Агар бухгалтер хато тарзда ҳисобварақ-фактурада “ноль” кўрсатган бўлса

preview

“Фирма томонидан бажарилган ишлар ҳажми имтиёзли ҳисобланади ва СКга асосан ҚҚС солинмайди. Бироқ бухгалтер электрон ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш чоғида хатога йўл қўйди ва ҚҚС суммаси ва ставкаси сифатида - О (ноль)ни кўрсатди. Қандай тузатиш мумкин? Бу қанчалик жиддий ҳуқуқбузарлик саналади ва қандай оқибатлари бўлиши мумкин?”.

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жавоб берди:

- Мазкур ҳолда СКнинг 275-моддаси 5-қисмига мувофиқ тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиш зарур. Тузатилган ҳисобварақ-фактура СКнинг 88-моддасига мувофиқ даъво қилиш муддати давомида тақдим этилиши мумкин. Лекин буни кечиктирманг ва ноҳуш ҳодиса тугайди.

Ҳаракатлар алгоритми қуйидагича:

  1. ЭҲА оператори сайтида “Тузатилган ҳисобварақ-фактура” ҳужжати шаклини танланг.
  2. Тузатилаётган – илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура рақами ва санаси билан бир хил сана ва рақамни кўрсатинг.
  3. ЭҲФ тизими илгари жўнатилган (тузатилаётган) ҳисобварақ-фактурага берган ID-рақамни кўрсатинг. Уни кўрсатиш учун сиз шакллантираётган тузатилган ҳисобварақ-фактурадан чиқмай  туриб, параллел равишда my.soliq.uz порталида ЭҲФ тизимига киринг ва илгари жўнатилган ҳисобварақ-фактурадан ушбу ID-рақамдан нусха олинг. ЭҲФ тизими ID-рақамни ҳисобварақ-фактуранинг юқори чап бурчагида кўрсатади.
  4. Тузатилган ҳисобварақ-фактуранинг зарур кўрсаткичларини киритинг. Ҳақиқатда эскиси ўрнига янги ҳисобварақ-фактурани тўлдириш зарур.
  5. “Сақлаш ва жўнатиш” тугмасига босинг.
  6. Зарурат бўлганда тузатилган ҳисобварақ-фактурани my.soliq.uz да ЭҲФ тизимида кўриб чиқиш мумкин. Ҳужжатнинг юқори чап бурчагида: “2020 й. «__»______ даги ЭҲФга тузатиш киритилгани” деган ёзув бўлади.

Эътибор беринг
Агар ҚҚС бўйича солиқ базасининг ўзгаришига олиб келган тузатишлар киритилган бўлса, тегишли давр учун ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобни топшириш зарур. Контрагент ҳам СКнинг 257-моддаси ва СКнинг 269-моддаси нормаларига мувофиқ ҚҚС бўйича ҳисобга олиш суммаси қисмида қайта ҳисоб-китобни топширишига тўғри келади.

Молиявий жарималарга келсак, имтиёзли иш ҳажмлари ва хато тарздаги “ноллар” ҳолида улар бўлмайди, сабаби бюджет зарар кўрмайди. МЖТКнинг 175-1-моддасига асосан эса маъмурий жарима эҳтимоли мавжуд, башарти ҳисобварақ-фактурадаги хатони солиқчилар камерал ёки бошқа текширув чоғида аниқласалар. Бу – тузатилган ҳисобварақ-фактурани имкон қадар тезроқ тақдим этиш учун яна битта далил.