Статистика ҳисоботи маълумотларини қаердан олиш мумкин

preview

Тадбиркорлар статистика маълумотларини йиғишни автоматлаштиришни таклиф этмоқдалар. Уларнинг фикрича, ахборот тизимлари ушбу масалани самаралироқ ва инсон иштирокисиз уддалаши мумкин. Қарор қабул қилиш – бу регуляторнинг иши.

Кичик бизнес субъекти раҳбари Алишер К. ушбу масала юзасидан buxgalter.uz билан ўз фикрларини ўртоқлашди:

– Биз 2020 йил учун кичик корхонанинг йиллик статистика ҳисоботини 1-kb shakli бўйича топширамиз. Бу осон иш эмас. Тўлдириладиган шаклнинг биринчи саволи бироз ғалатироқ, бунда шакл тўлдириш учун сарфланган вақт кўрсатилиши талаб этилади.

Гап шундаки, таклиф этилган ҳисобот шакли деярли 20 варақда берилган жадваллардан иборат, унда тўлдирилиши лозим бўлган саволлар жуда кўп. Уларга тўғри жавоб бериш учун синчковлик билан ўқиб кўриш ҳамда шаклларни тўлдириш йўриқномаларини кўриб чиқиш лозим. Яна 7,5 кеглли шрифтда берилган 10 та саҳифа ҳам бор. Дарвоқе ушбу тавсияномаларда НҲҲларга ҳаволалар жуда кўп. Буларни аниқлаштириб олгандан кейин бошланғич ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқиб, сўралаётган қийматларни ҳисоблаб чиқишга тўғри келади.

Бухгалтер билан бирга бу ишларни бажариш учун менга бир кун камлик қилди. Камида икки кун керак бўлади. Ҳисоботни эса 26 февралдан кечиктирмай топшириш лозим. Бир талай жорий ва йиллик солиқ ҳисоботларини ҳамда бошқа ҳисоботларни топширадиган вақтда статистика бўйича ҳисоботни ҳам топширишга тўғри келади.

Статистика ҳисоботини тўлдиришда юқори даражадаги диққат-эътибор талаб этилади. Буни уддалаш бироз мушкул бўлади: бир томондан ҳамкорларнинг доимий қўнғироқлари, бир томондан эса ҳал этилиши лозим бўлган жорий ташкилий масалалар. Қўшимча ишчи кучини жалб эта олмаймиз, бу ортиқча чиқимларни юзага келтиради, харажатлар ва нархлар ошишига ва бинобарин, рақобатбардошликнинг пасайишига олиб келади.

Фикримча, умуман олганда, давлатимизда ҳамда Давлат статистика қўмитасида статистика маълумотларини йиғишда тадбиркорлар барча зарур ахборотга эга бўлган вазирликлар, идоралар ва бошқа ваколатли органларнинг ахборот тизимларига уланиши учун техник ресурслар етарли бўлса керак.

Тадбиркорлик субъекти статистика ҳисоботи шаклини тўлдираётганда Давлат статистика қўмитасининг дастурига ўз корхонасининг маълумотларини киритади, кейин эса улар умумлаштирилади. Алоҳида олинган корхона кесимида бундай маълумотлар фақат ташкилот раҳбарини қарор қабул қилиш мақсадида қизиқтириши мумкин. Амалиётда улар бир вақтнинг ўзида тўлиқ ҳажмда бўлиши талаб этилмайдиган вазиятлар деярли учрамайди. Маълум бир масалаларни ҳал этишда муайян рақамларга эҳтиёж бўлиши мумкин.

Биз асосан вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида мавжуд маълумотларни статистика ҳисоботи шаклларига киритишимизга эътиборингизни қаратмоқчиман. Тадбиркорнинг ваколатли давлат органларининг ахборот тизимларида бугунги кунда акс этмаган фаолият соҳасидан мисоллар келтира олмайман. Статистика ҳисоботини тўлдириш билан биз бирор-бир янгилик қилмаймиз. Солиқ ва молиявий ҳисоботларни электрон шаклда топширамиз. Тушумлар бўйича батафсил маълумот ЭҲФ ва онлайн-НКМ тизимларида мавжуд. Корхонанинг кадрлар сиёсатига оид барча масалалар ЯММТда акс эттирилади, туристик фирмалар учун қабул қилинадиган меҳмонлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар e-mexnat тизимида берилади ва ҳ.к.

Яъни, моҳиятига кўра, статистика ҳисоботини тўлдиришда тадбиркорлар олдида маълумотларни ахборот тизимларидан олиш ва уларни статистика ҳисоботининг электрон шаклларига киритиш вазифаси туради. Кейин бухгалтер айнан ўша маълумотларни ахборот тизимларига яна иккинчи марта киритадими? Бу жараённи тадбиркорни чиқариб ташлаган ҳолда автоматлаштириш вақти келмадимикин?
Афсуски, бугунги кунда идораларнинг ахборот тизимлари салоҳиятидан, яъни улардаги маълумотлардан тўлиқ даражада фойдаланилмаяпти.

Мазкур кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш бир кунлик иш эмаслигини тушунаман. Идораларнинг ахборот тизимларини мослашга оид кўпгина муаммоларни ҳал этишга, НҲҲ талабларини ва узоқ вақтдан буён амал қилаётган бошланғич ҳужжатлар шаклларини қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Бироқ мазкур йўналишда секин-аста ва босқичма-босқич ҳаракатланиш вақти келди. Давлат статистика қўмитаси фақат идораларнинг ахборот тизимларида объектив сабабларга кўра ҳақиқатда мавжуд бўлмаган маълумотларни олиш учун тадбиркорга мурожаат қилиши лозим.

Тадбиркор ва унинг ходимлари бизнесга, уни ривожлантиришга, харажатларни қисқартиришга, маҳсулотлар ва хизматлар рақобатбардошлигини оширишга эътиборни қаратишлари лозим. Мазкур масалаларни сифатли ҳал этиш мақсадида ахборот технологиялари қодир бўлган ишлардан уларни халос этиш керак, деб ўйлайман».

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.