Солиқчилар ЭҲФ муддатларига қатъий риоя қилишнинг янги санасини эълон қилишди

25.11.2020

ДСҚ солиқ тўловчиларга ЭҲФни белгиланган муддатларда тақдим этиш ва кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш йўллади . Хатда: а) объектив, узрли сабабларга кўра кечикканлар билан нима бўлиши; б) ушбу важларни қандай шаклда ва кимга тушунтириш аниқлаштирилмаган.

Солиқ қўмитаси қатъий 489-сон ВМҚ доирасида ҳаракат қилмоқда. Хабарномада жорий йилнинг декабридан бошлаб дастур товарлар ва хизматлар реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг 10 кунидан кейин тақдим этилган ЭҲФларни қабул қилмаслиги айтилган. Ушбу техник ечимни солиқ идораси ноябрда қўллашга ҳаракат қилган, бироқ солиқ тўловчиларнинг кўп сонли шикоятлари туфайли ўтиш кечиктирилган эди. Мана унга яна қайтилди. Buxgalter.uz тахмин қилишича, иккинчи марта “ортга қайтиш” бўлмайди: норма мавжуд, норма қабул қилинган – уни ижро этиш лозим. Ёки – агар дастлаб унда ниманидир инобатга олишмаган бўлса, НҲҲга тузатишлар киритиш лозим.

Гап қуйидаги муддатлар ҳақида бормоқда:

Вазият

Муддатлар

14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-иловадаги норма

Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда

ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади.

Бунда, ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади

6-б.

Объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса

ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади. Бунда, ҳисобварақ-фактура хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади

7-б.

Товарлар (хизматлар) ҳисобварақ-фактура тақдим этмаган ҳолда реализация қилинганда:

  • сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;
  • хўжалик юритувчи субъект томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат назорат-касса техникаси таъмирлашга топширилганда ёки савдо шахобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;
  • банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;
  • товарлар текинга оммавий тарқатилганда;
  • ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;
  • кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда

ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган ҳолда бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантиради. Умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг 5 кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан шакллантирилади

59-б.


Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:

- Хабарномада 2020 йил декабрдан бошлаб 10 санадан кейин ЭҲФни юборишнинг имкони йўқлиги ҳақида аниқ айтилган. Мен бу ҳақда айтиб ўтганман ва илгаригидек, бундай қатъий ёндашув муаммоларга олиб келади, деб ҳисоблайман. Турли субъектив ёки объектив сабабларга кўра, солиқ тўловчиларга ЭҲФни шакллантириш ва жўнатиш имкониятини бериш зарур. 489-сон ВМҚда назарда тутилган муддатларни бузганлик учун жавобгарлик чораларини (маъмурий ёки молиявий) қонунчиликда назарда тутиш ва кейинчалик айбдор тарафга қўллаш лозим.

Декабрда барибир қатъий техник чекловлар жорий қилиниши ҳолати учун Гулнора ЭРГАШЕВА бухгалтерларга ҳозирданоқ иш графигини шундай тарзда режалаштиришни тавсия қиладики, унга мувофиқ ҳисобварақ-фактураларни ўз вақтида тақдим этиш мумкин бўлсин. Декабрга қадар НҲҲга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишга улгуришлари амри маҳол, бусиз ЭҲФни тақдим этишга улгурмаганларни буткул ноаниқликлар кутади.

Шунингдек, хабарномада 489-сон ВМҚга 2-илованинг 63-бандида назарда тутилган нормаларга риоя қилиш зарурлиги эслатиб ўтилади. Унга асосан етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ЭҲФ 10 кун давомида тасдиқланиши ёки сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилиши керак. Ушбу нормага биноан (ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги нормалардан фарқли ўлароқ) унга риоя қилинмаганда  нима рўй бериши тушунарли: белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган ҳисобварақ-фактуралар маъқулланган деб эътироф этилиши керак.

Илгари «Янги технологиялар» ИАМ бош мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ ушбу норма 1 ноябрдан бошлаб техник жиҳатдан амалга оширилишини тушунтирган эди. ЭҲФ тақдим этилган пайтдан эътиборан 10 кунлик муддат ўтгач, сотувчида “Бекор қилиш” тугмаси, сотиб олувчида – “Рад этиш” тугмаси ўчирилади. Сотиб олувчи фақат бундай ҳисобварақ-фактурани тасдиқлаши мумкин. Бунда бундай ЭҲФлар бўйича сумма автоматик тарзда ҳисоботларда ва солиқлар ҳисоб-китобларида акс эттирилади.

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь