Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида "ҳамширалик иши" фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2021 й. 578-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

578-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида "ҳамширалик иши"

фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ўзини узи банд қилган шахс сифатида "ҳамширалик иши" фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомнинг амал қилиши тиббий фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларга татбиқ этилмайди.


3. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида "ҳамширалик иши" фаолияти билан шуғулланишга ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга (кейинги ўринларда - ҳамшира) рухсат этилади.


4. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида "ҳамширалик иши" билан шуғулланадиган шахслар фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастури орқали Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан мониторинг олиб борилади.



2-БОБ. ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН ШАХС СИФАТИДА

"ҲАМШИРАЛИК ИШИ" ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


5. Ҳамшира Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарори билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтади.


6. Ҳамширага ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома (кейинги ўринларда - мустақил ҳамшира маълумотномаси) расмийлаштирилади.


7. Ҳамшира мустақил ҳамшира маълумотномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда - Соғлиқни сақлаш вазирлиги) ҳамширанинг малакаси тўғрисидаги сертификат, шунингдек, фаолияти юзасидан чораклик ҳисоботларни киритиш имконини берувчи ҳамда малакасини ошириб бориш муддатлари келганлиги бўйича огоҳлантириш тизимини қамраб олувчи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида (кейинги ўринларда - ахборот дастури) рўйхатдан ўтиб, мустақил ҳамшира (кейинги ўринларда - мустақил ҳамшира) сифатида фаолиятини бошлайди.


8. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида маълумотларни бевосита ўзи киритиши ёки туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига келган ҳолда ахборот дастурида рўйхатдан ўтиши мумкин.


9. Мустақил ҳамшира туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига келган ҳолда рўйхатдан ўтмоқчи бўлганда унга ушбу муассаса катта ҳамшираси, у бўлмаган ҳолларда ходимлар бўлими томонидан ахборот дастурида рўйхатдан ўтишида амалий ёрдам кўрсатилади.


10. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида рўйхатдан ўтишда мазкур Низом билан танишганлигини тасдиқлаган ҳолда ушбу Низомга 1-иловата мувофиқ сўровномадаги маълумотларни киритади ва унда сўралган ҳужжатларнинг электрон шаклини юклайди.

Бунда мустақил ҳамшира томонидан фаолияти давомида ҳамкорликда ишлайдиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасини (кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пункти) белгиланади.


11. Сўровнома мажбурий тўлдириладиган бандлардан иборат бўлиб, ишончли бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар киритганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


12. Сўровномага шахсий идентификация рақами киритилганда мустақил ҳамширанинг паспорт (ID-карта) маълумотлари, мустақил ҳамшира маълумотномаси ва фаолият юритиш ҳудуди автоматик тарзда юкланади.


13. Малака тўғрисидаги сертификат бўлиши талаби мустақил ҳамшира таълим ташкилотини тугатганига уч йил бўлмаган тақдирда талаб этилмайди.


14. Сўровнома тўлдирилганидан сўнг ахборот дастури орқали мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида мустақил ҳамшира фаолияти билан шуғулланиш бўйича рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган гувоҳнома (кейинги ўринларда - мустақил ҳамшира гувоҳномаси) реал вақт режимида автоматик тарзда расмийлаштирилади.

Гувоҳнома давлат тилида расмийлаштирилади. Шахснинг хоҳишига кўра маълумотнома рус ва инглиз тилларида ёки, заруратга кўра, бошқа тилларда расмийлаштирилиши мумкин.


15. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси чекланмаган муддатга берилади.


16. Мустақил ҳамшира гувоҳномасини расмийлаштиришда ҳақ ундирилмайди.


17. Мустақил ҳамшира яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчиб ўтганда, унинг аризасига мувофиқ Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан ахборот дастурига тегишли ўзгартиришлар киритилади.



3-БОБ. МУСТАҚИЛ ҲАМШИРАНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Мустақил ҳамшира ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб ва йўриқномаларга мувофиқ амалга оширади.


19. Мустақил ҳамшира ушбу Низомга 3-иловада кўрсатилган рўйхатга мувофиқ шифокорнинг кўрсатмасисиз аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш, шунингдек, мазкур Низомга 4-иловада кўрсатилган рўйхатга мувофиқ шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида аҳолига тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш ҳуқуқига эга.


20. Мустақил ҳамшира:

мустақил ҳамширалик фаолияти билан ахборот дастурида мустақил ҳамшира гувоҳномаси расмийлаштирилгандан сўнг шуғулланиши;

ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда фаолияти давомида аҳолига кўрсатаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар бўйича ҳисобот журналини юритиши;

мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ шаклда ҳар чорак якунида кейинги ойнинг 5-кунига қадар аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги ҳисоботни ахборот дастурига киритиши;

шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги шифокор ёзма тавсиясини ҳисобот журналида сақлаб қолиши;

шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморга дастлабки ҳамширалик ёрдамини кўрсатиши ва шошилинч тиббий ёрдам ҳолати бўйича тегишли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига ахборот бериши;

шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлиш ҳолати бошқа шахс томонидан етказилган тан жароҳати, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этишни тақозо этадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда мустақил ҳамшира ушбу ҳолат тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши шарт.


21. Мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий буюмлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларни бажаришига ҳамда дори воситаси қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди.



4-БОБ. МУСТАҚИЛ ҲАМШИРАНИНГ БИРЛАМЧИ

ТИББИЙ-САНИТАРИЯ ЁРДАМИ МУАССАСАСИ

БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ


22. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи мустақил ҳамшира гувоҳномаси билан бир ҳафта муддатда фаолият бошлаш учун гувоҳномада кўрсатилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига келиб гувоҳноманинг нусхасини тақдим этади.


23. Мустақил ҳамширанинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси билан ҳамкорлиги:

мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар ҳудудда кўрсатилган тиббий хизматлар қаторида қайд этилиши;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси томонидан мустақил ҳамширага ушбу хизматга эҳтиёжи бўлган оилалар тўғрисида маълумот берилиши;

мустақил ҳамшира хизмат кўрсатаётган оилаларнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасидаги тиббий маълумотларидан фойдаланиши;

беморнинг сўровига мувофиқ мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги маълумотларни бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида сақланаётган тиббий ҳужжатларга киритиш;

мустақил ҳамширанинг фаолиятида юзага келган саволларига жавоб бериш, уни соҳадаги янгиликлардан хабардор этиб бориш;

мустақил ҳамшира фаолияти юзасидан мурожаатларни ўрганиш орқали амалга оширилади.


24. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси:

а) бош шифокори мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар давомида юзага келган ҳолат ёки масалалар юзасидан кўрсатмалар беради;

б) катта ҳамшираси:

мустақил ҳамширанинг муассаса тиббиёт ходимлари билан узвий ҳамкорликдаги фаолиятини таъминлайди;

мустақил ҳамшира шифокор тавсиясига (кўрсатмасига) мувофиқ амалга оширадиган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисида маълумот беради.


25. Мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги маълумотлар тегишли ҳудуд патронаж ҳамшираси томонидан патронаж хизмати сифатида рўйхатга олинади. Бунда патронаж хизмати мустақил ҳамшира томонидан амалга оширилганлиги қайд этилади.



5-БОБ. МУСТАҚИЛ ҲАМШИРАНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

ВА РЎЙХАТДАИ ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


26. Мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


27. Мустақил ҳамшира фаолияти билан боғлиқ бўлган аҳоли мурожаатлари тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси томонидан ўрганилади.


28. Ушбу Низомнинг 17-20-бандлари талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолларда тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори ҳамширани мазкур Низомнинг бузилган тегишли бандини аниқ кўрсатган ҳолда ёзма равишда огоҳлантиради.


29. Қуйидагилар мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилишга асос бўлади:

мустақил ҳамшира фаолиятини ўз хоҳишига кўра тўхтатиши тўғрисида тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига мурожаат қилганда;

мустақил ҳамшира шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида аҳолига тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолалларда;

мустақил ҳамшира белгиланган муддатларда малака ошириш талабларини бажармаган ҳолларда;

мазкур Низомнинг 17-20-бандлари бўйича бир йил ичида тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси томонидан уч маротаба огоҳлантирилганда.


30. Мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилиш туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокорининг Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказига мустақил ҳамширага берилган гувоҳномани бекор қилиш бўйича сабаби аниқ кўрсатилган мурожаати асосида амалга оширилади.


31. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасининг мурожаати асосли деб топилган тақдирда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинади ва уч кун муддатда тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига бу ҳақида маълумот юборилади.

Бунда мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилиш ахборот дастурида мустақил ҳамширани рўйхатдан чиқариш орқали амалга оширилади.


32. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори томонидан тегишли ҳамшира мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилганлиги тўғрисидаги маълумот билан беш кун муддатда ёзма равишда огоҳлантирилади.


33. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинган шахс ушбу қарордан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказининг мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга ариза берилиши мумкин.

Суд томонидан гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарор асоссиз деб топилган тақдирда, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази мустақил хамшира олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар ҳисобланади.


34. Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказининг мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумот тегишли ҳудуддаги давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил ҳамшира маълумотномасини бекор қилишга асос бўлади.


35. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинган ҳамшира томонидан мустақил ҳамширалик фаолияти билан шуғулланиш ноқонуний фаолият сифатида баҳоланиб, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.


36. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинган ҳамшира томонидан белгиланган тартибда малакасини оширгандан сўнг (сўнгги малака оширганлиги муддатидан қатъи назар) белгиланган тартибда мустақил ҳамшира маълумотномаси ва гувоҳномаси расмийлаштириши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган

ҳамшира томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ахборот дастурида рўйхатдан ўтиш

СЎРОВНОМАСИ ШАКЛИ


Қуйидаги маълумотларни киритинг:


1. Ўзини ўзи ҳамширалик иши фаолияти билан банд қилган шахснинг:

шахсий идентификация рақами (ШШИР) ____________, ёки

электрон рақамли имзо (ИРИ) _____________.


2. Диплом бўйича тиббий маълумот:

а) олий q                                                                 б) ўрта махсус q


3. Тиббий маълумот тўғрисидаги дипломнинг электрон шакли.

Диплом берилган ўқув муассасаси номи _____________________

Диплом рақами _____________ берилган санаси ______________


4. Сўнгги уч йил ичида малака оширганликни тасдиқловчи малака ошириш тўғрисидаги сертификатнинг электрон шакли:

Сертификат берилган ўқув муассасаси номи _________________

Сертификат рақами ___________ берилган санаси ____________


5. Ҳамкорликда ишлайдиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси:

а) кўп тармоқли марказий поликлиника номи _________________

б) оилавий поликлиника номи _______________________________

в) оилавий шифокор пункти номи ____________________________


Изоҳ. Сўровнома бандлари мажбурий тўлдирилади ва сўралган ҳужжатларнинг электрон шакли юкланади.






Низомга

2-ИЛОВА



Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот дастурида

Соғлиқни сақлаш вазирлигида мустақил ҳамшира

фаолияти билан шуғулланиш бўйича рўйхатдан

ўтганлигини тасдиқловчи

ГУВОҲНОМА


____-сон

          

(жисмоний шахснинг тўпиқ фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлганда))

ўзини ўзи банд қилган "ҳамширалик иши" фаолиятини амалга оширувчи ҳамшира сифатида 20__ йил "___" ____________да рўйхатга олинди.


Фаолиятни амалга ошириш манзили:


1. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ш., вилоят: __________________


2. Туман (шаҳар): ____________________________________________________


3. Ҳудуд: ____________________________________________________________


Ҳамкорликда ишлайдиган бирламчи тиббиёт ташкилоти: ________________

               

QR-код

Ушбу маълумотнома ахборот тизимининг ягона реестридаги маълумотлар асосида шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхасидир.


QR-кодни мобил қурилма орқали сканер қилиб маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўриш мумкин.

       





Низомга

3-ИЛОВА



Мустақил ҳамшира шифокорнинг кўрсатмасисиз бажариши

мумкин бўлган тиббий маслаҳат ва муолажалар

РЎЙХАТИ

Т/р

Тадбир номи


I. Профилактик тадбирлар

1

Ҳудудларда соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш


2

Оилаларда соғлом турмуш тарзи бўйича суҳбатлар ўтказиш


3

Жамоа ўртасида соғлом турмуш тарзи юзасидан тадбирлар ташкил этиш


4

Ҳудуд оилаларида тиббий маданиятни оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш


5

Саломатлик кўрсаткичини (индекси) аниқлаш


6

Аҳоли ўртасида мақсадли гуруҳлар (ҳомиладорлар, 0-5 ёшгача болалар ва бошқа) ташкил этиш ва улар билан ишлашда стандартлар ва алгоритмлардан фойдаланиш


7

Турли ёшдаги аҳоли ўртасида тўгри овқатланиш бўйича маслаҳатлар бериш


8

Касаллик турига қараб парҳез таомлар бўйича маслаҳатлар бериш


9

Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида суҳбатлар ўтказиш


10

Юқумли бўлмаган касалликлар ва асоратларнинг олдини олиш


11

Гигиеник тарбия


12

Жисмоний машқларни бажариш ҳамда нафас машқларини бажаришда йўл-йўриқ кўрсатиш


13

Жароҳатга инфекция тушишининг олдини олиш


14

Касалликка олиб келувчи хавфли омилларни аниқлаш ва уларни коррекция қилиш бўйича маслаҳатлар бериш


II. Диагностик тадбирлар

15

Бемор шикоятлари асосида анамнез йиғиш


16

Антропометрик ўлчовлар ўтказиш


17

Қон босимини ўлчаш


18

Пульсни санаш ва уни баҳолаш


19

Нафас олиш тезлигини санаш


20

Тана ҳароратини ўлчаш


21

Пульсоксиметрия ўтказиш


22

Пикфлоуметрия ўтказиш


23

Фонендоскоп ёрдамида ўпканинг фаолиятини эшитиш


24

Нафас олиш типларини аниқлаш


25

ЭКГни стандарт усулида олиш


26

Юрак тонларини фонендоскоп ёрдамида эшитиш


27

Кўз қорачиги рефлексини аниқлаш


28

Периферик лимфа тугунларини пайпаслаш ва баҳолаш


29

Глюкометрия ўтказиш (қондаги қанд миқдорини аниқлаш)


30

Пешобда ўт пигментларини аниқлаш


31

Нажас характерини аниқлаш


32

Инсон саломатлиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва шифокорга йўналтириш


III. Ҳамширалик парвариши

а) Болалар парвариши (неонатал,чақалоқ, болалик даврларда)

33

Юқори нафас йўлларини шилимшиқлардан тозалаш


34

Киндик қолдиғини парваришлаш


35

Тери ва шиллиқ қаватларни тозалаш ва парваришлаш


36

Чақалоқларда гигиеник ванна ўтказиш


37

Намланган кислород бериш


38

Боланинг бўйи, вазни, бош айланаси ва кўкрак айланасини ўлчаш ва онага боланинг ўсиш ва ривожланиши бўйича маслаҳатлар бериш


39

Болани кўкракка тутишни онага ўргатиш


40

Бола учун қўшимча овқатлар тайёрлашни онага ўргатиш


41

Боланинг қулоқ, кўз, оғиз бўшлиги ва табиий бурмаларини парвариш қилиш ва парвариш бўйича онага маслаҳатлар бериш


42

Конституцион аномалияларда тери ва шиллиқ қаватларни парваришлаш


43

Болаларда психомотор ривожланишни баҳолаш ва онага маслаҳат бериш


44

Болага хавфсиз муҳитни яратиш бўйича онага маслаҳат бериш


45

Болани чўмилтиришни онага ўргатиш


46

Болада зарарли одатлар билан боғлиқ бузилишларнинг олдини олиш бўйича онага маслаҳат бериш


47

Бемор болани парҳез овқатлантириш бўйича онага маслаҳатлар бериш


48

Эксикоз белгиларини аниқлаш


49

Газ чиқарувчи найча қўйиш


50

Қулоқни пилик билан қуритиш


51

Оёқларга ванна қилиш


52

Хавфсиз иммунизация учун тавсиялар бериш


53

Ўсмир ёшдаги болаларда жинсий етилиш даврида ҳамшира маслаҳатини бериш (хайиз цикли, давомийлиги, балогат даври гигиенаси)


б) Ҳомиладор аёллар парвариши

54

Ҳомиладорликда бўладиган хавфли белгилар аниқланганда ёрдам бериш


55

Ҳомиладор аёллар учун фойдали тавсиялар бериш (ҳомиладор аёл гигиенаси, кийиниш маданияти, тўғри овқатланиш, дам олиш ва уйқу)


56

Ҳомиладорликни режалаштириш бўйича аёлларга маслаҳат бериш


57

Ҳомиладор аёлга хавфли белгилари тўғрисида маълумот бериш


58

Ҳомиладорликнинг I, II, III триместрларида учрайдиган хавфли белгиларнинг олдини олиш бўйича маслаҳатлар бериш


59

Ҳомиладорлик даврида зарарли одатларнинг олдини олиш


60

Ҳомиладорлик даврида депрессия аниқланганда ёрдам бериш


61

Қорин айланасини ўлчаш ва вазнни ўлчаш


62

Ҳомила гипоксияси профилактикаси бўйича тавсия бериш


63

Ҳомиладор аёлларга намланган кислород бериш


в) Туққан ва чилла давридаги аёлларни парвариш қилиш

64

Бола ва чилла давридаги аёлнинг ҳаётига ҳавф солувчи белгиларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш


65

Кесарча кесиш амалиётини ўтказган аёлда чокларнинг битишини баҳолаш ва парвариш қилиш


г) Катталарни парвариш қилиш

66

Объектив текшириш усулларини ўтказиш ва парвариш қилиш (беморни кўздан кечириш, нафас олиш тезлигини аниқлаш, пульсни санаш, тана ҳароратини ва қон босимини ўлчаш)


67

Оддий физиотерапевтик муолажаларни бажариш (ингаляция қилиш, оёқ ванналарини ўтказиш, хантал ва музли халтача қўйиш)


68

Балғам яхши ажралиши учун дренаж ҳолатини яратиш


69

Нафас машқларини бажариш, небулайзерни қўллаш


70

Антисептиклар билан жароҳатни тозалаш


71

Шикастланишларда беморларни парвариш қилиш


IV. Шифокоргача шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш

72

Бош-мия шикастланишида бемор ҳолатини баҳолаб шифокоргача ёрдам кўрсатиш


73

Юмшоқ тўқималар шикастланиши, суякларнинг чиқиши ва синишида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш


74

Шикастланишларда шифокоргача тиббий ёрдам кўрсатиш


75

Куйганда, совуқ олганда ва электрдан шикастланишда шифокоргача тиббий ёрдам кўрсатиш


76

Кўча транспорти жароҳатида иммобилизация қилиш


77

Музли халтачадан фойдаланиш


78

Ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги даврда аёлларда зудлик билан тиббий ёрдамни талаб қилувчи хавфли белгиларни (қиндан қон кетиш, кучли ва давомли қайт қилиш, кўриш қобилияти бузилиш, иситма, кучли қорин оғриғи, пешоб ажратиш пайтида оғриқ ёки ачишиш, белдаги оғриқлар, оёқ, қўл, юзнинг шишиб кетиши, кўкрак соҳасида оғриқ, йўтал ёки нафас сиқиши, бўғилиш, кўкрак безида оғриқлар ёки қизаришлар, кўкрак учидаги ёрилишлар, тез чарчаш, ҳансираш, кучсизлик белгилари, гипертермия, артериал босимнинг ортиши, бўғилиш ҳуружи, ларингоспазм, талваса, эксикоз ва токсикоз, ҳушдан кетиш, коллапс ва шок) аниқлаш ва шифокорга йўналтириш


79

ЮИК стенокардия ҳуружида, ўткир миокард инфарктида шошилинч ёрдам кўрсатиш


80

Гипертония кризида шошилинч ёрдам кўрсатиш


81

Ўпкадан, меъда ва ичаклардан қон кетган ҳолатларда шошилинч ёрдам кўрсатиш


82

Бемор қусганда биринчи ёрдам кўрсатиш


83

Ўткир қорин оғриғида биринчи ёрдам кўрсатиш


84

Ўткир аллергик реакцияларда (Квинке шиши, эшакем ва анафилактик шокда) шошилинч ёрдам кўрсатиш


85

Жароҳатланишда (синиш, чиқиш, лат еганда) шошилинч ёрдам кўрсатиш


86

Офтоб, совуқ уриши, сувга чўкканда, ҳашоратлар ва илон чаққанда биринчи ёрдам кўрсатиш


87

Заҳарланишда шошилинч ёрдам кўрсатиш


88

Қусганда шошилинч ёрдам кўрсатиш


89

Клиник ўлимда ўпка-юрак реанимациясини ўтказиш


91

Гипертермия ва талваса ҳолатларида ёрдам бериш


V. Паллиатив ёрдам кўрсатиш

92

Бемор эҳтиёжлари асосида ҳамшира парвариш режасини тузиш


93

Овқатлантириш (табиий ва зонд орқали)


94

Бемор шахсий гигиенаси (тери қоплами, шиллиқ қаватлар, кўз, қулоқ, соч, оёқ-қўл тирноқлари парвариши, ўрин-кўрпа оқлиқлари ва кийимларни алмаштириш, ётоқ яраларининг олдини олиш)


95

Бемор ҳаракатланишида ёрдам кўрсатиш (аравача, юриш мосламаларидан фойдаланиш, йиқилиш, жароҳатланишнинг олдини олиш)


96

Беморнинг ухлаши ва дам олишига кўмаклашиш (хонани тоза ҳаво билан таъминлаш, тинчлик сақлаш)


97

Нафас олишни таъминлаш (бемор мустақил нафас олмаса, сунъий нафас бериш, оксигенотерапия)


98

Бемор ҳолатини баҳолаш


99

Физиологик функциянинг бузилиши холларида (қабзият, диарея) ҳамширалик парваришини амалга ошириш


100

Бемор ва унинг яқинларига психологик ёрдам кўрсатиш


101

Стомалар, эндотрахеал трубка, катетерлар, дренажларни назорат ва парвариш қилиш


102

Ҳаётдан кўз юмаётган бемор ва унинг оила аъзоларини руҳий томондан қўллаб-қувватлаш


             





Низомга

4-ИЛОВА



Мустақил ҳамшира шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида

бажариши мумкин бўлган тиббий маслаҳат ва муолажалар

РЎЙХАТИ

Т/р

Тадбир номи


I. Диагностик тадбирлар

1

Кўриш аъзолари ва кўриш функциясининг ноинвазив текширувларини ўтказиш


2

Эшитиш аъзолари ва эшитиш функцияси ноинвазив текширувларини ўтказиш


3

Нерв системаси функциясини текшириш (сезувчанлик ва харакатни)


4

Функционал текширувлар ўтказиш (электрокардиография, қон босимининг кунлик мониторинга, спирография, пневмотахометрия, пикфлуометрия, реоэнцефалография, электроэнцефалография ва бошқалар)


II. Инъекциялар

5

Тери остига (инсулин, гепарин юбориш)


6

Тери ичига


7

Мушак орасига


8

Вена ичига


9

Томчилаб қуйиш


III. Муолажалар

10

Ичишга дори бериш


11

Ингаляторлардан фойдаланиш


12

Малҳам суртиш


13

Сублингвал дори бериш


14

Беморларни сунъий овқатлантириш (ректал, зонд ва стома орқали)


15

Қовуққа катетер қўйиш


16

Боғламлар қўйиш


17

Компресслар қўйиш


18

Зулук қуйиш


19

Музли халтача ёки грелка қўйиш


20

Кўз, бурун ва қулоққа дори томизиш


21

Тозаловчи ва даволаш ҳўқналарини ўтказиш


22

Ортопедик жиҳозларни қўллаш


23

Тиббий массаж ўтказиш


24

Даволовчи гимнастика ўтказиш


25

Қандли диабетли беморларда оёқ парвариши


26

Тинч ҳолатда ва жисмоний машқдан сўнг нафас тезлигини аниқлаш


27

Нажасни копрологик текширув учун олиш


28

Кўрув ўткирлигини Сивцев жадвали ёрдамида аниқлаш


29

Умумий таҳлил учун сийдик йиғиш


30

Томоқни антисептик эритмалар билан чайиш


31

Қулоққа иситувчи компресс қўйиш


32

Ҳавфсиз воситалар билан томоқни юмшатиб, йўтални енгиллаштириш


33

Чўнтак ингаляторидан фойдаланиш


34

Трахеостомик найчага ва унинг атрофидаги терига ишлов бериш


35

Ётоқ яраларни парваришлаш


          





Низомга

5-ИЛОВА



Мустақил ҳамширанинг фаолияти давомида

аҳолига кўрсатаётган тиббий маслаҳат

ва муолажалар бўйича ҳисобот

ЖУРНАЛИ

T/p

Беморнинг

Ф.И.О. ёши


Мурожаат

санаси ва вақти


Манзили


Тавсия (кўрсатма)

берган шифокорнинг

Ф.И.О. Беморга

қўйилган ташхис

(ҳамшира мустақил

бажарганда қатор бўш

қолдирилади)


Муолажа

номи


Соғлом турмуш

тарзи бўйича

тадбирлар

Бошқалар

1









2









3









...









          





Низомга

6-ИЛОВА



Мустақил ҳамшира томонидан Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ахборот дастурига киритиладиган чорак

давомида аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат

ва муолажалар тўғрисидаги ҳисобот

ШАКЛИ

1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳар:


2. Туман (шаҳар):


3. Ҳудуд:


4. Рухсатнома рақами ва санаси:


5. Ҳамширанинг Ф.И.О.


Т/р

Ҳисобот номи


чораклар


жами


I


II


III


IV


1

Беморлар сони







2

Мурожаатлар сони







Ҳамширанинг ўзи мустақил амалга оширган муолажалар ва тадбирлар

3.1

Профилактик тадбирлар







3.2

Диагностик тадбирлар







3.3

Ҳамширалик парвариши







3.4

Шошилинч тиббий ёрдам







3.5

Паллиатив тиббий ёрдам







3.6

Соғлом турмуш тарзи бўйича тадбирлар







3.7

Бошқалар







3.8

Жами







Шифокор тавсияси билан амалга оширилган муолажалар

4.1

Профилактик тадбирлар







4.2

Диагностик тадбирлар







4.3

Ҳамширалик парвариши







4.4

Инъекциялар







4.5

Муолажалар жами







Шундан: тиббий массаж







даволовчи гимнастика







4.6

Шошилинч тиббий ёрдам







4.7

Паллиатив тиббий ёрдам







4.8

Соғлом турмуш тарзи бўйича тадбирлар







4.9

Бошқалар







4.10

Жами







Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь