Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.01.2021 й. 16-сон "Тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш механизмларини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.01.2021 й.

N 16




ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ

МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан, шунингдек, тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки:

2022 йил 1 январдан бошлаб тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш механизми жорий этилади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида экспертларни сертификатлаш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:

тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш талаблари ва шартлари;

тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тартиби;

тиббиёт ташкилотларининг аккредитация соҳасини кенгайтириш ва қисқартириш тартиби;

аккредитациядан ўтказилган тиббиёт ташкилотлари фаолияти устидан инспекция назорати;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш), тугатиш тартиби;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш тартиби;

аккредитацияловчи органнинг аккредитация соҳасидаги хизматларига ҳақ тўлаш тартиби;

аккредитация ёки инспекция назорати бўйича қабул қилинган қарор юзасидан апелляцияларни кўриб чиқиш тартиби.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йил 1 ноябрга қадар:

а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш стандартларини ва уларни қўллаш тартибини;

тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш бўйича мустақил экспертларни жалб қилиш ва ҳақ тўлаш тартибини тасдиқласин;

б) тасдиқланган тиббий ихтисослик турлари номенклатурасига мувофиқ халқаро талабларни инобатга олган ҳолда, мавжуд диагностика ва даволаш стандартларини қайта кўриб чиқсин ва бутласин, шунингдек, ушбу стандартлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил 1 январга қадар:

а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

аккредитациядан ўтказилган тиббиёт ташкилотларининг электрон базасини шакллантириш орқали тиббиёт ташкилотлари аккредитацияси ҳамда аккредитация талаблари ва шартларига риоя қилиниши бўйича ўтказиладиган инспекция назорати натижаларини рақамли қайта ишлайдиган;

тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказадиган мустақил экспертлар ва техник экспертлар реестрини сақловчи;

"Соғлиқни сақлашни рақамлаштириш" ахборот комплекс тизимини яратиш ва ривожлантириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, ягона йиғим ва давлат божлари ҳисоботи биллинг тизими, шунингдек, электрон соғлиқни сақлаш ахборот тизимларига интеграцияни назарда тутувчи тиббий хизматлар сифатини бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқсин ҳамда жорий этсин;

б) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда тиббиёт ташкилотларига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аккредитациядан ўтказишда давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича зарур шароитларни яратсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизматлар сифатини бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва кейинги кузатувининг буюртмачиси этиб белгилансин.


6. Ушбу қарорда назарда тутилган тиббиёт ташкилотларини аккредитациясидан ўтказиш стандартларини, тиббий хизматлар сифатини бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқиш, кейинги кузатувини таъминлаш ва ривожлантириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси, вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари, давлат-хусусий шериклик, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири A.M. Хаджибаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 15 январь