Сотиб олувчи ЭҲФни етказиб бериш ҳолати бўйича кўриб чиқмаяпти. Нима қилиш лозим?

30.11.2020

Ташкилот мунтазам равишда календарь йилнинг охирида ўз маҳсулотини (газеталарга обуна) кейинги йилда даврийлик билан – ҳар пайшанбада, ҳафтада бир марта етказиб бериш учун шартномалар тузади. 2020 йилда муаммога дуч келдик: бундай шартномалар бўйича 2019 йилнинг охирида тўловни амалга оширган баъзи мижозлар, ўтган ойда етказиб берилган ҳажмлар учун ҳар ойда тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактураларни кўриб чиқишни рад этишмоқда. Шартномалар бўйича суммалар унча катта бўлмагани боис, кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти юзасидан кўндиришлар иш бермаяпти. Нима қилиш лозим?

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек ДАДАХОНОВ ва “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА шарҳлаб беришди:

Улуғбек ДАДАХОНОВ: - Солиқ кодексидаги ва умуман, қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳисобварақ-фактуранинг моҳиятига ҳеч қандай тарзда таъсир кўрсатмади. Бу – товарлар (хизматлар)нинг ҳақиқатда жўнатилганлигини ва ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжатдир    .

Агар товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинса, товарлар етказиб берилганда (хизматлар кўрсатилганда) ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади .

Ўзгартиришлар фақат ҳисобварақ-фактуранинг шаклига дахл қилди: 2020 йил 1 январга қадар ҳужжат қоғоз шаклида расмийлаштирилган, ундан кейин эса – электрон шаклда.

Бунда тарафларда 2019 йилда тузилган, уларга мувофиқ маҳсулотни етказиб бериш 2020 йил давомида амалга ошириладиган шартномалар бўйича маҳсулот олинганлигини 2019 йилда расмийлаштириш учун қонуний асослар мавжуд эмас эди.

Агар ушбу вазият ҳақида гапирсак, бу ерда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи яққол бузилган. МЖТКнинг 175-1-моддасига асосан мансабдор шахслар учун жарима миқдори, ҳуқуқбузарликка боғлиқ ҳолда БҲМнинг 5 бараваридан 20 бараваригачани ташкил этиши мумкин. Манфаатдор тараф ҳуқуқбузарлик ҳақида солиқ органларига хабар бериши ёки масалани суд тартибида ҳал қилиши мумкин. Мазкур ҳолда қонун – ҳисобварақ-фактураларни ҳар ойда тўғри тақдим этаётган етказиб берувчи тарафда”.

Ольга БУСАРОВА: – Ҳақиқатан, айрим бухгалтерлар ҳисобни “соддалаштириш” учун, масалан, газеталарга обунани улар учун тўлов амалга оширилган даврда ҳисобдан чиқаришган ва чиқаришмоқда. Ўтган йилларда бундай вазиятларда ҳисобни 3100-бухгалтерия счётида – суммаларни келаси йил давомида тенг улушларда ҳисобдан чиқарган ҳолда юритиш тўғри бўлган. Нима учун бундай қилишган? Чунки, бир йил учун тўловни олдиндан олган етказиб берувчи кейинчалик ҳар доим ҳам ҳисобварақ-фактура тақдим этмаган. Айниқса бу обунага тааллуқли бўлган.

Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг жорий этилиши билан етказиб берувчида ҳам, сотиб олувчида ҳам ҳисобда муаммолар юзага келмаслиги керак. Айтганларидек, электр энергияси ва интернет бўлса бас.

1 ноябрдан бошлаб контрагентлар томонидан кўриб чиқилмаган ҳисобварақ-фактураларни 10 кун ўтган автотасдиқлаш жорий этилгандан кейин эса етказиб берувчи ташвишланмаса ҳам бўлади – ЭҲФ ҚҚС бўйича ҳисоботда акс эттирилади. Яъни энди олувчи ЭҲФни кўриб чиқмаган тақдирда ҳам етказиб берувчида ҳисобни тўғри юритиш кафолати мавжуд.

Сотиб олувчи эса ўзининг ҳисобини нотўғри юритишда давом этиши мумкин. Энди бу унинг муаммолари, улар қуйидагиларга олиб келади:

  • кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин эмас;
  • молиявий натижа нотўғри акс этади;
  • фойда солиғи нотўғри ҳисобланади. Мазкур мисолда: 2019 йил учун харажатлар ошириб кўрсатилган, солиқ – камайтирилган. Бироқ 2020 йилда солиқ керагидан анча кўп тўланади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь