Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.08.2021 й. ПФ-6277-сон "Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

11.08.2021 й.

N ПФ-6277



КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАЛАРГА

МОДДИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ҲАМДА

КАМБАҒАЛЛИК БИЛАН КУРАШИШ

КЎЛАМИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда умумэътироф этилган халқаро стандартларни ва автоматлашган шаффоф электрон баҳолаш механизмларини жорий этиш орқали нафақаларни тўлаш тизимини болалар салоҳиятини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратиш мақсадида:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси (кейинги ўринларда - болалар нафақаси) жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда:

инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;

тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;

унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади;

б) якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.


2. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги миқдорлари белгилансин:

а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

250 000 сўм - 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм - ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

150 000 сўм - оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

100 000 сўмдан - оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори - 380 000 сўм.

Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.


3. Молия вазирлиги 2021 йил якунига қадар болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилалар сонининг ўртача 20 фоизга ошишини ҳисобга олган ҳолда 2021 йилда ушбу чора-тадбирларни молиялаштиришга бюджетдан қўшимча маблағ ажратсин ҳамда Давлат бюджетининг 2022 йилдаги параметрларини шакллантиришда мазкур Фармоннинг амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) билан биргаликда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими маълумотлар базасидаги кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар вазирлик ва идораларга "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилиши ҳамда ахборот алмашинувининг самарали ишлашини таъминласин.


5. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Маматов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда 2021 йил 20 августга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

кам таъминланган болали оилаларга нафақани ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби;

минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартиби.


6. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармон мақсади, вазифалари ва бундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Молия вазирлиги бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.И. Норқулов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ижрочи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2021 йил 1 ноябрь ва 2022 йил 1 апрелга қадар ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 11 августдаги

ПФ-6277-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги "Болали оилаларга давлат ижтимоий ёрдами тизимини такомиллаштириш тўғрисида" ПФ-871-сон Фармонида:


а) 1-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

учинчи хатбошидаги "парваришлаш учун" сўзларидан кейин "ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно)" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 3-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи - олтинчи хатбошилар тегишинча иккинчи - бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"бола икки ёшга етгунча уни парваришлаш учун ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно) оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақалар - корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари".

Бунда, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно) оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақалар миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 60 фоизи миқдорида белгилансин";

бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сон Фармони билан тасдиқланган Барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхатининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"9. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 мартдаги "Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида" ПФ-3864-сон Фармонида:


а) 1-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) 2-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги "Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5984-сон Фармонининг 4-банди қуйидаги мазмундаги "г-1" кичик банд билан тўлдирилсин:

"г-1) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йил 1 сентябрга қадар "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимини Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда "Манзил" тизимига интеграция қилсин".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги "2020 йил 30 июлдаги коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ПФ-6038-сон Фармони 2-бандининг бешинчи ва олтинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги "Рақамли Ўзбекистон - 2030" стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6079-сон Фармони 15-иловаси 9-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"


9.

"Пенсия" дастурий таъминотини функционал кенгайтириш орқали Пенсия жамғармасини бошқариш ахборот тизимини яратиш. Бунда, пенсия ва нафақаларни босқичма-босқич биргина паспорт асосида тайинлаш тизимини жорий этишни назарда тутиш.


1. Ахборот тизимини яратиш бўйича лойиҳа-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш.


2. "Пенсия" дастурини функционал кенгайтириш бўйича шартнома имзолаш.


3. "Пенсия" дастурий таъминотини функционал кенгайтириш.


4. Ахборот тизимини амалиётга жорий этиш.


2022 йил

сентябрь


Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ва бюджетдан ташқари маблағлар


Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

(А. Хайдаров)

".

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-744-сон қарорининг 21-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"21. Кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бюджет муассасаларида ишлаётган оналарга:

2008 йил 1 январдан бошлаб бола икки ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши бўйича ижтимоий нафақаларни фуқароларнинг ўзини-ўзини бошқариш органлари орқали;

2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга болалар нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби жорий этилиши тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин".


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низомнинг 2-банди ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар - "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар, аъзолари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар, тўрт ёки ундан кўп болалари бўлган оилалар".


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги "Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4797-сон қарорининг 11-банди "(турмуш ўртоғи ва болалари)" сўзларидан кейин ", шунингдек, пенсионерлари" сўзлари билан тўлдирилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг "2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4938-сон қарорида:


а) 1-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари - 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача этиб белгилансин";


б) 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги 48-сон қарори билан тасдиқланган Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази тўғрисидаги низом иловасининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"9. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари".


12. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази тўғрисидаги низом иловасининг 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"11. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари".


13. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарори билан тасдиқланган Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"кам таъминланган оила - "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оила".


14. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги "Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 731-сон қарори 3-бандининг "б" кичик банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси (кейинги ўринларда пул компенсацияси деб аталади) нафақалар тўланиши учун масъул бўлган органлар томонидан ҳисобланади ва 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.".


Ушбу илованинг бандлари 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб амалга киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 11 августдаги

ПФ-6277-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 23 августдаги "Кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришга оид тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-938-сон Фармони.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 21 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ПФ-4158-сон Фармони иловасининг 2-банди.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 декабрдаги "Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 350-сон қарори.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги "Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 866-сон қарорининг 5-банди.


Ушбу илованинг бандлари 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб амалга киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 август


"Халқ сўзи", 2021 йил 12 август