Агар контрагент сизнинг ҳужжатларингизни ЭҲАда кўрмаса, нима қилиш лозим

17.06.2020

Электрон ҳужжат айланиши операторлари ўртасида роуминг тизими орқали фақат ҳисобварақ-фактура нормал тарзда синхронлаштирилган. Бошқа ҳужжатлар, масалан, далолатнома ёки товар-транспорт юкхатини контрагент, агар у бошқа ЭҲА оператори мижози бўлса, шунчаки олмаслиги мумкин. ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ бу нима учун рўй бериши ва ҳамкорлар билан ишлашда қандай қилиб бундай вазиятни олдини олишни buxgalter.uz  учун махсус тушунтирди.

- Ушбу барча жиҳатларни шартнома тузиш чоғида контрагент билан келишиб олиш лозим:

1) сизнинг ўртангизда қандай ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштирилишини белгилаб олинг;

2) сизнинг ЭҲА операторларингизнинг майдонлари функционали ушбу ҳужжатлар билан алмашиш имконини беришини аниқлаштириб олинг;

3) зарурат бўлганда ва мақсадга мувофиқ бўлишидан келиб чиқиб сизнинг манфаатларингизга тўлиқ жавоб бермаётган оператор билан ЭҲА бўйича шартномани қайта тузинг. Энг яхши вариант – қачонки шартнома тарафлари айнан битта ЭҲА оператори хизматларидан фойдаланса. Бироқ, контрагентлар кўп бўлса, бунга ҳар доим ҳам эришиб бўлмайди ва мақсадга мувофиқ эмас.

Асосан элекрон шаклда расмийлаштириш талаби фақат ҳисобварақ-фактураларга нисбатан белгиланган . Шу боис барча ЭҲА операторлари ЭҲФни тақдим этиш ва уларни битим тарафлари томонидан имзоланиши учун зарур шароитларни таъминлашади. Фойдаланувчиларга контрагент қайси оператор хизматларидан фойдаланиши аҳамиятсиз, улар барибир тақдим этилган ҳисобварақ-фактурани кўришади ва уни имзолашлари мумкин.

Бошқа бошланғич ҳужжатларга келсак – уларга нисбатан мажбурий равишда электрон шаклда расмийлаштириш талаби мавжуд эмас. Қоғоз ёки электрон шакли – тарафлар хоҳишига кўра танланади. ЭҲА операторлари учун ушбу ҳужжатлар билан электрон шаклда алмашиш учун шароит яратиш – қўшимча хизматлар бозори.

Ҳужжатнинг ҳар бир муайян тури билан алмашиш учун шароит яратиш техник тайёргарлик ва роуминг-оператори ва ҳамкорлар билан тегишли шартномалар тузишни талаб этади.

Бугунги кунда ЭҲА тизимида 18 та оператор фаолият кўрсатмоқда. Улардан қуйидагилари тўлақонли алмашишни таъминлайди:

  • ҳисобварақ-фактуралар билан алмашишни – барчаси;
  • ишончномалар билан алмашишни – 12 таси;
  • бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномалари билан алмашишни – 13 таси;
  • ТТЮ билан алмашишни – 8 таси.

Шубҳасиз, ЭҲА операторини танлаш чоғидаги энг мақбул вариант – нафақат нарх сиёсатини, балки кейинчалик тинч ва муаммоларсиз ишлаш учун унинг хизматларининг кенг кўламини инобатга олиш лозим.

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал