Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.11.2020 й. 737-сон "Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.11.2020 й.

N 737



АЙРИМ ТУРДАГИ МАҲСУЛОТЛАРНИ

МАЖБУРИЙ РАҚАМЛИ МАРКИРОВКАЛАШ

ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон ва "Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларининг олдини олиш, алоҳида турдаги маҳсулотларнинг қонуний айланмасини таъминлаш механизмини тубдан такомиллаштириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 23 ноябрдаги 944-сон қарорига мувофиқ амалга оширилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси (кейинги ўринларда - тажриба лойиҳаси) доирасида:

маркировкаланган сигарет қутиси муваффақиятли ишлаб чиқилганлиги, шунингдек, тамаки ишлаб чиқариш фабрикаларини махсус сервер ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш ва уларни корхоналарни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларига интеграция қилиш орқали тамаки маҳсулотларини кузатиб бориш механизми ишга туширилганлиги;

алкоголь маҳсулотлари учун синов тариқасида маркировкаланган ёрлиқлар ишлаб чиқилганлиги, маркировкалаш ахборот тизимининг таркибий қисмлари ўрнатилганлиги ҳамда маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


3. Қуйидагилар:

2021-2024 йилларда идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш тизимини самарали жорий қилиш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

2020 йил 10 декабрга қадар алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги низомни;

2021 йил 30 декабрга қадар тажриба лойиҳаси якунларига кўра бошқа товарларни маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш мажбурияти ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар зиммасига юкланади;

рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотларнинг чакана ёки улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарга маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига уланиш мажбурияти юкланади;

агрегацияланган импорт коди бўйича маълумотлар божхона юк декларациясида кўрсатилмасдан "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади. Бунда маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига идентификация воситаларини божхона омбори ҳудудида елимлаш талаб қилинади;

рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш тартиби жорий этилган санадан бошлаб ўн икки ой муддат ўтгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур маҳсулотларни маркировкасиз сотиш тақиқланади;

маркировкаланмаган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида ваколатли органларни реал вақт режимида хабардор қилиш имкониятини берувчи дастурий маҳсулотлар ҳамда мобил иловалар жорий этилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига:

рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш ва уларни жорий қилиш муддатларини белгилаш;

рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш мақсадида маҳсулотларни маркировкалаш бўйича ихтиёрий экспериментларни амалга ошириш ваколати берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар "Asl belgisi" маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимини (кейинги ўринларда - "Asl belgisi" МАТ) жорий қилсин.

Қуйидагилар "Asl belgisi" МАТнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

маҳсулот айланмаси юзасидан барча босқичларни рўйхатдан ўтказиш орқали идентификация воситалари ёрдамида маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш;

маълумотларни сақлаш, олиш, ўтказиш, тарқатиш, қайта ишлаш, нашр этиш, фойдаланиш ва "Asl belgisi" МАТ эгаси ёки у томонидан жалб қилинган шахснинг бошқа ҳаракатларига ҳамда мазкур маълумотларни ҳимоялаш режимига нисбатан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланадиган тартибда талаблар белгилаш орқали сақланадиган маълумотларнинг чекланганлигини таъминлаш.


8. Қуйидагилар:

"Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарур шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда тарафлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкинлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 апрелдаги 259-сон қарори билан тасдиқланган Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 57-бандига мувофиқ мазкур мезон давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарур шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни ҳам ўз ичига олиши мумкинлиги инобатга олинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси, Лойиҳа баҳолаш ҳужжати (ЛБҲ), битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органига келишиш учун бир ҳафта муддатда тақдим этсин;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш юзасидан жорий қилинган тажриба лойиҳаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда "Asl belgisi" МАТни ишлаб чиқиш, ундан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун "CRPT TURON" МЧЖ (кейинги ўринларда - "Asl belgisi" МАТ оператори) билан биргаликда икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри музокаралар асосида давлат-хусусий шериклик битимини тузсин.


10. "Asl belgisi" МАТ операторига қуйидаги вазифалар юклансин:

давлат-хусусий шериклик битими асосида "Asl belgisi" МАТни ишлаб чиқиш ва уни "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграцион платформаси воситасида Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси билан интеграция қилиш орқали йўлга қўйиш;

"Asl belgisi" МАТда сақланадиган маълумотлардан уларни ҳимоя қилиш талабларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш имкониятини яратиш;

Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази қувватлари асосида "Asl belgisi" МАТ ишлаши учун зарур бўлган захира сервер, телекоммуникация ва бошқа асбоб-ускуналарнинг "Asl belgisi" МАТ оператори маблағлари ҳисобидан ўрнатилишини таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тарифлар бўйича тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда маркировка кодларини тақдим этиш.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 10 декабрга қадар:

"Asl belgisi" МАТга техник хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни;

мажбурий маркировкаланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга маркировка кодларини тақдим этиш юзасидан хизматлар кўрсатиш учун ягона тўлов (тариф) миқдорини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ва "Asl belgisi" МАТ оператори билан биргаликда:

уч кун муддатда ҳудудларда рақамли маркировкалаш тизими билан ишлаш тартиби юзасидан ўқитиш дастурини ва режа-жадвални тасдиқласин;

2021 йил 1 январга қадар ҳудудларга чиққан ҳолда давлат солиқ ва божхона хизмати органлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектлари масъул ходимларининг рақамли маркировкалаш тизими билан ишлаш тартиби юзасидан ўқитилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Савдо-саноат палатаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда уни амалга ошириш жараёнларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 20 ноябрдаги

737-сон қарорига

1-ИЛОВА


2021-2024 йилларда идентификация воситалари

билан мажбурий рақамли маркировкалаш

талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Маҳсулотнинг номи


ТИФ ТН коди


Мажбурий рақамли

маркировкалаш

бошланадиган сана*


1.

Сигаретлар


2402 20 900 0

2021 йил 1 январь

1.1

Бошқа турдаги чекиладиган тамаки маҳсулотлари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд суюқликлар ва никотинли электрон сигареталар.


2402 10 000 0

2402 20 100 0

2402 90 000 0

2403 11 000 0

2403 19 100 0

2403 19 900 0

2403 91 000 0

2403 99 100 0

2403 99 900 2

2403 99 900 8

2404 11 000 1

2404 11 000 9

2404 12 000 0

2404 19 000 1

2404 19 000 9

2404 91 000 2

2404 91 000 9


2022 йил 1 октябрь

2.

Алкоголь маҳсулотлари (пиво маҳсулотларидан ташқари)


2204, 2205, 2206, 2207, 2208


2021 йил 1 январь

3.

Пиво маҳсулотлари


2203

2021 йил 1 апрель

4.

Маиший техника


7321, 8403, 8414,

8415, 8418, 8422,

8423, 8450, 8508,

8509, 8510, 8516,

8518, 8519, 8521,

8525, 8527, 8528,

8539, 8540, 9405


2022 йил 15 апрель

5.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар


3003, 3004


2022 йил 1 сентябрь

6.

Сув ва салқин ичимликлар


2009, 2201, 2202

2024 йил 1 март

         

*) Мажбурий рақамли маркировкалаш бўйича талаб 6 ойдан кам бўлмаган муддат мобайнида амалга ошириладиган тажриба лойиҳаси якунлари асосида жорий этилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 20 ноябрдаги

737-сон қарорига

2-ИЛОВА



Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш

тизимини самарали жорий қилиш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирнинг номи


Амалга ошириш механизми


Амалга ошириш

муддати


Масъул ижрочилар


1.

Ишлаб чиқариш ҳажмини, омборлардаги қолдиқларни ва маҳсулот реал вақт режимида жўнатилишини назорат қилиш мақсадида истеъмол ва техник этил спирти, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналарини ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш.

1. Истеъмол ва техник этил спиртини, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналарини, шу жумладан рухсатсиз қуйишнинг олдини олиш мақсадида рақамланган ноёб ҳимоялаш тамғаларини жойлаштириш юзасидан техник регламентга ўзгартиришлар киритиш.


2021 йил

15 январь


Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) (Р.Бобоев), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев)

2. Ускуналарга, ташиш қоидаларига, масофадан бошқаришга ва видеокузатувга, масъул идораларнинг ахборот тизимларига интеграциялаш ва бошқа талабларни кўрсатган ҳолда истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш тартибини ишлаб чиқиш.


2021 йил

15 март

3. Aвтоматлаштирилган ўлчаш мосламаларини, техник регламентларда ҳамда истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш тартибида кўрсатилган бошқа махсус мосламаларни ўрнатиш.


2021 йил

1 июль

4. Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар ахборот базаси билан интеграциялаш.


2021 йил

1 август

2.

Истеъмол ва техник этил спирти, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига нисбатан ўлчаш мосламаларини мажбурий равишда ўрнатиш нуқтаи назаридан лицензиялаш талабларини кучайтириш.


1. Ҳисобга олиш мосламалари ўрнатилишини белгилайдиган талабларни назарда тутувчи намунавий лицензия шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2021 йил

15 январь


Агентлик (Р.Бобоев), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев)


2. Ҳисобга олиш мосламаларига талабларни белгилашни назарда тутувчи намунавий лицензия шартномаси лойиҳасини Давлат солиқ қўмитаси билан келишиш.


2021 йил

1 июль

3. Истеъмол ва техник этил спирти, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда лицензия шартномалари янгиланишини таъминлаш.


2021 йил

1 август

3.

Тайёр алкоголь маҳсулотларини мажбурий агрегациялаш тизимини жорий этиш.


1. Тайёр алкоголь маҳсулотларини агрегациялаш юзасидан ихтисослаштирилган апликаторларга техник талабларни ишлаб чиқиш.


2021 йил

1 февраль

Агентлик (Р.Бобоев), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев)


2. Истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда ихтисослаштирилган апликаторларни ўрнатиш.


2021 йил

15 март

3. Aлкоголь маҳсулотларини агрегациялаш жараёнини йўлга қўйиш.


2021 йил

1 апрель

4.

Чакана ва улгуржи савдо субъектлари томонидан мажбурий рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотларнинг муомалага киритилишининг ишончлилигини текшириш юзасидан талабларни белгилаш.


Чакана ва улгуржи савдо қоидаларига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 февраль


Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев), Молия вазирлиги (Т.Ишметов)


5.

Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш ва ишлаб чиқариш линияларини ҳисобга олиш мосламалари ҳамда бошқа мосламалар билан жиҳозлаш талаблари бузилганлиги юзасидан жавобгарликни белгилаш.


Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш, муомалага киритиш, муомалада айланиши ва уларнинг муомаладан чиқарилиши юзасидан белгиланган талабларни бузганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда мазкур ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни сотишдан олдинги чоракда олинган тушумнинг юз фоизигача миқдорда молиявий жарима ҳамда мансабдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқорининг икки юз бараваригача жарима солишни назарда тутиш.


2021 йил

15 январь


Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев), Молия вазирлиги (Т.Ишметов)


        

Изоҳ. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоровга зарур ҳолларда "йўл харитаси"да назарда тутилган топшириқларни амалга ошириш муддати ҳамда масъул ижрочиларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 21 ноябрь