Қандай қилиб солиқларни тўлашда хатоларнинг олдини олиш мумкин

06.10.2020

Солиқларни тўлаш чоғида тез-тез хатолар содир бўлиб туради: бухгалтернинг эътиборсизлиги, катта рақамлар билан ишлаши, ишининг ҳаддан ташқари кўплиги. Қандай қилиб бундай вазиятга тушиб қолмаслик ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан  «Норма» эксперти Дилором САИДОВА гапириб берди:

- Солиқнинг кам тўланишига олиб келадиган энг кўп содир бўладиган хатолар:

  • солиқ суммаси нотўғри киритилган.

Бухгалтер бехосдан рақамларни жойи билан чалкаштириб, солиқнинг камроқ суммасини киритди, 497 532 824 сўм ўрнига 479 532 824 сўм жўнатилди.

  • солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномаси жўнатилган, бироқ тўлов ўтказилмаган.

Сабаблари:

- тўлов топшириқномасини шакллантиришда корхонанинг бошқа ҳисобварағи автоматик тарзда чиқарилади (масалан, ёпиқ);

- тўлов кечроқ кечқурун жўнатилган ва банк уни ўтказмаган;

  • солиқни тўлаш чоғида солиқнинг нотўғри коди танланган ва ҳ.к..

Агар солиқ кам тўланган бўлса

Солиқ кам тўланган тақдирда пеня ҳисоблаш ёки молиявий санкцияларни қўллаш бухгалтер хатони қанчалик тез аниқлашига боғлиқ. Агар у кам тўланганлигини тўлов муддати ўтгунга қадар аниқласа ва қўшимча солиқ тўласа, ҳеч қандай оқибатлар бўлмайди. Агарда – муддат ўтгач аниқласа, муддат ўтган кундан кейинги кундан бошлаб  пеня “томишни” бошлайди. Боқимондани пеня билан бирга сўндиришга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз

2020 йилдан бошлаб пеня ставкаси МБнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади ва унинг уч юздан бирига тенг .

Пеня ставкаси ҳар бир кун учун қуйидагига тенг:

  • 01.01.2020 йилдан 14.04.2020 йилга қадар - 0,053% (16% х 1/300);
  • 15.04.2020 йилдан бошлаб - 0,05% (15% х 1/300);
  • 11.09.2020 йилдан бошлаб - 0,047% (14% х 1/300).

Вазият
Солиқнинг кам тўланганлиги муддат ўтгач аниқланди
II чорак учун фойда солиғини тўлаш чоғида бухгалтер 3,6 млн сўм миқдорида солиқни кам тўлади. Хато тўлов муддати тугагандан сўнг 15 кундан кейин аниқланди.
Бу ҳолда 3,6 млн сўм миқдорида солиқни ва 27 минг сўм миқдорида пеняни (3 600 000 х 15 х 0,05%) тўлаш зарур бўлади.

Агар бухгалтер ортиқча солиқ тўлаган бўлса

Бундай ҳолат ҳам амалиётда учраб туради. Масалан, бухгалтер бехосдан қўшимча ноль киритган бўлиши мумкин. Ёки солиқ суммасини бухгалтерлик дастуридан “банк мижоз” тизимига киритишда тийинли сумма яхлит сон сифатида акс эттирилиши мумкин. Барча вариантларни келтириб ўтишнинг имкони йўқ...

Агар ортиқча тўлов суммаси унча катта бўлмаса, уни солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига қолдириш мумкин. Бироқ агар у – катта ва корхона пул маблағларини муайян мақсадлар учун ишлатишни режалаштирган бўлса, ортиқча тўланган суммани қайтариш лозим.

Бунинг учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали “Ортиқча тўланган солиқлар суммаларини қайтариш” аризасини юборинг. Сиз ортиқча тўланган солиқ суммасини тўлиқ ёки қисман қайтаришингиз мумкин . Агар бошқа солиқлар бўйича қарз бўлмаса, ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ органи томонидан бундай ариза олинган кундан эътиборан 15 кун ичида қайтарилиши лозим .

Ортиқча тўланган суммага фоизлар ҳисобланадими

Фоизлар фақат ортиқча солиқ суммаси солиқ органи томонидан ундирилган тақдирда ҳисобланади . Мазкур чора солиқ тўловчига етказилган зарарни компенсация қилиш учун назарда тутилган.

Бизнинг ҳолатимизда ортиқча тўлов бухгалтернинг ёки бухгалтерия ҳисобини юритиш учун жавобгар бўлган бошқа шахснинг айби билан ҳосил бўлган, шу боис ортиқча тўланган солиқ суммасига фоизлар ҳисобланмайди.

Солиқни тўлаш чоғида хатоларни олдини олиш мақсадида:

  1. Солиқларни сўнгги пайтда ёки иш куни якунида, шошган ҳолда ёки кимдир сизни чалғитганда тўламанг.
  2. Тўловдан сўнг солиқнинг ШКни текширинг. Кам тўланган тақдирда сиз буни дарҳол пайқайсиз.
  3. Икки босқичли назоратни ташкил қилинг. Масалан, бухгалтерлардан бири солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномаларини шакллантиради ва сақлаб қўяди. Шундан кейин бош бухгалтер яна бир бор ҳаммасини текширади ва ўзи тўлов топшириқномасини банкка жўнатади.
  4. Агар тўловлар бухгалтерлик дастурида шакллантирилса, уни сизни хатодан огоҳлантирадиган тарзда созлаш мумкин. Бунинг учун ишлаб чиқувчилардан унга тўлов суммасини олдинги давр учун тўланган солиқ суммаси билан солиштириш тартиб-таомилини киритишни сўранг. Агар фарқ катта бўлса, дастур хато тўғрисида огоҳлантиради.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал