Май ойидаги икки хил реализацияни нима қилиш керак?

preview

Май ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобини тўлдираётганда тизим 18 июнгача имзоланмаган ҳисобварақ-фактураларнинг «автомат-проводкаси» учун ишламади. Шу санагача ҳисобот жўнатган бухгалтерлар қандай қилиб бўлса ҳам вазиятдан чиқиш ва реализациянинг тўғри кўрсаткичларини акс эттириш учун бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришга мажбур бўлдилар. Натижада энди, ЭҲФ тизими харидорга юборилган ҳисобварақ-фактуралар кўрсаткичларини, ҳатто уларни имзоламаган бўлса ҳам, ҳисобга олаётганда тизимда май ойи учун икки хил реализация кўрсаткичлари акс этмоқда. Бундай вазиятда бухгалтер нима қилиши керак? Buxgalter.uz тушунтиради: 


Табиийки, «май ойидаги» ҳисобот даври ҚҚС ҳисоб-китобига – 4 ва 5-иловаларга ҳисобварақ-фактуралардаги маълумотларни қўлда киритиш имконисиз харид қилинган ва реализация қилинган товарлар ва хизматлар бўйича реестрларни автоматик тўлдиришга ўтиш қисмида барча учун «экспериментал» бўлганига бухгалтер айбдор эмас. 

Май ойи учун бир томонлама ҳисобварақ-фактурани энди бекор қилиб бўлмайди, сабаби ЭҲФ тизими уни қайд этиб улгурган. Вазиятдан чиқишнинг битта йўли бор: энди бухгалтерлар ҳосил бўлган товарлар, хизматларнинг икки хил реализация суммасини «айириш» мақсадида 2020 йил май ойи учун бир томонлама ҳисобварақ-фактурага тузатиш киритувчи (айирувли) ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришларига тўғри келади.


Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА
тизим ишидаги бошқа муаммоли жиҳатларга ҳам эътиборни қаратди:

– «Воситачилик ва транспорт-экспедиторлик ташкилотлари, шунингдек ижарага берувчилар ва уларнинг контрагентларида кўп қийинчиликлар юзага келди. Воситачилар ва ижарага берувчилар комитент – коммунал хизматларни (электр энергияси, иссиқлик энергияси ва ҳ.к.) етказиб берувчи номидан уч томонлама ЭҲФни қайта тақдим этдилар, бу уларда кўрсатилган комитентлар учун кутилмаган ҳолат бўлди. Сабаби уларнинг реестрига ҳатто улар шартнома тузмаган шахслардан ЭҲФ келиб тушди! 

Жорий йилнинг январь–апрель ойларида бундай операциялар тўғри созланган эди, бироқ май ойидан бошлаб комитентлар ва ташувчиларда реализация суммаси икки марта акс эта бошлади. Энди улар ҳам хизматларнинг икки хил реализациясини йўқотиш учун ҳаракат қилишларига тўғри келади.

Ниҳоят, яна битта муаммо: ЭҲФ тизими «божхонадаги» ҚҚС кечиктирилишини ҳисобга олмайди. Тизим ҚҚС ҳисоб-китобига 4-иловада БЮД бўйича ҚҚС суммасини IM–40 режимида кўрсатиб, СК 266-м. 1-қ. 3-б. мувофиқ бюджетга солиқ суммаси келиб тушишини ҳисобга олмайди. Ахир бу салмоқли сумма, у ҳали бюджетга келиб тушмаган». 

P.S.: ЭҲФ тизими тест режимида ишлаётганини, солиқ тўловчилар хатолар билан шаклланган ЭҲФ реестрига қўлда тузатиш кирита олмасликларини ҳисобга олган ҳолда, бундай вазиятда раҳбарлар ва бухгалтерларга нисбатан жарима санкциялари қўлланмаслиги, камерал назорат ўтказиш учун важ юзага келмаслиги керак, деб ўйлаймиз.


Татьяна ЛИМАРЕВА тайёрлади.