Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 09.04.1998 й. 430-сон билан рўйхатга олинган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙҲАТГА ОЛИНГАН

09.04.1998 й.

N 430



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ

ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

ТАСДИҚЛАНГАН


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ БИЛАН

05.02.1998 й.

N 12-02-1/56


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МЕҲНАТ ВАЗИРЛИГИ БИЛАН

26.01.1998 й.

N 43/02


ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ

ФЕДЕРАЦИЯСИ КЕНГАШИ БИЛАН

13.03.1998 й.

N ДЖ-07/136


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

ВАЗИРЛИГИ БИЛАН

10.02.1998 й.

N 05/70


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ БИЛАН

24.02.1998 й.

N 98/19


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БИЛАН

05.02.1998 й.

N 07/2


КЕЛИШИЛГАН



Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни

тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда кўзда тутилган тартибда қуйидаги ижтимоий суғурта бўйича нафақалар берилади:

а) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича;

б) ҳомиладорлик ва туғиш бўйича;

в) бола туғилганда;

г) дафн маросими учун.

2. 1-бандда кўрсатилган нафақалар ижтимоий суғурта жорий қилинадиган ходимларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўзда тутилган ҳолларда бошқа шахсларга ҳам берилади.

3. Умумий қоидага кўра нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш вақтида пайдо бўлса (синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) берилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, бола туғилиши, вафот этиши, ишга тушгунга қадар ёки ишдан бўшагандан кейин содир бўлса, агар ушбу Низомда бошқа қоида кўзда тутилмаган бўлса нафақалар тўланмаслиги мумкин.

4. Республика Пенсия жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари алоҳида ҳолларда, ишдан бўшагандан кейин бир ой ичида меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган бўлса, ходимга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларидаги муддатли хизмат сафидан бўшатилгандан кейин бир ой ичида касал бўлиб қолган собиқ ҳарбий хизматчига ҳам вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини беришга ва нафақа тўлашга рухсат бериши мумкин.

5. Агар меҳнат қобилияти тикланган, ногиронлик белгиланган, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган, бола туғилган ёки вафот этган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинган бўлса, нафақа берилади. Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси унга мурожаат қилинган кунгача бўлган 12 ойдан ошмаган давр учун берилади.

Ўтган давр учун нафақа (қисман ёки тўлиқ) Пенсия жамғармаси бўлинмаси ташаббуси билан (масалан: нафақа тайинлаш ва тўлашнинг тўғрилигини текшириш натижасида) ўша муддатларга риоя қилинган ҳолда тўланади.

Нафақага 6 ойдан кечикиб мурожаат қилинганда, у айрим ҳолларда фақат пенсия жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмаларининг қарорига биноан узрли сабабларнинг мавжудлигига қараб берилади.

6. Нафақалар пенсия жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тўланади. Пенсия жамғармасининг бюджети корхона, ташкилот, муассасалар, жамоа ва давлат хўжаликлари, ширкатлар ва якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларнинг мажбурий бадалларидан ҳамда тўлов ажратмаларидан ташкил топади.

Корхонанинг бадални тўламаганлиги, ходимларни ижтимоий суғурта бўйича нафақа билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

7. Ижтимоий суғурта бўйича нафақаларни тайинлаш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг тўғрилиги устидан назоратни жойлардаги Пенсия жамғармаси идоралари амалга оширадилар, бу мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши устидан назоратни юқори хўжалик ташкилотлари амалга оширадилар.



II. ВАҚТИНЧА МЕҲНАТГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК НАФАҚАСИ


8. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилади:

а) вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда (шикастланиш);

б) санатория-курортларда даволанганда;

в) касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда:

г) карантинда;

д) сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

е) ясама аъзо қўйдириш учун протез-ортопедия корхонаси касалхонасига ётқизилганда.

9. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлашда фақат белгиланган тартибда берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси асос бўлади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси асосида берилади.

10. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа меҳнат қобилияти йўқолган биринчи кундан то у тиклангунга қадар ёки тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан ногиронлик белгилангунга қадар, ҳатто бу даврда ходим ишдан бўшатилган бўлса ҳам берилади.

Узоқ вақт касал бўлганларни ТМЭК кўригига юбориш муддатлари вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини бериш тартиби тўғрисидаги қўлланмага биноан белгиланади.

11. Ишдан бўшатилганликнинг тўғри ёки нотўғрилиги масаласи тўғрисида Низо кўрилаётган даврда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланганда нафақа ишга тиклангандагина берилади. Бунда меҳнатга қобилиятсизлик даври учун нафақа ишга тикланган кундан бошлаб барча вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик кунларига берилади.

12. Олий ва ўрта махсус билим юртини, аспирантурани, клиник ординатурани ёки ҳунар-техника билим юртини тамомлаган ва белгиланган тартибда ишга юборилган шахсларга, агар уларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ишга тушишдан олдин бошланган бўлса нафақа ишга чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

13. Иш жойига бораётган даврида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланганда, агар бу даврда ходим иш ҳақи ёки суткали ёки эса кўчиш бўйича харажатларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, нафақа берилади.

14. Йиллик таътил (асосий ёки қўшимча) даврида касаллик (шикастланиш) туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасида ишдан озод қилиш кўрсатилган барча кунлар учун нафақа берилади.

Иш ҳақи сақланмаган таътилда ёки болани парваришлаш бўйича таътилда бўлган даврда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланса, нафақа берилмайди.

Агар иш ҳақи сақланмаган таътил ёки болани парваришлаш бўйича таътил тугагандан кейин ҳам меҳнатга қобилиятсизлик давом этса, нафақа ходим ишга тушиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

15. Даволаниш муассасасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш бўйича ташрих қилиниши муносабати билан нафақа умумий асосларда берилади.

16. Санатория-курортда даволанишда, агар навбатдаги ва қўшимча таътил ходимнинг санаторияга даволаниш учун етарли бўлмаса, нафақа берилади. Бундай ҳолда санатория-курортда даволанишнинг барча даври учун (йўлланма, даволаниш муддати) санаторияга бориш-келиш вақтини қўшиб, аммо ходимнинг йиллик таътилини чиқариб ташлаган ҳолда нафақа берилади.

Асосий ва қўшимча таътилдан санаторияга боришдан олдин фойдаланилган бўлса ҳам уни чиқариб ташлаган ҳолда нафақа берилади. Бу ҳолда маъмурият таътилнинг етмайдиган вақти учун иш ҳақи сақланмаган таътил беради.

Улуғ Ватан уруши ногиронларига, байналмилал жангчиларига, Чернобиль АЭСидаги фалокат оқибатларини тугатишга қатнашган шахсларга, шунингдек санаторияга даволанишни давом эттириш учун даволаш муассасаларидан ўткир миокард инфаркти билан касалланган, ташрих услуби билан юракнинг аортокоронар шунтировкаси ва аневриэмлари, ошқозоннинг ярали касаллиги, ўн икки бармоқ ичак касаллигидан даволанган ва ўт пуфагини олиб ташлашдан кейин бевосита юборилган ходимларга, шунингдек сил касаллиги билан оғриганларга нафақа санаторияда бўлган барча вақт учун берилади.

Ногирон боласини тарбиялаётган ишловчи ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола 16-ёшга тўлгунга қадар қўшимча бир кунлик дам олиш учун нафақа давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

16 ёшгача бўлган ногирон болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига (ҳомийга ёки васийга), ногирон боланинг санаторияда даволанган барча даври учун (санаторияга бориш-келиш вақтини ҳисобга олиб) унга якка тартибда парвариш зарурлиги тўғрисидаги тиббиёт хулосаси мавжуд бўлганда нафақа берилади.

17. Оиланинг касалликка чалинган аъзосини парваришлаш учун таътилга чиқилганда, агар парваришнинг йўқлиги беморнинг ҳаёти ёки саломатлигига хавф солса ва агар уни касалхонага жойлаштириш имконияти бўлмаса, нафақа берилади.

Оиланинг касал бўлган аъзосига қараш бўйича вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси бемор бировнинг қараб туришига муҳтож бўлган, лекин 7 календар кундан ошмаган давр учун берилади.

14 ёшга етмаган бемор болага қараш учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси болага парвариш керак бўлган, аммо 14 календар кундан кўп бўлмаган муддат учун берилади.

Болага қараш учун таътилда ёки иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлган ходимга мазкур бандда назарда тутилган нафақа берилмайди.

Боланинг онаси касал бўлиб болани парваришлашга қурби етмай қолган ҳолларда 3 ёшгача бўлган болани ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болани парваришлашда банд бўлган ишлаётган шахсларга нафақа берилади.

18. Карантин вақтида, агар ходим санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ўзининг атрофидаги шахсларнинг юқумли касалликлари оқибатида ишдан четлатилган бўлса, нафақа берилади.

19. Агар ходим сил касаллиги ёки касб касаллиги оқибатида ўз ишига вақтинчалик меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, аммо даволаниб бориш қоидасини бузмасдан бошқа ишни бажариши мумкин бўлса, тиббий-маслаҳат комиссияси (ТМК) хулосаси бўйича, агар бундай комиссия тузилмаган бўлса, даволановчи шифокорнинг даволаниш муассасасининг бош шифокори тасдиқлаган хулосаси бўйича у вақтинча бошқа ишга ўтказилади.

Агар вақтинчалик бошқа ишга ўтказилган ходимнинг янги ишига унинг олдинги ишидан кўра кам ҳақ тўланса, бунда ўтказилган барча вақт учун вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақаси бўйича нафақа берилади, аммо у икки ойдан кўп бўлмаслиги лозим. Нафақа умумий қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади, лекин унинг миқдори бажараётган иши учун олаётган иш ҳақи билан биргаликда янги ишга ўтказилгунгача бўлган тўла иш ҳақининг миқдоридан ошмаслиги керак. Барча ҳолларда нафақа миқдори, агар у бошқа ишга ўтказилмаганда тўланиши лозим бўлган нафақа миқдоридан ошмаслиги керак.

Бунда касб касаллиги оқибатида бошқа ишга ўтказилган шахсларга нафақа, агар у амалдаги қонунга биноан аввалги иш ҳақи билан янги ишдаги иш ҳақи ўртасидаги фарқни корхонадан олиш ҳуқуқига эга бўлмаса берилади.

Агар маъмурият томонидан вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақасида кўрсатилган муддатда бошқа иш берилмаса, бунинг оқибатида ўтказиб юборилган кунлар учун нафақа умумий асосларда берилади.

20. Протез-ортопедия корхонасининг касалхонасига жойлашганда касалхонада бўлган вақт учун ва касалхонага келиб-кетиш вақти учун нафақа тўланади.

21. Мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд бўлган ходимларга меҳнат жароҳати ёки касб касаллиги оқибатидаги вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа умумий асосларда, бошқа сабаблар оқибатидаги вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа мавсумий ёки вақтинчалик иш тўғрисида тузилган меҳнат шартномасида кўрсатилган иш кунлари доирасида тўланади.

22. Ишлаётган ногиронларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа, меҳнатда жароҳатланиш ҳодисалари ёки касб касаллигидан ташқари, кетма-кет икки ойдан ва календар йилда уч ойдан ошмаган муддатга берилади.

Ватан урушининг ишловчи ногиронларига ва имтиёзлари жиҳатидан Ватан уруши ногиронларига тенглаштирилган бошқа ногиронларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, меҳнат жароҳатлари ҳодисалари ёки касб касаллигидан ташқари, кетма-кет тўрт ойгача ёки календарь йилда беш ойгача берилади.

Чернобиль АЭСидаги фалокат ёки унинг оқибатларини тугатиш бўйича ишларни бажариш билан боғлиқ ногиронлиги аниқланган ногиронларга ҳам нафақа ана шу муддатлар доирасида берилади.

Агар ишловчи ногироннинг вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлиги меҳнат жароҳати ёки касб касаллиги туфайли юз берса, нафақа у тўла соғайгунча ёки меҳнат жароҳати ёхуд касб касаллиги билан боғлиқ ногиронлик гуруҳи қайта кўриб чиқилгунга қадар тўланади.

Сил касаллиги оқибатида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа тўла соғайгунча ёки кўпи билан 10 ойга берилади.

Сил касаллиги билан қайта касалланганда ёки сил касаллиги оқибатида ногирон деб аниқланган ходимларга мазкур касаллик бўйича нафақа кўпи билан 6 ойга берилади.

Белгиланган муддатда ТМЭК кўригидан қайта ўтиш учун келмаган ногиронга мазкур бандда белгиланган муддат мобайнида нафақа тўланади.

23. Ходимларни қонун билан белгиланган ҳолларда, шунингдек, ҳарбий хизматга чақиришда, шу жумладан даволаш муассасасининг касалхонасига жойлаштириб, даврий тиббий кўрикдан ўтказиш вақти учун нафақа берилмайди.

24. Иш вақтинча тўхтатилган даврда, ҳарбий ўқув ёки текширув йиғини ёҳуд ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътил даврида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ҳолда ходим кўрсатилган давр тугагандан кейин ишга тушиш лозим бўлган кундан бошлаб нафақа берилади.

25. Ходим ишдан (лавозимдан) четлаштириб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаган даврда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган бўлса, нафақа берилмайди. Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ходим ишга қўйилганидан кейин ҳам давом этса, ишга тушиши лозим бўлган кундан бошлаб нафақа берилади.

26. Қуйидаги ҳолларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа берилмайди:

а) ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёҳуд ўзини касалликка солган ходимларга. Уларга илгари тўланган нафақа суд қарори асосида ундириб олинади;

б) гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек, спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш оқибатида бошланган касалликлар ёки жароҳатлар туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик;

в) жиноят содир қилиш вақтида олинган жароҳатлар оқибатида бошланган ходимларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизликда (Низомнинг 86-бандида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари);

г) суд қарори асосида мажбурий даволаш вақти учун (руҳий касалликлардан ташқари);

д) ҳибсда бўлган давр учун ва суд-тиббиёт экспертизаси вақти учун.

27. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланишидан олдин узрсиз сабабларга кўра ишга келмаган, улар учун шифокор белгилаган тартибни бузган ёки узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда шифокор кўригига ёки тиббий-меҳнат экспертизаси комиссиясига (ТМЭК) келмаган ходимлар, қоидани бузиш рўй берган кундан бошлаб корхона, ташкилот ва муассасанинг нафақа тайинловчи ижтимоий суғурта бўйича комиссияси белгилайдиган муддатга нафақадан маҳрум қилинадилар.

Хусусий меҳнат билан шуғулланувчи, шу жумладан хусусий (гуруҳ) ижара шароитида ёки шахсий деҳқон хўжалигида меҳнат қилувчи, Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўламаган, шифокор белгилаган тартибни, шунингдек тиббий кўрикдан ҳамда тиббий-меҳнат экспертизаси кўригидан ўтиш муддатларини бузган шахслар бузиш содир бўлган кундан бошлаб Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлими томонидан белгиланган муддатгача нафақадан маҳрум қилинадилар.



III. НАФАҚА МИҚДОРИ


28. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа:

а) Иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида:

меҳнатдан майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ходимларга;

умумий меҳнат стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга;

қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;

ишлаётган Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига, байналмилал жангчиларга ва имтиёз жиҳатидан уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;

Чернобиль АЭСидаги фалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;

Чернобиль фалокати оқибатида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилиш органлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без касалликлари (аденома, рак), хавфли ўсмалар билан касалланган ходимларга;


б) Иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида:

умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга;

21 ёшга етмаган сағир етим ходимларга;


в) Иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида:

умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга.

29. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа мазкур Низомнинг 4-бандига биноан тайинланганда қуйидагича берилади:

а) муддатли хизматдан бўшагандан кейин касал бўлганда белгиланган минимал иш ҳақи миқдорида;

б) сил касаллиги билан касалланганда  мазкур Низомнинг 28-бандида белгиланган миқдорларда;

в) бошқа ҳолларда  иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

30. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа, барча ҳолларда, минимал иш ҳақидан кам бўлмаслиги ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган тармоқлар учун белгиланган туман коэффициентини ҳам ҳисобга олиб ва нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақидан юқори бўлмаслиги лозим.

31. Нафақа миқдори вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган кунгача, меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат асосида ҳисобланган умумий иш стажига мувофиқ аниқланади.



Ижтимоий суғурта бўйича нафақаларни тайинлаш учун

умумий меҳнат стажини аниқлаш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


32. Умумий меҳнат стажи белгиланган тартибда берилган меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат бўйича, шунингдек Пенсия жамғармаси органлари берган маълумотномалар асосида аниқланади.

Умумий меҳнат стажи тўғрисидаги ҳужжатлар бўлмаганда иш даври гувоҳлар кўрсатмаси асосида белгиланади.

Табиий офат, фалокат, фожиа ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар туфайли иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ёки қисман сақланмаган бўлса, иш стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимиятлари томонидан тузиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Қисман сақланган ҳужжатлар ҳамда гувоҳлар кўрсатмалари асосида айтиб ўтилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари ҳужжатлар билан тасдиқланган иш даври сингари ижтимоий суғурта бўйича нафақа олиш ҳуқуқини берадиган умумий иш стажига ҳисобланади.

Табдиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шасхларнинг иш даври Пенсия жамғармаси органлари томонидан суғурта бадалларини тўлаганлик тўғрисида берилган маълумотномалар асосида ҳисобланади.



II. УМУМИЙ ИШ СТАЖИНИ ҲИСОБЛАШ


33. Умумий иш стажига қуйидагилар ҳисобланади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса.

1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стижини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишлаган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади.

Ижодий фаолият билан шуғулланувчи ходимларга иш стажи ижодий уюшмалар бошқаруви томонидан, унинг биринчи босилган ёки дастлабки ижро этган ёҳуд мазкур муаллифнинг асари биринчи марта оммага кўрсатилган кундан бошлаб, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаб турган бўлса, иш стажига ҳисобланади:

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда бирлашмаларида бўлган давр, ички ишлар органлари ҳамда миллий хавфсизлик органларидаги хизмат даври;

в) ҳарбийлаштирилган соқчилик, махсус алоқа органлари ҳамда тоғ-қутқарув қисмларидаги хизмат даври қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар;

г) диний ташкилотларда ишлаган давр, агар улар Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаб келган бўлсалар;

д) тадбиркорлик фаолияти, агар улар Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаб келган бўлсалар;

з) алоҳида фуқароларга ёлланиб ишлаган давр (уй ходимлари, котибалар, энагалар, шофёрлар, қоровуллар), агар улар Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаб келган бўлсалар;

ж) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлган ва маҳбусликни ўтаган даври.

