Қандай қилиб электрон ишончнома тузиш ва унинг асосида расмийлаштирилган ЭҲФни имзолаш мумкин

10.08.2020

Карантин даврида электрон ишончномалар ЭҲФни расмийлаштиришда жуда долзарб ва ўз вақтида кўрсатилган ёрдам бўлди. Энди янги таҳрирдаги 4-сон БҲМС уларни электрон шаклда расмийлаштириш учун тўлақонли қонуний замин яратди. Бироқ амалиётда бухгалтерларда уларни ЭҲФ операторлари тизимида расмийлаштириш билан боғлиқ техник муаммолар юзага келмоқда. Қандай қилиб барча босқичлардан муаммосиз ўтиш – бундай ишончномани тузиш, тўлдириш, жўнатиш ва ишончли шахсга имзолатиш мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтириш беради:


– Шу ўринда ҳар бир ЭҲА операторида ушбу тартиб-таомил фарқланиши мумкинлигини, бироқ асосий жиҳатлари барибир бир хил бўлишини қайд этиб ўтмоқчиман. Фаолият юритаётган ЭҲФ операторларидан бирининг мисолида электрон ишончномалар билан ишлаш бўйича бутун жараённи босқичма-босқич кўриб чиқамиз.


I. Ходим – ишончли шахсни қандай қилиб ЭҲФ тизимига киритиш мумкин:

1. Сиз номига ишончномаларни расмийлаштирадиган ходим учун жисмоний шахснинг ЭРИни олинг. Мисол учун, у омбор мудири, моддий бухгалтер, экспедитор, менежер ёки, эҳтимол, директорнинг ўзи бўлиши мумкин. Буни давлат хизматлари марказига бормай амалга ошириш мумкин (батафсил йўриқнома – бу ерда).

2. Мазкур ходимни ЭҲФ тизимида рўйхатдан ўтказинг. Бунинг учун уни «Ходимлар» бўлимига киритишингиз, лотин алифбосида Ф.И.О., электрон почта манзили ёки телефон рақами, лавозими, бўлинмаси, роли – фойдаланувчи/маъмур, ЭҲФ ҳужжатларидан (чекланган ёки тўлиқ) фойдаланиш имконини кўрсатиб, унинг анкетасини тўлдиришингиз ва «Таклиф этиш» тугмачасини босишингиз лозим. Сўнг ходимингизнинг телефони ёки электрон манзилига, айнан қайсинисини кўрсатганингизга қараб, ҳавола – тизимга кириш учун таклифнома келади.

3. Ходимингиз – ишончли шахс тизимга кириш учун ушбу ҳавола орқали ўтиб, логин ва паролни кўрсатиши керак. Паролни ишчи ШКнинг бирон-бир қулай жойида сақлаб қўйсин. Пароль махфий сақланишини таъминлаш муҳимлигини эслатиб қўйиш ортиқчалик қилмайди.

4. ЭҲФ тизимининг бош саҳифаси – «Созлаш», «Шахсий маълумотлар» бўлимига ўтинг. Бу ерда ходимнинг СТИРини кўрсатиш ва унинг ЭРИни киритиш: рўйхатдан ходимнинг ЭРИни танлаб, шахсий ЭРИ ёрдамида шахсини тасдиқлаш, у билан шахсий маълумотлари остига имзо чекиш ва «Сақлаш» тугмачасини босиш керак.


II. Электрон ишончнома роуминг тизимида –
my.soliq.uz да контрагентингизга кўриниши учун уни қандай тузиш керак:

1. ЭҲФ тизимига киринг, «Ишончнома» ҳужжат шаклини танланг.

Диққат

У жўнатилиши ва контрагентингизга кўриниши учун айнан «роуминг тизимидаги ишончнома»ни танлаш керак.

Ёдингизда бўлсин: my.soliq.uz роуминг тизимига кирмаса ҳам – корхона бўлинмалари, филиаллари ўртасида – ички ишончномаларни ЭҲФ тизимида расмийлаштириш мумкин.

2. «Ишончнома» ҳужжатининг барча реквизитларини тўлдиринг: №, у берилган давр, ишончли шахснинг СТИРи, Ф.И.О. (киритилган СТИРга қараб автоматик равишда тўлдирилади), ишончли шахснинг лавозими, паспорт маълумотлари, ТМЗни сотиш (бериш, юклаб жўнатиш) учун асос бўладиган шартнома рақами ва санаси, етказиб берувчининг (сотувчининг) (киритилган СТИРга ёки ташкилот номига қараб автоматик равишда тўлдирилади) ва буюртмачининг (харидорнинг) (корхонангиз маълумотларига қараб автоматик равишда тўлдирилади) реквизитлари. Сўнг ишончнома кўрсаткичларининг жадвал қисмини тўлдириш лозим: моддий қимматликлар, ўлчов бирликлари (бириктирилган рўйхатдан танлаб олинади), миқдори. Ва, ниҳоят, – раҳбар ва бош бухгалтерни кўрсатиш (ходимлар рўйхатидан танлаб олиш ёки қўлда киритиш) керак.

3. Ишончномани юридик шахснинг ЭРИ билан имзоланг ва тегишли «Имзолаш ва жўнатиш» тугмачасини босиб, уни ишончли шахсга жўнатинг.

4. Сўнг ЭҲФ тизимидан чиқиб, ишончли шахснинг логин ва пароли билан кириш керак. «Олинган» ҳужжатлар бўлимида «Ишончли шахс» катакчасига белги қўйиш зарур. Бунда сиз расмийлаштирган ишончнома кўринади.

5. Ишончноманинг барча реквизитлари тўғри тўлдирилганига яна бир бор ишонч ҳосил қилгач, жисмоний шахс – ишончли шахснинг ЭРИни танлаб олиб, «Имзолаш» тугмачасини босинг.

Шундай қилиб, ишончномангиз расмийлаштириш ва имзолашнинг барча босқичларидан ўтди, энди my.soliq.uz даги контрагентингизнинг шахсий кабинетида кўринади. Контрагентингиз унга асосланган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириб, сизга тақдим этиши мумкин. 


III. Сиз ва контрагентингиз турли ЭҲФ операторлари тизимида бўлсангиз, электрон ишончнома асосида расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактурани қандай қилиб кўриш ва юридик шахснинг ЭРИ билан имзолаш мумкин:

1. Корхонангиз, мисол учун, 1-сон ЭҲА операторининг ЭҲФ тизимидан фойдаланса, етказиб берувчингиз эса 2-сон оператор мижози бўлса, етказиб берувчи электрон ишончномангиз асосида расмийлаштирган ҳисобварақ-фактурани имзолай олишингиз учун ишончли шахсни 2-сон оператор тизимида рўйхатдан ўтказишингиз лозим.

2. Сиз ишонч билдирган ходим 2-сон оператор тизимида рўйхатдан ўтганидан кейин (етказиб берувчингиз ёки ЭҲФ оператори call-маркази мутахассислари бунда сизга ёрдам беришлари мумкин) ташкилотингизга тақдим этилган ЭҲФни кўриб, уни ўзига берилган жисмоний шахснинг ЭРИ билан имзолаши мумкин.

Диққат
Фақат ушбу тартиб-таомилдан кейин етказиб берувчи сизга тақдим этган (жўнатган) ЭҲФ роуминг тизимида – my.soliq.uz да, шахсий кабинетингизда – «ЮШ электрон ҳисобварақ-фактуралари» бўлимида кўринади, у ерда энди уни юридик шахснинг ЭРИ билан имзолай оласиз.

Ушбу барча босқичлардан ўтгач, етказиб берувчидан (сотувчидан) олинган, электрон ишончнома асосида расмийлаштирилган ва сиз томонингиздан юридик шахснинг ЭРИ билан имзоланган сизнинг ЭҲФ барча кўрсаткичлари ҳисобга олинган ҳолда ҚҚС ҳисоб-китобига 4-«Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасига киритилади. Шунда ҚҚС бўйича ҳисобга олишни қўллай оласиз.


Яна қўшимча қилмоқчиман…

Турли ЭҲФ операторларида ишончли шахсни рўйхатдан ўтказиш ва электрон ишончномаларни тузиш тартиб-таомили айрим ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши, келтирилган йўриқномадагидан бироз фарқланиши мумкин. Шу сабабли электрон ишончномалар ва ЭҲФни расмийлаштирувчи корхоналарнинг бухгалтерлари ва бошқа мутахассисларига имкон қадар қулайлик яратиш учун барча ЭҲФ операторлари ўз ресурсларининг бош саҳифаларида ишончли шахсларни рўйхатдан ўтказиш, электрон ишончномаларни расмийлаштириш ва жўнатишнинг барча босқичлари, шунингдек улар асосида етказиб берувчилар (сотувчилар) тақдим этган ЭҲФни имзолаш тартиби бўйича босқичма-босқич видеойўриқномалар берсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал