Нима учун тадбиркорлар ЭҲФдаги хатони тўғирлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин?

15.12.2020

Контрагент белгиланган муддатлар бузилмасдан ойнинг 10 санасидан кейин унга тақдим этилган ҳисобварақ-фактурани рад этмоқда . Сотувчи кейинчалик қандай йўл тутиши лозим? ДСҚ декабрдан бошлаб, агар ЭҲФни ўз вақтида тақдим этмаган бўлсангиз (декабрда ушбу муддат 18 санага кўчирилган),  ноябрь учун кейинроқ ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш имконияти бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Битимни фақат 2021 йил январда тақдим этилган ҳисобварақ-фактура билан - декабрь санаси билан ёпиш мумкин.

Жорий этилаётган тартиб солиқ тўловчини автоматик тарзда ҳуқуқбузар мақомига ўтказган ҳолда хатони тузатиш ҳуқуқидан маҳрум қилиши келиб чиқади. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

- ДСҚ, албатта, солиқ тўловчиларни интизомга солиш борасида ҳақдир. Бироқ, буни менинг фикримча, бундай қатъий усуллар билан қилмаслик лозим. Ҳар бир кечиктирилган кун учун санкция жорий этилишини анча мақбул вариант деб ҳисоблайман.

Юқорида таърифланган вазият масалани ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан пухта ишлаб чиқиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Шунчаки тақиқнинг ўрнига жаримани жорий этиш етарли бўлмайди. Агар сотиб олувчи 10 санадан кейин хато туфайли ҳисобварақ-фактурани рад этса, сотувчида илгари қилингани каби, уни оқибатларсиз тузатиш имконияти бўлиши керак. Агар сотиб олувчи  шунчаки эҳтиётсизлик туфайли “рад этиш”га босиб юборса, бу қанчалик адолатсиз бўлишини тасаввур қиласизми? Ахир бу истисно эмаску.

Келиб чиқадики, техник жиҳатдан 10 санадан кейин ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш имкониятини ёпган ҳолда, ДСҚ нафақат солиқ тўловчиларни хатоларни тузатишдан маҳрум қилади, балки:

  • ҳисоботни бузиб кўрсатишга ундайди, сабаби ноябрь ойи айланмаларини декабрь ойи билан ўтказади – бу юридик ва мантиқий жиҳатдан нотўғри;
  • товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни кейинги ҳисобот даврига ўтказишни СКнинг 223-моддаси бўйича жавобгарлик остига олиб келади (реализация қилиш ҳажми ва даромад (фойда)ни қасддан камайтириш). Бу эса яширилган (камайтирилган) солиқ базаси суммасининг 20%и миқдорида жаримага олиб келади.

Буларнинг барчаси яна бир бор масаланинг ечимига шунчаки ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга тақиқ қўйишга қараганда анча жиддий ва мушоҳада билан ёндашиш зарурлигини кўрсатади. Ҳозирги вақтда норматив-ҳуқуқий база ушбу масала бўйича қатъий қарорлар қабул қилиш учун мутлақо тайёр эмас.

СКнинг 9-моддасида солиқ органларига солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиш мажбуриятини юкловчи ажойиб принцип назарда тутилган. Бунда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятига асоссиз тўсиқлар яратишга ҳақли эмас, солиқ тўловчилар эса солиқ органлари ўз ваколатларини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиши керак.

ДСҚ иккинчи ой қилаётганидек, ўйламай-нетмай шартта иш қилиш керак эмас. Бу тадбиркорликни ривожлантириш, солиқ маъмурчилиги ва солиқ органларининг обрўсига салбий таъсир кўрсатади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь