Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.09.2018 й. ПҚ-3931-сон "Мактабгача ва мактаб таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.09.2018 й.

N ПҚ-3931



МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИГА

БОШҚАРУВНИНГ ЯНГИ ТАМОЙИЛЛАРИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги "Халқ таълими бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5538-сон Фармонига мувофиқ:


1. 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) идоравий бўйсунувига ўтказилсин:

олий таълим муассасалари ҳузуридаги педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари.

3. Қуйидагилар ташкил этилсин:

в) Вазирликнинг марказий аппарати таркибида Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мактабгача ва мактаб таълими муассасалари фаолиятига асоссиз аралашувига, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш;

мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ички назоратни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг, шунингдек, Вазирлик тизими ходимлари томонидан касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш ва профилактика қилиш.

4. Вазирлик ҳузурида қуйидагилар тузилсин:

б) юридик шахс мақомисиз Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда - Кўмаклашиш жамғармаси).

Қуйидагилар Кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили 250 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган маблағлар;

муассиси Вазирлик ҳисобланган корхоналар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда;

умумтаълим муассасаларининг мол-мулкини сотишдан тушган маблағларнинг 100 фоизи;

мактабгача ва мактаб таълими муассасалари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағларининг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;

педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари томонидан ташкил этилган халқ таълими тизими ходимларини қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 5 фоизи;

мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 5 фоизи;

давлат умумий ўрта таълим муассасалари ҳудудида ўрнатилган видео кузатув камералари ва биометрик идентификация тизимлари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ундириладиган жарималар суммаларининг 50 фоизи;

Кўмаклашиш жамғармасининг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат хизматларни кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахсларга (кейинги ўринларда - нодавлат умумтаълим ташкилоти) кўрсатиладиган пулли хизматлардан олинадиган даромадларнинг бир қисми;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Белгилаб қўйилсинки, Кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфланади:

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш;

фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошларни Вазирликда ишлаш учун жалб этиш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар балансидаги бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан мебель, алоқа, компьютерлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Вазирлик ходимларини, шу жумладан хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Вазирлик ходимларига мамлакатда ва хориждаги хизмат сафарлари харажатларини тўлаб бериш;

Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар.

6. Вазирликка, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларга ҳамда умумтаълим муассасаларига Вазирлик ҳузуридаги "Инновация, технология ва стратегия маркази" давлат унитар корхонаси билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилсин ва ушбу шартномалар махсус ахборот порталида рўйхатдан ўтказилсин.

9.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирига:

Вазирлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, бошқа идоравий бўйсунувдаги ташкилотларнинг низомлари ва тузилмаларини, шунингдек, улар бошқарув ходимларининг чекланган сонини тасдиқлаш;

Кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг бошқарув ходимлари штатига қўшимча мутахассис бирликларини киритиш;

педагог кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилаш;

умумтаълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-методик комплексларини нашр этиш ва етказиб бериш тартибини белгилаш;

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида Кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотларнинг мутахассисларини, шунингдек, уларнинг мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги экспертларини консультантлар сифатида жалб этиш;

малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни, хорижда фаолият юритаётган ватандошларни ишга қабул қилиш;

мактабгача ва мактаб таълими тизимини молиялаштириш учун зарур харажатлар бўйича таклифларни шакллантириш ҳамда, зарур бўлганда, хорижий қарз, грантлар ва бошқа маблағларни жалб этиш тадбирларини амалга ошириш;

Вазирликнинг, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг, шунингдек, умумтаълим муассасаларининг кўчмас мулки ва бошқа мулкини самарали бошқаришни ташкил этиш;

идоравий бўйсунувдаги ташкилотлар, шунингдек, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларни ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.


10. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг халқ таълими тизимида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

нодавлат умумтаълим ташкилотлари биноларини қуриш учун давлат шеригига доимий фойдаланишга берилган ер участкаларини бепул асосда ижарага бериш;

мавжуд умумтаълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан нодавлат умумтаълим муассасалари объектларини қуриш учун ер участкаларини беғараз бериш;

юкланганлик коэффициенти паст бўлган ёхуд реконструкция қилиш ёки таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб этадиган мавжуд умумтаълим муассасаларини ижарага бериш;

хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган нодавлат умумтаълим ташкилотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш.

Белгилаб қўйилсинки:

мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Вазирлик томонидан ўтказиладиган танлов натижалари асосида тузилади. Мазкур банднинг еттинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда танлов ўтказилмайди;

хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат томонидан шерик сифатида Вазирлик тузади ва хусусий шерик томонидан келишув шартларининг бажарилишини мониторинг қилади;

умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида белгиланган бошқа тартиблар бундан мустасно.

11. Белгилансинки, хусусий шерик зиммасига давлат-хусусий шериклик шаклидан келиб чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланиши мумкин:

ижтимоий кўмакка муҳтож оилалардан муайян миқдордаги ўқувчиларни имтиёзли равишда ўқитиш;

ўзига ўтказилаётган умумтаълим муассасаларининг мавжуд ўқувчилар контингентини сифатли ўқитишни таъминлаш;

хусусий шерикка бириктирилган умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш;

болаларни болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига юбориш;

ўқувчиларни замонавий дарсликлар, мактаб формаси, анжомлар ва бошқа мактаб буюмлари билан таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятлар.

12. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг амал қилиш муддатлари қуйидагича белгилансин:

нодавлат умумтаълим муассасалари биноларини қуриш учун давлат шеригига доимий фойдаланишга берилган ер участкалари бепул асосда ижарага берилганда - камида 30 йил;

мавжуд умумтаълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан нодавлат умумтаълим муассасалари объектларини қуриш учун ер участкалари беғараз берилганда - камида 20 йил;

юкланганлик коэффициенти паст бўлган ёхуд реконструкция қилиш ёки таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб этадиган мавжуд умумтаълим муассасалари ижарага берилганда - камида 30 йил;

бўш турган давлат мулки объектлари, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган умумтаълим муассасаларининг бинолари "нол" харид қийматида сотилганда - камида 30 йил;

умумтаълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бинолари (ёки уларнинг бир қисми) хусусий шерикларга мақсадли фойдаланиш учун ижара тўловининг "нол" ставкаси билан ижарага берилганда - 30 йилгача;

хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган нодавлат умумтаълим ташкилотлари моддий таъминланганда - камида 10 йил.

Тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик шартларида берилган объектларда фаолият бошлаган нодавлат умумтаълим ташкилотининг келишувнинг амал қилиш муддати давомида ўз фаолиятини қайта ихтисослаштириши тақиқланади.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги "Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3276-сон қарорида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилсин.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича нодавлат умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар 2025 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

Вазирлик ўқитувчиларнинг ўз касб фаолиятини амалга ошириши чоғида ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


14. Ички ишлар вазирлиги Вазирликнинг буюртманомалари бўйича хорижий ўқитувчилар ва мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидаги вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.

15. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Вазирликнинг буюртманомаларига мувофиқ республикага хорижий ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатнома берилишини (узайтирилишини), шунингдек, ушбу хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.

16. А. Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтида умумтаълим муассасалари раҳбарларининг мактаб таълими соҳасида менежерлик кўникмаларини шакллантириш курслари (кейинги ўринларда - курслар) ташкил этилсин.

Вазирлик:

бир ой муддатда курсларни ташкил этиш тартибини тасдиқласин;

умумтаълим муассасалари раҳбарлари халқ таълими тизими раҳбар кадрлари малакасини ошириш учун назарда тутилган маблағлар доирасида босқичма-босқич курсларда ўқитилишини таъминласин.


17. Вазирлик ва Қурилиш вазирлиги 2019 йил 1 мартга қадар муддатда халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларининг ҳолатини ялпи хатловдан ва техник кўрикдан ўтказсин ҳамда натижалари бўйича ушбу муассасаларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, мебель, инвентарь ва бошқа техника воситалари билан жиҳозлашнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Белгилансинки, умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг манзилли рўйхатлари ҳар йили Вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда шакллантирилади ҳамда навбатдаги йилги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилади.


18. 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.


19. Вазирлик:

а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда ўқитувчи касбининг нуфузи ва ижтимоий мақомини ошириш бўйича маърифий дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Madaniyat va marifat" телеканалини таълим тизимининг бош ахборот шериги этиб белгилаш;

жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини кенг тарғиб қилиш, ўқувчилар эришаётган ютуқларни оммалаштириш, таълим соҳасидаги долзарб муаммоларни ёритиш, махсус телевизион таълим дастурларини узатиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилотлар раҳбарларининг телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан чиқишларини ташкил этиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда умумтаълим муассасалари мулкини пухта хатловдан ўтказсин ва натижалари бўйича улардан самарали фойдаланиш бўйича "йўл хариталари"ни тасдиқласин;

в) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб директорлар менежерлик кўникмаларига эга бўлишига доир мажбурий талабни ўз ичига олган директорларни сертификатлаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этишни, шунингдек, директор ўринбосарларининг масъулиятини оширишни назарда тутган ҳолда умумтаълим муассасалари раҳбарларига қўйиладиган малака талабларини қайта кўриб чиқсин.


20. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига ушбу қарорга мувофиқ ташкил этилаётган муассасалар ва ташкилотлар фаолияти самарали ва тўлақонли ташкил этилиши, улар ишида юзага келадиган муаммолар ўз вақтида ҳал этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига ушбу қарорда назарда тутилган, шу жумладан Вазирликнинг тегишли жамғармаларига ўтказилиши шарт бўлган зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ажратилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов зиммасига халқ таълими тизими муассасаларининг реал эҳтиёжлари 2019 йил ва кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш давлат дастурларига тўлиқ киритилиши, халқ таълимини, шу жумладан муваффақиятли халқаро мактаб тармоқларини ривожлантириш учун халқаро грантлар ва хорижий инвестициялар жалб этилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.


21. Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш учун зарур маблағларни 2018 йилда ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.


22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда Вазирлик тўғрисидаги низомни, шу жумладан унинг раҳбарлари, ходимлари ва бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини тасдиқласин;

2018 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида узлуксиз таълимни таъминлаш соҳасида идоралараро ҳамкорликнинг самарали ва барқарор механизмини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-3304-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Республика таълим маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис республика маркази ходимларига Вазирликнинг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилсин.


25. Вазирлик Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


26. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдуваҳитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 10 сентябрь, 36-сон, 728-модда