Қачон савдо комплекслари учун имтиёзларни қўллаш мумкин

preview

“Савдо комплексига ажратилган ер участкаларида маъмурий бинолар, қозонхоналар ва комплекснинг меъёрда фаолият кўрсатиши ва уни бевосита белгиланган мақсадига кўра ижарага бериш учун зарур бўлган бошқа иншоотлар жойлашган. Ер участкасининг умумий майдони – 59,6 гектар, савдо объектлари остидаги майдон – 5 гектар. Биз хизматлар соҳаси учун мўлжалланган солиқ имтиёзларини қўллашимиз мумкинми?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти бош мутахассиси Муҳиддин ХОЛМУРОДОВ жавоб берди:

 

– Тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда майдони 5 000 кв. метрдан юқори бўлган савдо комплекслари ва меҳмонхона (жойлаштириш воситалари), шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллашга ҳақли.

2027 йил 1 январга қадар янгидан қурилган бундай кўчмас мулк объектларига ва ушбу объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан мазкур имтиёз улар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан 5 йил мобайнида қўлланилади ;

“Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 253-сон ВМҚ Ўзбекистонда савдо комплекслари учун мезонлар ва умумий талабларни назарда тутади.

Агар савдо комплекси 253-сон ВМҚ талабларига мувофиқ келса ҳамда ҳуқуқни белгиловчи ва кадастр ҳужжатларига асосан савдо комплексининг умумий майдони (жумладан у эгаллаган ер участкаси майдони)  5 000 кв. метрдан юқори бўлса, ташкилот қуйидаги солиқлар бўйича 0,1 коэффициентни қўллашга ҳақли:

  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ – савдо комплекси объектлари бўйича;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи – савдо комплекси объектлари эгаллаган ер участкалари бўйича.