34. Алоҳида фуқароларнинг қисқа муддатли, тасодифий ва майда ишларни бажарганлик учун олган иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига бадал тўланмаган бўлса, иш стажига ҳисобланмайди.



III. ФУҚАРОЛАРНИНГ АЛОҲИДА ТОИФАЛАРИГА

ИШ СТАЖИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


35. Саноатнинг мавсумий тармоқларидаги корхона ва ташкилотларда банд бўлган ходимларга мавсум давомидаги иш бир йилга ҳисобланади, мавсумда тўлиқ ишланмаган бўлса, ҳақиқий ишланган давр ҳисобга олинади.

Чет элда ишланган иш даври, агар Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўлаб келинган бўлса ва давлатлараро битимларда бошқа ҳолат кўзда тутилмаган бўлса, иш стажига ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда ёлланиб (битим асосида) ишлаган иш даври Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги кўчманчи меҳнаткашлар ишлари бўйича Агентлик томонидан меҳнат дафтарчасига киритилган ёзувлар бўйича, агар Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаб келинган бўлса, иш стажига ҳисобланади.



IV. ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА НАФАҚА


36. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақаси ишловчи аёлларга жами 126 календарь кун муддатга берилади. Туғиш қийин кечган ёки икки ёҳуд ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақаси 140 календарь кун муддатига берилади.

37. Аёл бола ташлаганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа умумий асосларда берилади.

38. Белгиланган тартибда берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тайинлаш учун асос бўлади.

39. Ишдан бўшатилишнинг тўғрилиги ҳақида бахс кетаётган даврда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил беришда нафақа ишга қайта тиклангач берилади. Бунда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил вақти учун нафақа ишга қайта тиклаш тўғрисида қарор чиққан кундан берилади.

40. Олий ёки ўрта махсус ўқув юртини, аспирантурани, клиник ординатурани ёҳуд ҳунар-техника билим юртини тамомлаган ва белгиланган тартибда ишга юборилган аёлларга ишни бошлагунга қадар ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилган ҳолда, ишга келиши белгиланган кундан бошлаб нафақа берилади.

41. Ишни вақтинчалик тўхтатиш ёки ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътил даврида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилган ҳолда, кўрсатилган давр тугагандан кейин аёл ишга тушиши лозим бўлган кундан бошлаб нафақа берилади.

42. Йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда бўлиш вақтида, болани парваришлаш учун таътилда, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча қобилиятсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси туманлар ҳамда жойларда белгиланган иш билан боғлиқ олинадиган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олинган ҳолда олинади.

43. Иш ҳақи тўлаш тўхтатилиб, ишдан (лавозимдан) четлаштириш оқибатида аёл ишламаган даврда, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилган ҳолда нафақа берилмайди. Агар ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил ишга қўйилгандан кейин ҳам давом этадиган бўлса, нафақа у ишга тушиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

44. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади, шу жумладан, мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ нафақа тайинланганда ҳам 100 фоиз миқдорда берилади.



V. БОЛА ТУҒИЛГАНДА БЕРИЛАДИГАН НАФАҚА


45. Ишлаётган аёлларга, шунингдек ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ёки ўрта махсус ўқув юртларда, аспирантура, клиник ординатурада ёҳуд ҳунар-техника билим юртларида, кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш курсларида ва мактабларида таҳсил олаётган аёлларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган ойлик минимал иш ҳақининг икки баравари миқдорида берилади.

Иш ҳақига коэффициент қўлланиладиган туманлар ва жойларда яшовчиларга нафақа ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган тармоқ ходимлари учун қўлланиладиган коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

46. Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёҳуд ота-она ўрнини босувчи шахсларга, иш ҳақи ёки стипендиянинг миқдоридан қатъи назар тўланади.

Ишламайдиган ва ўқимайдиган ёлғиз оналарга бола туғилганда нафақа ижтимоий таъминот органлари орқали тўланади.

47. Фарзандликка олинган болаларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа умумий асосларда берилади.

48. Агар аёл ҳомиладорлик бўйича таътил даврида ишдан бўшаган, шу давр мобайнида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа олган бўлса, бир марталик нафақа умумий асосларда берилади.

49. Мазкур Низомнинг 46-бандининг биринчи хат бошида кўзда тутилган ҳолларда бола туғилганда бериладиган нафақа бола отанинг ўлимидан кейин туғилса ҳам берилади. Ўлим кунидан бола туғилгунга қадар 10 ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, шахс боланинг отаси ҳисобланади.

50. Бола ўлик туғилса, бола туғилганда бериладиган нафақа берилмайди.



VI. ДАФН ҚИЛИШ УЧУН НАФАҚА


51. Дафн қилиш учун нафақа ходим вафот этганда ёки ходимнинг қарамоғида бўлган қуйидаги оила аъзолари вафот этганда берилади.

а) турмуш ўртоғи;

б) 18 ёшга тўлмаган ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсиз (ёшидан қатъи назар) болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари;

в) ота-онаси;

г) бобоси ва буваси.

Яшаш учун мустақил маблағ манбаига эга бўлган (иш ҳақи, пенсия, стипендия олувчи, жамоа хўжалигининг меҳнатга қобилиятли аъзолари ҳисобланувчи ва ҳоказо) оила аъзолари қарамоғида турган ҳисобланмайди.

52. Ходим вафот этганда дафн қилиш учун нафақа унинг оила аъзоларига ёки дафнни ўтказишни ўз зиммасига олган шахсларга берилади.

Оиланинг вафот этган аъзосини дафн қилиш учун нафақа ишловчи ходимга берилади.

53. Аёл бола ташлаган ҳолда дафн қилиш учун нафақа берилмайди.

54. Дафн қилиш учун нафақа энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида берилади.

Иш ҳақига коэффициент белгиланган туманлар ва жойларда нафақа миқдори ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган тармоқлари учун белгиланган туман коэффициентини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

55. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ходим вафот этган ёки унинг оила аъзоси вафот этган тақдирда дафн қилиш учун нафақа, агар унга сўнгги иш ҳақи тўланган кундан бир ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса берилади.

56. Олий ёки ўрта махсус ўқув юртларида, аспирантурада, клиник ординатурада ёҳуд ҳунар-техника билим юртларида таҳсил олаётган шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари вафот этган тақдирда дафн қилиш учун нафақа ходимлар учун мазкур Низомда белгиланган қоидаларга мувофиқ ва миқдорда берилади.

Мактаблар, курсларнинг (кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва тайёрлаш бўйича ўқув-курс комбинатлари, шунингдек малака ошириш институтлари) ўқувчилари ва тингловчилари ёки уларнинг оила аъзолари вафот этганда, агар улар курсларга, мактабларга (институтларга) корхона томонидан юборилган бўлсалар ва уларнинг ўқиш давридаги иш ҳақи тўла ёки қисман сақланиб қолган бўлса, дафн қилиш учун нафақа умумий асосларда берилади.



VII. ВАҚТИНЧА МЕҲНАТГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК,

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА

НАФАҚАЛАРНИ ҲИСОБЛАШ


57. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

58. Жамоа хўжалиги аъзолари иш ҳақига жамоа хўжалиги иштирокчиси бўлган жамоа хўжаликлараро ташкилотда, жамоа хўжалиги учун иш бажарувчи давлат ташкилотида ишлаганлик учун олинадиган иш ҳақи, агар бу ташкилотларга жамоа хўжалиги аъзоси маълум муддатда жамоа хўжалиги бошқарувининг қарори билан юборилган бўлса қўшилади. Уларга меҳнат ҳақи ҳисобидан берилган маҳсулот давлат харид нархлари бўйича баҳоланади.

59. Суғурта бадали ҳисобланмайдиган иш ҳақи турлари Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли қарори билан тасдиқланган суғурта бадаллари ҳисобланмайдиган иш ҳақи ва бошқа тўловлар турлари рўйхати билан аниқланади.

60. Нафақаларни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг барча турлари, шу жумладан мазкур ойда иш ҳақи билан биргаликда тўланадиган ойлик мукофотлар уларнинг ҳақиқатда олинган вақти бўйича эмас, балки улар ҳисоблаб ёзилган вақт бўйича иш ҳақига қўшилади.

"Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми, нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб ўртача ойлик, кунлик иш ҳақи миқдори аниқланади. (Эслатма: кейинчалик бир ойдан ошган иш даври учун тўланадиган қўшимчалар "Мукофотлар" деб аталади)".

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги сабабли тўла ишламаган, ҳомиладорлик ва туғиш, бола уч ёшга тўлгунга қадар болага қараш таътилида бўлган, ҳарбий ўқув ёки синов йиғинларида ёки бошқа корхонада ишлаш учун юборилган ойлар мукофот суммаси бўлинадиган ойлардан чиқариб ташланади. Агар ҳисоблаш учун уч ойдан кам бўлган давр олинса, ҳар бир ойда чорак мукофотининг учдан биридан кўп бўлмаган қисми ҳисобга олинади.

61. Аввалги ёки жорий календарь йилда ишга кирган ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошлангунга қадар иш даврида ҳисобланган мукофотлар ҳисобга олинади, лекин у дастлабки 12 ойдагидан кўп бўлмайди ва уларнинг йиғиндиси мана шу ойлар сонига бўлинади. Агар мукофотлаш тизими мазкур корхонада янгидан жорий этилган бўлса ҳамда тўла бўлмаган календарь йили амал қилса, шунингдек корхонада ёки аниқ ходимда мукофотлаш шартлари шартлари ва тартиби ўзгарса, мукофотлар юқоридаги тартибда ҳисобга олинади.

62. Меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ходимларга нафақа ҳисоблаб чиқаришда ойлик иш ҳақи вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган кунгача олиб келинган доимий равишда олинган қўшимча ва устамаларни қўшган ҳолда кунлик ёки соатбай тариф ставкаси ва мазкур Низомнинг 60-61-бандларига биноан ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик (ўртача кунлик, ўртача соатбай) мукофотлар суммаси ҳисобга олинади.

Агар ходим тўлиқ бўлмаган мансаб маошини олса, нафақа ҳам маошнинг ҳақиқатда олинадиган қисми асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Нафақани ҳисоблаб чиқариш учун ўртача кунлик иш ҳақи мазкур бандда кўрсатилган иш ҳақи суммасини вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик рўй берган ойдаги барча иш кунларига (жадвал бўйича) бўлиш йўли билан аниқланади. (Эслатма: ушбу ва кейинги барча ҳолларда иш вақти соатлари нормаси доирасида тузилган иш графиги назарда тутилади).

Кунлик нафақа ўртача кунлик иш ҳақига асосланган ҳолда ва тайинланган нафақа миқдорининг иш ҳақига фоизлигига боғлиқ (ушбу Низомнинг 28,29,44-бандлари) ҳолда ҳисобланади.

Нафақанинг умумий суммаси кунлик нафақани ушбу ойда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик туфайли (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) ишга келмаган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

63. Ишбай иш ҳақи олувчи ходимларга нафақа уларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойнинг биринчи кунидан олдинги сўнгги календарь ойдаги иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ойлик иш ҳақига ушбу Низомнинг 60, 61-бандларига биноан ҳисоблаб чиқарилган мукофотларнинг ўртача суммаси қўшиб ҳисобланади.

Агар кўрсатиб ўтилган ойда ходим тўлиқ ишламаган бўлса (масалан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик туфайли), нафақа меҳнатга қобилиятсизлик ойидаги ҳақиқий ишланган кунлари учун иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Агар кўрсатилган ойдан ходим иш ҳақи олмаган бўлса (масалан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик туфайли), нафақа меҳнатга қобилиятсизлик ойидаги ҳақиқий ишланган кунлар учун иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Ушбу бандда назарда тутилган нафақа ҳисоблаб чиқариш тартиби иш ҳақи миқдори ишлаб чиқаришга боғлиқ бўлган, шунингдек вақтбай меҳнат ҳақи олувчи, ушбу ойнинг иш ҳақи билан биргаликда ойлик мукофоти олувчи ходимларга нисбатан ҳам қўлланади.

Нафақани ҳисоблаб чиқариш учун ўртача кунлик иш ҳақи Низомнинг ушбу банди ҳамда 65-бандида кўрсатилган иш ҳақини ушбу иш ҳақи олинган даврдаги жадвал бўйича барча иш кунлари сонига таққослаш йўли билан аниқланади. Бунда иш ҳақи тақсимланадиган иш кунлари сонига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик кунлари, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, навбатдаги ва қўшимча таътиллар, шунингдек озод этилган кунлар қўшилмайди.

Кунлик нафақа ўртача кунлик иш ҳақига асосланган ҳолда ва тайинланган нафақа миқдорининг иш ҳақига фоизлигига боғлиқ (ушбу Низомнинг 28, 29, 44-бандлари талабини эътиборга олган) ҳолда ҳисобланади. Нафақанинг умумий суммаси кунлик нафақани вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили туфайли ишга келмаган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

64. Жамоа хўжалиги аъзоларига, шу жумладан механизаторлар ва мутахассисларга нафақа умумий асосларда ҳисоблаб чиқарилади.

Агар жамоа хўжалигида кейинчалик ҳисоб-китоб қилинадиган (давр бўйича, йил охирида) авансли ҳақ тўлаш амалга оширилса, нафақ вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) бошланган кунгача олинган авансдан ҳисоблаб чиқарилади, ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин эса жамоа хўжалиги аъзосига иш ҳақи бўйича нафақани қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилади.

Агар меҳнатга ҳақ тўлаш пул билан берилмасдан, меҳнат кунлари ёзилса, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари) меҳнат кунлари бўйича ҳақ тўланадиган кунгача бошланса, нафақа эгг кам иш ҳақидан тўланади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилиниб берилади.

65. Агар нафақани ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи асос қилиб олинадиган вақт мобайнида ходимнинг иш ҳақи миқдори ўзгарса, нафақани ҳисоблашда иш ҳақи ўзгарган кундан бошлаб тўланган иш ҳақи олинади.

Ходим узрли сабабларга кўра иш ҳақига эга бўлмаган, амалдаги қоидаларга мувофиқ иш ҳақидан нафақа ҳисоблаб чиқарилиши лозим бўлган ҳолларда нафақа тариф ставкаси (лавозим маоши) ва мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши лозим. Бунда тариф ставкаси ёки энг кам иш ҳақи туман коэффициенти ва устамалар белгиланган туманлар ва жойларда ишлаганлик учун бериладиган устамаларни ҳисобга олган ҳолда асос қилиб олинади.

66. Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади.

Агар нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақига қўшимча ҳақ ҳисобланган бўлса, нафақа ҳам тегишли равишда ошади.

67. Агар ходим штатдаги асосий иш бўйича тўла мансаб маоши олмаса ва шу туфайли у ўша ёки бошқа корхонада ўриндошлик билан ишласа, нафақа ҳар иккала иш жойидаги умумий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

68. Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили вақтинчалик ишда бўлмаган ходимни алмаштириш даврида бошланган бўлса ва агар шу муносабат билан вақтинча ишламаганнинг ўрнида ишлаганга юқорироқ иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади, лекин у ўрнига ишлаб туриш давом этиши керак бўлган кунидан ошмаслиги лозим, агар бундай кун белгиланмаган бўлса  вақтинча ишда бўлмаган ходим ишга киришган кундан ошмаслиги лозим.

69. Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили иш вақтида бошланган бўлса ва корхона, цех, бўлимнинг ишни вақтинча тўхтатиши даврида давом этса, иш тўхтаган давр учун нафақа ўша касб ва малакага эга бўлган ходимларга мана шу давр учун тўланадиган иш ҳақи миқдорида берилади, лекин у ушбу нафақани ҳисоблаб чиқаришнинг умумий қоидалари бўйича олиши керак бўлган нафақадан ошмаслиги лозим.

Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ишнинг вақтинча тўхташи даврида бошланган бўлса, иш тўхтаган давр учун нафақа Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг белгиланган 155-моддасида иш тўхтаган даврда сақланадиган иш ҳақи миқдорида берилади.

70. Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили (қачон бошланишидан қатъи назар) корхона (цех, бўлим)нинг ишга туширилишидан ёки тугатилишидан кейин ҳам давом этса, ишга туширилгандан ёки тугатилган кундан бошлаб нафақа ходим иш тўхтатунга қадар олган иш ҳақи ҳисоб-китобидан келиб чиққан ҳолда берилади.

71. Агар ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини иш ҳақига устамалар белгиланган туманларда ишлаш даврида олган бўлса, бу туманлар ва жойлардан ташқарида бўлган вақт учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа (шу жумладан меҳнат жароҳати олиш ёки ксаб касаллиги муносабати билан) устамалар ҳисобга олинмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ушбу қоида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаб чиқаришда қўлланилмайди.

72. Иш ҳақига устама ёки муайян муддатга ёҳуд муайян жойда вақтинчалик бўлганлиги учун иш ҳақига оширилган коэффициент белгиланган ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа бу устама ёки коэффициент ҳисобга олинган ҳолда устама ёҳуд оширилган коэффициент белгиланган кунгача, ё эса вақтинчалик бўлганлиги муносабати билан улар тўланган жойдан чиқиб кетган кунгача берилади.

Нафақа ойига бир марта вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик давридаги иш кунлари тўғри келган ойнинг иккинчи ярми иш ҳақи билан бирга тўланади.



VIII. МЕҲНАТКАШЛАРНИНГ АЛОҲИДА ТОИФАЛАРИГА

НАФАҚАЛАР ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШНИНГ ТАРТИБИ


73. Газеталар ва журналлар, телеграф агентликлари, хаборот агентликлари, нашриётлар, радио ва телевидениенинг ижодий ходимларига муаллифлик (саҳналаштирганлик учун) мукофоти ҳам ҳисобга олиниб иш ҳақи тўлаш ёки муаллифлик иши учун оладиган мукофотидан келиб чиқадиган ставка бўйича ҳақ тўлаш амалга ошириладиган бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ходимларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси суғурта бадали жорий қилиниб, муаллифлик (саҳналаштирганлик учун) мукофотини ҳам ҳисобга олган ҳолда мазкур корхона, ташкилот ва муассасада тўланган ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Муаллифлик (саҳналаштирганлик учун) мукофоти ўртача иш ҳақига ушбу Низомнинг 60-бандида баён қилинган қоидалар бўйича қўшилади.

74. Маълум нормадаги ишни бажарганларидан сўнг мансаб маошини олувчи ходимларга (артистлар ва бошқалар) нафақа, шу жумладан, меҳнатда майибланганлик, касб касаллиги, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойнинг биринчи санасидан олдинги календарь ойидаги иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

75. Иш шароитларига кўра йилнинг турли даврлари бўйича турлича иш ҳақлари белгиланган тақдирда (денгиз, дарё флоти ва балиқчилик саноати флоти экипажлари аъзоларидан ташқари), нафақа ходим ўз иш жойида қолган тақдирда оладиган иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик маълум бир даврда бошланиб иккинчи даврда давом этган тақдирда иккинчи даврнинг иш ҳақи бўйича нафақа ишловчилар учун иш ҳақи ўзгарган муддатдан бошлаб тўланади. Меҳнатга ишбай асосида ҳақ тўлаганда юқорида қайд этилган ҳолларнинг иккинчи даври учун нафақа ишбайчининг тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Дарё флоти ҳамда балиқ саноати флоти экипажлари аъзоларига нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган йилдан олдинги календарь йилдаги ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик собир бўлган йилда ишга кирган шахсларга, шунингдек тўлиқ календарь йил ишламаганлар учун нафақа ҳисоблаб чиқаришда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик содир бўлган даврдан олдинги вақтдаги иш ҳақи инобатга олинади.

Кунлик ўртача иш ҳақи миқдори ўтган йил давомида олинган иш ҳақи йиғиндисини ўша йилнинг календарь кунларига тақсимланган ҳолда белгиланади. Бунда йиллик иш ҳақи бўлинадиган кунлардан байрам ва дам олиш кунлари, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўлган кунлар, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътиллар, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳоллар бўйича ишдан озод қилинган кунлар олиб ташланади.

Бошқа дам олиш кунлари (отгул) учун нафақа лавозим маошидан (тариф ставкасидан) келиб чиққан ҳолда тўланади.

Денгиз ва дарё флотлари, балиқ саноати флоти экипажларининг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) кунлари ҳақ тўланмайдиган захирада (резервда) бўлган даврга тўғри келган ҳолларда нафақа тўланмайди.

76. Иш соатларини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлмаган ходимларга (уйда ишловчиларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, иккиламчи ва бошқа хил ашёларнинг штатли тайёрловчиларига, озиқ-овқат чиқиндиларини йиғувчиларга, тарқатма ва ташиш савдоси сотувчиларига, суратга олиш корхоналари агентларига ва бошқа шундай тоифадаги ходимларга (ишга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан тайинланадиган нафақа сўнгги 12 ой иш мобайнидаги кунлик ўртача иш ҳақи миқдоридан келиб чиққин ҳолда белгиланади.

Ушбу корхонада 12 ойдан кам ишлаган шахсларга нафақалар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган таътилга қадар ишланган вақтнинг кунлик ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Кунлик ўртача иш ҳақи юқорида айтиб ўтилган давр учун тайинланган ҳақиқий иш ҳақини мазкур даврнинг календарь кунларига бўлиб чиқиш билан аниқланади. Бунда иш ҳақи бўлинаётган кунлар ҳисобига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик кунлари, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, асосий ва қўшимча таътиллар, шунингдек, амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган ишдан озод қилиш кунлари қўшилмайди.

Кунлик тариф ставкаси соатбай тариф ставкасини 40 га кўпайтириш ва ҳосил бўлган суммани 7 га бўлиш йўли билан аниқланади, кунлик ҳисоб-китоб ставкаси ёки кунлик ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб ставкасини ойнинг нафақа тўланадиган барча календарь кунларига бўлиб чиқиш билан аниқланади.

Нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган таътилнинг барча календарь кунларига тўланади.

77. Штатсиз ходимлар, агар улар меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бўлсалар, ижтимоий суғурта бўйича нафақа билан таъминланадилар.

Барча ҳолларда штатсиз ходимларга нафақалар мазкур Низомнинг 63-бандида ишбай иш ҳақи олувчи ходимлар учун белгиланган қоидалар бўйича ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Ишга чиқиш графиги ўрнатилмаган штатсиз ходимларга нафақа мазкур Низомнинг 76-бандида белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

Соатбай меҳнати учун иш ҳақи оладиган штатсиз ходимларга (ўқув юртлари, курсларнинг ўқитувчилари, тўгараклар раҳбарлари ва ҳоказолар) нафақалар ҳар соат учун тўланган тўловлардан келиб чиқиб белгиланади ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили муносабати билан (жадвал) бўйича қолдирилган иш соатлари учун тўланади.

78. Адвокатларга  адвокатлар коллегияси аъзоларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси мазкур Низомнинг 63-бандида ишбай иш ҳақи олувчи ходимлар учун белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

79. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аккорд-мукофот тизими бўйича етиштирувчи давлат хўжалиги, жамоа хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бажараётган ишлари ва олаётган ҳақлари ҳисоб-китоб қилиб борилаётган ходимларгагина берилади. Барча ҳолларда шу жумладан меҳнат жароҳати олганда, касб касаллигига дучор бўлганда, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан таътилга чиқилганда нафақа бажараётган мазкур ишлар учун тўланадиган ҳақиқий иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Нафақа ҳисоблаб чиқаришда ўртача кунлик иш ҳақи нафақани ҳисоблаб чиқариш учун олинган иш ҳақини (Низомнинг 63-банди) иш ҳақи олинган даврдаги календарь кунлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади. Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) кунлари олиб ташланади.

Нафақа календарь кунлари учун тўланади.

Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) қишлоқ хўжалик экинларини парвариш қилиш бошланган даврга тўғри келганда ва бу ишлар тамом бўлганидан сўнг давом этган тақдирда кўрсатилган даврнинг тугаш кунидан бошлаб мазкур Низомнинг 75-бандига биноан ходим бу давр мобайнида бажариши лозим бўлган ишнинг тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда нафақа ҳисоблаб чиқарилади.

Қишлоқ хўжалиги экинларини парвариш қилиш даври тугаганидан кейин ходим ишламаслиги керак бўлганда нафақа тўлаш тўхтатилади.

80. Якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи, шу жумладан хусусий ижара (гуруҳ) шароитида ёки шахсий ёрдамчи деҳқон (фермер) хўжалигида банд бўлган ходимларга шунингдек, алоҳида фуқаролар қўлида шартнома асосида уларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлаётган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳисоблаб чиқаришда ўтган йилда Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари суммасидан келиб чиқиб аниқланган иш ҳақи асос қилиб олинади.

Ўтган йилда суғурта бадаллари тўланмаган бўлса, (якка меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилардан ташқари) кўрсатиб ўтилган ходимларга нафақа энг кам иш ҳақи миқдорида белгиланади ва у кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.

81. Асосий иш жойида иш ҳақини тўла ёки қисман сақлаб қолинган ҳолда қишлоқ хўжалигида ёки бошқа корхоналарда ишларни бажариш учун юборилган ходимларга айни вақт ичида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳоллари рўй берганлиги туфайли тўланадиган нафақанинг миқдори, улар мазкур ишларни бажаришга юборилган пайтда асосий иш жойларида олган иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади ва нафақа асосий иш жойидан умумий асосларда тўланади.

82. Мактабларнинг, курсларнинг (малака ошириш), ходимлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув-курс комбинатларининг, шунингдек малака ошириш институтларининг тингловчиларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар улар курсларга, мактабларга, (институтларга) корхона томонидан юборилганда ва ўқиш даврида уларнинг иш ҳақлари тўлиқ ёки қисман сақланган тақдирда умумий асосларда берилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақанинг миқдори ўқув даврида, стипендияни ҳисобга олмаган ҳолда, уларнинг сақланадиган иш ҳақлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

83. Ишлаб чиқариш практикаси даврида иш ҳақи тўланадиган иш жойларига ёки лавозимларга тайинланган олий ўқув юртлари талабаларига, ўрта махсус, ҳунар-техника билим юртлари, умумий таълим мактаблари ўқувчиларига ишлаб чиқариш практикасини ўташ кунларига тўғри келган вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик ҳоллари содир бўлганда ёки ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан берилган таътиллар бўйича уларга нафақалар ишлаб чиқариш практикасини ўтаётган жойларидан умумий қоида асосида тўланади, аммо ишлаб чиқариш практикаси давом этиши лозим бўлган кундан кўп бўлмаган давр учун тўланади.

Қурилиш объектларида ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларида ишлаш учун тузилган мазкур банднинг биринчи хат бошида кўрсатиб ўтилган шахслар жумласидан бўлган талабалар отрядларининг аъзоларига улар отрядларда ишлаб юрган даврда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган бўлса, нафақа отрядда олган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушбу Низомнинг 21-бандида кўзда тутилган муддатларда иш жойидан берилади.

Талабалар отрядларидан ташқари бошқа ишларга юборилган олий ўқув юртлари талабаларига, ўрта махсус, ҳунар-техника билим юртлари, умумтаълим мактаблари ўқувчиларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик учун тўланадиган нафақа миқдори улар олаётган иш ҳақлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Барча ҳолларда, шу жумладан меҳнатда жароҳат олганда, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик кунлари учун иш жойидан нафақа берилади.

Нафақа фақат кўрсатилган ишларни бажариш даври мобайнида тўланади холос.

84. Олий ва ўрта махсус билим юртларини, клиник ординатурани, ҳунар-техника билим юртини тугатган ва белгиланган тартибда ишга юборилган шахсларга (Низомнинг 12 ва 41-бандлари) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг миқдори умумий қоидалар бўйича аниқланади, ҳисоблаб чиқариш эса уларнинг эгаллашлари лозим бўлган лавозим маошларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

85. Аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шасхларга нафақа умумий асосларда берилади. Бунда аввалги иш жойларида жазони ўтаётган шахсларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа миқдори жазони ўташ бошланишига қадар бўлган умумий иш стажига қараб белгиланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан мазкур шахсларга бериладиган нафақалар суд ҳукми билан уларнинг иш ҳақларидан ундиришлар ушлаб қолинган ҳолда амалга оширилади.



IX. НАФАҚАЛАРНИ ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ


86. Нафақалар ходимнинг иш жойидан (унинг меҳнат дафтарчаси сақланаётган жойда) корхона, ташкилот ёки муассасаларнинг Ижтимоий суғурта бўйича комиссияси ёки шу иш учун вакил қилинган комиссия аъзоси томонидан тайинланади. Комиссия, унинг таркиби ва аъзолари сони, раиси корхона, ташкилот, муассаса раҳбарнинг буйруғи ёки хўжалик бошқарувининг қарори билан тасдиқланади.

Комиссия жароҳатланиш, касб касаллигига чалинган ҳолларида нафақа тайинлайди. У нафақа тўлашни рад этиш, нафақадан маҳрум этиш (тўлиқ ёки қисман) ёки нафақа олиш ҳуқуқи юзасидан келиб чиққан низолар бўйича, нафақанинг миқдори ҳақида қарор чиқаради. У беморнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси ва бошқа ҳужжатларининг асосли равишда ва тўғри берилганлигини кўриб чиқади. Қолган барча ҳолларда нафақаларни комиссиянинг шу ишга вакил қилинган аъзоси тайинлайди.

Ижтимоий суғурта бўйича комиссия бўлмаган корхоналарда нафақалар маъмурият томонидан шу ишга вакил қилинган шахс томонидан тайинланади.

Якка тартибда меҳнат фаолияти билан, ижара ёки шахсий деҳқон хўжалигида банд бўлган ходимларга, шунингдек, алоҳида фуқаролар қўлида шартнома асосида уларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлаётган ходимларга нафақалар Пенсия жамғармаси туман, шаҳар бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

Ўқувчи ва аспирантларга нафақалар мазкур Низомнинг 45 ва 56-бандларига биноан ўқиш жойларида тайинланади ва тўланади.

Қуролли Кучлар сафидан озод этилгандан кейин вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолган собиқ ҳарбий хизматчиларга нафақа мазкур Низомнинг 4-бандига биноан тайинланади.

87. Барча нафақалар мазкур Низомга мувофиқ маъмурият томонидан Пенсия жамғармаси ҳисобидан тўланади.

88. Агар ходимда ўзи ишлаб турган корхонадан ташқарида (масалан, таътилда ёки хизмат сафари чоғида) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган бўлса, нафақалар унинг иш жойидан тайинланади ва тўланади.

89. Ходимлар вақтинча меҳнатга қобилиятсизликнинг муддати тугаганидан сўнг ишга тушишнинг биринчи куниёқ корхона маъмуриятига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини тақдим этадилар. Касаллик давом этаётган тақдирда навбатдаги иш ҳақи берилиш вақти келганда ҳам вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси тўлов учун топширилиши мумкин.

Маъмурият вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасида "Табелчи томонидан" ва "Кадрлар бўлими томонидан тўлдирилади" деган бўлимларга зарур маълумотларни ёзади ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини (бемор ҳақидаги маълумотлар ёзиб имзо қўйилади) нафақа тайинлаш учун ижтимоий суғурта бўйича комиссияга топширади.

90. Меҳнатда майибланиш (жароҳат, куйиш, совуқ олдириш ва ҳоказолар) туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланганда нафақа ишлаб чиқаришда бахтсиз ходиса содир бўлганлик ҳақидаги далолатнома (шакл Н-1) мавжуд бўлганда тайинланади.

Агар бахтсиз ходиса бошқа шарт-шароитларда рўй берса (уй шароитида, ишга бориш ёки ишдан қайтаётганда, давлат ёки жамоатчилик бурчини бажараётган пайтда ва ҳоказолар), нафақа рўй берган бахтсизлик сабаблари маъмурият томонидан ўрганиб чиқилгандан кейингина тайинланади.

91. Агар жароҳатланиш қуйидаги шароитларда юз берган бўлса (қонунбузарлик бўйича хатти-харакатлар қилиш ҳолларидан ташқари) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик иш жараёнида жароҳатланиш туфайли бўлган деб ҳисобланади:

а) иш бурчини бажараётган пайтда (шу жумладан хизмат сафари вақтида), шунингдек махсус топшириқ бўлмаган ҳолда ҳам корхона манфаатини кўзлаб қилинган хатти-харакатлар пайтида;

б) Иш берувчининг транспортида ишга борилаётган ёки ишдан қайтаётганда;

в) иш вақти давомида (шу жумладан белгиланган танаффус вақтини қўшганда) корхона ҳудудида ёки бирон бир бошқа иш жойида, иш бошлашдан олдин ёки ишдан кейин иш қуролларини, кийим-кечакларини ва ҳоказоларни тартибга келтириш пайтларида;

г) иш вақти давомида корхонага яқин бўлган жойда ёки бошқа иш жойида (белгиланган танаффусни қўшганда), ички меҳнат тартиби-қоидаларига зид келмаган тақдирда е ерларда ҳозир бўлиш пайтида;

д) асосий иш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, давлат ва жамоатчилик олдидаги бурчларини бажараётган чоғида;

е) инсон ҳаётини қутқариш, ҳуқуқ тартиботини, давлат ва жамоа мулкини, шунингдек фуқаролар мулкларини муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик бурчини бажараётган пайтида.

Донорлик вазифаларини бажариш натижасида меҳнат қобилиятининг йўқотилиши меҳнат жароҳати туфайли йўқотилган меҳнат қобилияти даражасига тенглаштирилади.

92. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа тайинлашда белгиланган тартибда тасдиқдан ўтказиладиган касб касалликлари рўйхатида кўрсатилган касалликлар касб касалликлари деб ҳисобланади.

93. Мазкур Низомга биноан нафақа олиш ҳуқуқи ижтимоий суғурта бўйича комиссия ёки вакил қилинган комиссия аъзоси ҳар бир вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси бўйича тўлов амалга оширилиши лозим бўлган кунлар сонини ва иш ҳақига нисбатан белгиланадиган нафақа миқдори фоизини белгилайди. Ушбу қарор нафақа белгилаш баённомасида қайд этилади ва комиссия раиси ёки вакил қилинган комиссия аъзосининг имзоси қўйилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасида қайд қилинади.

Жароҳат туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа, агар унинг аҳволи комиссия мажлисига келишга имкон берган тақдирда нафақа олувчининг иштирокида тайинланади. Нафақадан маҳрум этиш ёки нафақани бутунлай ёки қисман тўлашни рад этиш масаласи ҳам нафақа олувчининг иштирокида кўриб чиқилади.

94. Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси бўйича нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирда ижтимоий суғурта бўйича комиссия нафақа бермаслик тўғрисида қарор чиқаради. Бунинг сабаблари вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасида қайд қилинади.

Бемор томонидан шифокор кўрсатмаларининг бузилиши, унинг маст ҳолда ёки мастлик билан боғлиқ бўлган хатти-харакатлари оқибатида касаллик келиб чиққанда ёки жароҳат олинган тақдирда мазкур Низомнинг 26 ва 27-бандларида кўзда тутилган бошқа холатларда суғурта бўйича комиссия нафақа тўланишидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу ҳол нафақа белгилаш баённомасида ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасида нафақадан маҳрум этилиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қайд қилинади.

95. Нафақа тайинлангандан сўнг ижтимоий суғурта бўйича комиссия ёки вакил қилинган комиссия аъзоси корхонанинг ҳисоб-китоб бўлимига нафақа чиқариш ва тўлаш учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини топширади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари, шу жумладан тўланмайдиганлари ҳам нафақа тайинлаш мажлис баённомасида имзо қўйилгандан сўнг топширилади.

Тўланадиган ва тўланмайдиган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари шунингдек, нафақа олиш учун тақдим этилган барча бошқа ҳужжатлар корхона бухгалтериясида пуллик ҳужжатларга тенг ҳолда сақланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари барча харажат ҳужжатларидан бўлак ҳолда сақланади.

96. Иш вақтини, умумий иш стажини ҳисобга олиб бориш, ижтимоий суғурта бўйича нафақалар тўлаш ҳисоб-китобларини қилишда электрон-ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) қўлланиладиган корхоналарда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари маъмурият томонидан ҳисоблаш марказига топширилади. У ерда икки нусхада нафақа тайинлаш ва ижтимоий суғурта бўйича белгиланган шаклда нафақанинг миқдори ҳисоблаб чиқилган қайднома тузилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари ЭҲМда ҳисоб-китобларни чиқариш учун масъул шахснинг имзоси қўйилган икки нусхадаги тўлов қайдномаси билан бирга аниқ муддатларда (маошлар бўйича ҳисоб-китоб қилишга 5-6 кун қолганда) ижтимоий суғурта бўйича комиссияга топширилади.

Комиссия ҳисоб-китобнинг, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасининг даволаш муассасаси томонидан тўлдирилишининг тўғрилигини, зарур ҳолларда бошқа ҳужжатларни ҳам (бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги далолатномалар ва бошқалар) текширади ва нафақа тайинлаш белгиланган ҳолларда эса нафақадан маҳрум қилиш бўйича фармойиш чиқаради. Икки нусхадаги тўлов қайдномалар ижтимоий суғурта бўйича комиссия раиси томонидан имзоланади.

Тўлов қайдномасининг бир нусхаси вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси билан бухгалтерияга юборилади. Улар текширувдан ўтказилгандан сўнг бош (катта) бухгалтер томонидан имзоланиб, ҳисоблаш марказига узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш ва нафақа суммасини иш ҳақи тўлаш қайдномасига киритиш учун қайтариб юборилади. Шундан сўнг тўлов қайдномаси вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари билан сақлаш учун бухгалтерияга топширилади.

Тўлов қайдномасининг иккинчи нусхаси эса нафақа тайинлаш баённомаси сифатида ижтимоий суғурта бўйича комиссияда сақланади.

Нафақа чиқаришда мазкур бандда кўрсатилган қоидага мувофиқ, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасининг орқа томони тўлдирилмайди.

97. ЭҲМ ёрдамида фақат нафақа миқдори белгиланадиган корхоналарда нафақалар белгилаш ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаларини тўлдириш ("Бухгалтерия томонидан тўлдирилади" деган бўлимдан ташқари) мазкур Низомнинг 93 ва 95-бандларида белгиланган тартибга биноан тўлдирилади.

"Бухгалтерия томонидан тўлдирилади" деган бўлимдаги маош ва унинг асосида чиқарилган нафақа миқдори ҳақидаги маълумотлар ЭҲМда тайёрланади, ЭҲМда ҳисоб-китоб ишлари учун масъул шахснинг ва бош (катта) бухгалтернинг имзолари бўлган тўлов қайдномада келтирилади. Тўлов қайдномалари касаллик варақасига қўшиб қўйилади.

Нафақаларни машина-ҳисоблаш станцияларида ҳисоблаб чиқарадиган корхоналарда худди шундай тартибда нафақалар тайинланади ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақалари расмийлаштирилади.

98. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича тайинланадиган нафақа иш ҳақи тўлаш учун белгиланган муддатларда берилади. Сил касаллиги санаториясида даволаниш учун бериладиган таътил кунларига нафақа худди шундай тартибда тўланади. Бошқа турдаги санаторияларда даволаниш учун бериладиган таътилларни тўлаш ходим санаториядан қайтгандан сўнг амалга оширилади. Бунда ижтимоий суғурта комиссиясига ёки вакил қилинган комиссия аъзосига агар бир томонга бориш вақти бир суткадан ортиқ бўлса, санаторияда бўлган вақт кўрсатилган "йўлланманинг қайтиш томони", шунингдек, йўл чипталари топширилгандагина нафақа берилади. Йўлланма бўйича фойдаланилмаган кунлар, санаторияга, шунингдек етиб бориш ёки қайтиш йўли белгиланган муддатдан ортиқ бўлганлик учун нафақа берилмайди.

99. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси туғишдан олдин амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан қатъи назар, таътилнинг тўлиқ даври учун бир йўла тўланади.

100. Бола туғилганда бир йўла тўланадиган нафақани олиш учун ота ёки она ижтимоий суғурта бўйича комиссияга фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ФХДЕ томонидан берилган боланинг туғилганлик ҳақидаги маълумотномани топшириш лозим. Берилган ҳужжатлар асосида вакиллик қилувчи комиссия аъзоси нафақа олиш ҳуқуқини белгилайди ва белгиланган миқдорда уни тайинлаш тўғрисида қарор чиқаради. У нафақа тайинлаш баённомасига ёзилиб қўйилади. ФХДЕ бўлими томонидан берилган маълумотноманинг орқа томонида вакиллик қилувчи комиссия аъзосининг имзоси билан нафақа тайинланганлиги ва унинг миқдори ҳақида ёзиб қўйилади. Шундан сўнг ҳужжатлар корхонанинг ҳисоб-китоб қилиш бўлимига топширилади. Корхона шу куннинг ўзидаёқ нафақани бериши лозим.

Бола туғилганлиги ҳақидаги маълумотнома йўқотилган тақдирда бир йўла тўланадиган нафақа ФХДЕ бўлимлари томонидан берилган бола туғилганлиги ҳақидаги такрорий маълумотноманинг ҳамда отанинг иш жойидан (ўқиш жойидан) нафақа олмаганлиги ҳақидаги маълумотнома топширилганидан сўнг берилиши мумкин.

101. Ходимнинг вафоти туфайли уни кўмиш маросимини ўтказиш учун ижтимоий суғурта комиссиясига ФХДЕ бўлими томонидан берилган вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани топшириб нафақа олинади. Оила аъзоси вафот этганда эса вафот этганлик ҳақидаги маълумотномадан ташқари уй-жойдан фойдаланиш идораси (бинодан фойдаланиш дирекцияси, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, шу жумладан маҳалла "Оқсоқоллари Кенгаши" томонидан вафот этган шахснинг ходим билан қариндошлик алоқалари борлиги ва у ходимнинг қарамоғида бўлганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам топширилиши лозим.

Топширилган ҳужжатлар асосида вакил қилинган комиссия аъзоси нафақа олиш ҳуқуқини, унинг миқдорини белгилайди ва нафақа тайинлаш ҳақида қарор чиқаради ва нафақа тайинлаш баённомасига ёзиб қўйилади.

Вафот этганлик тўғрисидаги маълумотноманинг орқа томонига вакил қилинган комиссия аъзосининг имзоси билан нафақа тайинланганлиги ва унинг миқдори ҳақида ёзиб қўйилади. Шундан сўнг барча ҳужжатлар корхонанинг ҳисоб-китоб бўлимига топширилади. Нафақа ўша куннинг ўзидаёқ тўланиши лозим.

102. Корхона тугатилган тақдирда нафақа мазкур Низомда белгиланган қоидага кўра тугатилган корхонанинг ўрнида ташкил этилган корхона ёки Пенсия жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмаларининг кўрсатмаси билан бошқа корхона томонидан берилади.

103. Якка тартибда меҳнат фаолияти, ижара ёки шахсий деҳқон хўжалигида банд бўлган, шунингдек алоҳида фуқаролар қўлида шартнома асосида уларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлаётган фуқаролар нафақа олиш учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаларини, бола туғилганлик ҳақидаги маълумотномани ва вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани Пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлимларига топширадилар. Топширилган ҳужжатлар асосида Пенсия жамғармасининг бўлим вакили нафақа тайинлаш тўғрисида қарор чиқаради ва у баённомага ёзиб қўйилади.

Нафақа тайинлашда мазкур Низомнинг 93-101-бандларида белгиланган қоидалар қўлланилади.

104. Ҳисоблаб ёзилган, лекин ҳали олинмаган нафақа, ходимга олинмаган иш ҳақини тўлаш муддатлари давомида тўланади.

105. Ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси, агар ортиқча тўлаш санашда (арифметик) адашиш ёки нафақа олувчининг қалбаки маълумотнома тақдим қилиши (ҳужжатларга ўзгартиш киритиш ва ҳоказолар) туфайли содир бўлган бўлса, нафақа олувчидан қонун асосида ундириб олинади.

Чигириш кейинги сафар тўланадиган нафақа ёки иш ҳақидан амалга оширилади. Ҳар сафар ходим олиши керак бўлган суммадан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган сумма чегириб қолинади. Чегириб қолиш корхонанинг ҳисоб-китоб бўлими орқали ижтимоий суғурта комиссиясининг қарори асосида амалга оширилади. Бу қарор санаш жараёнида йўл қўйилган хато туфайли ортиқча тўлаш содир бўлганда нафақа тайинланган кундан 3 ойдан кечиктирмай, ўз ҳуқуқини суиистеъмол қилиш бўйича содир бўлганда эса чекланган муддатда қабул қилиниши мумкин.

Агар ходим мазкур корхонада ишламаётган бўлса, унга ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси суд орқали ундириб олинади. Нафақа олишда суиистеъмолликда айбланганлар (қалбакичилик, хийла-найранг, ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш ва ҳоказолар) бўйича ҳужжатлар қонунда белгиланган чораларни қўллаш учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва бола туғилганлик муносабати билан бериладиган нафақалардан судларнинг қарорига кўра алимент ундириш ёки майиб қилганлик ёҳуд саломатликка етказилган бошқа зарарни қоплаш ёки боқувчининг вафоти туфайли тўловлар чегирилади. Нафақалардан бошқа ҳеч қандай чегирма амалга оширилмайди.

106. Ходимнинг вафоти кунигача олинмай қолган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси у билан бирга яшаган оила аъзоларига, шунингдек вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этганнинг қарамоғида бўлганларга берилади.

Ходимнинг вафот этган кунига қадар олинмаган нафақа вафот этган ходим билан қариндош ва бирга истиқомат қилганлик ёки вафот этганнинг қарамоғида бўлганликни тасдиқловчи далил бўлган ҳужжат топширилганидагина нафақа берилиши мумкин.

Бола туғилганда бир йўла тўланадиган нафақани олиш ҳуқуқига эга бўлган она вафот этганда мазкур нафақа отага ёки уни ўз тарбиясига олган бошқа шахсга берилади.

107. Пенсия жамғармаси маблағидан бериладиган нафақа белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича тўланиши мумкин ёки фуқароларнинг аризасига биноан банк муассасаларига ўтказилиши ҳамда алоқа бўлими орқали жўнатиб турилиши мумкин. Нафақани жўнатиш билан боғлиқ бўлган чиқимлар нафақа суммасидан тўланади.

108. Корхонанинг бош бухгалтери ижтимоий суғурта комиссияси билан бир қаторда нафақа тўлаш бўйича маблағларнинг тўғри сарфланиши учун жавобгардир.

Агар нафақа тайинлаш ёки ходимнинг умумий иш стажини аниқлаш пайтида амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган қоидалар бузилишига йўл қўйилган ёки тўлов учун тақдим қилинган ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган тақдирда бош бухгалтер тўловни амалга оширмай, уларни йўл қўйилган хатолар тўғрисидаги ёзма баённомаси билан ижтимоий суғурта бўйича комиссияга қайтариб бериши шарт.

Ижтимоий суғурта бўйича комиссия бош бухгалтер хулосаси билан рози бўлмаган тақдирда келиб чиққан низони ҳал қилиш учун Пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлимига мурожаат қилади ва унинг қарори бажарилиши шарт.

109. Пенсия жамғармаси ҳудудий органларининг ижтимоий суғурта бўйича комиссияси талабига биноан корхона маъмурияти текшириш ўтказиш учун жорий йилда ва текширилаётган йилдан олдинги бир календарь йилда тўланиши лозим бўлган нафақалар ҳужжатларини тақдим этади. Бошқа даврлар бўйича текширишлар нафақалар тўланадиган маблағларни сарф қилишда суиистеъмоллик фош этилган тақдирда ўтказилади.

110. Маъмурият томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари бузулиши оқибатида ходимнинг меҳнатда майибланганлиги ёки касб касаллигига чалинганлиги аниқланса, корхона маъмурияти сўзсиз тартибда Пенсия жамғармасига ушбу шикастланиш ва касаллик сабабли берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақага нафақани тўлашга кетган харажатларни қоплаши лозим.

111. Нафақаларни тўлаш учун қилинган харажатлар амалдаги қоидаларга хилоф равишда амалга оширилганда корхона, ташкилот, муассасалар томонидан қилинган харажатлар Пенсия жамғармаси ҳисобига ўтказилган бадаллар ҳисобига қабул қилинмайди ва улар корхона ҳисобига ёзиб қўйилади.

112. Вакил қилинган ижтимоий суғурта комиссияси аъзоси томонидан қабул қилинган қарор устидан Ижтимоий суғурта бўйича комиссияга шикоят қилиниши мумкин. Комиссиянинг қарори устидан Пенсия жамғармаси туман ва шаҳар бўлимларига шикоят қилиниши мумкин.

113. Нафақаларни нотўғри ҳисоблаш ва белгилаш ҳамда тўлаш устидан шикоят туман, шаҳар судига берилиши мумкин.



НИЗОМНИНГ 4-БАНДИНИ ҚЎЛЛАНИШГА ОИД ҚОИДАЛАР


1. Ишдан бўшагандан сўнг бир ой ичида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган кун унинг бошланиш кунини билдиради. Бунда мазкур даврни ҳисоблаб чиқариш ишдан бўшаган кундан кейинги кундан бошлаб амалга оширилади. Масалан, ходим 15 сентябрда бўшатилган. Бўшатилган кундан кейинги бир ойлик давр 16 сентябрдан 15 октябргача бўлган даврни ташкил этади.

Кўрсатиб ўтилган даврни аниқлашда дам олиш кунлари ҳисобдан чиқарилмайди.

2. Пенсия жамғармасининг бўлинмаси ходим ишдан бўшагандан сўнг вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолса, (ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланса) унинг меҳнатга муносабати, оиласининг таркиби ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда унга нафақа бериш масаласини кўриб чиқишга ҳақлидир.

Ходимнинг сўнгги иш жойидаги ижтимоий суғурта бўйича комиссия унинг ишга муносабати, оиласининг таркибий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда Пенсия жамғармаси шаҳар, туман бўлимига илтимос хати билан мурожаат қилади, улар ўз навбатида қўйилган масалани кўриб чиқиб, Пенсия жамғармаси вилоят, Тошкент шаҳар ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмасига тегишли таклиф билан чиқишлари мумкин.

3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли хизматдан бўшатилгандан сўнг бир ой ичида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган собиқ ҳарбий хизматчиларга (заҳирага бўшатилган муддатдан ташқари хизматдаги офицерлар ва ҳарбий хизматчилардан ташқари) нафақа Пенсия жамғармаси бўлинмаси томонидан иш ҳақининг минимал миқдорини тайинланиб, тўланади.

4. Ишдан бўшагандан сўнг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган ходимларга нафақа ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш уларнинг сўнгги иш жойларидаги бўшашдан олиб келган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

5. Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси бериладиган давр, мазкур масалани кўриб чиққан пенсия Жамғармаси бўлинмаси томонидан касалликнинг қанча давом этганлиги, оиласининг таркиби ва моддий аҳволидан келиб чиққан ҳолда, лекин қоида бўйича тиббий-меҳнат экспертизасига (ТМЭК) юборилиши белгиланган муддатдан кўп бўлмаган давр, белгиланади.

"Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги ҳамда "Ижтимоий суғурта бўйича комиссия ҳақида"ги Низомлар Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг талаблари асосида тайёрланди:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IV-сессиясида қабул қилинган ва 1996 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилган "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 282-288-моддалари талабларига мазкур Низом мувофиқлаштирилди:

Яъни:

а) 283-модданинг 2 чи қисми "Давлат ижтимоий суғуртаси учун бадал тўлаш" Низомнинг 6-бандига;

б) 284-модда "Давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан бериладиган таъминот турлари" Низомнинг 1 ва 16 бандларида;

в) 285-модда "Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси" Низомнинг 28-бандига;

г) 286-модда "Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси" Низомнинг 36 банддан 44 бандларигача;

д) 287-модда "Бола туғилганда бериладиган нафақа" Низомнинг 45 банддан 50 бандларигача;

е) 288-модда "Дафн этиш маросими" учун бериладиган нафақа Низомнинг 51 бандидан 56 бандларигача ўз аксини топди. Бундан ташқари Республикамиз Меҳнат Кодексининг 153-модда (Низомда 72 банд), 155-модда (Низомда 30 ва 69 банд), 230-модда (Низомда 16 банд), 233-модда (Низомда 36 бандлар) қонуни талаблари асосида.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1994 йил 17 ноябрдаги "Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини бериш тартиби тўғрисида"ги йўриқнома асосида;

3. "Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом 1994 йилнинг февралида (08-3/91-сонли) тайёрланиб, шу йилнинг 3 февралида Адлия Вазирлиги рўйҳатидан ўтказилган Низом асосида;

4. Ўзбекистон Республикасини "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунининг 37-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли қарорига (12-илова) асосан "Ижтимоий суғурта бўйича нафақаларни тайинлаш учун умумий меҳнат стажини аниқлаш тартиби тўғрисида" йўриқнома тайёрланиб 1996 йил 25 июнда Адлия Вазирлиги (257-сони билан) рўйҳатидан ўтказилган йўриқнома асосида;

5. Мазкур қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ишлаб чиққан "Суғурта бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш, жамғарма маблағларини сарфлаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисида"ги йўриқномани 1997 йил 8 январда Ўзбекистон Адлия Вазирлиги (297-сони билан) рўйҳатдан ўтказилган йўриқнома асосида тайёрланди.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 27 декабрдаги 459-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий суғурта жамғармаси ўрнига Ўзбекистон Республика Ижтимоий таъминот вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ташкил қилинди. Мазкур қарорнинг 12 бандига асосан Жамғармага меъёрий Низом ва йўриқномаларни тайёрлаш ҳамда мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.



Мазкур Низомнинг кучга кириши муносабати билан

қуйидаги Низом ва йўриқномалар ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланади:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий суғурта жамғармасининг 1994 йил 10 февралдаги 08-3/91-сонли "Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий суғурта жамғармасининг 1994 йил 15 февралдаги 08-3/104-сонли "Бирлашма, корхона, жамоа хўжалиги, кооператив, муассаса, ташкилот, ўқув юртининг ижтимоий суғурта бўйича комиссияси тўғрисида"ги Низом.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий суғурта жамғармасининг 1996 йил 15 мартдаги "Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар (Рўйхат 21-1-сон 1996 йил 24 апрелда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган).

4. "Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлашда умумий иш стажини ҳисоблаш тўғрисида"ги йўриқнома 1996 йил 25 июндаги 257-сон тартиблари.



Ижтимоий суғурта бошқармаси




























Помощь