Агар контрагент тузатилган ҳисобварақ-фактурани имзоламаса

preview

Расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурада хато аниқланди. Тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этилди, бироқ контрагент уни имзоламяпти. Тузатилган ҳисобварақ-фактураларга нисбатан 10 кун давомида имзоланмаган ҳужжат автоматик тарзда қабул қилинадиган ва Ҳисоб-китобда ҳисобга олинадиган қоида амал қиладими?

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги “Янги технологиялар” ИАМ ЭҲФ бўлими бошлиғи Нодир МУҲАММАДОВ тушунтирди:

 

- Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 63-бандида: агар ЭҲФ 10 кун ичида тасдиқланмаса ёки рад этилмаса, у тасдиқланган ҳисобланади, дейилган.

Амалиётда бу ҳисобварақ-фактура жўнатилган пайтдан эътиборан сотувчида сотишлар реестрида акс эттирилишини англатади. Бироқ у сотиб олувчида у уни тасдиқламагунга қадар акс эттирилмайди. Бундан ташқари, 10 кун ўтгандан кейин сотиб олувчи бундай ҳисобварақ-фактурани фақат тасдиқлаши мумкин бўлади, унда уни рад этиш имконияти мавжуд бўлмайди.

Ушбу қоида тузатилган ҳисобварақ-фактураларга нисбатан ҳам амал қилади. Бироқ тузатилган ҳисобварақ-фактурани уни расмийлаштириш учун ўзаро розилик бўлганда ва сотиб олувчи уни тақдим этилган пайтдан эътиборан 10 кунлик муддатда кўриб чиқишга тайёр бўлганда расмийлаштирган маъқул.

Агар тузатилган ҳужжат 10 кун давомида имзоланмай қолса, у ҳам қабул қилинган ҳисобланади ва Ҳисоб-китобда ҳисобга олинади. Бироқ бу ҳолда сотувчида солиқ бўйича ҳисоб-китобнинг сотишлар реестрида айни бир реализация икки марта акс эттирилади. Ва бу сотишлар ҳажмининг сунъий равишда оширилишига олиб келади.

Сотиб олувчида имзоланмаган тузатилган ҳисобварақ-фактура ҳисоб-китобларда акс эттирилмайди. Ва 10 кун ўтгандан кейин унда ушбу ҳужжатни рад этиш имконияти бўлмайди.

Ушбу англашилмовчиликларни олдини олиш учун тузатилган икки томонлама ҳисобварақ-фактура томонларнинг ўзаро розилиги билан расмийлаштирилиши керак, уни расмийлаштиришнинг барча тартиб-таомили қатъий белгиланган муддатларда ўтказилиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади