ЙҲҚни бузганлик учун жарималар: юридик шахслар учун йўл-йўриқлар

preview

Агар юридик шахсга тегишли автомобиль ЙҲҚ бузилиши билан “камерага тушган” бўлса, жарима ташкилотга келади. Мазкур кўнгилсиз вазиятда нима қилиш лозимлигини юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВнинг йўл-йўриқларида ўқинг.

Ҳуқуқбузарликлар қандай қайд этилади

Айни пайтда Йўл ҳаракати қоидаларининг (ЙҲҚ) бузилиши қуйидагилар томонидан қайд этилади:

а) ҳодиса рўй берган жойда ДЙХҲХ ходимлари томонидан;

б) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари томонидан:

  • йўлларда ўрнатилган камералар – улар айрим ҳуқуқбузарликларни қайд қилиш учун дастурланган (бу ерда ва бу ерда қаранг);
  • ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари автосига ўрнатилган видеорегистаторлар – ҳар қайси автоҳаваскор ДЙХҲХга ejarima.uz сайти орқали ҳуқуқбузарлик акс этган ёзувни юбориши ва мукофот олиши мумкин (батафсил қаранг).

Биринчи ҳолатда ҳаммаси тушунарли – ким бевосита рулда бўлган бўлса, ўшани расмийлаштиришади. Инспектор жойида ҳайдовчининг шахсини ўрнатади ва баённома тузади, ҳайдовчи-ҳуқуқбузар эса ҳужжатнинг учта жойига имзо чекади . Мазкур ҳолатда авто кимга тегишлилиги муҳим эмас.

Бироқ автоматлаштирилган қайд этиш билаш иш бошқача бўлади. Бу ҳолда жавобгарлик жисмоний шахс ёки юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси – мулкдор зиммасида бўлади . Бу ерда маъмурий баённома тузилмайди – дарҳол жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилади . Бунда ҳуқуқбузар шахсан ҳозир бўлмайди.

Қарор электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади. Уни тузган ваколатли ходим уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди. Қоғозга чоп этилган нусхаси 3 кун ичида буюртма почта жўнатмаси билан авто мулкдорининг яшаш жойи ёки жойлашган жойи манзили бўйича жўнатилади.

“Бахт хати”ни олган юридик шахс қандай йўл тутиши керак?

Вазият
Ҳуқуқбузар – авто тегишли бўлган ташкилотнинг ходими
Қуйидаги алгоритмга риоя қилишни тавсия қиламиз:
1. “Транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахс”ни аниқланг. Ҳуқуқбузарлик пайтида автомобиль бошқарувида бўлган ходим назарда тутилмоқда. Қоидага кўра, бу – ҳайдовчи, бироқ, масалан, раҳбарнинг ёрдамчиси ёки исталган бошқа ходим бўлиши мумкин.
Шу боис кадрлар бўлимидан русуми ва давлат рақами жарима солиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган автомобиль кимга бириктирилганлиги сўраб билинг. Мазкур масъул ходим кўрсатилган санада таътилда ёки касаллик таътилида, сабабсиз ишда бўлган ёки бўлмаганлигини, аниқлаштиринг. Агар ушбу кунда у ишламаган бўлса, у ҳозир бўлмаганда мажбуриятлари кимга юклатилганлиги ва тегишинча, авто кимга бириктирилганлигини ойдинлаштиринг.
2. Жавобгарни аниқлаб, унга қарор нусхасини имзо қўйдириб топширинг. Қарор нусхаси унга қуйидагиларни амалга ошириш учун зарур бўлади:
  • кўрсатилган суммани қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун ичида тўлаш учун . Бунда, ҳуқуқбузар унга қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70%ини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда , у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Белгиланган муддат ўтгандан кейин, қарор мажбурий ижро этишга узатилади, транспорт воситаси эса ижро ишини юритиш тугагунга қадар ушлаб турилади . Машина бутун бу вақтда жарима майдонида бўлади ;
  • шикоят бериш – қарор бўйича ўз эътирозларингизни унда кўрсатилган телефон рақами орқали иш куни соат 09:00 дан 22:00 гача хабар қилишингиз мумкин. Ёзма шикоятни юқори турувчи органга (мансабдор шахс) ёки маъмурий судга 10 кун муддатда топшириш мумкин. У кўриб чиқилгунга қадар жарима ундириш тўғрисидаги қарорни ижро этиш тўхтатиб турилади .
3. Оқибатлар эҳтимолининг жиддийлигини инобатга олган ҳолда, ходим-ҳуқуқбузар томонидан ўзининг жаримани тўлаш бўйича мажбуриятини бажаришини назорат қилинг, Ундан квитанция нусхасини талаб қилинг.
Сиз, иш берувчи ва автомобиль мулкдори сифатида қарор устидан шикоят берилган ҳолатда иш бўйича иш юритишдан хабардор бўлишингиз лозим. Шикоятни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган қарорни албатта ўрганиб чиқинг.
Ёдда тутинг, агар:
  • қарор ўзгартиришсиз, шикоят эса – қаноатлантирилмасдан қолдирилган бўлса, ходим дастлаб ёзилган жаримани у қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан 30 кун давомида тўлаши шарт;
  • қарор бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқишга йўналтирилган бўлса – иш илгари содир этилган ҳуқуқбузарликлар такрорлигини инобатга олган ҳолда умумий асосларда кўриб чиқилади. Демакки, агар ходим охирги йил учун худди шундай ЙҲҚ бузилиши учун маъмурий жазога тортилган бўлса, якуний қарор қатъийроқ бўлиши мумкин: оширилган жарима ёки ҳатто бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш      ;
  • қарор бекор қилинди ва иш бўйича иш юритиш тугатилди – ходим тўлиқ реабилитация қилинди ва тегишинча, сизга хатар ҳам бўлмайди.
4. Ходимни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқинг. ЙҲҚга риоя қилиш – транспорт воситасидан фойдаланиш топширилган ходимнинг лавозим мажбурияти. Бу унинг меҳнат шартномаси, лавозим йўриқномаси ёки компаниянинг бошқа локал ҳужжатида қайд этилган бўлиши керак.
Маъмурий жаримани тўлаш ходимни иш берувчи олдида жавобгарликдан озод қилмайди. Ундан қарорда баён этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ёзма тушунтиришни сўранг.
Шундан кейин вазиятга қараб иш кўринг:
  1. Ходим ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўзини ёки ўз айбини рад этади ва қарор устидан шикоят беришни кўзламоқда – ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан шикоят кўриб чиқилишини ва иш бўйича якуний қарорни кутинг. Лекин инобатга олинг, ходимни интизомий жазога қилмиш аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмасдан тортишингиз мумкин.
  2. Ходим айбига иқрор бўлди ёки ёзма тушунтиришлар беришдан бош тортди, бироқ жаримани тўлади, бу айбни тан олишга тенг бўлади. Бу ҳолатда унга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаш мумкин бўлади: ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш .
Интизомий чоралардан қайси бирини қўллашни содир этилган қилмишнинг оғирлиги, унинг содир этилиши ҳолати, олдинги иши ва ходимнинг ўзини тутишидан келиб чиқиб ҳал қилинг . Шунингдек, мазкур ҳолатда у томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳам инобатга олинг.
Масалан, сўнгги чора – ишдан бўшатишга – ЙҲҚ бузилиши йўловчилар ёки трафикнинг бошқа иштирокчилари ҳаёти ёки саломатлигига ҳақиқий хавф солса (“қизилга” ҳаракатланиш, “қарама-қарши” томонга чиқиш, тезликни ошириш ва ҳ.к.) мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.Айниқса – агар ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилса     .
Шуни ёдда тутинг, мазкур ҳолатда ходим билан меҳнат шартномасини қуйидаги иккита асосдан бири бўйича бекор қилиш мумкин:
  • МКнинг 100-моддаси, 2-қисми 3-банди - ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги. Интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан қилмиш такроран содир қилинган тақдирда бунинг имконияти бор;
  • МКнинг 100-моддаси, 2-қисми 4-банди - ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги. Бир марта қўпол равишда бузилган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини ички меҳнат тартиби қоидалари ёки корхона мулкдори ва раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси ўз ичига олган бўлиши керак.
5. Сиз ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан тўлашингизга тўғри келган ортиқча тўловлар суммасини ҳисобланг. Масалан – сизнинг манфаатларингизни ифода қилиш ва ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокатнинг гонорари, эвакуатор, жарима майдони хизматлари ва ҳ.к. Қонунга биноан – бу ходим томонидан сизга етказилган ва сизга у томондан қопланиши шарт бўлган зарар .
Қуйидаги жиҳатларни инобатга олинг:
  • етказилган зарар миқдори ҳақиқий йўқотишлар бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида белгиланади , ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида сўндирилади ;
  • агар сумма ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан ошмаса, зарар иш берувчининг аниқланган кундан эътиборан бир ой мобайнида чиқарилган фармойиши (буйруғи) бўйича ундирилади. Бошқа ҳолатда (сумма – каттароқ бўлса ёки бир ой ўтган бўлса) – суд тартибида ундирилади.

Юридик шахс ходим учун жаримани тўлаши мумкинми?

Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда 16 ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади . Ундирув ҳам персонлаштирилган: тайинлашда ҳуқуқбузарнинг шахси ва унинг айбдорлиги даражаси инобатга олинади . Маъмурий жазонинг мақсади - шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш .

Ҳатто ҳуқуқбузарлик субъект – юридик шахс томонидан содир этилган тақдирда ҳам (масалан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва ҳ.к.), жавобгарлик унинг мансабдор шахслари зиммасида бўлади . Юридик шахсга тегишли бўлган автомобилда ЙҲҚни бузганлик учун эса, ойдинлаштирганимиздек,  ундан фойдаланиш топширилган шахс жавоб беради. Яъни жарима ҳар қандай ҳолатда ҳам ташкилотдан эмас, балки жисмоний шахсдан ундирилади.

Шунингдек, масала маъмурий ҳуқуқий муносабатлар нуқтаи назаридан бўлганлиги боис, фуқаролик мажбуриятларини (кафиллик, қарзни ўтказиш ва ҳ.к.) таъминлаш ёки бекор қилишни бу ерда қўллаб бўлмайди. Бошқача айтганда, юридик шахсда ўз ходимлари учун маъмурий жарималарни тўлаш учун юридик асослар мавжуд эмас.

Бу қуйидагиларни инобатга олганда қанчалик мақсадга мувофиқ бўлади:

  • жаримани сўндириш учун етарли даражада узоқ муддат берилади – 60 кун.Ушбу муддат давомида ходим тўланиши лозим бўлган иш ҳақини роппа-роса 4 марта олиши керак ;
  • жаримани тўлаш ҳеч қандай меҳнат талаб қилмайди – банкка бориш ва навбатда туриш, қандайдир қоғозларни тўлдириш зарурати йўқ. Ҳозирги кунда бунинг учун смартфон етарли. Click, PayMe тўлов тизимлари тегишли имкониятларни таклиф қилмоқда.

Лекин бу “чўкаётган хасга ёпишиши керак” дегани эмас. Вазият турлича шаклланиши мумкин. Масалан, ҳайдовчи тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаётган бўлиши ва жарима суммаси унинг иш ҳақидан ошиши мумкин. Ёки қарорнинг етиб келиши чўзилиб кетди, жарима тўлаш учун кам вақт қолди, “ойликка” ҳали узоқ. Унутманг, 60 кунлик муддат ўтгандан кейин, сизнинг автомобилингиз жарима майдонига тушиши мумкин. Эҳтимол, тасарруфида етарли маблағ бўлган ҳолда ходимга ёрдам берган маъқулдир.

Бу ҳолатда ходимга – ҳуқуқбузарга қарзни расмийлаштиринг. Шартномани тузишда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратинг:

  • қарз, мазкур ҳолатда – мақсадли: суммаси жаримани сўндиришга йўналтирилиши керак. Пуллар мақсадига кўра ишлатилишини назорат қилинг. Ушбу шарт бажарилмаганлиги учун жавобгарлик тўғрисида банд киритинг.
Мисол
Шартноманинг қарзнинг мақсади ва жавобгарлик тўғрисидаги шартлари
1.3. Мазкур қарз шартномаси олинган маблағлар Қарз олувчи томонидан қуйидаги мақсадлар учун фойдалалиши шарти билан тузилган (мақсадли қарз):2020 йил 15 майдаги GA 00000000001-сон жарима солиш тўғрисидаги қарор асосида 669 000 (олти юз олтмиш тўққиз минг) сўм миқдорида маъмурий жаримани тўлаш.
1.4. Қарз олувчи томонидан мазкур шартноманинг 1.3-бандида кўрсатилган қарз суммасидан мақсадли фойдалариш тўғрисидаги шарт бажарилмаган тақдирда, Қарз берувчи Қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтариш ва тўланиши лозим бўлган фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли.
  • қарз ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан қайтарилишини айтиб ўтинг. Унутманг, иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим . Меҳнат шартномаси қарз олувчи томонидан мажбуриятлар тўлиқ сўндирилгунга қадар ҳам бекор қилиниши мумкин. Бу ҳолат учун қарз суммаси бўйича қолдиқ суммани қайтаришнинг энг сўнгги муддатини келишиб олинг.
Мисол
Шартноманинг қарзни қайтариш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги шартлари
2.1. Инобатга олинсинки, мазкур шартнома тарафлари ўртасида 2020 йил 1 январдаги 1-сон меҳнат шартномаси тузилган (кейинчалик матнда – Меҳнат шартномаси), унинг доирасида Қарз берувчи иш берувчи, Қарз олувчи эса - ходим ҳисобланади.
2.2. Тарафлар қарз суммасини қайтариш Қарз олувчига Меҳнат шартномаси, Ички меҳнат тартиби қоидалари ва Қарз берувчининг бошқа локал ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда, тартибда ва муддатларда тўланиши лозим бўлган меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан амалга оширилишини келишиб олдилар. Ушлаб қолиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддаси учинчи қисми талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
2.3. Меҳнат шартномаси Қарз олувчининг Қарз берувчига қарз суммасини қайтариш билан боғлиқ мажбуриятлари тўлиқ бажарилгунга қадар бекор қилинган тақдирда мажбуриятларнинг бажарилмаган қисми Қарз берувчининг мазкур шартномада кўрсатилган банк реквизитларига Меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай ўтказилиши лозим.
  • ёдда тутинг: агар шартнома билан қарз бўйича фоизлар тўланиши назарда тутилган бўлса, олинган фоизлар суммасига юридик шахснинг жами даромади таркибида солиқ солинади . Фоизсиз қарзда тарафларда солиқ оқибатлари вужудга келмайди.
Вазият
Ҳуқуқбузар авто тегишли бўлган ташкилотнинг ходими ҳисобланмайди. Шубҳасиз, бу ерда вариантлар мавжуд бўлиши мумкин:
1. Ҳуқуқбузарликни собиқ ходим содир этган.
Шундай бўлиши мумкинки, жарима солиш тўғрисидаги қарор ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейингина сизга етиб келиши мумкин.
У билан шахсий иш жилдида кўрсатилган телефон рақами орқали боғланишга уриниб кўринг ёки собиқ ходимнинг охирги маълум бўлган яшаш жойига ташриф буюринг. Сизнинг вазифангиз – қарор нусхасини унга имзо қўйдириб топшириш. Албатта, ишнинг кейинги боришини назоратда ушлаш қийинроқ кечади, собиқ ходимни интизомий жавобгарликка тортиш мумкин эмас, потенциал зарарни эса фақат суд орқали ундириш мумкин.
Агар мустақил равишда қидириш муваффақият келтирмаган бўлса, буни қарор чиқарган мансабдор шахсга хабар қилинг. Тасдиқнома сифатида унга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этинг:
айнан шу ходим транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлганлиги ва ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда рулда бўлганлиги юзасидан (ишга қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар, лавозим йўриқномаси, ишончнома, сменали график ва ҳ.к.);
ходим билан меҳнат шартномаси сиз томондан қарор олингунга қадар бекор қилинганлиги юзасидан (меҳнат дафтарчасидан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёзуви билан ва тегишли буйруқдан нусхалар ёки ЯММТдан маълумотлар);
сиз собиқ ходимни мустақил равишда қидиришга уриниб кўрганлигингиз юзасидан (телефон қўнғироқлари чоп этилган қоғоз, яшаш жойига ташриф буюрилганлиги тўғрисида далолатнома ва ҳ.к.).
Ушбу ҳолатда жаримани ихтиёрий тўлаш имконияти йўқлиги боис қарор Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимига йўналтирилади. Давлат ижрочилари қарздорнинг янги иш жойи ёки яшаш жойини аниқлаши ва ундирувни амалга ошириши учун уларга кенг кўламдаги ваколатлар берилган.
2. Ҳуқуқбузарлик автомобиль вақтинча эгалигида бўлган учинчи шахс томонидан содир этилган
Автомобиль мулкдори бўлган ҳолда сиз уни ўз ихтиёрингизга кўра тасарруф этишга ҳақлисиз. Шу жумладан – ижара, лизинг  ёки   бепул фойдаланиш шартномаларига асосан учинчи шахсларга вақтинча эгаликка беришга ҳақлисиз .
Мазкур ҳолатда, жарима солиш тўғрисидаги қарорни олгандан кейин, унинг устидан шикоят беринг . Шикоятни кўриб чиқиш ваколатига эга органга (мансабдор шахсга) ёки маъмурий судга лозим даражада расмийлаштирилган ва  ҳисобга қўйилган тегишли шартномани тақдим этинг .
Ҳуқубузарликни қайд этиш пайтида автомобиль эгалигида бўлган шахс ўрнатилиши мумкинлиги боис жавобгарликка ҳам айнан у тортилиши керак .