Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 10.11.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 05.02.2021 й. маъқулланган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.02.2021 й.

N ЎРҚ-677



АУДИТОРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 10 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 5 февралда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади аудиторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик


Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аудитор - аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;


Аудиторлар реестри - аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган аудиторларнинг аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи расмий веб-сайтига жойлаштирилган рўйхати, бундан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан шакллантириладиган реестр мустасно;


аудиторлик ташкилоти - аудиторлик текширувларини ўтказиш ва турдош хизматлар кўрсатиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга оширувчи тижорат ташкилоти;


Аудиторлик ташкилотларининг реестри - аудиторлик ташкилотларининг аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи расмий веб-сайтига жойлаштирилган рўйхати;


аудиторлик фаолияти - аудиторлик ташкилотларининг аудиторлик хизматларини кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолияти;


аудит қўмитаси - хўжалик юритувчи субъектнинг кузатув кенгаши аъзоларидан иборат бўлган, қоида тариқасида, камида бир нафар мустақил аъзони ўз ичига оладиган, молиявий ҳисоботни тузишнинг тўғрилиги устидан назорат ўрнатилиши, мустақил аудиторлик ташкилотининг танланиши, аудиторлик текшируви ўтказилиши жараёнларини кузатиш, шунингдек ички ва ташқи аудиторлик текширувлари натижаларини олиш ҳамда ўрганиш учун масъул бўлган қўмита;


рэнкинг - аудиторлик ташкилотларининг фаолиятини тавсифловчи муайян кўрсаткичлар бўйича гуруҳларга ажратилган аудиторлик ташкилотларининг тартибга солинган рўйхатларини шакллантириш;


талабгор - малака сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар бўлган жисмоний шахс.



4-модда. Аудиторлик фаолияти соҳасидаги асосий принциплар


Аудиторлик фаолияти соҳасидаги асосий принциплар мустақиллик, холислик ва ҳалолликдан, касбий билимга эгалик ҳамда ахборотнинг махфийлигидан иборатдир.



5-модда. Мустақиллик принципи


Аудитор тахминларга асосланиб фикр билдиришдан холи бўлиши ва ўзининг обрўсини туширадиган фактларга йўл қўймаслиги керак.

Аудиторлик ташкилоти мустақиллигига монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, аудиторлик хизматлари кўрсатишни рад этиши керак.



6-модда. Холислик ва ҳалоллик принципи


Аудитор жамият манфаатлари устуворлигига риоя этиши, беғараз бўлиши ва тахминларга асосланиши, манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа шахсларнинг босимлари сабабли ўзининг касбга оид фикр-мулоҳазасида таваккалчилик қилмаслиги, аудиторлик ташкилотининг обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларга йўл қўймаслиги керак.



7-модда. Чуқур касбий билимга эгалик принципи


Аудитор ушбу Қонун талабларига риоя этиши, етарли даражада чуқур касбий билимга эга бўлиши ҳамда касбий билим ва кўникмаларини аудиторлик ташкилоти таркибида сифатли аудиторлик хизматлари кўрсатиш учун етарли бўлган даражада сақлаб туриши керак.



8-модда. Ахборотнинг махфийлиги принципи


Аудиторлар ва аудиторлик ташкилоти ходимлари аудиторлик хизматлари кўрсатиш жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни ўзига аудиторлик хизматлари кўрсатилган шахсларнинг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳамда ўзгаларга беришга ҳақли эмас, бундан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.



9-модда. Аудиторлик фаолияти стандартлари


Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Аудит ва ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинадиган аудитнинг халқаро стандартлари ҳамда сифат назоратининг халқаро стандартлари, таҳлилий текширувларнинг халқаро стандартлари, ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари, турдош хизматларнинг халқаро стандартлари аудиторлик фаолияти стандартларидир.

Аудиторлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига зид бўлмаган, Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Ўзбекистон Республикасида эълон қилиш тўғрисидаги рухсатномаси асосида аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган аудиторлик фаолияти стандартлари асосида амалга оширилади.

Аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун уларни тан олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



2-БОБ. АУДИТОРЛИК ФАОЛИЯТИ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


10-модда. Аудиторлик фаолияти соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Аудиторлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аудиторлик фаолиятини ва аудиторлик хизматлари бозоридаги ҳалол рақобатни илғор халқаро амалиёт асосида ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

аудиторлик текширувларининг ўрнини, аҳамиятини ва кўрсатилаётган аудиторлик хизматларининг сифати учун аудиторлик ташкилотларининг жавобгарлигини ошириш;

аудиторларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

аудиторлик ташкилотларининг иши сифатини ташқи назорат қилиш тизимини шакллантириш;

ёшларни аудиторлик касбига жалб этиш ва касбга оид аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг тегишли олий таълим ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилишини таъминлаш.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

аудиторлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартибини белгилайди;

аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳони ўтказиш тартибини белгилайди;

аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш тартибини белгилайди.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг

аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

аудиторлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

аудиторлик фаолияти соҳасидаги халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалайди;

ўз ваколатлари доирасида аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

малака комиссиясининг иш тартиби ва регламентини белгилайди;

аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари иштирокида малака имтиҳонини ўтказади;

аудиторнинг малака сертификатини беради, қайта расмийлаштиради, унинг амал қилиш муддатини узайтиради ва унинг амал қилишини тугатади, бундан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган сертификат мустасно;

аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда аудиторлар малакасини оширишнинг намунавий дастурини тасдиқлайди;

Аудиторлик ташкилотларининг реестрини ва Аудиторлар реестрини юритади;

аудиторлик ташкилотлари ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан электрон тарзда ҳамкорлик қилиш учун мўлжалланган "Аудит" дастурий мажмуининг ахборот тизими такомиллаштирилишини таъминлайди;

аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда аудиторлик ташкилотларининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказади;

аудиторлик хизматлари ривожланишини таҳлил қилишни амалга оширади.



13-модда. Ваколатли давлат органи фаолиятининг

очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш


Ваколатли давлат органи ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф, бошқа давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига қуйидагилар жойлаштирилади:

аудиторлик фаолиятининг стандартлари;

Аудиторлик ташкилотларининг реестри ҳамда халқаро аудиторлик ташкилотининг ёки халқаро ассоциацияларнинг аъзолари бўлган аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар;

малака имтиҳонини топширишига рухсат берилган, шунингдек халқаро бухгалтер сертификатига ёки камида ўн йиллик узлуксиз аудиторлик иш стажига эга бўлган талабгорлар рўйхати;

аудиторнинг сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотлар;

ушбу Қонун 44-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган Аудиторлар реестридан маълумотлар;

малака имтиҳонини топшириш, аудиторнинг малака сертификатини қайта расмийлаштириш ҳамда унинг дубликатини бериш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати ва аризаларнинг намуналари;

аудиторнинг малака сертификати бланкасининг шакли;

аудиторлар малакасини оширишнинг намунавий дастури;

аудиторлик ташкилотларининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш тартиби;

мажбурий аудиторлик текширувини ўтказган аудиторлик ташкилотларининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш натижалари;

аудиторлик хизматларини ривожлантириш тўғрисидаги ахборот.

Ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида қонунчиликка мувофиқ бошқа ахборот жойлаштирилиши мумкин.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз ваколатлари доирасида:

банкларни ва бошқа кредит ташкилотларини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди;

банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатини бериш тартибини белгилайди ва уни беради;

банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган Аудиторларнинг реестрини юритади ва уни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради.



15-модда. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари


Аудиторларни бирлаштирадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларидир.

Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари аудиторларнинг касбий даражасини ривожлантиришга ва сақлаб туришга, уларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга даъват этилгандир.

Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари:

малака имтиҳонларини ўтказишда ва тест саволларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

аудиторлар ва аудиторлик ташкилотлари томонидан Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Халқаро одоб-ахлоқ стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинган Профессионал бухгалтернинг одоб-ахлоқ кодексига (бундан буён матнда Профессионал бухгалтернинг одоб-ахлоқ кодекси деб юритилади) риоя этилишининг тизимли мониторинги ташкил этилишини таъминлайди;

аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлайди;

рэнкинг ўтказишнинг ягона тартибини белгилайди;

рэнкинг ўтказилишини ташкил этади ва ҳар йили 1 майга қадар унинг натижаларини ўз расмий веб-сайтларида эълон қилади;

аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари аъзоларининг реестрларини юритади ва уларни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради;

зарурат бўлганда, бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича халқаро ташкилотларнинг ишида иштирок этади;

ҳар йили10 январга қадар аудиторларнинг малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги ахборотни ваколатли давлат органига тақдим этади.



16-модда. Аудиторлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги


Аудиторлик ташкилотларининг фаолиятига аралашишга ва аудиторлик ташкилотига, шунингдек унинг ходимларига қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.



3-БОБ. АУДИТОР ВА УНИНГ ЁРДАМЧИСИ,

АУДИТОРНИНГ МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ


17-модда. Аудитор. Аудиторнинг ёрдамчиси


Аудитор ўзи билан аудиторлик ташкилоти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида бир вақтнинг ўзида фақат битта аудиторлик ташкилоти таркибида ишлаши мумкин.

Аудитор ўзи ишлайдиган фақат битта аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин.

Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги муносабати билан Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилган аудиторлик ташкилотини илгари бошқарган аудитор аудиторлик ташкилоти Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилган санадан эътиборан уч йил ичида бошқа аудиторлик ташкилотининг раҳбари бўлиши мумкин эмас.

Аудиторнинг малака сертификатига эга бўлмаган, аудиторлик ташкилотида ишловчи ҳамда аудиторнинг топшириғига кўра аудиторлик хулосасига ва аудиторлик текширувини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатга имзо қўйиш ҳуқуқисиз аудиторлик текширувида иштирок этадиган жисмоний шахс аудиторнинг ёрдамчисидир.

Аудиторнинг ёрдамчисига нисбатан унинг аудиторлик текширувида иштирок этиши чоғида ўзи олган маълумотларни ошкор этмаслик мажбурияти татбиқ этилади.



18-модда. Аудиторларнинг малакасини ошириш


Аудиторларнинг малакасини ошириш бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотда аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.

Аудитор аудиторнинг малака сертификатини олган йилдан кейинги йилдан эътиборан ҳар йили аудиторларнинг малака ошириш курсларидан ўтади.

Аудиторларнинг малакасини ошириш курслари ваколатли давлат органи томонидан аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда тасдиқланадиган намунавий дастур бўйича ўтказилади.



19-модда. Аудиторнинг малака сертификати


Аудиторнинг малака сертификати (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) аудиторнинг малакасини тасдиқлайдиган ва унга аудиторлик ташкилоти таркибида аудиторлик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатдир.

Сертификат башарти талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширса, ваколатли давлат органи томонидан бериладиган, қатъий ҳисоботга оид ҳужжатдир.

Сертификат дастлабки беш йиллик муддатга берилади, унинг амал қилиши навбатдаги ўн йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга узайтирилади.

Талабгорда халқаро бухгалтер сертификати мавжуд бўлган ҳамда у ушбу Қонуннинг 21 ва 22-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этган тақдирда, сертификат унга малака имтиҳонини топширмаган ҳолда дастлабки беш йиллик муддатга берилади ва белгиланган даврийлик билан узайтирилади.



20-модда. Малака имтиҳони


Сертификат олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун талабгорларнинг билимларини малака комиссияси томонидан текшириш тартиб-таомили малака имтиҳонидир.

Малака имтиҳонини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Аудиторда камида ўн йиллик узлуксиз аудиторлик иш стажи мавжуд бўлган ва у ушбу Қонун 22-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, сертификатнинг амал қилиш муддати малака имтиҳони топширилмаган ҳолда узайтирилади.

Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор, малака имтиҳонини қайта топшириш учун малака имтиҳонида иштирок этган санадан эътиборан камида бир ойдан сўнг ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли.



21-модда. Сертификат олиш учун талабгорга

қўйиладиган малака талаблари


Сертификат олиш учун талабгор олий маълумотга ҳамда олий таълим ташкилотини тамомлаганидан кейин охирги ўн йилдан камида уч йил бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида ёки олий таълим ташкилотида "Бухгалтерия ҳисоби" ёхуд "Аудит" фанидан дарс бериш соҳасида иш стажига (шу жумладан ўриндошлик асосида) эга бўлиши керак.

"Бухгалтерия ҳисоби" ва "аудит" ихтисосликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган талабгор учун аудиторлик ташкилотида камида бир йиллик иш стажи (шу жумладан ўриндошлик асосида) талаб қилинади.

Талабгорнинг иқтисодий ихтисосликлар бўйича илмий даражаси мавжуд бўлган тақдирда, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги иш стажи талаб этилмайди.



22-модда. Сертификат олиш ёки унинг амал қилиш

муддатини узайтириш учун зарур бўлган ҳужжатлар


Талабгор дастлабки беш йиллик муддатга сертификат олиш учун ваколатли давлат органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади:

паспортининг кўчирма нусхасини;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёки илмий даража тўғрисидаги ҳужжатнинг ёхуд чет давлатда олинган олий маълумот ёки илмий даража тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги тегишли ваколатли давлат органи гувоҳномасининг кўчирма нусхасини;

белгиланган даврийлик билан малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, халқаро бухгалтер сертификатининг кўчирма нусхасини (мавжуд бўлган тақдирда);

меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасини (ўриндошлик асосида иш стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилган ҳолда, шунингдек хориждаги иш стажини тасдиқловчи ҳужжатни) ёки "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан кўчирмани;

аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхасини.

Аудитор сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун унинг дастлабки беш йиллик муддати ёки навбатдаги ўн йиллик муддати тугашидан уч ой олдин, бироқ сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан кўпи билан олти ой олдин ваколатли давлат органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади:

сертификатнинг асл нусхасини;

белгиланган даврийлик билан малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, халқаро бухгалтер сертификатининг кўчирма нусхасини (мавжуд бўлган тақдирда);

меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасини ёки "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан кўчирмани;

аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхасини.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган ҳужжатлар ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.



23-модда. Талабгорнинг ҳужжатларини

кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари


Ваколатли давлат органи сертификат олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун ариза келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ҳақида ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Талабгорнинг малака имтиҳонини топширмаган ҳолда сертификат олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун аризасини кўриб чиқиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатда амалга оширилади. Талабгорларга малака имтиҳонини топширмаган ҳолда сертификат беришни ёки сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш мазкур Қонуннинг 24-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Сертификат олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Малака имтиҳонини топширишига рухсат берилган, шунингдек халқаро бухгалтер сертификатига ёки камида ўн йиллик узлуксиз аудиторлик иш стажига эга бўлган талабгорлар рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Малака имтиҳони топширишига рухсат берилган талабгорлар малака имтиҳони ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида имтиҳон ўтказиладиган кундан камида ўн иш куни олдин ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

Халқаро бухгалтер сертификатига ёки камида ўн йиллик узлуксиз аудиторлик иш стажига эга бўлган талабгорларга ваколатли давлат органининг тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиши натижалари тўғрисида хабарномалар юборилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилганда ариза тақдим этилган санадан то сертификатнинг амал қилиш муддати тугайдиган санагача бўлган вақт даври аудитор сифатидаги узлуксиз иш стажига қўшилади.

Аудитор сифатидаги узлуксиз иш стажини аниқлаш чоғида аудитор лавозимига тайинлашлар оралиғидаги бир ойдан кўп бўлмаган вақт даври узилиш деб қаралмайди.

Агар талабгор малака имтиҳонини топширишга икки марта келмаган бўлса, тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилади. Бунда сертификат олиш ёкиунинг амал қилиш муддатини узайтириш учунаризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.



24-модда. Малака имтиҳонини топширишга

рухсат беришни рад этиш


Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилган тақдирда, ваколатли давлат органи қабул қилинган қарор тўғрисида талабгорни рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда уч иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

талабгорнинг ушбу Қонун 21-моддасида белгиланган малака талабларига мувофиқ эмаслиги;

ушбу Қонуннинг 22-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги.

Малака имтиҳонини топширишига рухсат бериш рад этилган талабгор камчиликлар бартараф этилганидан кейин ариза билан такроран мурожаат қилишга ҳақли. Камчиликлар ўн беш иш куни ичида бартараф этилганда аризани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.



25-модда. Сертификатни расмийлаштириш ва қайта

расмийлаштириш, унинг дубликатини бериш


Сертификат ваколатли давлат органи томонидан малака комиссиясининг баённомалари олинганидан кейин ўн кунлик муддатда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик кучга эга бўлади.

Аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартишларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан эътиборан бир ойлик муддатда ваколатли давлат органига сертификатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Сертификатни қайта расмийлаштириш аудитор қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган сертификатнинг асл нусхасини ва тегишли ўзгартишларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда сертификатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган кундан эътиборан беш иш куни ичида амалга оширилади. Қайта расмийлаштириш чоғида аввал берилган рақам ва илгари белгиланган амал қилиш муддати кўрсатилган сертификатнинг янги бланкаси берилади. Илгари берилган сертификат бланкаси йўқ қилинади.

Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификат ўрнига аудиторнинг сертификатнинг дубликатини бериш тўғрисидаги аризасига асосан унинг дубликати берилади. Сертификат йўқолганлиги тўғрисидаги ахборот ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Сертификатнинг дубликати айнан ўша рақамда ва илгари белгиланган амал қилиш муддатига, сертификатнинг янги бланкасида "Дубликат" деган ёзув албатта киритилган ҳолда берилади.

Яроқсиз ҳолга келган сертификат ваколатли давлат органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Сертификатни қайта расмийлаштириш ёки унинг дубликатини бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.



26-модда. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш


Сертификатнинг амал қилиши унинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

аудиторнинг сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги аризаси;

уч йил давомида аудиторлик фаолиятида иштирок этмаганлик;

сертификат расмийлаштирилган санадан эътиборан олти ой давомида аудиторнинг сертификатни олиш учун келмаганлиги;

ваколатли давлат органининг сертификат бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилоф эканлиги факти аниқланганлиги;

сертификат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги;

суднинг муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутувчи қонуний кучга кирган ҳукми;

суднинг сертификат эгасини белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги қарори;

аудиторлик фаолиятини амалга ошириш чоғида ушбу Қонун талабларини мунтазам равишда (икки мартадан кўп) ёки бир марта қўпол тарзда бузганлик.

Қуйидагилар ушбу Қонун талабларини бир марта қўпол тарзда бузиш деб эътироф этилади:

аудиторлик текширувини ўтказиш чоғида ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган чекловларни бузганлик;

била туриб сохта аудиторлик хулосасини тузганлик;

аудиторлик текширувини ўтказиш чоғида олинган махфий ахборотни аудиторлик текшируви буюртмачисининг рухсатисиз ошкор қилганлик, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

аудиторлик текширувини ўтказиш чоғида аниқланган, бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек молиявий ҳисобот тузиш бўйича белгиланган талабларнинг хўжалик юритувчи субъект томонидан бузилиши фактларининг аудитор томонидан яширилганлиги;

сертификатни бошқа шахсга унинг аудиторлик фаолиятида ўз номидан иштирок этиши учун ушбу ҳужжатдан фойдаланиши мақсадида берганлик факти аниқланганлиги;

аудиторнинг назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқларига кўра ҳар хил текширувларни ўтказиш учун аудиторлик ташкилоти ва мазкур органлар ўртасида шартнома тузилмаган ҳолда мутахассис сифатида иштирок этганлиги;

аудитор бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ аудиторлик ташкилотининг ходими ёки муассиси (иштирокчиси) эканлиги факти аниқланганлиги;

аудиторнинг ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтмаганлиги.

Ушбу модда иккинчи қисмининг тўққизинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича ўз сертификатининг амал қилиши тугатилган аудитор сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил давомида сертификат олиш ҳақидаги ариза билан такроран мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Аудиторлик ташкилотини Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқаришга сабаб бўлган қоидабузарликларга йўл қўйган аудиторлик ташкилоти раҳбари ва аудитор сертификатларининг амал қилиши аудиторлик ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилган санадан эътиборан тугатилади.

Ваколатли давлат органининг сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор аудиторга ёки ушбу аудитор ишлаётган аудиторлик ташкилотига беш кунлик муддатда юборилади.

Сертификатнинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор аудитор томонидан олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида сертификат ваколатли давлат органига йўқ қилиш учун қайтарилиши лозим.



4-БОБ. АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИ.

АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


27-модда. Аудиторлик ташкилоти


Аудиторлик ташкилоти ўзи ҳақидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилган санадан эътиборан аудиторлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир.

Аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир.

Аудиторлик ташкилоти вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.

Аудиторлик ташкилотларига тадбиркорлик фаолиятининг ушбу Қонун 32 ва 33-моддаларида назарда тутилган турларидан ташқари бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланадиган бошқа шахслар аудиторлик ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин эмас.

Аудиторлик ташкилоти, башарти қуйидаги мажбурий шартларга риоя этса, қонунчиликда назарда тутилган исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда, бундан акциядорлик жамияти мустасно, ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин:

аудиторлик ташкилоти ўзи учун асосий иш жойи бўлган аудиторларнинг энг кам сони штатдаги камида тўрт нафар аудитордан иборат бўлади;

аудиторлик ташкилотининг устав фонди (устав капитали) аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланадиган мол-мулкдан, шу жумладан пул маблағларидан шакллантирилади;

устав фондидаги (устав капиталидаги) аудиторларга (аудиторга) тегишли бўлган улуш камида эллик бир фоизни ташкил этиши керак (бундан аудиторлик ташкилоти - чет эл аудиторлик ташкилотининг филиали ёки шўъба хўжалик жамияти ташкил этилган ҳоллар мустасно);

аудиторлик ташкилотига фақат ўзи учун мазкур аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи бўлган аудитор раҳбар бўлиши керак.

Аудиторлик ташкилоти бошқа аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг олтинчи қисми талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда аудиторлик ташкилоти номувофиқлик юзага келган кундан эътиборан беш кун муддатда ваколатли давлат органини бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади ва юзага келган номувофиқликни кўрсатиб ўтилган санадан эътиборан уч ойдан кўп бўлмаган муддатда бартараф этиши ёхуд аудиторлик фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Ушбу модданинг олтинчи қисми талабларига номувофиқлик бартараф этилгунига қадар аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик текширувлари ўтказиш тақиқланади.

Аудиторлик ташкилотининг филиали ташкил этилганда филиал раҳбари аудитор бўлиши керак.

Аудиторлик ташкилотининг фирма номида "аудиторлик ташкилоти" деган сўз бирикмаси бўлиши ва бу ном бошқа аудиторлик ташкилотларининг фирма номлари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга ўхшаш бўлган белгиларни ўз ичига олмаслиги керак.

Ўзи ҳақидаги маълумотлар Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритилган санадан эътиборан уч ой давомида у тўғрисидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилмаган тижорат ташкилоти ўз номида "аудиторлик ташкилоти" деган сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Аудиторлик ташкилоти Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилган тақдирда, аудиторлик фаолиятини амалга оширишга ва фирма номида "аудиторлик ташкилоти" деган сўз бирикмасидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.



28-модда. Аудиторлик ташкилотининг ҳуқуқлари


Аудиторлик ташкилоти:

аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатлари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот ҳужжатлари билан олдиндан танишиб чиқишни амалга оширишга;

аудиторлик текширувини ўтказиш шакллари ва усулларини мустақил тарзда белгилашга;

аудиторлик текшируви ўтказилаётганда хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳужжатларини тўлиқ ҳажмда олишга, шунингдек ушбу ҳужжатларда ҳисобга олинган ҳар қандай мол-мулкнинг амалда мавжудлигини ҳамда ҳар қандай мажбуриятларнинг амалдаги ҳолатини текширишга;

хўжалик юритувчи субъект томонидан эълон қилинган аудиторлик ташкилоти танловларида иштирок этишга, шунингдек танлов шартлари билан танишиб чиқиш ва ўз таклифларини тақдим этишга;

хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахсларидан, бошқа моддий жавобгар ходимларидан, аудит қўмитасидан аудиторлик текшируви жараёнида юзага келган масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш ҳамда аудиторлик текшируви учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар олишга;

учинчи шахслардан ахборотнинг ёзма тасдиқномаларини олишга;

аудиторлик хулосасини тузиш учун зарур бўлган ахборот хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилмаган тақдирда аудиторлик текшируви ўтказишни рад этишга;

аудиторлик текширувини ўтказишда иштирок этиш учун бошқа мутахассисларни эксперт сифатида жалб этишга;

аудиторлик текшируви билан қамраб олинадиган даврда хўжалик юритувчи субъектга турдош хизматлар кўрсатишга, бундан бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш, юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш, шу жумладан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тузиш, тафтиш комиссияси (тафтишчи) вазифаларини, инвестиция активларини ишончли бошқарувчи вазифаларини амалга ошириш мустасно;

ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмаларга ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига бирлашишга ҳақли.

Аудиторлик ташкилоти қонунчиликка ва аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



29-модда. Аудиторлик ташкилотининг мажбуриятлари


Аудиторлик ташкилоти:

ушбу Қонун, аудиторлик фаолиятининг стандартлари ва Профессионал бухгалтернинг одоб-ахлоқи кодекси талабларига риоя этиши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

аудиторларга (аудиторга) устав фондидаги (устав капиталидаги) тегишли улуш камида эллик бир фоиз бўлишини таъминлаши (бундан аудиторлик ташкилотини - чет эл аудиторлик ташкилотининг филиали ёки шўъба хўжалик жамиятини ташкил этиш ҳоллари мустасно);

штатида асосий иш жойи аудиторлик ташкилоти бўлган камида тўрт нафар аудитор мавжуд бўлишини таъминлаши;

аудиторларнинг йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаши;

аудиторлик фаолиятини фақат аудиторлик ташкилоти жавобгарлигининг суғурта полиси мавжуд бўлган тақдирда амалга ошириши;

аудиторлик хизматларини кўрсатиш чоғида мустақилликни таъминлаши;

аудиторлик хизматлари буюртмачисининг талабига кўра аудитор (аудиторлар) сертификатини, аудиторлик ташкилоти жавобгарлигининг суғурта полисини кўрсатиши;

аудиторлик текширувини ўтказишга доир аудитнинг халқаро стандартлари талаблари тўғрисидаги, аудиторнинг эътирозларига асос бўлган қонунчилик ҳужжатлари нормалари ҳақидаги ахборотни хўжалик юритувчи субъектнинг сўровига биноан тақдим этиши;

аудиторлик хизматларини кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаши;

аудиторлик текшируви натижаларини аудиторлик фаолияти стандартларига мувофиқ расмийлаштириши ва аудиторлик хулосаларининг нусхаларини аудиторлик ташкилотида камида беш йил сақлаши;

ўтказилган мажбурий аудиторлик текширувлари тўғрисидаги ахборотни хўжалик юритувчи субъектнинг идентификация маълумотларини ва аудиторлик хулосасини кўрсатган ҳолда ўз расмий веб-сайтларига ёки аудиторлар республика жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириши;

аудиторлик ташкилотлари рэнкингини ўтказиш учун ахборот тақдим этиши;

бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишлари тўғрисида ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқ тасдиқловчи фактлар ҳақида хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбариятини ва корпоратив бошқарув учун масъул бўлган шахсларни, аудит қўмитасини ёзма шаклда хабардор қилиши;

аудиторлар иши сифатининг ички назорат тизимини ўрнатиши ва унга риоя этиши;

аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказишга монелик қилмаслиги;

ўз почта манзили ва электрон манзили ўзгарганлиги тўғрисида, аудиторлик ташкилотининг раҳбари алмашганлиги ва (ёки) аудиторлар таркиби ўзгарганлиги ҳақида ваколатли давлат органини беш кунлик муддатда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши;

ҳар йили 20 январга қадар аудиторлик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ваколатли давлат органига ёзма ёки электрон шаклда тақдим этиши шарт.

Аудиторлик ташкилотининг зиммасида қонунчиликка ва аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



30-модда. Аудиторлик ташкилотининг жавобгарлиги


Аудиторлик ташкилоти аудиторлик текшируви буюртмачилари, хўжалик юритувчи субъект ва молиявий ҳисоботдан бошқа фойдаланувчилар олдида уларга молиявий ҳисоботлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа молиявий ахбороти тўғрисидаги нотўғри якунни ўз ичига олган аудиторлик хулосасини тузиш оқибатида етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун аудиторлик ташкилоти раҳбари қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Маълумотлари Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилмаган ташкилот томонидан аудиторлик текширувини ўтказганлик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



5-БОБ. АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИ

ТОМОНИДАН ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ


31-модда. Аудиторлик хизматларининг турлари


Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик текширувлари ва турдош хизматлари туридаги аудиторлик хизматларини кўрсатади.

Аудиторлик хизматлари аудиторлик ташкилоти ва аудиторлик хизматлари буюртмачиси ўртасида тузилган шартнома асосида кўрсатилади.



32-модда. Аудиторлик текшируви


Хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботининг ва у билан боғлиқ молиявий ахборотининг аудиторлик текшируви текшириладиган молиявий ҳисоботнинг ҳамда у билан боғлиқ молиявий ахборотнинг ишончлилигини ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлигини аниқлаш мақсадида аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилади.

Ишончлилик деганда молиявий ҳисобот маълумотларининг аниқлик даражаси тушунилиб, у ушбу ҳисобот асосида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий аҳволи ва молиявий-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида холис хулосалар чиқариш имконини беради.

Аудиторлик текшируви ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган чекловларга риоя этиш шарти билан мажбурий тарзда ва ташаббус шаклида ўтказилади.

Аудиторлик текширувини давлат сирларидан ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан фойдаланган ҳолда ўтказиш фақат уларни ҳимоя қилиш чоралари кўрилганидан кейин қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Ушбу Қонун талабларидан фарқ қиладиган тартибда амалга ошириладиган текширув аудиторлик текшируви бўлмайди.



33-модда. Аудиторлик ташкилотларининг турдош хизматлари


Аудиторлик ташкилотлари қуйидаги турдош хизматларни кўрсатиши мумкин:

бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш, юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш, шу жумладан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тузиш;

юридик шахснинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси), инвестиция активларини ишончли бошқарувчи вазифаларини амалга ошириш;

бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш масалалари бўйича маслаҳат бериш;

аудиторлик ташкилотининг штатида солиқ маслаҳатчиси мавжуд бўлганда ёхуд шартнома шартлари асосида уни жалб этган ҳолда, солиққа оид қонунчиликни қўллаш, солиқлар ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китоблар, декларациялар тузиш юзасидан маслаҳатлар бериш;

молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш ва молиявий режалаштириш, шу жумладан бизнес-режалар тайёрлаш, иқтисодий, молиявий маслаҳат ва бошқарувга оид маслаҳат бериш;

бухгалтерия ҳисоби, аудит ва молиявий ҳисобот, солиқ солиш, молия-хўжалик фаолиятини ҳамда молиявий режалаштиришни таҳлил қилишга доир семинарлар, конференциялар ўтказиш;

бухгалтерия ҳисобини юритишни автоматлаштириш ва молиявий ҳисобот тузиш, молиявий ахборотнинг ахборот хавфсизлиги бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик фаолияти стандартларида назарда тутилган бошқа турдош хизматларни ҳам кўрсатиши мумкин.



6-БОБ. АУДИТОРЛИК ТЕКШИРУВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


34-модда. Аудиторлик текширувини ўтказишдаги чекловлар


Аудиторлик ташкилотларига қуйидагиларга нисбатан аудиторлик текширувини ўтказиш тақиқланади:

мазкур аудиторлик ташкилотининг кредиторлари, суғурталовчилари бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан, шунингдек ушбу аудиторлик ташкилотлари ва аудиторлар ўзининг муассислари, иштирокчилари, акциядорлари бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан;

муассиси, иштирокчиси, акциядори ёки раҳбарлик вазифаларини ёхуд бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга ошираётган шахси, аудит қўмитаси аъзоси бир вақтнинг ўзида мазкур аудиторлик ташкилотининг ходими бўлган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан;

аудиторлик текшируви билан қамраб олинадиган даврда мазкур хўжалик юритувчи субъектга ушбу Қонун 33-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган турдош хизматларни кўрсатганларга;

ходимлари муассиснинг, иштирокчининг яқин қариндошлари ёки раҳбарлик вазифаларини ёхуд бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахснинг текширилаётган хўжалик юритувчи субъект аудит қўмитаси аъзосининг яқин қариндошлари бўлган;

аудиторлик ташкилотининг ёки аудиторнинг манфаатдорлиги молиявий ҳисобот ва у билан боғлиқ молиявий ахборот тўғрисида фикр билдиришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда.

Аудиторлик ташкилоти кетма-кет етти йилдан кўпроқ айни бир хўжалик юритувчи субъектнинг аудиторлик текширувини ўтказишга ҳақли эмас.



35-модда. Мажбурий аудиторлик текшируви


Қуйидаги ташкилотлар ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим:

акциядорлик жамиятлари;

банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;

суғурта ташкилотлари;

инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамловчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилари;

манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмаларидан иборат бўлган хайрия, жамоат фондлари ва бошқа фондлар;

устав фондида (устав капиталида) давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари;

фонд ва товар биржалари;

ҳисобот йили якунларига кўра қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари: активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ, маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз минг баравари миқдоридан ортиқ, ходимларининг ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқ бўлса.

Қуйидаги шартларга мувофиқ бўлган аудиторлик ташкилотларининг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ташкилотларнинг мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишига йўл қўйилади:

штатида камида кетма-кет уч йиллик узлуксиз иш стажига ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида икки нафар аудиторнинг мавжудлиги;

аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш натижаларига кўра, аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳоллари мавжуд эмаслиги.

Банкларнинг аудиторлик текшируви штатида банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган камида икки нафар аудитор мавжуд бўлган аудиторлик ташкилотлари томонидан ўтказилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектлар мажбурий аудиторлик текшируви буюртмачилари сифатида иш юритади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектлар мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилганидан кейин ўн беш кун ичида, бироқ ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнидан кечиктирмай, солиқ органларига аудиторлик хулосасининг кўчирма нусхасини тақдим этади.

Мажбурий аудиторлик текширувини қонунга мувофиқ ўтказишдан бўйин товлаш хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жазо қўлланилишига сабаб бўлади.

Йиллик молиявий ҳисоботнинг аудиторлик текширувини ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнигача ўтказмаслик ва аудиторлик хулосасининг йўқлиги хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаши деб эътироф этилади.

Солиқ органлари томонидан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин календарь йил тугагунига қадар мажбурий аудиторлик текширувини ўтказмаслик хўжалик юритувчи субъектдан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдоридаги суммада жарима ундиришга сабаб бўлади. Хўжалик юритувчи субъект жаримани ихтиёрий равишда тўлашдан бош тортган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги масала иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Жаримани тўлаш хўжалик юритувчи субъектни мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан озод қилмайди.



36-модда. Ташаббус тарзидаги аудиторлик текшируви


Юридик шахс, унинг мулкдори, устав фондида (устав капиталида) камида 10 фоиз миқдоридаги улушга эга бўлган иштирокчилар ва акциядорлар, шунингдек назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувининг буюртмачилари бўлиши мумкин.

Назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббусига кўра аудиторлик текшируви аудиторлик ташкилоти ва ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида ўтказилади ҳамда мазкур шартнома асосида ҳақ тўланади. Бунда назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан айни бир аудиторлик ташкилотини айни бир хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятини айни ўша асосларга кўра текширишга такроран жалб этишга йўл қўйилмайди.

Ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувини ўтказишга доир ишларга ҳақ тўлаш аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиққан шахс ёки орган ҳисобидан амалга оширилади.

Ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувини ўтказиш предмети, муддатлари ҳамда бошқа шартлари аудиторлик текширувининг буюртмачиси ва аудиторлик ташкилоти ўртасида тузиладиган аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.



37-модда. Хўжалик юритувчи субъектнинг аудиторлик

текширувини ўтказиш чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ўзига нисбатан аудиторлик текшируви ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъект аудиторлик ташкилотидан:

аудиторлик хулосасини;

аудиторлик хулосасида ифодаланган фикр юзасидан тушунтиришларни ва аудиторлик ташкилотининг фикрига асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги ахборотни;

бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ҳисобот тузиш ҳамда аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни тўғрилаш тартиби ҳақида маслаҳатлар олишга ҳақлидир.

Ўзига нисбатан аудиторлик текшируви ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъект:

аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторга шарт-шароитларни яратиб бериши ва унга зарур ҳужжатларни тақдим этиши;

аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларга риоя этиши;

аудиторлик текшируви давомида аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиши ва мазкур ахборот олинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай аудиторлик ташкилотини натижалар ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиши;

аудиторлик текшируви жараёнида аниқланган бухгалтерия ҳисобини юритишга, молиявий ҳисобот тузишга ҳамда солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш тартибига доир қоидабузарликларни бартараф этиши шарт.

Хўжалик юритувчи субъект ушбу Қонунга мувофиқ амалга ошириладиган аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортиш ёки унга тўсқинлик қилиш мақсадида бирон-бир ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этишга ҳақли эмас.

Хўжалик юритувчи субъект қонунчиликка ҳамда аудиторлик ташкилоти билан тузилган аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



38-модда. Ташаббус тарзидаги аудиторлик текшируви

буюртмачисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувининг буюртмачиси:

аудиторлик ташкилотини мустақил равишда танлашга;

ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувининг йўналиши ва ҳажмини белгилашга;

аудиторнинг мулоҳазалари асосланилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги зарур ахборотни аудиторлик ташкилотидан олишга;

аудиторлик хулосасини олишга ҳақли.

Ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувининг буюртмачиси:

аудиторлик текширувини аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда ўтказиш учун аудиторга тегишли шарт-шароитлар яратиши;

аудиторга зарур ҳужжатларни тақдим этиши;

аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ аудиторлик ташкилоти хизматлари ҳақини ўз вақтида тўлаши шарт.

Ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувининг буюртмачиси қонунчиликка ва аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.



39-модда. Аудиторлик хулосаси


Молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги тўғрисида аудиторлик ташкилотининг ёзма шаклда ифодаланган фикрини ўз ичига олган ҳужжат аудиторлик хулосасидир.

Аудиторлик хулосаси рақамланган, ҳар бир саҳифаси аудиторлик текширувини амалга оширган аудитор (аудиторлар) ва аудиторлик ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланган ҳамда унга аудиторлик ташкилотининг фикри қайси молиявий ҳисоботга нисбатан ифодаланган бўлса, ўша молиявий ҳисобот илова қилинган бўлиши керак.

Аудиторлик хулосасининг шакли ва мазмуни аудиторлик фаолияти стандартлари билан белгиланади.



40-модда. Била туриб сохта тузилган аудиторлик хулосаси


Аудиторлик текширувини ўтказмасдан тузилган ёхуд аудиторлик текшируви натижаларига кўра тузилган, бироқ хўжалик юритувчи субъектнинг аудиторлик текшируви жараёнида аудитор (аудиторлар) томонидан олинган ва ўрганилган ҳужжатлари мазмунига мувофиқ бўлмаган аудиторлик хулосаси била туриб сохта тузилган деб ҳисобланади.

Аудиторлик хулосаси суднинг қонуний кучга кирган қарорига кўра, била туриб сохта тузилган деб топилади.

Била туриб сохта аудиторлик хулосасини тузиш аудиторлик ташкилотини Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқаришга, аудиторлик ташкилоти раҳбари сертификатининг ва аудиторлик текширувида иштирок этган аудиторлар сертификатларининг амал қилишини тугатишга, шунингдек айбдор шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.



7-БОБ. АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

РЕЕСТРИНИ ВА АУДИТОРЛАР РЕЕСТРИНИ

ЮРИТИШ


41-модда. Аудиторлик ташкилотларининг реестри


Ваколатли давлат органи Аудиторлик ташкилотларининг реестрини электрон шаклда юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

аудиторлик ташкилотининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

аудиторлик ташкилотининг телефон рақами;

аудиторлик ташкилотининг электрон манзили ва расмий веб-сайти (мавжуд бўлган тақдирда);

аудиторлик ташкилотининг солиқ тўловчининг идентификация рақами;

аудиторлик ташкилоти раҳбарининг ва аудиторларининг фамилияси, исми, отасининг исми, улар сертификатларининг рақами ҳамда олинган санаси;

аудиторлик ташкилоти Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилган сана;

Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилиш асослари ва санаси.

Аудиторлик ташкилотларининг реестридаги мавжуд ахборот танишиб чиқиш учун очиқдир.



42-модда. Аудиторлик ташкилотини Аудиторлик

ташкилотларининг реестрига киритиш


Белгиланган тартибда рўйхатга олинган аудиторлик ташкилоти маълумотларни Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритиш учун ваколатли давлат органига маълумотномани ва аудиторлар меҳнат дафтарчаларининг кўчирма нусхаларини ("Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан кўчирмаларни) почта орқали ёки электрон шаклда юборади. Маълумотномада аудиторлик ташкилотининг номи, почта ва электрон манзили, веб-сайти (мавжуд бўлган тақдирда), телефон алоқа рақами, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилади.

Ваколатли давлат органи аудиторлик ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотларни кўриб чиққанидан кейин беш иш куни ичида аудиторлик ташкилотини Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритишни амалга оширади.

Ваколатли давлат органи аудиторлик ташкилоти тўғрисидаги маълумотни қуйидаги ҳолларда Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритмайди:

аудиторлик ташкилоти томонидан нотўғри маълумотлар тақдим этилганда;

аудиторлик ташкилоти ушбу Қонуннинг 27-моддаси талабларига мувофиқ бўлмаганда.



43-модда. Аудиторлик ташкилотини Аудиторлик

ташкилотларининг реестридан чиқариш


Аудиторлик ташкилоти қуйидаги ҳолларда Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилади:

аудиторлик ташкилоти тугатилганда;

аудиторлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турлари амалга оширилганда ёки фаолият тури ўзгарганда;

ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган аудиторлик текширувини ўтказишдаги чекловлар бузилганда;

била туриб сохта аудиторлик хулосаси тузилганда;

аудиторлик хизматлари кўрсатиш чоғида олинган махфий ахборот ошкор қилинганда;

аудиторлик фаолиятини амалга оширишда аудиторлик ташкилоти жавобгарлигининг суғурта полиси мавжуд бўлмаганда;

аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назорати ўтказилаётганда зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ваколатли давлат органига тақдим этмаганда.

Аудиторлик ташкилотининг Аудиторлик ташкилотлари реестридан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши, шунингдек ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.



44-модда. Аудиторлар реестри


Ваколатли давлаторгани Аудиторлар реестрини юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

аудиторнинг иш жойи;

сертификатнинг рақами, берилган санаси;

сертификат олган шахснинг фамилияси, исми ва имзоси, шунингдек сертификат олинган сана ва унинг амал қилиш муддати;

аудиторнинг ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

халқаро бухгалтер сертификатининг (мавжуд бўлган тақдирда) номи ва берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш, сертификатнинг амал қилишини тугатиш, уни қайта расмийлаштириш ва унинг дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.

Ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига Аудиторлар реестридаги танишиш учун очиқ бўлган маълумотлар жойлаштирилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

сертификатнинг рақами, берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддати;

аудиторларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги маълумотлар (йил якунларига кўра);

сертификатнинг амал қилишини тугатиш ва унинг дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.



8-БОБ. АУДИТОРЛАР ИШИ СИФАТИНИНГ ИЧКИ

НАЗОРАТИ ВА АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ

ИШИ СИФАТИНИНГ ТАШҚИ НАЗОРАТИ


45-модда. Аудиторлар иши сифатининг ички назорати


Aудиторлар иши сифатининг ички назорати аудиторлик ташкилоти томонидан амалга ошириладиган, унинг аудиторлари ва ходимлари томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилишини таъминловчи тартиб-таомилларга асосланган ташкилий чора-тадбирлар тизимидан иборатдир.

Аудиторлар иши сифатининг ички назорати аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик фаолияти стандартларига биноан амалга оширилади ва у аудиторлик хизматлари кўрсатиш чоғидаги мажбурий шартдир.



46-модда. Аудиторлик ташкилоти

иши сифатининг ташқи назорати


Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назорати ваколатли давлат органи аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда амалга оширадиган, аудиторлик ташкилотлари томонидан ушбу Қонун талабларини ва аудиторлик фаолияти стандартларини бузишларни аниқлашга ҳамда келгусида уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизимидан иборатдир.

Аудиторлик ташкилоти аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан ташқи сифат назоратидан ихтиёрий асосда ўтиши мумкин. Назоратнинг мазкур тури ушбу Қонунга мувофиқ ваколатли давлат органи томонидан амалга ошириладиган ташқи сифат назоратини ўтказишнинг ўрнини босмайди.

Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назорати натижаларига кўра қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи аудиторлик ташкилотига нисбатан қуйидаги таъсир чораларини қўллашга ҳақли:

аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини аудиторлик ташкилотининг зиммасига юклайдиган ва бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилайдиган билдиришнома чиқариш;

ушбу Қонун 43-моддаси биринчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган асосларга кўра судга мурожаат қилиш;

ушбу Қонуннинг 29-моддаси талабларини мунтазам равишда (икки мартадан ортиқ) бузганда аудиторлик ташкилотини Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Аудиторлик ташкилотлари иши сифатининг ташқи назорати натижалари аниқланган қоидабузарликлар юзасидан кўрилган чоралар кўрсатилган ҳолда ваколатли давлат органининг ва аудиторлар республика жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.



47-модда. Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг

ташқи назоратини ўтказиш муддати ва асослари


Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назоратини ўтказиш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.

Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назорати таваккалчилик-таҳлили натижаси ва аудиторлик ташкилоти томонидан ушбу Қонун талабларининг бузилишларини содир этиш таваккалчилиги даражасини (бундан буён матнда таваккалчилик даражаси деб юритилади) баҳолаш якунлари бўйича ўтказилади.

Таваккалчилик даражаси уч тоифага ажратилади:

қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги юқори бўлган аудиторлик ташкилотлари;

қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги ўртача бўлган аудиторлик ташкилотлари;

қоидабузарликлар содир этилиши таваккалчилиги паст бўлган аудиторлик ташкилотлари.

Таваккалчилик даражасини таҳлил қилиш ваколатли давлат органи томонидан ҳар йили 1 февралга қадар амалга оширилади, бундан аудиторлик ташкилоти ёки аудиторнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган ҳоллар мустасно.

Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назоратини ўтказишда аудиторлик ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Ваколатли давлат органида ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларида мавжуд бўлган маълумотлар, шунингдек аудиторлик ташкилотининг ҳамда аудиторларнинг ишчанлик обрўси тўғрисидаги ахборот асосида қуйидаги ҳолатлар бўйича таваккалчилик даражасининг таҳлили амалга оширилади:

аудиторлик ташкилоти томонидан ушбу Қонуннинг 27 ва 29-моддалари талабларига риоя этилиши;

аудиторлик ташкилотининг ушбу Қонун талабларини бузадиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари мавжудлиги;

аудиторлик ташкилотининг муассислари (иштирокчилари) таркибида илгари аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун фаолияти тугатилган аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлган жисмоний шахсларнинг мавжудлиги;

аудиторлик ташкилоти иши сифатининг аввалги ташқи назорати якунлари бўйича паст баҳо олганлиги.



48-модда. Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг

асосий кўрсаткичлари ва уни баҳолаш


Аудиторлик ташкилоти иши сифатининг асосий кўрсаткичлари қуйидагилардан иборат:

ички назоратнинг тизими мавжудлиги;

аудитнинг халқаро стандартларига, сифат назоратига, таҳлилий текширувларга, турдош хизматлар кўрсатишга доир топшириқларга ва Профессионал бухгалтернинг одоб-ахлоқ кодексига риоя этилиши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши;

халқаро аудиторлик ташкилотларига ёки ассоциацияларига аъзолик;

аудиторлик текширувини ўтказиш, турдош хизматлар кўрсатиш услубиётининг мавжудлиги;

кўрсатилган аудиторлик хизматлари натижаларининг тегишли равишда ҳужжатлаштирилиши;

аудиторлик текширувларини ўтказиш учун етарли миқдордаги меҳнат ва вақт ресурслари;

ахборотга ишлов бериш учун дастурий маҳсулотларни ва ахборот технологияларини қўллаш;

аудиторларнинг ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтиш;

ушбу Қонун талаблари бузилишларининг мавжуд эмаслиги;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг шикоятлари, шунингдек аудиторлик ташкилотининг фаолияти тўғрисида асосланган салбий фикрлар мавжуд эмаслиги, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида мавжуд эмаслиги.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49-модда. Халқаро ҳамкорлик


Ваколатли давлат органи қонунчиликка ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар юзасидан халқаро ташкилотлар билан аудиторлик фаолияти соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди ҳамда ахборот алмашишни амалга оширади.



50-модда. Низоларни ҳал этиш


Аудиторлик фаолиятини амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



51-модда. Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



52-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим

қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида"ги 222-II-сонли Қарорининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, N 6-7, 105-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда; 2007 йил, N 7, 323-модда, N 9, 416-модда; 2009 йил, N 9, 330-модда; 2010 йил, N 9, 335, 341-моддалар, N 12, 470-модда; 2011 йил, N 12/2, 364-модда; 2012 йил, N 4, 105-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда; 2014 йил, N 12, 343-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4-моддалар, N 7, 431-модда, N 10, 670, 677-моддалар; 2019 йил, N 7, 389-модда, N 8, 471-модда, N 11, 792-модда; 2020 йил, N 1, 3, 4-моддалар, N 3, 203-модда) 1-иловасига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:

ўттиз учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

ўттиз тўртинчи - олтмиш иккинчи хатбошилари тегишинча ўттиз учинчи - олтмиш биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги 734-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Pecпубликаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 1, 15-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги 735-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Pecпубликаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 1, 16-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 772-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 124-модда) VI бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 78-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 5-6, 149-модда);


5) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган "Янги таҳрирдаги "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 79-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Axборотномаси, 2000 йил, N 5-6, 150-модда);


6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида"ги 222-II-сонли Қарорига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Axборотномаси, 2001 йил, N 11-12, 222-модда) 2-илованинг 3-банди;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 8-модда) III бўлими;


8) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 4 апрелда қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-28-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда) 1-моддаси;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) 3-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 17 сентябрда қабул қилинган "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-110-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 9, 417-модда);


11) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 9 сентябрда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-216-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 9, 330-модда) 3-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 4, 98-модда) 3-моддаси;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-372-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 5, 130-модда) 2-моддаси;


14) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 312-модда) 2-моддаси;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-429-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 137-модда) 2-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 15 январда қабул қилинган "Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-516-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 1, 5-модда) 2-моддаси;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрда қабул қилинган "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-586-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 880-модда) 4-моддаси;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 22 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-603-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 4-модда) 1-моддаси.



53-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



54-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



55-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 26 февраль


"Халқ сўзи", 2021 йил 26 февраль










































Помощь