Нима учун реализация қилиш бўйича айланмалар ЭҲФ бўйича маълумотларга тўғри келмайди

16.10.2020

Кўп бухгалтерлар автоматик тарзда тўлдиришни инобатга олган ҳолда Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг  010-сатри 3-устуни кўрсаткичларини тўлдириш чоғида уларда 2020 йилнинг 9 ойи учун реализация қилишдан олинган даромадлар суммалари маълумотлари амалдаги бухгалтерия ҳисоб маълумотларига тўғри келмаслигига дуч келишди. Нима учун кўрсаткичлар фарқ қилади ва бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозим?

Buxgalter.uz тушунишга ёрдам беради:

- Сабаблари бир нечта бўлиши мумкин. Мисол учун:

1) олдинги даврлар учун (2020 йил I чорак ёки ярим йиллик учун) Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида  нотўғри (хато) маълумотлар акс эттирилган;

2) 2020 йил I чорак ва ярим йиллик учун ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилмаган;

3) 2020 йил I чорак ёки ярим йиллик учун ҳисобварақ-фактуралар сотиб олувчи томонидан имзоланмаган ва шу давр учун реализация қилишдан олинган даромадларга киритилмаган. III чоракда сотиб олувчи унга тақдим этилган ЭҲФни имзолаган, натижада олдинги ҳисобот даврлари учун Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби маълумотлари билан фарқ юзага келган;

4) Олдинги даврлар учун (2020 йил I чорак ёки ярим йиллик учун) ҳисобварақ-фактуралар тузатилган, бироқ шу даврлар учун айланмадан олинадиган солиқ қайта ҳисоб-китоблари топширилмаган;

5) ва ҳ.к.

Эҳтимол, кўрсатилган сабаблар 2020 йилнинг март-апрель ойларига тўғри келган пандемия даврида карантиннинг кучайтирилиши билан боғлиқдир. Натижада ҳамма бошланғич ҳужжатлар ҳам ўз вақтида расмийлаштирилмаган. Ёки – ҚҚС тўловчиси бўлмаган баъзи корхоналар 2020 йил январь-июнь ойлари учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этишни 2020 йил 1 июлга қадар чўзиб юборишган.

 

Эътибор беринг
Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 010-сатри 3-устуни кўрсаткичи қуйидаги тарзда йиғилади: 2020 йил ярим йиллиги учун (I чорак + II чорак) Ҳисоб-китобнинг 010-сатри 3-устуни кўрсаткичлари + 2020 йил III чорак учун ЭҲФ тизими маълумотлари.

 

Бухгалтерлар тизим 9 ой учун Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 010-сатри 3-устуни кўрсаткичини автоматик тарзда йиғади ва қайта ҳисоб-китобларни топширишга тўғри келмайди , деб умид қилишганди. Лекин, афсуски, ундай эмас. Шу боис кўпларда хато чиқди – 9 ой учун Ҳисоб-китобнинг 010-сатри 3-устуни кўрсаткичларининг ЭҲФ кўрсаткичлари билан тўғри келмаслиги.

Энди нима қилиш керак?

Агар бундай вазият юзага келса, сиз:

1) контрагентларга 2020 йил июль–сентябрь ойлари учун тақдим этилган ЭҲФни солиштириш зарур. Буни my.soliq.uz электрон ҳисобварақ-фактуралар сервиси - E-faсtura ёрдамида бажариш  мумкин. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.

2) ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ва олдинги ҳисобот даврлари (2020 йил январь-июнь ойлари) учун ЭҲФ тизимидаги сизнинг бошланғич ҳисоб маълумотларингиздан келиб чиқиб тузатиш зарур;

3) сизнинг ЭҲФ маълумотларингизни  2020 йил I чорак ва ярим йиллик учун тақдим этилган Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби маълумотлари билан солиштириш зарур;

4) зарурат бўлган ҳолда 2020 йил I чорак ва ярим йиллик учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича қайта ҳисоб-китобларни топшириш зарур.

Ушбу барча ҳаракатлардан кейин сиз 9 ой учун Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини тўлдира оласиз ва ҳеч қандай хато юзага келмайди.

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини тўлдирган ҳолда сиз яна нималарга эътибор беришингиз лозимлиги ҳақида бу ерда ва бу ерда ўқинг.

Татьяна ЛИМАРЕВА,

buxgalter.uz эксперти

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал