ЭҲФ: бюджет ташкилотлари – истисно эмас

23.10.2020

Контрагент – бюджет ташкилоти электрон ҳисобварақ-фактурани қабул қилмаяпти, буни ЭРИга(электрон рақамли имзога) эга эмаслиги билан асосламоқда. Бунда ҳамкор ҳужжатни қоғоз шаклда имзолашга рози. Бундай вазиятда тижорат ташкилоти – товарлар ва хизматларни етказиб берувчи қандай йўл тутиши лозим? Тижорат ташкилотида солиқларнинг ҳисоби ва уларни тўлаш учун асос – қоғоз шаклда ҳисобварақ-фактура ва тақдим этилган, бироқ имзоланмаган ЭҲФнинг мавжудлиги етарлими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Камерал солиқ текшируви бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар МУҲАМАДСАИДОВ жавоб берди.

- Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ва сақлаш тартиби 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚнинг 2-иловасига мувофиқ белгиланган ва барча учун мажбурийдир.

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 10-бандига асосан ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларнинг сақланиши ҳамда ҳисоби юритилиши электрон ахборот тизимида амалга оширилади.

Ушбу ҳужжатнинг 12-бандида истисно кўрсатилган. Ҳисобварақ-фактура давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилганда қоғоз шаклда расмийлаштирилиши мумкин.

Низомнинг 10-банди 2-қисмига ҳам эътибор қаратиш муҳим. Унда товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли эканлиги айтилган.

Низомнинг 63-бандига асосан етказиб берувчи томонидан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактура 10 календарь кун ичида сотиб олувчи томонидан ЭРИ (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт. Ушбу муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган электрон ҳисобварақ-фактура тасдиқланган ҳисобланади.

Эътибор беринг
Тадбиркорлар контрагентлардан уларнинг мақоми ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштиришни ва Низом нормаларига риоя қилишни талаб қилишга ҳақлидирлар. Ушбу талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун узрли сабаблар - мавжуд эмас, Низомнинг 12-бандида назарда тутилган вазият бундан мустасно.

Агар ташкилотда юридик шахснинг ЭРИ (электрон рақамли имзоси) бўлмаса, уни олиш учун ҳеч нарса ҳалал бермайди. Бунинг учун ташкилот вакили Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши зарур. Бюджет ташкилотлари учун ЭРИни (электрон рақамли имзосини) расмийлаштириш – бепул.

Эслатиб ўтиш ўринли бўлади: агар қандайдир сабабларга биноан ҳисобварақ-фактура кечиктириб расмийлаштирилган бўлса, солиқ ҳисоботини қайта топшириш зарур”.

Таҳририятдан:

Агар муддатида кўриб чиқилмаган ЭҲФни автоматик тарзда эътироф этиш нормаси амалиётда рўёбга чиқарилганда эди, муаммо бунчалик кескин бўлмасди. Муаммо ҳақида биз бу ерда ёзгандик.

Бюджет ташкилотлари билан ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда айрим хусусиятларни инобатга олиш зарур. Бу ҳақда ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ мутахассислари бу ерда гапириб беришган.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал