлик ташкилоти билан шартнома тузиш ва унда карантин даврида аудитни ўтказиш шартлари ва таомилини ёзиш;
  • аудиторлик ташкилоти сўровига биноан:

а) бирламчи ҳужжатлар, таъсис ҳужжатлари бўйича зарур ахборотни тўплаш, уни жадвал шаклига шакллантириш. Мисол учун, буйруқлар, кадрлар ҳужжатлари  (қабул қилиш/ишдан бўшатиш) ва ҳоказолар маълумотлари;

b) контрагентлар билан тузилган контрактлар ва ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари маълумотларини ҳам худди шу тарзда тақдим этиш;

с) текширилаётган давр учун электрон солиқ ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш. Уни my.soliq.uz порталидан юклаб олиш мумкин;

d) бухгалтерлик автоматлаштирилган дастурлардан маълумотларни (ҳисобварақлар карточкаси, ҳисобварақлар таҳлили, ҳисобварақлар бўйича айланма-сальдо қайдномаси) юклаб олиш ва тақдим этиш. Ушбу электрон ҳужжатлар-ҳисоботлар таҳлили негизида аудиторларда корхонага саволлар пайдо бўлади ва кейинги текшириш учун айнан қандай ҳужжатларни сўраб олиш лозимлигини аниқлашади.

Шу тариқа, масофадан ишлаш шароитларида нима қилиш мумкин бўлса, кечиктириш тўғрисидаги қарорни кутмасдан, ҳаммасини бажариш лозим.

Мажбурий аудиторлик текшируви ҳақида нималарни билиш зарур

Аудиторлик текшируви  - бу хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи тўлов-ҳисоб-китоб ҳужжатлари ва молиявий мажбуриятларини, шунингдек унинг молиявий ҳисоботининг ҳаққонийлигини тасдиқлайдиган хўжалик операцияларини мустақил текширишдир. Мажбурий ва ташаббус тарзидаги шаклларда ўтказилади.

Аудиторлик текширувидан ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъект :

  • уни ўтказиш учун аудиторга керакли шароитларни яратиб бериши, унга зарур ҳужжатларни тақдим этиши;
  • аудиторлик текшируви давомида аниқланган бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ҳисобот тузиш қоидалари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқиш тартиби бузилишларини бартараф этиши шарт.

Молиявий ҳисоботнинг ҳаққонийлиги тўғрисидаги аудиторлик хулосаси аудиторлик текширувининг натижаси ҳисобланади.

Аудит кимлар учун мажбурий

Қуйидагилар ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керак :

  • акциядорлик жамиятлари;
  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан кўп бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар. Мазкур норма 2020 йил 24 апрелдан бошлаб кучга киради ;
  • банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
  • суғурта ташкилотлари;
  • инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамлаб турувчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар;
  • манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш ҳайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар;
  • маблағларининг ҳосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар;
  • устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари;
  • фонд ва товар биржалари.

Акциядорлик жамиятларига нисбатан аудитнинг қуйидаги талаблари қўлланилади :

  • молиявий ҳисоботда кўрсатилган ва акциядорларнинг умумий йиғилишига тақдим этиладиган молиявий ҳисоботдаги, бухгалтерия балансидаги, фойда ва зарарлар ҳисобварағидаги маълумотларнинг ишончлилиги мулкий манфаатлари жамият ёки унинг акциядорлари билан боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган бўлиши керак;
  • жамиятнинг йиллик ҳисоботи акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан 10 кундан кечиктирмай жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан дастлабки тарзда тасдиқланиши лозим;
  • жамият ХМҲСга мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у ХАСга мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин эълон қилиши шарт.

Мажбурий аудитни ўтказиш муддатлари

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектлар уни ҳисобот йилининг 1 майига қадар ўтказишлари даркор.

Аудиторлик текшируви ўтказилгандан кейин хўжалик юритувчи субъект 15 кун ичида солиқ органига белгиланган тартибда тасдиқланган аудиторлик хулосаси нусхасини юборади. Буни my.soliq.uz даги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида “Аудиторлик хулосаларини жўнатиш” тугмаси ёрдамида бажариш мумкин.

Аудиторлик хулосаси нусхасини тақдим этиш муддати бузилган тақдирда хўжалик юритувчи субъект солиқ органига аудиторлик хулосаси мавжуд эмаслигининг сабабини акс эттирувчи тушунтиришни тақдим этиши керак . Шунингдек, тушунтиришни солиқ органларига “Солиқ органлари билан ёзишмалар” хизмати таркибидаги “Аудиторлик хулосаларини жўнатиш” ёки “Мурожаатни жўнатиш” тугмалари ёрдамида тақдим этиш мумкин.

Эътибор беринг

ДСХО қуйидагилар :

  • мажбурий аудиторлик текшируви ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар;
  • аудиторлик текшируви ўтказган аудиторлик ташкилотини кўрсатиб ўтган ҳолда мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилган хўжалик юритувчи субъектлар;
  • мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаган хўжалик юритувчи субъектлар;
  • бундай хўжалик юритувчи субъектларга ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилган жарима санкциялари тўғрисида маълумотлар базасини олиб боради.

Хўжалик юритувчи субъект ташаббусига кўра аудит ўтказиш

Ташаббус тарзидаги аудиторлик текшируви хўжалик юритувчи субъектнинг қарорига биноан ихтиёрий равишда – исталган вақтда ва исталган даврийликда ўтказилади.

Бу қуйидаги вазиятларда мақсадга мувофиқ:

  • раҳбар ёки бош бухгалтер алмашса;
  • корхона сотиладиган бўлса;
  • таъсисчиларнинг умумий йиғилиши йиллик ҳисоботларнинг тўғрилигини тасдиқлашни ёки ташкилотда жорий иш ҳолатини текширишни хоҳласа;
  • таъсисчилар раҳбарият ёки бухгалтериянинг иш самарадорлигини баҳолашни хоҳлашса;
  • бошқа шунга ўхшаш ҳолларда.

Бўйин товлаганлик учун жарима

Мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортиш хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсига БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жазо қўллангандан кейин календарь йил тугагунга қадар мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортиш хўжалик юритувчи субъектдан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача  жарима ундиришга сабаб бўлади. Жарима тўлаш хўжалик субъектини мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан озод этмайди .

Ҳисобда акс эттириш

Аудиторлик текширувини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомнинг 2.3.4-бандига мувофиқ бошқа операция харажатларига киритилади.

Фойда солиғи тўловчилар учун ҳам мажбурий, ҳам ташаббус тарзидаги аудит – бу чегириладиган ҳисобланадиган иқтисодий жиҳатдан оқланган харажатлардир, яъни СКнинг 317-моддасида кўрсатилмаган.

Хатоларни тузатамиз

Аниқланган ҳуқуқбузарликлар (хатолар) аудиторлар томонидан уларнинг аҳамиятлилиги, яъни уларнинг молиявий ҳисоботнинг ҳаққонийлигига таъсирининг жиддийлиги нуқтаи назаридан баҳоланади.

Хўжалик юритувчи субъект аудиторлик хулосаси имзоланган кунга қадар уларни бартараф этиш чораларин кўриш, ҳисобга тегишли тузатишлар киритиш, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини солиқ органларига тақдим этишгача бўлган ҳуқуққа эга. Бироқ, бу ерда СКнинг 83-моддасида белгиланган жиҳатларни инобатга олиш лозим:

  • ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига олиб келмаган бўлса, солиқ тўловчи ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақли. Солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

  • аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;
  • аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Татьяна ЛИМАРЕВА

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал