Қандай қилиб ташкилот учун қўшимча ЭРИ олиш мумкин

27.12.2019

ЭҲФ ва ЯММТ жорий этилиши билан ташкилотларда бухгалтердан ташқари бошқа ходимларга ҳам қўшимча электрон рақамли имзо олиш зарурати юзага келди. Кўпчилик моҳиятан жуда жўн бўлган ушбу масалада муаммоларга дуч келишди. ДСҚ ва Давлат хизматлари марказлари бундай масалани ҳал қилишга ҳали тўлиқ тайёр эмас эканлар. Бундай вазиятда нима қилиш лозим? Ҳар ҳолда қандай қилиб муаммоларсиз қўшимча ЭРИ олиш мумкин?

ЭРИ қаердан олинади

Электрон калитларни рўйхатга олиш билан шуғулланадиган ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМда аниқ жавоб беришди: қўшимча ЭРИ олиш бўйича барча саволлар юзасидан Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш лозим.

ДХМнинг манзиллари ва телефон рақамлари сайтда кўрсатилган. Уларнинг иш тартиби – душанбадан жумагача 9:00 дан 20:00 гача.

Бу қандай ишлайди (шахсий тажриба!)

Buxgalter.uz порталининг маслаҳатчи бухгалтери Миробод тумани Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди.

Марказ ходимлари нима қилиш кераклигини анча вақт тушунишмади. Бухгалтеримизни:

1) ДСИга қайта йўналтиришга уриниб кўришди;

2) корхонанинг ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш учун шаклни тўлдиришни таклиф қилишди;

3) жисмоний шахс сифатида шахсан ўзига ЭРИ олишни таклиф қилишди.

Тушунишлари ва мос жавоб беришлари учун айнан битта нарсани бир неча марта такрорлашга тўғри келди. Натижада, шукурки, айнан нима қилиш кераклигини батафсил тушунтириб бера олган ходим алоқага чиқди.

Қадамма-қадам йўриқнома (ҳаммаси текширилган):

Эътибор беринг
Ташкилот раҳбари номига қанча талаб этилса, шунча ЭРИ очилиши мумкин. Сони чекланмаган!

1. ЭРИ олиш учун шахсан Давлат хизматлари марказига келишга тўғри келади. Сизга тахминан 1 соат вақт, флешка, ҳужжатлар ва пул керак бўлади.

2. ДХМ ходимига қуйидагиларни тақдим этинг:

  • Юридик шахс вакилининг шахсни (ЭРИ эгасининг) тасдиқловчи ҳужжатининг: ЎзР фуқароси ёки хорижий фуқаронинг паспортининг, фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномасининг, ҳарбий хизматчининг паспорт маълумотлари ва унинг прописка қилинган жойини тасдиқловчи белгиланган шаклдаги маълумотнома илова қилинган ҳарбий билетининг асли ва нусхаси;
  • ЭРИ эгаси – юридик шахс вакилига ишончнома;
  • Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тасдиқланган нусхаси;
  • Ҳар бир ЭРИ учун БҲМнинг 10%и миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисида тўлов топшириқномаси (маблағлар сайтда жойлаштирилган Оммавий офертада кўрсатилган ҳисобвараққа ўтказилади). Ўша ернинг ўзида ҳам тўлаш мумкин – банк кассаси ДХМ ёнида.

3. ДХМ ходимига унга ЭРИ калити ва сертификатини ёзиши ва сақлаб бериши учун флешкани (USB-флешка) тақдим этинг.

4. ЭРИни олганингиздан кейин, корхона раҳбарининг буйруғи билан ҳар бир ЭРИ учун жавобгарни бириктириш лозим.

ЭҲФ учун буйруқ намунаси – бу ерда, ЯММТ учун – бу ерда.

Ишни ходим бажариши, ҳужжатлар остига имзони эса ҳақиқатда унинг номига ЭРИ расмийлаштирилган корхона раҳбари қўйиши боис, ушбу буйруқда:

  • ходимнинг шахсий жавобгарлигини айтиб ўтиш;
  • ЭРИдан фойдаланиш чоғида унинг ваколатлари чегарасини кўрсатиш лозим.

Виктория БЕЗГИНА,
Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал