Иқтисодиёт ва молия вазирининг 26.08.2024 й. 166-сон "Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 19.09.2024 й. 2606-7-сон билан рўйхатга олинган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
19.09.2024 й.
N 2606-7
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
26.08.2024 й.
N 166
БУЙРУҒИ
Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш
ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги
йўриқномага қўшимча киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ БУЮРАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2014 йил 4 июлдаги 01-02/12-13-сон қарори (рўйхат рақами 2606, 2014 йил 5 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 32-сон, 411-модда) билан тасдиқланган Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома қуйидаги мазмундаги 16-1-банд билан тўлдирилсин:
"16-1. Жисмоний шахслар томонидан йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмлар ҳажмлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан божхона органларининг ахборот тизимида ҳисобга олинади.
Ҳисобга олинган қимматбаҳо буюмлар тўғрисидаги маълумот ҳар ойнинг еттинчи санасига қадар Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига тақдим этилади.".
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. Кучкаров
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 23 сентябрь