Чет эл фуқароси даромадга бўлган ҳуқуқини қандай ҳужжатлар билан тасдиқлаши лозим

13.04.2021

Янги таҳрирдаги СК киритилиши билан Ўзбекистонда даромад оладиган хорижий компанияларга тўланадиган дивидендлар, фоизлар ва роялти тарзидаги даромадларга икки ёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномалар қоидалари қўлланилганда уларга нисбатан қўйиладиган талаблар ўзгартирилди. Вuxgalter.uz илтимосига биноан «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА бу ҳақда батафсил тушунтириш берди:


– Хорижий шахс томонидан дивидендлар, фоизлар ва роялти тарзидаги даромадларни олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилиши зарур?

– Солиқ агенти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

1) хорижий компаниянинг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат  (резидентлик сертификати);

2) ушбу хорижий компания тегишли даромадни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар .

Хорижий компания солиқ тўлашдан тўлиқ озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзидан фойдаланиши ёки фақат кўрсатилган шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда  миллий қонунчиликка кўра камайтирилган солиқ ставкаларини қўллаши мумкин.


– Мазкур ҳужжатларни олишда муаммолар бўлиши мумкинми?

– Резидентлик сертификати юзасидан ҳақиқий ҳуқуқга эгалик тўғрисидаги ҳужжатлар борасида ҳаммаси тушунарли бўлсада, қонун ҳужжатларида бирор-бир рўйхат мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорларда ва уларнинг хорижий ҳамкорларида шундай савол туғилиши мумкин: даромадларни олишга бўлган ҳақиқий ҳуқуқни қандай ҳужжатлар билан тасдиқлаш лозим?

Биринчи навбатда, ўзбекистонлик тадбиркорлар юридик шахсларга пассив даромадларни – фоизлар, дивидендлар, роялти тўлашда «даромадларни олишга бўлган ҳақиқий ҳуқуқ» қоидаларига асосланиши лозим.

СКда ушбу даромадларни олишга ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахсга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

1) бундай даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бундай даромадларни тасарруф этишга ваколатли бўлган ўзга шахс бўлиши лозим. Бунда мазкур ҳуқуқ ушбу юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этиш ёки унинг устидан назорат бўлганлиги ёхуд бошқа ҳолатлар туфайли юзага келганлиги аҳамиятли бўлмайди .

2) бир қатор вазифаларни бажарадиган, таваккалчиликларни қабул қиладиган шахслар бўлиши лозим . Агар ушбу даромадларни тасарруф этишга нисбатан чет эллик шахс чекланган ваколатларга эга бўлса, ҳеч қандай бошқа вазифаларни бажармаса ва ҳеч қандай таваккалчиликни ўз зиммасига олмаса, бундай даромадларни бевосита ёки билвосита бошқа шахсга тўлаган (тўлиқ ёки қисман) ҳолда ушбу шахснинг манфаатларини кўзлаб мазкур даромадларга нисбатан воситачилик вазифаларини амалга оширса, мазкур шахс даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга деб эътироф этилмайди .


– Мазкур ҳолатда солиқ имтиёзларининг қўлланилиши қандай тартибга солинади?

– «Даромадларни олишга бўлган ҳақиқий ҳуқуқ» концепцияси DDT билан белгиланган нормаларни бекор қилмайди, бироқ имтиёзларни қўллаш механизмини тартибга солади. Концепциянинг асосий тамойили камайтирилган фоиз ставкасидан «оралиқ бўғин» сифатида иштирок этаётганлар (кондуит компаниялар) эмас, балки фақат реал (пировард) даромад олувчилар фойдаланишидан иборатдир. 

Кондуит компания – бу даромадни ҳақиқий эгасига бериш учун фойдаланиладиган компания ҳисобланади, бунда солиқ имтиёзлари қўлланилади ҳамда икки ёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги давлатлараро битимдан фойдаланилади. Хорижий амалиётдан келиб чиқиб, кондуитликни кўрсатувчи қуйидаги аломатларни санаб ўтиш мумкин:

  • олинган даромад юридик шахснинг тасарруфида қолиши, қисқа муддат ичида эса пировард бенефициарга ўтказилиши;
  • ходимлар, офис ва активлар йўқлиги ёки тўлақонли фаолият юритиш учун етарли эмаслиги;
  • компания коммунал хизматлар, иш ҳақи, солиқлар бўйича харажатларни зиммасига олмаслиги, контрагентлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширмаслиги;
  • таъсис ҳужжатларида фойдани тасарруф этишда чекловлар белгиланганлиги;
  • Ўзбекистон компаниясидан тушумлар асосий даромад манбаи ҳисобланиши;
  • Ўзбекистон компаниясига инвестициялар хорижий компаниянинг асосий активи эканлиги;
  • активлар узоқ муддат ўзбекистонлик шахсга тегишли бўлиб, кейин эса номаълум сабабларга кўра хорижий компанияга ўтказилиши;
  • компания директори ва котиби кўпгина компанияларда шундай лавозимларни эгаллаши, бу эса оммавий тусдаги раҳбарликни англатиши;
  • компания фақат чекланган шахслар доираси билан ҳамкорлик қилиши;
  • реал бенефициарга (мулкдорга) ишончнома мавжудлиги;
  • ҳисобрақамлардан тўловлар бошқа IP-манзиллардан амалга оширилиши;
  • муҳр ва бошқа атрибутлар бошқа шахслар қўлида бўлиши;
  • барча хўжаликка оид масалалар учинчи шахслар томонидан ҳал этилиши;
  • хорижий компания қисқа муддат фаолият юритиши.

Хорижий компанияда аниқланган мазкур аломатлар унга халқаро солиққа оид битимларнинг қоидаларини қўллаш ҳуқуқини бермайди. Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари, назорат қилувчи солиқ органи томонидан Ўзбекистон компанияси ва хорижий компания ўртасида тузилган битим иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ деб баҳоланиши мумкин.


– Компания кондуит эмаслигини исботлаш талаб этилганда низоли вазиятлар қандай ҳал этилади?

– Албатта, кондуит компаниянинг аломатларини аниқлаш назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқи ва мажбуриятидир. Бироқ хорижий компания билан битим тузишда (бу қарз шартномаси, дивидендлар тўлаш ёки муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар натижаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ўзаро муносабатлар бўлса ҳам) солиқ агенти сифатида хорижий компанияга даромадлар тўлашда лозим даражада эътиборли бўлиш керак. Кейинчалик DDTни қўллаш билан боғлиқ тушунмовчиликлар ва назорат қилувчи органлар билан низолар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида шундай қилиниши лозим.

СКда солиқ суммаси ушлаб қолинмаганда ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қоидалари ғайриқонуний равишда қўлланилганда, бу солиқнинг ушлаб қолинмаслигига ёки тўлиқ ушлаб қолинмаслигига сабаб бўлса, солиқ агенти ушлаб қолинмаган солиқ суммасини ва тегишли пеня суммасини бюджетга киритиши шартлиги белгиланган .

СКда солиқ агенти норезидентдан ушбу норезидент тегишли даромадни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эгалиги тасдиқномасини сўраб олишга ҳақли эканлиги қайд этилган .

Ўз навбатида, хорижий компания даромад олишга бўлган ҳуқуқини ва DDT битимида назарда тутилган имтиёзлар тўғри қўлланилганлигини тасдиқловчи хат орқали асослаб бериши мумкин. У шартномага илова тариқасида ҳам расмийлаштирилади. Ҳужжатда қуйидагиларни қайд этиш тавсия қилинади:

  • даромадларни тасарруф этиш ҳуқуқи ва улар қандай ҳужжатлар билан тасдиқланади;
  • ходимлар, офис, асосий воситалар, ускуналар;
  • солиқ режими;
  • даромадларни тасарруф этиш бўйича режалар;
  • бизнес тузилмаси.

Албатта, фақат биргина хатнинг ўзи солиқ органлари учун етарли бўлмайди. Шу боисдан, икки ёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимларда назарда тутилган имтиёзлардан бемалол фойдаланиш учун контрагентингиз ҳақида бундай маълумотлар, шу жумладан таъсис ҳужжатлари нусхалари, шунингдек хорижий компания фаолияти билан боғлиқ ҳамда унинг мустақиллигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар мавжудлигини текшириб кўринг.


– Даромад кондуит компания (воситачи) орқали тўлансада, бироқ пировард даромадни олувчи ҳақиқатда даромад олиш ҳуқуқига эга компания бўлсачи?

– Солиқ агенти воситачига даромадларни тўлашда даромаднинг бундай ҳақиқий олувчиси ким эканлигини билса ва бу олувчи резиденти бўлган давлат билан халқаро шартнома мавжуд бўлса, бу ҳолатда СКда солиқ агенти томонидан солиқ имтиёзи қўлланилиши мумкинлиги қайд этилган .

Бунда қуйидаги ҳужжатлар сўраб олиниши керак:

1) даромад олувчининг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат ;

2) даромадларни тўлашга асос бўладиган қўшимча шартнома (контракт) ва (ёки) бошқа ҳужжатлар воситачи орқали ҳақиқий олувчи бўлган ҳар бир шахс бўйича даромад суммаси акс эттирилганда. Бундай ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

  • жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исмини (агар улар шахсини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган бўлса) ёки юридик шахснинг номини;
  • резидентлик мамлакатида солиқ рўйхатидан ўтказилган рақамини ёки шунга монанд ҳужжат рақамини (мавжуд бўлган тақдирда);
  • резидентлик мамлакатида давлат рўйхатидан ўтказилган рақамини (ёки шунга монанд ҳужжат рақамини) .

Роялти тарзидаги даромадларга келсак, дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилиши қисмидаги ўзига хос жиҳатлар ҳақидаги масалалар юзасидан кейинги материалларимизда тушунтириш берамиз.


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь