Электрон ишончнома қанчалик қонуний?

04.05.2020

Айрим ЭҲА операторлари «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунга амал қилиб, ишончномани электрон шаклда ёзиб беришни таклиф этмоқдалар. Бир қарашда бу қулайдек кўринади. Бироқ Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низом фақат қоғозда ёзилган ишончномалар муомаласини тартибга солади. Бухгалтер қандай йўл тутиши керак: ишончномани қоғозда ёзиб берсинми ёки электрон шаклда?

Яқинда buxgalter.uz да «Янги технологиялар» ИАМнинг ЭҲФни жорий этиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Нозим ТЎРАЕВнинг нуқтаи назари чоп этилган эди. Унинг фикрича, бошланғич бухгалтерия ҳужжатлари, шу жумладан ишончномаларни фақат электрон ҳужжат айланиши тизими ёрдамида – қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда расмийлаштириш мумкин. Бироқ унинг ишончномалар хусусидаги позицияси амалиётчи мутахассислар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабабчи бўлди. Мавзуни давом эттириш мақсадида buxgalter.uz ушбу масаланинг турли жиҳатларини кўриб чиққан экспертларга мурожаат қилди.


ЭРИ ишончномаларни расмийлаштиришга мўлжалланмаган

Екатерина ТКАЧЕНКО, «Муҳаммадбоев арбитраж уйи» СМТ МЧЖ бош бухгалтери:

– «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунда электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади дейилган. Электрон ҳужжатнинг мажбурий реквизити – ЭРИ. «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонунда айтилишича, ЭРИдан электрон рақамли имзо калитининг сертификатида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилаётган бўлса, у қўлда ўзи қўйган имзо билан бир хил аҳамиятга эга бўлади.

Электрон ҳужжат айланиши тизимида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ электрон калитларни рўйхатга олиш маркази томонидан берилган ЭРИ қўлланилади. Фойдаланувчига олиш учун сўровномани тўлдираётганда уни қўллаш мақсадини танлаш таклиф этилади. Бироқ ушбу рўйхатда ишончномани расмийлаштириш деган банд йўқ. Қуйидаги вариантлар таклиф этилади:

  • давлат хизматларини олиш;
  • мурожаатлар;
  • электрон тижорат учун.

Электрон ишончномани расмийлаштиришни қайси бандга киритиш мумкинлиги тушунарсиз. Ушбу жиҳат кўриб чиқилган норматив ҳужжатлар ҳам йўқ.

Бинобарин, ЭРИни қўллаган ҳолда расмийлаштирилган ишончномадаги ишончли шахс имзосининг қонунийлиги шубҳа уйғотишига асос бор.

Янги қонун қабул қилинганда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тузатишлар киритилади. Бироқ улар Ишончномалар бериш тартиби тўғрисида низомга киритилмаган. Молия вазирлиги, ДСҚ ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари билан учрашувларда тадбиркорлар Низомда электрон ишончномалар шакли, ҳисобга олишга доир талаблар, улар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари, мансабдор шахслар ва ишончли шахснинг жавобгарлигини қайд этиш зарурлиги ҳақида бир неча марта гапирганлар.

Электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўта умумий тусга эга бўлиб, уларда электрон ишончнома бўйича ТМБни олиш учун ишончли шахснинг имзосига тааллуқли кўп саволларга жавоб берилмаган. «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонунда қайд этилишича, ЭРИ эгаси уни қўллашнинг ҳуқуқий оқибатлари учун тўлиқ жавобгар бўлади. Бунда электрон калитнинг юридик кучини тан олмаслик анча мушкул.

Контрагент инсофсиз бўлиб чиқса ёки назорат қилувчи органларда саволлар юзага келса, электрон ишончномани тан олган бухгалтер деярли ҳимоясиз бўлиб қолади».


Электрон ишончномани қўллаш масаласи тартибга солинмаган

Абдуғани МУҲАММАДБОЕВ, «Муҳаммадбоев арбитраж уйи» СМТ МЧЖ директори:

– «Электрон ҳужжат айланиши операторлари таклиф этаётган электрон ишончнома тури бухгалтер учун ҳам, умуман корхона учун ҳам хатар юзага келишига замин яратади.

Ишончнома шахснинг ТМБни олиш ҳуқуқини тасдиқлаб ва унинг имзосини идентификациялабгина қолмай, балки ишончномани берган контрагентнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда етказиб берувчи/сотувчи мажбуриятларни бажарганидан ҳам гувоҳлик беради.

ТМБни қабул қилиш-топшириш пайти бир қатор тартиб-таомиллари билан фарқланади, олувчининг товарни юклаб жўнатиш ҳужжати ва ишончномадаги имзосининг бир хиллиги контрагент миқдори, ассортименти лозим даражада, ўрами/идиши бут бўлган, айрим ҳолларда эса сифати лозим даражада бўлган бойликларни олганидан гувоҳлик беради.

Битим тарафлари ўртасида низо юзага келмаса, демак, ҳаммаси жойида, мавжуд камчиликларни, электрон ишончноманинг амалдаги норматив базага номувофиқлигини ҳеч ким эсламайди. Бироқ контрагентлар ўртасида низо юзага келди, дейлик. У юклаб жўнатилган ТМБ миқдори ёки ассортименти, қайта навларга ажратилиши, ўрам ҳолати ва бошқалар бўйича келиб чиқиши мумкин.

Аксарият хўжалик низоларида даъво аризасига битимга доир ҳужжатлар, шу жумладан ишончнома ва ТМБ юклаб жўнатилганини тасдиқловчи ҳужжатни илова қиламиз. Бу турдаги низоларда ишончнома муҳим далил ҳисобланади. Суд нафақат ушбу ҳужжатнинг кучини, балки етказиб берувчи ўз контрагентининг манфаатларини кўзлаб мажбуриятни лозим даражада бажарганини ҳам текширади. Бу ҳолда ушбу ҳужжатлардаги имзонинг бир хиллиги муҳим жиҳат ҳисобланади.

Ўз навбатида, низо тарафлари ҳам ўз мажбуриятларини бажарганликларини ёки контрагент уларни бажармаганлигини асослаш учун ушбу жиҳатга таянадилар. Имзоларнинг бир хил эмаслиги тарафнинг товарни олмаганини тан олиш ёки олганлик далилини шубҳа остига қўйиш учун асос бўлиши мумкин.

Ишончнома ЭРИ воситасида, товарни юклаб жўнатиш ҳужжати эса олувчининг ўз қўли билан имзоланган бўлса, нима қилиш керак? Ёки иккала ҳужжат гаджетлар ёрдамида тузилган ва имзоланган бўлса-чи? Битта ЭРИдан компаниядаги бир нечта ходим фойдаланиши ҳолати кузатилса-чи?

Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилишига сабабчи бўлган шахслар борлигини ҳам унутмаслик даркор.

Электрон ишончномага ўтишдан олдин унга доир ҳуқуқий ва техник муаммоларни ҳал этиш лозим. Уни қўллаш хусусиятлари ТМБни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомда қайд этилган бўлиши керак.

Электрон ишончномани имзолаш чоғида ЭРИни қўллашнинг қонунийлиги – алоҳида масала. ЭРИни қўллаш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатда битимларни тузиш ва бажариш пайтида хўжалик операцияларида ундан фойдаланиш имконияти тўғрисидаги қоидалар мавжуд эмас. Хусусан – унинг ёрдамида электрон ишончномаларни имзолаш имкони.

Бир қатор ҳал этилмаган техник муаммолар мавжуд. Электрон ишончномани қўллашда қийинчилик туғилмаслиги, қалбаки ҳужжатлар ва рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш тизимлари амалда ишлаши керак. Бунда электрон ҳужжат айланиши тизими фуқаролик муомаласининг барча хусусиятларини инобатга олиши зарур.

Норматив тусдаги масалалар ва барча техник муаммолар ҳал этилмагунча ТМБни олиш чоғида шахсан ҳозир бўлиши шарт бўлган киши ишончномага ҳам, товарни юклаб жўнатиш ҳужжатига ҳам ўз қўли билан имзо қўйиши керак.

Ҳурматли тадбиркор ва бухгалтерларга  2020 йил январдан кучга кирган Солиқ кодексида айтилганидек, ҳисобга олишда консервативлик принципи, шунингдек лозим даражада эҳтиёткорлик қилишлари кераклиги ҳақида эслатиб ўтмоқчиман ».


Электрон ишончнома етарли юридик кучга эга

Альберт САФИН, юрист, «Норма» эксперти:

– «Ҳа, қонун ҳужжатларида муайян зиддиятлар мавжуд. Ишончномалар бериш тартиби тўғрисида низомда қайд этилишича, корхона томонидан етказиб берувчилардан товар-моддий бойликларни олиш учун ишончли шахсга берилган ёзма ваколат ишончнома деб тан олинади . Бироқ айни пайтда ТМБни олиш учун ишончномалар корхона ихтиёрига кўра ёхуд белгиланган шаклда расмийлаштирилади . Яъни корхонанинг ишончномани электрон шаклда расмийлаштириш ҳуқуқини ҳеч ким чекламайди. Ишончнома – ёзма ваколат деган жузъий зиддиятни Низом 2003 йилда тасдиқлангани ва ўша пайтда электрон ҳужжат айланиши назарда тутилмагани билан изоҳлаш мумкин.

Электрон ишончнома «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси ва 6-моддаси қоидаларига кўра расмийлаштирилган бўлса, худди шундай тўлақонли ЭҲА иштирокчиси бўлиши мумкин. Бу ҳолда у қоғоз ишончнома сингари юридик кучга эга бўлади ».

Ҳар қандай ҳолатда НҲҲ иерархиясига риоя этиш зарур, унда «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонун идоравий ҳужжатдан устун туради. Ишончнома электрон шаклда расмийлаштирилиши учун ҳеч қаерда тўғридан-тўғри тақиқ назарда тутилмагани сабабли, тегишинча, бундай имконият бор.

Қоғоз ишончномаларни юритиш барча учун воз кечиш осон бўлмаган кўп йиллик одат бўлиб қолгани буткул бошқа масала. Деярли ҳамма жойда муҳр босиш бекор қилинганига қарамай, ҳамма жойга уни одатдагидек босаётганларига ўхшайди.  

Шу сабабли электрон ишончноманинг расмийлаштирилиши зиддият эмас, у юридик кучга эга бўлиб, тўлақонли ҳужжат ҳисобланади. Ишда электрон ишончномадан фойдаланиш – корхонанинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ва ҳужжат айланишининг янада қулай усули».

***

Хулоса чиқарамиз:

Ҳар доимгидек, норматив жиҳатдан тўлиқ тартибга солмаслик шароитида ишончномани қандай шаклда ёзиб бериш, электрон ишончноманинг қоғоз шаклини ҳам расмийлаштириш, контрагентингиз вакили кўтариб келган электрон ишончномани тан олиш масаласини қандай ҳал қилиш ўзингизга ҳавола.

Шу билан бирга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, уларда электрон ишончномаларни расмийлаштириш ва уларнинг муомаласи қоидаларини аниқ қайд этиш, бунда барча зиддият ва нуқсонларни бартараф этиш вақти келгани барчага аён.

Олег ГАЕВОЙ.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал