Диққат, ЭҲФ: муддатларни ўтказиб юборманг!

03.11.2020

Ўтган ҳафтанинг охирида айрим ЭҲФ операторлари 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга мувофиқ ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасига қадар электрон ҳисобварақ-фактураларни мажбурий расмийлаштириш тартиби жорий этилиши тўғрисидаги эслатмани жойлаштиришди. Бундай ифодалаш кўп бухгалтерларда адолатли эътирозларга сабаб бўлди. Энди улар қандай ишлашлари лозим?

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси  Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди. У эслатмада ноаниқликлар мавжудлигига эътиборни қаратди.

- Эслатма муаллифлари ўз матнларида қатор ноаниқликларга йўл қўйишди. Гап 1 ноябрдан бошлаб бухгалтерлар Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 4-7-бандлари, 59-банди ва 63-бандида белгиланган муддатларга қатъий мувофиқ ишлашлари кераклиги ҳақида бормоқда. Ҳисобварақ-фактурани ўтган сана билан тақдим этиш ва уни олинган кундан эътиборан 10 кун ўтгандан кейин рад этишнинг энди имкони йўқ, бундай имконият низом тасдиқланган кундан эътиборан дастлабки ойларда мавжуд эди. Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими энди қоида бузилишларга йўл қўймаган ҳолда қатъий қоидалар бўйича ишлайди.

Бу ДСҚ сайтида жойлаштирилган эслатма ва buxgalter.uz сайтида эълон қилинган ДСҚ мутахассисларининг тушунтиришларидан ( бу ерда ва бу ерда қаранг) келиб чиқади.

Қонунчиликнинг талаби мавжуд ва унга риоя қилиниши керак. Тадбиркорларда янги қоидалар бўйича ишлашга тайёрланиш учун етарли вақт бор эди. Бу умумий интизом ва ҳисоботларни қайта топшириш ҳолларини қисқартиришга кўмаклашади.

Яна бир бор таъкидлайман: энди ЭҲФ тизими Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган муддатларга қатъий мувофиқ ишлайди. Ва бухгалтерлар нохушликларни олдини олиш учун қатъий мазкур доирада ишлашлари зарур.

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада тақдим этилади . Бироқ ушбу қоидадан истисно мавжуд:

  1. Товарлар (хизматлар) юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг (харидорнинг) талабига кўра товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт .
  2. Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда товарлар етказиб берилганда (хизматлар кўрсатилганда) ЭҲФ календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади. Бунда у товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади .
  3. Объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ЭҲФ ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади. У хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади .

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 63-бандига мувофиқ сотиб олувчи (буюртмачи) унга тақдим этилган ҳисобварақ-фактурани 10 кун ичида кўриб чиқиши шарт. Ушбу муддатдан кейин унда электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида “Рад этиш” тугмаси автоматик тарзда ўчирилади. Шунингдек, сотувчи (бажарувчи) ушбу муддатдан кейин ҳисобварақ-фактурани рад эта олмайди.

Агар етказиб берилган товарлар ёки кўрсатилган хизматлар нархи ўзгаргарса, сотувчи сотиб олувчига қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт . Йўриқномани бу ерда ўқинг.

Яна битта муҳим қоида: етказиб берувчилар ҳар календарь ой якуни билан бир марта товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг 5 кунига қадар, календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан умумлаштирилган ҳолда бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантиришни унутмасликлари даркор . Бу қуйидаги ҳолатлар учун назарда тутилган:

  • сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;
  • хўжалик юритувчи субъект томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат онлайн-НКМ таъмирлашга топширилганда ёки савдо шохобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;
  • банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;
  • товарлар текинга оммавий тарқатилганда;
  • ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;
  • кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь