Сотиб олувчи сотувчининг ЭҲФдаги хатосига жавоб беради

16.11.2020

ЭҲФ тақдим этувчи корхоналар ҳар доим ҳам лозим реквизитларни тўлдиришмайди. ЭҲФ реквизитларидаги маълумотларнинг тўлиқлиги учун ким жавоб беради – ҳужжатни нотўғри тузган жўнатувчими ёки уни қабул қилиб олган олувчими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бош солиқ инспектори Беҳзод БОТИРАЛИЕВ тушунтирди:

- “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан бошланғич ҳисоб ҳужжатларини тузган ҳамда имзолаган шахслар уларнинг ўз вақтида, тўғри ва ишончли тузилиши, шунингдек бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топширилишига жавобгардир.

Яъни ЭҲФдаги маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун нафақат уни тузган ташкилот (биринчи навбатда!), балки ҳужжатни қабул қилган контрагент (уни ЭРИ билан имзолаган) ҳам жавоб беради. Шу боис, агар ҳисобварақ-фактура қоидалар бўйича тўлдирилмаган бўлса, контрагент рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда уни рад этиш ва етказиб берувчидан тўғри тўлдирилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ЭҲФда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

  • ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами;
  • ҳисобварақ-фактура илова қилинадиган товар жўнатиш (хизматларни кўрсатиш шартномаси) ҳужжатнинг ёки шартноманинг рақами ва санаси;
  • товарлар (хизматлар) реализация қилинган сана;
  • етказиб берувчининг ва товарларни (хизматларни) сотиб олувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами, банк ҳисобварағи ва хизмат кўрсатувчи банк номи ҳамда филиаллараро айрибошлаш коди (МФО);
  • ҚҚС рўйхат рақами (ҚҚС солиқ тўловчисининг шахсий рўйхат рақами).

МЖТКнинг 175-1-моддасига асосан бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

ЭҲФ роуминг-оператори бухгалтерларга ёрдам тариқасида ҳозирги вақтда ҳужжатлар тўлдирилишини назорат қилишни инобатга олган ҳолда ўз тизимини қайта ишламоқда. Битта мажбурий реквизит тўлдирилмаган тақдирда ҳам, сотувчи (етказиб берувчи) бундай ЭҲФни шакллантиролмайди ва тақдим этолмайди.”

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал