Кўп квартирали уй эгаллаган ер участкаси: юридик шахслардан олинадиган ер солиғи

06.02.2020

2020 йилдан бошлаб кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари солиқ солиш объекти сифатида ҳисобланмайди, бундан яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари мустасно.

Агар ушбу ер участкалари хўжалик фаолиятини юритиш учун фойдаланилса, уларга СКнинг 61-боб. “Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи”да белгиланган тартибда солиқ солинади.

Солиқ тўловчиларда ушбу янгилик бўйича саволлар туғилди. Биз тушунтиришлар юзасидан Молия вазирлигининг Ресурс солиқлари ва бошқа даромадлар методологияси бўлими бошлиғи Зарема МЕНАЛИЕВАга мурожаат қилдик.

- Корхонада кўп квартирали уй эгаллаган ер участкаси мавжуд. Ундаги квартиралар бошқа ҳудудлардан келган ходимлар учун хизмат турар-жойи сифатида фойдаланилмоқда. Корхона мазкур ер участкаси учун ер солиғи тўлаши лозимми?

- Йўқ, лозим эмас.

Агар кўп квартирали уйдаги бинолардан хизмат турар-жойи сифатида фойдананилаётган ва ушбу бинолар эгаллаган ер участкасида хўжалик фаолияти юритилмаётган бўлса, мазкур ер участкаси юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти сифатида ҳисобланмайди.

-   Қурилиш ташкилотига ер участкаси тақдим этилган бўлиб, унда кўп квартирали уй барпо этилади. Бу уйдаги квартиралар сотилади. Ушбу ер участкаси учун ер солиғи тўланадими?

- Ҳа, тўланади.

Ер участкасида қурилиш ташкилоти хўжалик фаолиятини юритади, сабаби ер участкасидан фойдаланиш фойда олиш билан боғлиқ. Шу боис унга қурилиш даврида ҳам, уй-жойни фойдаланишга топширишнинг давлат қабулидан кейин ҳам  солиқ солинади.

Қурилиш ташкилоти томонидан кўп квартирали уйдаги барча бинолар сотилган ва кадастр ҳужжатлари янги мулкдорларга қайта расмийлаштирилгандан кейин, мазкур қурилиш ташкилотида ушбу бинолар эгаллаган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугайди.

Тегишинча, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ базаси ер участкаси майдони камайтирилган ойдан эътиборан камайтирилади.   

- Кўп қаватли турар-жойнинг биринчи қаватидаги офис биноси корхонага тегишли. Турар-жой бўлмаган хоналар бўйича ер солиғи қандай ҳисобланади?

- Кўп қаватли турар-жой биноларидаги турар-жой бўлмаган хоналар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи турар-жой бўлмаган биноларнинг қаватлар сонига бўлинган майдонидан келиб чиқиб ҳисобланади. Кўп қаватли турар-жойдаги турар-жой бўлмаган хонанинг майдони кадастр ҳужжатларида кўрсатилган.

Масалан, корхона 7 қаватли турар-жойнинг биринчи қаватида жойлашган 140 кв.м  турар-жой бўлмаган хонага эгалик қилади.

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 0,002 га (140 : 7 : 10 000) тенг бўлган ер участкаси майдони ва ер солиғининг тегишли ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади (маълумот учун: 1 га = 10 000 кв. м.).

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари 2019 йил 9 декабрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-589-сон Қонуннинг 9-иловаси билан тасдиқланган.

- Кўп квартирали уйдаги квартира юридик шахсга тегишли, у корхона ходимларининг яшаши учун фойдаланилади. Корхона ер солиғи тўлаши лозимми?

- Йўқ, лозим эмас.

Кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти сифатида ҳисобланмайди. Агар кўп квартирали уйдаги квартира яшаш учун мўлжалланган бўлса, ушбу квартира эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўланмайди.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал