Тузатилган ҳисобварақ-фактура ЭҲФ тизимида қандай расмийлаштирилади

preview

Амалиётда бухгалтерлар қандай қилиб қонун ҳужжатларини бузмасдан илгари ёзиб берилган электрон ҳисобварақ-фактурадаги хатоларни тузатиш ёки унга қўшимча киритиш мумкин, деган саволларга кўп тўқнаш келадилар. Қўшимча ва тузатилган ҳисобварақ-фактура – биргина шаклми ёки улар турличами? Вuxgalter.uz эксперти, амалиётчи бош бухгалтер Татьяна ЛИМАРЕВА ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.


– Шу ўринда 2020 йил 14 августда 489-сон ВМҚ эълон қилинганини қайд этиб ўтамиз, у билан Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Ушбу Низомнинг 5-бобида айнан қўшимча ва тузатилган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз борган.

Реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) қиймати ўзгарганда, шу жумладан – етказиб берилган товарлар ёки кўрсатилган хизматларнинг нархи ўзгарган ёки сонига (ҳажмига) аниқлик киритилган ҳолларда сотувчи харидорга қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт .

Шу тариқа, СК ва 489-сон Низомда ҳисобварақ-фактураларнинг иккита тури назарда тутилган, улар ёрдамида солиқ тўловчи тузатишлар киритиши мумкин:


I. Қўшимча
ҳисобварақ-фактура қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади :

1) товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;

2) кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда;

3) битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан, жўнатилган товарларнинг, кўрсатилган хизматларнинг нархи ва (ёки) сони (ҳажми) ўзгарганда;

4) товарларни (хизматларни) сотувчи томонидан чегирмалар берилганда. Бундай тузатиш киритиш, агар сийловлар бериш шартлари шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида назарда тутилган бўлса, илгари амалга оширилган товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича солиқ базасини камайтиради. Бундай шартлар товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартлари харидор томонидан бажарилишини, шу жумладан, товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олишни ва муддатидан олдин ҳақ тўлашни назарда тутиши мумкин.

Қўшимча ҳисобварақ-фактурани бир йиллик муддат доирасида, кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича эса – кафолат муддати доирасида расмийлаштириш мумкин.

Қўшимча ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим :

  • ҳисобварақ-фактура қўшимча эканлиги тўғрисида белги;
  • қўшимча ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва ёзиб берилган санаси;
  • тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;
  • нархларга тузатиш киритиш миқдори (ижобий ёки салбий), етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолдаги қиймати;
  • ҚҚС суммасига тузатиш киритиш миқдори (ижобий ёки салбий).


II. 
Тузатилган ҳисобварақ-фактура қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади :

  • хатоларни тузатиш натижасида солиқ базаси ўзгарган тақдирда;
  • илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактурага ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарур бўлганда. Масалан, харидорнинг реквизитларида АЖнинг ўзини эмас, балки АЖ бўлинмасини кўрсатганлар. Бу ҳолда илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура бекор қилиниб, ўрнига тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Тузатилган ҳисобварақ-фактура СК 88-моддасига асосан даъво қилиш муддатлари давомида расмийлаштирилади .

Тузатилган ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

  • ҳисобварақ-фактура тузатилган эканлиги тўғрисида белги;
  • тузатилган ҳисобварақ-фактура тартиб рақами ва санаси.

Бунда тузатилган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси тузатиш киритилаётган илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси билан бир хил бўлади.


Тузатилган ҳисобварақ-фактурани расмийлаштираётганда яна нималарни ҳисобга олиш лозим?

1) тузатилган ҳисобварақ-фактура солиқ ҳисоботи тақдим этилган ҳисобот даври учун  расмийлаштирилаётган бўлса ва солиқ базасининг ўзгаришига олиб келса, етказиб берувчи ушбу давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши зарур ;

2) ўз навбатида ҚҚС тўловчи харидор етказиб берувчи томонидан расмийлаштирилган қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактура асосида илгари ўзи ҳисобга олган ҚҚС суммасига тегишли тарзда тузатиш киритиши керак .


Тузатилган ҳисобварақ-фактурани ЭҲФ тизимида қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?

Фаолият юритаётган ЭҲА операторларидан бирининг тизимида ишлаш мисолида буни қандай амалга ошириш кераклигини босқичма-босқич кўриб чиқамиз:

  1. «Тузатилган ҳисобварақ-фактура» ҳужжат шаклини танланг.
  2. Тузатилаётган – илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура рақами ва санаси билан бир хил бўлган ҳисобварақ-фактура санаси ва рақамини кўрсатинг.
  3. Эски ҳисобварақ-фактуранинг ID-рақамини кўрсатинг. Бу – илгари сиз жўнатган, айни пайтда ўзингиз тузатиш киритаётган ҳисобварақ-фактурага ЭҲФ тизими томонидан берилган рақам. Уни сиз расмийлаштираётган тузатилган ҳисобварақ-фактурадан чиқмай туриб кўрсатиш учун параллель равишда my.soliq.uz порталидаги ЭҲФ тизимига киринг ва илгари жўнатилган, ўзингиз ўзгартириш киритаётган ҳисобварақ-фактурадаги ушбу ID-рақамни кўчириб олинг. ЭҲФ тизими унинг юқоридаги чап бурчагида ЭҲФнинг ID-рақамини кўрсатади (мисол учун: «ID: 5f1545a793c55e00014c8b8e»).
  4. Тузатилган ҳисобварақ-фактуранинг зарур кўрсаткичларини киритинг. Аслида эскиси ўрнига янги ҳисобварақ-фактурани тўлдириш керак.
  5. «Сақлаш ва жўнатиш» тугмачасини босинг. Тузатилган ҳисобварақ-фактурангиз муваффақиятли жўнатилиб, my.soliq.uz порталидаги ЭҲФ тизимида ҳисобварақ-фактуранинг юқоридаги чап бурчагида ««___» _______ 2020 йилдаги __-сон ЭҲФга тузатиш киритилган нусхаси» белгиси билан акс эттирилади;
  6. ҚҚС бўйича солиқ базаси ўзгаришига олиб келган тузатишлар киритилган бўлса, тегишли давр учун ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобни топширишингиз лозим. Контрагентингиз ҳам СК 257-моддаси ва СК 269-моддаси нормаларига амал қилган ҳолда ҚҚС бўйича ҳисобга олинган сумма қисмида қайта ҳисоб-китобни топширишига тўғри келади.
    Масалан, май ойида ёзиб берилган хато ЭҲФга тузатиш киритадиган тузатувчи ҳисобварақ-фактура август ойида расмийлаштирилган. Бу ҳолда 2020 йил май, июнь ва июль ойлари учун ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топшириш лозим.
  7. ЭҲФ тизими илгари ёзиб берилган хато ЭҲФни автоматик равишда бекор қилади.

Диққат
Айни пайтда ЭҲА операторларининг барчасида ҳам тузатилган ҳисобварақ-фактура шаклини расмийлаштириш имкони йўқ. Бундай ЭҲА операторлари дастурга тегишли ўзгартиришлар киритишлари зарур. Уларнинг фойдаланувчиларига эса оператор ўзгартиришлар киритгунига қадар, минус кўрсаткичли ЭҲФни қўшимча равишда тақдим этиш йўли билан аввалги ЭҲФни бекор қилишни маслаҳат бериш мумкин. Сўнг – худди шу сана ва рақам билан тўғри кўрсаткичли оддий ЭҲФни тақдим этишлари зарур.