ЭҲФнинг янги турлари: бухгалтер учун нимани эътибордан қочирмаслик муҳим

preview

ДСҚ бир томонлама ҳисобварақ-фактураларнинг янги турларини “бозор қийматидан паст реализация қилиш”, “божхона қийматидан паст реализация қилиш”, “хизматлар экспорти (ЎзР ҳудудидан ташқарида), “хизматлар экспорти (ЎзР ҳудудида) жорий этади. Бу солиқ тўловчилар учун нимани ўзгартиради?

Buxgalter.uz илтимосига биноан муҳим тафсилотларни «Янги технологиялар» ИАМ электрон ҳисобварақ-фактуралар бўлими етакчи мутахассиси Фаррух МАМАДАЛИЕВ ва солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА тушунтиришди:


- Янгиликлар солиқ базасини аниқлашда қуйидаги солиққа оид қонунчилик нормаларидан фойдаланадиган солиқ тўловчиларга дахл қилади:

1) СК 248-моддаси 3-қисми ва Қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб

чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисида низом.

Солиқ базаси қуйидаги ҳолларда товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади:

  • товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда;
  • товарларни (хизматларни) бепул беришда (кўрсатишда), бундан иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно;
  • мол-мулкни (хизматларни), агар бундай мол-мулк (хизматлар) бўйича солиқ суммаси тўлиқ ёки қисман ҳисобга ўтказилган бўлса, бошқарув органи аъзоларига, ходимларга, уларнинг оила аъзоларига ёхуд бошқа шахсларга солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланиш учун бериш (хизматлар кўрсатиш);

Бунда товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини қуйидагилар бўйича аниқлаш мумкин:

  • бозор нархлари (прайс-варақлар) тўғрисидаги ўз маълумотлари;
  • ахборот-нарх агентликлари маълумотлари;
  • ОАВдан олинган маълумотлар;
  • биржа хабарлари;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган ташқи савдонинг божхона статистикаси;
  • қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, нарх белгилаш учун нормативларни белгилайдиган ваколатли органлар маълумотлари.

Агар товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати кўрсатилган манбалар маълумотлари бўйича фарқ қилса, солиқ солиш мақсадларида ўртача қиймат ҳисобга олинади.

2) СКнинг 248-моддаси 5-қисми. Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган (импорт қилинган) товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқ ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

3) СКнинг 241-моддаси. Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланмаларга ҚҚС солинмайди. Тегишинча, агар хизматларни реализация қилиш жойи - Ўзбекистон бўлса, уларга ҚҚС солинади.

Бир томонлама ЭҲФнинг янги турлари жорий этилиши билан нима ўзгаради

Агар илгари “хизматлар экспорти (ЎзР ҳудудидан ташқарида), “хизматлар экспорти (ЎзР ҳудудида) , “бозор қийматидан паст реализация қилиш”, “божхона қийматидан паст реализация қилиш” айланмаларига бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этилмаган бўлса, энди буни албатта амалга ошириш шарт!

Эътибор беринг!

Апрель учун ҳисоб-китоб тузишда ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илова “Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар”да, илгаригидек, қўлда қуйидаги сатрларни (тегишли айланмалар мавжуд бўлганда) тўлдириш зарур:

  • 0103 “Бозор қийматидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати ва ҚҚС киритилмаган ҳолда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ”;
  • 0104 “Товарларни импорт қилишда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва  тўлаш мақсадида божхона органлари томонидан аниқланадиган қиймат ва ҚҚС киритилмаган ҳолда импорт қилинган товарларни реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ”;
  • 020 “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича айланма”.

2021 йил 1 июндан бошлаб ҚҚС ҳисоб-китоби шаклига техник ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Май учун Ҳисоб-китобни шакллантиришда мазкур сатрлар энди электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими маълумотлари асосида автоматик тарзда тўлдирилади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади