Қандай қилиб УКни тақсимланмаган фойда ҳисобига кўпайтириш мумкин

preview

Хорижий инвестор - Ўзбекистон корхонасининг ягона таъсисчиси. У устав капиталини олдинги йилларнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобига кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ҳолда УКга йўналтирилган маблағлардан дивиденд солиғини ушлаб қолиш зарурми? Буни buxgalter.uz илтимосига биноан Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бош давлат солиқ инспектори Алишер ЮЛДАШЕВ тушунтирди:

 

- Тақсимланмаган фойдани устав капиталини кўпайтиришга йўналтириш учун, ушбу маблағлар дастлаб таъсисчининг мулкига айланиши керак. Бинобарин, аввал тақсимланмаган фойдани дивидендлар сифатида тақсимлаш зарур, сўнгра таъсисчи уларни олмайди, балки устав капиталини кўпайтиришга йўналтиради. Юридик шахс таъсисчисининг ушбу юридик шахснинг ўз капитали ҳисобига УК ошган тақдирда улуш номинал қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари дивидендлар деб эътироф этилади .

Фойдани дивидендлар сифатида тақсимлаш ва уларни устав капиталини кўпайтиришга йўналтиришни таъсисчининг битта қарори билан расмийлаштириш мумкин.

Фойдани дивидендларга тақсимлашда хорижий инвесторда солиқ агенти-Ўзбекистон корхонасида норезидентлар даромадларидан олинадиган солиқ солинадиган даромад юзага келади . Солиқ ставкаси - 10% .

Шунингдек, мазкур вазиятда халқаро битимлар қоидаларини ҳисобга олиш зарур. Хусусан, Ўзбекистон ва таъсисчининг давлати ўртасида даромадларга иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида битим тузилган. Ушбу ҳужжатга асосан мазкур даромадларнинг ҳақиқий эгаси ҳисобланган инвесторга тўланадиган дивидендлар тарзидаги даромадларга Ўзбекистон Республикасида 10% ставка бўйича солиқ солинади. Шундай йўл тутиш лозим”.

 

Эътибор беринг!

Ўзбекистон ва хорижий компанияларнинг резидентлик давлатлари ўртасида тузилган халқаро шартномалар Ўзбекистон ва мазкур давлатлар миллий қонунчилиги устидан устуворликка эга.

Хорижий инвесторлар иштирокидаги вазиятларни таҳлил қилишда албатта даромад ва капиталга иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро битимларнинг қоидаларини ҳисобга олинг.

 

Мисол
Туркия инвестори Ўзбекистондаги корхонанинг УКни тақсимланмаган фойда ҳисобига кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилди
Туркия Республикаси билан Даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида битим тузилган . Унга асосан мазкур даромадларнинг ҳақиқий эгаси ҳисобланган Туркия Республикаси инвесторига тўланадиган дивидендлар тарзидаги даромадларга Ўзбекистон Республикасида 10% ставка бўйича солиқ солинади (Битимнинг 10-м. 2-қ.). Шу боис Туркия инвесторининг дивидендлар тарзидаги даромадларидан Ўзбекистонда тўлов манбаида 10% миқдорида солиқ ушлаб қолинади.